Унванул баён янги (ўзбекча)

Абу Муҳаммад Жамолиддин Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Омир ибн Шарафиддин Шибровий

 УНВАНУЛ БАЁН

ва бустанул азҳан ва мажмуъу насаиҳ фил ҳикам

 

Хотима

 (Баён манзили ва зеҳнлар бўстони ҳамда насиҳат ва ҳикматлар мажмуъаси)

Таржима масъулияти

       Шайх Абдуллоҳ Шибровийнинг  “Унвонул баён ва бўстонул азҳан” (Баён манзили ва зеҳнлар бўстони) китобида муслим инсоннинг комиллик йўлидаги манзилларига таъриф берилган. Бу манзилларни таниб, саҳифадан саҳифага ичкарироқ кираётган инсон қачонлардир йўқотган нарсасини топгандай қувончга тўлади... ойсиз, юлдузсиз зимистон тун бағрида адашиб чарчаган йўлчига узоқдан “йилт” этиб бир нур кўринса, бу нур уни умид чироғи бўлиб ўзига чорламайдими, бу умид унга тетиклик, куч-қувват бағишламайдими, бу ишонч, бу қувват уни нажотга элтмайдими?!

“Унвон...” китоби билан яқиндан танишиш асносида кўнгилда шундай таассуротлар кечди. Бу бежиз эмас. Каломдаги иъжоз мақоми Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом сўзларига ҳам кўчганига ҳадиси шарифлар гувоҳ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари Қуръони каримда ҳикмат дея зикр этилган. Ҳикмат  “жавомеъул калим”  (қисқа лафзда кўп маъноларни жамлаш) услуби орқали намоён бўлган. Бу неъмат Аллоҳнинг маҳбуб Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга берилган эди. Мазкур китобда айни услубга муҳаббат таъсирланиш самарасини таъминлаганига шубҳа йўқ. Негаки, китоб муаллифи Абу Муҳаммад Жамолиддин Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Омир ибн Шарафиддин Шибровий калом, ҳадис, фиқҳ,  усули фиқҳ илмларида етук олим бўлиши билан бирга, ўз замонасининг назмий девон тартиб берган мумтоз шоирларидан, адаб илми бўйича рисолалар битган, баёнда мазмун ва шакл уйғунлигини ҳис қилиш малакасига эга инсонлардан эди. Бу имтиёз “жавомеъул калим” услубини ўзлаштиришга имкон берган. Муаллиф  мў`жаз жумлада инсоннинг ўзи билан ўзи ва атрофдагилар билан муносабатидаги нозик нуқталарни бўрттириб, заррабин остида кўрсатар экан, бу сирли жозиба ўқувчини ўзига тортади, қўйиб юбормайди, мутоаладан узилолмайсиз...

Табиийки, бу тавсифлар арабча матнни ўқиш давомида олинган таассуротларга хос. Аслиятдаги мазмун, руҳ, кайфият ўзбекча таржимада қанчалик акс этганини эса аввало, соҳа мутахассислари, қолаверса, зукко ўқувчилар баҳолайди. Лекин шу ўринда таржима  жараёни билан боғлиқ айрим фикрларни айтишга эҳтиёж сезиляпти.

Маълумки, Исломнинг бош манбаи  муқаддас Қуръони карим араб тилида нозил бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам араб тилида гапирганлар. Араб  тили мукаммалликда тенгсиз эканига шак йўқ. Бу тил асрлар давомида шу даражада такомиллашган асосга эга бўлдики, илоҳий ҳикмат натижаси ўлароқ, лисоний тизимдаги энг кичик ўзгаришгача ҳар бир ҳолат учун муайян қонуният, аниқ қоида ишлаб чиқилди. Араб тилида қоидага бўйинсунмайдиган ҳолат йўқ. Ҳар бир ўзгаришнинг асоси, тегишли изоҳи бор. Аслида, араб тилини ўрганишнинг қийинлиги, балки осонлиги ҳам шунда.

Арабий матнни ўзга тилга ўгираётган таржимон, аввало ўша қонуниятлардан хабардор бўлиши талаб этилади. Жумладаги ҳар бир сўзнинг луғавий маъносини билиш матн мазмуни ҳали тўла англанди,  дегани эмас. Асар ва унинг муаллифи ҳақида бутун тасаввур ҳосил бўлмагунча таржиманинг тўғрилиги иштибоҳли бўлади. Шунинг учун ҳам бир сатр, жумла, абзацни ўқиб чиқиш билан кифояланмасдан, бир нечта абзац, балки бутун бошли бўлимни ўқиб, тушунгандан сўнггина таржимага уриниш ишончлироқ  йўлдир. Чунки матн руҳи қисмда эмас, бутунда акс этади. Матн руҳи англанса, сўзларни ўрни-ўрнига қўйиш осонлашади. Акс ҳолда, мазмун талаб қилган сўзнинг бошқа муқобили танланиб, маъно хиралашади.

Бу вазиятда бошқа оғриқли нуқта ҳам бор. Таржимон арабий матнни бутун нозикликлари билан тушуниб, ҳис қилиб, мазмунни она тилида у даражада бера олмаса-чи?!  Табиийки, бу ҳолатда, ўз тили тарихи, табиатини билмаслик, ҳис қилмаслик Яратувчи томонидан ҳар бир миллатга берилган она тилини камситишга ҳужжат бўлолмайди, албатта. Шундай экан, айб таржима қилинаётган тилда эмас, таржимонда! Таржимон она тилини таржима қилаётган тилдан кам билмаслиги керак. Шундагина ўзи таржима қилаётган матннинг муаллифи  ва таржимага муҳтож ўқувчиларнинг ҳаққини адо қилган бўлади. Мисол учун, фикрини олий мақомда, фасоҳат ва балоғат билан, “жавомиъул калим” услубида араб тилида изҳор қилаётган донишмандлардан бири айни фикрни ўзбек тилида нима учун нўноқ ифодалаши керак?! Йўқ, бу хато на донишманднинг, на ўзбек тилининг, балки таржимоннинг чекига тушади.

Энди “Унвон...” китобининг таржимаси ҳақида икки оғиз сўз. Китоб анъанавий ҳамд, наът, муқаддима, мавзуга кўра ажратилган етти бўлим ва хотимадан таркиб топган. Таржимада арабий матн шартли бўлакларга тақсимланиб, ҳар бўлакдан сўнг матн таржимаси бериб борилди. Айрим сўз ва жумлалар қавс ичида изоҳланди. Матн мазмуни ва руҳини ўзбек тилида имкон қадар сақлашга ҳаракат қилинди. Лекин бу жиҳат арабча матнни наҳв қоидаларига мувофиқ сўзма-сўз таркиб қилишда халал бериши мумкин. Негаки, сўзма-сўз таркиб оғзаки таҳсилга асосланган. Шунингдек, бу ўринда оғзаки нутқ билан ёзма нутқ орасидаги кескин тафовутни ҳам ҳисобга олиш зарур. Оғзаки нутқда устоз шогирд билан бевосита алоқада бўлади, ёзма нутқда эса бунинг иложи йўқ. Шунинг учун ушбу таржимада кўпроқ эътибор мазмунни етказишга қаратилди, шаклни танлашда эса изоҳга ҳожат сезмайдиган ҳолат ихтиёр қилинди.

Таржима мукаммал бўлди, деган даъводан йироқмиз. Маъно равшан чиқмаган ўринлар учради. Бу бир томондан, араб тилини яхши билмаслигимизнинг, бошқа томондан, она тилида нўноқлигимизнинг оқибати. Қолаверса, эътиқодий маданиятимиз билан боғлиқ бундай ишлар тўла маънода бирдамлик, ҳамкорлик бўлсагина, мукаммал амалга ошади. Устозлар ва ўқувчиларнинг хайрли дуоларига ҳамиша муҳтожмиз.

 Рашид Зоҳид

 

 

Араб тилидан Анвар Аҳмад таржимаси

Мусаҳҳиҳ  Мустафо Мансур

www.madrasa.uz кутубхонаси

 

КИТОБНИ ЮКЛАБ ОЛИШ

Рейтинг@Mail.ru

 

МАҚСАДИМИЗ

Миллий қадриятларимиз, маънавий бой меросимизни тиклаш ва уларни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз ўртасида тарғиб этиш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандий ва Маҳмуд Замахшарий сингари юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис, фақиҳ, тасаввуф ва муфассир алломалар меросини ҳар томонлама теран ўрганиш, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш, диний ходимларнинг малакасини, билим ва тажрибасини ошириш бўйича ўқув-услубий ишларни амалга ошириш, ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш, юртимиз тарихи зарварақларига олтин ҳарфлар билан муҳрланган нодир қўлёзмаларни келгуси авлодларга етказиш, аждодларимиз ҳаёти, ахлоқи ва юксак маънавиятини ифодаловчи матнларни таржима қилиб, ёшлар қалбида улар қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини шакллантириш, юртимиз Мовароуннаҳрнинг Бухоро, Самарқанд, Марв, Урганч, Ахсикет, Хива, Шош, Марғинон ва бошқа шаҳарларидаги маърифат масканлари бўлмиш мадрасаларда етишиб чиққан алломалар ҳақида, улар таҳсил олган мадрасалар ва ҳозирда юртимиз Ўзбекистонда ишлаб турган мадрасалар ҳақида талабаларга маълумот бериб бориш.
БИЗ БИЛАН БОҒЛАНИШ:  madrasa@islom.uz

GRAND TA'LIM нодавлат таълим муассасаси катта устози Анвар Аҳмад таълим даргоҳига асос солинган илк кунлардан бери фаолият юритади. Араб тили грамматикасида оид кўплаб дарслик ва адабиётлар тўпловчиси ва муаллифларидан.

arabic.uz сайтининг муҳаррири, "Риёзус солиҳийн", "Ал-Азкор", "Саодатга етакловчи ҳикматлар" ва бошқа кўплаб асарлар таржимони ва нашрга тайёрловчиси.

Анвар Аҳмад 1977 йилда таваллуд топган, оилали 4 нафар фарзанди бор. Миср Араб Республикасининг Азҳари Шариф, ал Азҳар институтлар бўлими, эъдодий ўрта-махсус билим юртини тамомлаган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг шогирди. "Саҳиҳи Бухорий"дан шайх хазратларидан ижоза олган. “Олтин силсила” таржимонлар гуруҳининг аъзоси.

Аввал Миср Араб республикаси элчихонаси қошидаги фан ва таълим марказида араб тили ўқитувчиси, 2008 йилдан эса GRAND TA’LIM етакчи ўқитувчиларидан.