Н А С А Б Н О М А
(а л-А н с о б)
(VIII–XII асрда яшаган Ўзбекистонлик олимлар ҳақида маълумот)
Муқаддима
Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим.
Алҳамдулиллоҳи Раббил оламин. Вассалоту вассаломул атаммонил акмалон. Ала ашрафил анбиёи вал мурсалин. Муҳаммадин саллаллоҳу таоло ва ала олиҳи ва асҳобиҳи ажмаин.
Миллий давлатчилигимиз тарихига оид ҳақиқатларни ойдинлаштириш, узоқ йиллар табаррук номи ва шони пинҳон тутилган улуғ аждодларимизнинг илмий-ижодий, маънавий-маърифий меросини халққа қайтариш йўлида қилинаётган хайрли ишлар беҳад қувончлидир.
Халқимизда етти пушти, аждодларининг истиқоматгоҳи ва фаолияти тарихидан хабардор инсонларга алоҳида эҳтиром билан муносабатда бўлинади.
«Одамзод борки, авлод-аждоди кимлигини, насл-насабини, ўзи туғилиб вояга етган қишлоқ, шаҳар, хулласки, Ватанининг тарихини билишни истайди». Зеро, бу туйғу инсоннинг қадим бобокалонлари ва, энг муҳими, ўз Ватанига чуқур ҳурмати, эътиқоди рамзидир.
Бинобарин, пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларидан бирида: «Қариндошлик алоқаси бўлган насабларингизни ўрганинглар, чунки сийлаи раҳм – қариндошлар орасида меҳрни уйғотади ва молингиз кўпайишига сабаб бўлади ҳамда сизни яхшилик билан эслайдилар», – дея уқтирилади.
«Насаб» арабча сўз бўлиб, келиб чиқиш, насл-насаб, сулола, аждод маъноларини англатади. Ислом аҳлининг кўпайиши, араб халқларининг ажам халқлари билан қўшилиб кетиши насабларни ўрганиш ҳақидаги илмнинг дунёга келишига замин яратди. Унинг асосчиси насаб илмининг имоми Ҳишом ибн Муҳаммад ибн Соиб ал-Килабийдир [вафоти ҳижрий 204 (милодий 820) йил[1]]. Саҳобаи киромлардан халифаи рошид Абу Бакр Сиддиқ, разияллоҳу анҳу, ҳам насаб илмининг билимдони бўлганлар.
Ал-Килабийдан кейин ҳам кўплаб «Насабнома» таълиф қилинган. Шу анъана давомчиси «ал-Ансоб»нинг муаллифи тожул-ислом Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий ас-Самъоний ал-Марвазий ал-Ҳофиз ҳижрий 506 (милодий 1113) йилнинг шаъбон ойида Марвда дунёга келганлар. [Ҳижрий 562 (милодий 1167) йилда Марвда вафот этганлар.] Тамим қабиласининг бир тармоғи ҳисобланган самъонийлардан бўлганлари учун бу зотга ас-Самъоний нисбати берилган. Уч ёшларида оталари Муҳаммад ибн Мансур у кишини Нишопурга олиб келадилар. Бир йил ўтгач, оталари вафотидан сўнг, амакилари қўлида Қуръон ва фиқҳ илмидан сабоқ олган Абдулкарим ас-Самъоний кейинчалик насаб илмига қизиқиб, дунё мамлакатлари бўйлаб сафарга чиқадилар. Сафарлари давомида етти минг машойихдан таҳсил олганларки, бу ададга бошқа ҳеч бир олим етган эмас. Шуни таъкидлаш жоизки, ас-Самъоний ўша устозларидан кўпчилигининг таҳсинига ҳам сазовор бўлганлар. Бир мисол: У зот Марвда «Шайх» хонақоҳида таърифу тавсифларини олдиндан эшитган Абу Муҳаммад Ҳасан ал-Андақийни учратган бўлсалар-да, танимаганлар. Кейинчалик қидириб-қидириб Бухорода у кишига йўлиққанлар. «Ҳасан ал-Андақий мени ниҳоятда ҳурмат қилардилар. Мен у кишидан шайх Юсуф ал-Ҳамадоний ривоят қилган ҳадислардан таълим олдим», – деб ёзадилар ас-Самъоний. Муаллиф Нишопурда Абу Абдуллоҳ ал-Фаровий, Зоҳир аш-Шаҳомий; Исфаҳонда Ҳусайн ибн Абдулмалик ал-Халлол, Саъид ибн Абу Ражо; Бағдодда Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулбоқий ал-Ансорий; Куфада Умар ибн Иброҳим ал-Алавий; Дамашқда Абул Фатҳ ал-Мисисий, шунингдек, Бухоро, Самарқанд ва Балхда минглаб уламодан илм ўрганганларини ифтихор билан тилга оладилар.
Қуръон, фиқҳ, ҳадис, тарих, шеър, насаб илмларини аъло даражада ўрганган, Хуросон, Исфаҳон, Мовароуннаҳр, Ироқ, Ҳижоз, Шом, Табаристонга бориб, илм олиш ва илм ёйиш суннатини бекаму кўст уддалай билган, икки карра ҳаж қилган, Байт ул-Мақдис насронийлар қўлида бўлган вақтда уни зиёрат этган Абдулкарим ас-Самъоний ўз илмларидан бошқаларни ҳам баҳраманд айлаш саодатига эришганлар. Бу ўринда алломанинг Марвдаги «Амидия» мадрасасида ҳадис, тасниф, тадрис (ўқитиш усули), ваъз (нотиқлик) илмларидан дарс берганларини эслатиб ўтиш кифоя. «Ал-Ансоб», шубҳасиз, қомусий билимлар соҳиби Ас-Самъоний ижодининг баркамол намунасидир. Асарнинг ўрта асрлар географик манзарасини тиклашга ҳисса қўшувчи улкан солнома эканлиги, Ислом манфаатлари йўлида жонбозлик кўрсатган бир қатор шайхлар, муҳаддислар, муаррихлар ва адиблар ҳақида маълумот бериши билан илму фан тарихида беқиёс ўрин тутиши алоҳида эътироф қилинган.
Айтиб ўтилганидек, ас-Самъоний йирик аллома, адаб, тарих ва ҳадис илмларининг билимдони бўлиб, кўпгина маълумотни жамлаб, китоб тасниф қилиш борасида ҳам шуҳрат қозонганлар. Асарларининг саноғи, Ибн Нажжор ан-Насафий зикр этганидек, элликка яқиндир. Шулардан «ал-Ансоб» алоҳида қимматга эга.
Шарқда Котиб Чалабий, ғарбда Ҳожи Халифа номлари билан машҳур бўлган Мустафо ибн Абдуллоҳ ал-Қустунтиний (1609 – 1657) томонидан тартиб берилган, 9512 муаллифнинг 14501 асари ҳақида маълумот келтирилган «Кашф уз-зунун»да шундай ёзилади: Саккиз жилддан иборат катта китоб «ал-Ансоб» насабномаларнинг мукаммалидир. Иззиддин Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ал-Жазарий (вафоти ҳижрий 603 / милодий 1233 йил) ушбу асарга баъзи нарсаларни зиёда қилди ва айрим маълумотларни киритиб, унга «ал-Лубоб» деб ном қўйди. Китоб уч жилддан иборат бўлиб, ҳижрий 615 (милодий 1219) йилнинг жумодул аввал ойида ёзиб тугатилган».
Насабномалар яратиш анъанасининг давомчиси Имом ас-Суютий «ал-Лубоб»га баъзи маълумотларни қўшди ва уни «Лубб ул-лубоб» деб атади. Имом ас-Суютий айтади: «Мен Абдулкарим ас-Самъоний ва Али ал-Жазарий ёзиб қолдирмаган анчагина маълумотларни топдим. Аксариятини Ёқутнинг «Муъжам ул-булдон» («Шаҳарлар қомуси»)идан олдим. Ёқутнинг бир жилддан иборат кичик ҳажмли мазкур асари ҳижрий 873 (милодий 1469) йилнинг сафар ойида ёзиб бўлинган».
Қуръон, фиқҳ, ҳадис илмлари билан шуҳрат қозонган мингдан зиёд фозил инсонлар тўғрисидаги ноёб маълумотлар ўз ифодасини топган «Насабнома» асрлар оша ўз аҳамиятини йўқотмай, хаттотлар томонидан қайта-қайта кўчирилиб, бизгача етиб келган. Жумладан, асарнинг ҳижрий 915 (милодий 1510) йилда хаттот Абдулмажид ибн Муҳаммад ал-Кирмоний ал-Аббосий томонидан гўзал насх хатида кўчирилган нусхаси Истанбулдаги «Кўпрули» кутубхонасида 482-Қ, 1010-рақам остида сақланмоқда. Китобнинг Россия ФА Шарқшунослик институти Санкт-Петербург бўлими қўлёзмалар фондида OR–361 белгиси остида сақланаётган 470 варақдан иборат нусхаси, Британия музейидан жой олган, 255, 23-рақам остида сақланаётган, шарқшунос олим Д. С. Марголиус томонидан 1912 йилда нашр этилган нусхаси «ал-Ансоб»нинг нечоғлик муҳим эканлигидан далолат беради. Абдулкарим ас-Самъоний ва у зотнинг «Насабнома»лари ҳақида илмий-назарий ва амалий жиҳатдан қимматли мулоҳазалар; китобнинг асосий манбалари, қўлёзма ва босма нусхалари тўғрисида қизиқарли ва кенгроқ маълумотлар Ш.С.Камолиддиновнинг ««Китаб ал-ансаб» Абу Са’да Абдалкарима ибн Мухаммада ас-Сам’ани как источник по истории и истории культуры Средней Азии» (Т., «Фан», 1993) монографиясида мавжудлиги алоҳида таъкидлашга лойиқ.
Мусулмон оламида VIII–XII асрларда машҳур бўлган уламолар ҳақида мухтасар маълумот берувчи бу асарнинг Ўзбекистон ҳудудида яшаб ўтган алломаларга оид маълумотларидан танланиб, Сиз азиз китобхон ҳукмига ҳавола қилинаётган таржимаси ҳижрий 1408 (милодий 1988) йилда Байрутнинг «Дор ул-жинон» (Ливан) матбаасида чоп этилган нашри асосида амалга оширилди.
«Насабнома» мусулмон оламида дунё илмининг мустаҳкам тамал тошларини қўйган минглаб уламо яшаб ўтганидан далолат берувчи кўзгу бўлиб, ҳадис, фиқҳ, исломшунослик, тарих, география, архитектура тарихи, археология, этнография, филология илмлари билан шуғулланувчи мутахассислар билан бирга, кенг китобхонлар оммаси ҳам фойдаланишлари мумкин.
Шаҳар ва қишлоқ номларининг, асосан, муаллиф битгандай ёзилиши, шунингдек, улардан анчагинасининг ҳаволаларда таржимонлар томонидан изоҳланиши эса бир қатор жой номлари ва географик атамаларнинг асл (қадим) шаклини тиклаш, уларнинг келиб чиқиш тарихи (этимологияси)ни билиб олишга ёрдам беради.
Асарда олимлар ва жой номлари ҳақидаги маълумотлар араб алифбоси кетма-кетлигида баён этилган. Таржимада бу қайдлар уламоларнинг истиқоматгоҳларига кўра тасниф қилинган ҳолда араб алифбосига мувофиқ тартиблаштирилди. Шу тариқа бухоролик, термизлик, хоразмлик, самарқандлик, шошлик, фарғоналик, кешлик, насафлик олимларга оид маълумотларни алоҳида-алоҳида бериш имконияти туғилди.
Хуллас, «ал-Ансоб»нинг бир қисми бўлса ҳам, Ўзбекистон Республикасининг Давлат тилига ўгирилиши аҳли илм учун, шунингдек, аҳли дин учун ҳам чексиз сурурга сабаб бўлади, деган умиддамиз.
Китобнинг қўлёзмасини ўқиб, қимматли маслаҳатлар берган масъул муҳаррир – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, таниқли исломшунос олим шайх Абдулазиз Мансурга ва муҳаррир – китобни таҳрир қилиш машаққатини зиммаларига олиб, фи сабилиллоҳ биз билан баҳамжиҳату бамаслаҳат ишлашга имкон топган ҳожи Насруллоҳ Шукруллоҳ ўғлига ҳамда шу хайрли ишда кўмаклашган барча биродарларга самимий миннатдорчилик изҳор этамиз.
Аллоҳ таборака ва таоло ҳаммамизни икки дунёда саодатманд-у ушбу китобда номлари зикр қилинган муҳаддислар, фақиҳлар, уламои киромлар, машойихи изомлар, асотизи аиззоларнинг файзу футуҳ ва баракотларидан баҳраманд айласин. Уларнинг руҳлари баримиздан хушнуд бўлсин.
Абдулғафур Раззоқ Бухорий,
Мир Араб олий мадрасаси мударриси
Комилжон Раҳимов,
ЎзР ФА Шарқшунослик институти кичик илмий ходими
[1] Милодий йиллар таржимонлар томонидан ҳисоблаб қўйилди.