«Жўйбори калон» мадрасаси
Тарихдан маълум, Бухоро шаҳри бир қанча гузарлардан ташкил топган. Гузарлардан бирида жўйборилар, ¬яъни, мавқеи юксак, ҳурматли шайхлар истиқомат қилган.
Ҳозирги Бухоро шаҳрининг жануби-ғарбидаги Жўйбор мавзеи жойлашган ҳудуд шайбонийлар сулоласидан Абдуллахон II (ҳукмронлик даври 1557–1598) фармони билан Бухоро девори қайта қурилгач, шаҳарга қўшиб олинади. Мавзе таркибида Жўйизор, Дасторбандон, Чақар, Жаъфарон маҳаллалари бўлган. Бу ерда масжид, мад¬раса, хонақоҳ, сардоба, ҳовуз каби иншоотлар қурилган. Солорҳаж (ҳажга борувчилар бошлиғи) дарвозаси ҳам шу мавзеда жойлашган. Ҳажга борадиган бухороликлар шу дарвозадан чиқишган. Кейинги асрларда у Қоракўл дарвозаси деб номланган (ҳозиргача шаҳарда сақланиб қолган ягона дарвоза). XX аср 20-йилларигача бу мавзеда Бухоронинг бадавлат хонадонлари истиқомат қилган. Жўйбор хожаларининг ақлу фаросати, донишмандлиги туфайли хону амирлар орасидаги низолар бартараф этилган.
XV–XVI асрларда Бухоро машойихлари нақшбандия тариқатини янгича шароитларда ривожлантирдилар. Машҳур Чор Бакрнинг авлодлари – Жўйбор хожалари ана шулар жумласидан. Улар шайбонийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида тарих саҳнасига чиқиб, кейинги юз эллик йил давомида Бухоро хонлигининг ижтимоий-сиёсий ҳаётига фаол аралаша бошлашди.
1559 йили Бухорода бўлган инглиз сайёҳи Антоний Женкинсон Жўйбор хожалари ҳақида бундай деган эди: “Бухорода диний раҳбар бор. Қиролга нисбатан унга кўпроқ қулоқ солишади, у ўз хоҳиши билан қиролни ўрнидан олиб, бошқасини қўя олади”.
«Жўйбори Калон» мадрасаси Субҳон¬қулихон даврида, яъни, XVII аср охири – XVIII аср бошларида Бухоро ҳокими Абдулазизхон фармони билан барпо қилинган. Мадрасанинг қурилишига Абдулазизхоннинг онаси Ойпошшабиби бош-қош бўлган. У ниҳоятда маърифатли, тақволи аёл бўлиб, мадраса учун маблағ аямаган. Мадраса билан бир қаторда «Волидаи Абдулазизхон» жоме масжиди ҳам қад кўтарган. Шунингдек, мазкур икки бино оралиғида ҳовуз – «Ҳавзи Нав» ҳам қурдирилган.
«Жўйбори» сўзи Ойпошша бибининг наслларига ишора бўлиб, «юксак мартабали», «улуғ мавқели» каби маъноларни англатади.
Советлар даврида мадрасадан турли мақсадларда фойдаланилган. Натижада ташландиқ ҳолатга келган. Ниҳоят мелодий 1992 йил 1 сентябрда мад-раса иш фаолиятини қайта тиклади.
«Жўйбори Калон» билим юрти хотин қизларга хосланган бўлиб, динлар тарихи ва назариясини чуқур эгаллаган, ўрта маълумотли диний илмлар, бошланғич араб тили мураббийси, диний маърифат ва маънавий ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи тайёрлашга ихтисослашган. Мадраса Ўзбекистон мусулмонлари идораси таълим бўлими тасдиқлаган режа асосида фаолият юритади.
Ҳозирги кунда билим юртида малакали устозлар етмиш уч нафар талабага дунёвий илмлар билан бир қаторда Қуръон, ҳадис, фиқҳ, ислом тарихи, ақоид, араб тили, хаттотлик каби фанлардан сабоқ бермоқда. Шуниси эътиборлики, талаба қизлар илм олиш билан бирга зардўзлик, патдўзлик, каштачилик, пазандалик каби ҳунарларни ҳам ўрганишади.
Билим юрти биноси масжид, маънавият, информатика, ўқув хоналари, талабалар учун ётоқхона, маъмурий хоналар, ошхонадан иборат. Ўқув масканининг информатика хонаси замонавий компьютер ва кўргазмали қуроллар билан жиҳозланган. Талабалар дарс жараёнида диний ва дунёвий фанларни компьютерлар ёрдамида ўзлаштиришади. Уларнинг илмий изланишлар олиб боришлари, кундалик ахборотлардан хабардор бўлишлари учун 8458 дан ортиқ илмий ва бадиий адабиётларга эга кутубхона ҳамда шинам ўқув зали ташкил этилган.
Муҳаммад СИДДИҚ
2015 йил 28 октябр
«Жўйбори Калон» аёл-қизлар ўрта махсус Ислом билим юрти
Бухоро шаҳри, Ҳавзи Нав, 92.
Тел: 223-88-44.