Қозикалон мадрасаси - Хивадаги меъморий ёдгорлик (1905);
Ичан қалъа таркибида. Жума масжид ва Матниёз Девонбеги мадрасаси оралиғида.
Қозикалон Салим Охун томонидан қурилган. Мадраса тўртбурчак тарҳли (32,5 х 23,4 м), пештоқ-гумбазли, дарсхона (тарҳи 4,7 х 4,7 м), ҳовли (16,6 х 9,8 м)дан иборат. Бош пештоғининг 2 бурчагига гулдасталар ишланган (улар яшил ва кўк кошинлар билан безатилган); пештоқ орқали миёнсаройга кирилади, миёнсаройнинг 2 ёнида масжид ва мадраса жойлашган; ҳовли атрофини балхи гумбазли 1, 2 хонали ҳужралар эгаллаган, жанубий томонида қўшимча хоналар ҳам бор. Пештоқ ва девордаги данданалар рангли кошинлар билан зийнатланган; деворнинг ташқи ва ички томонининг юқори қисми горизонтал яшил "бандак" қатори билан ҳошияланган, деворларига ясси равоқлар ишланган. Пештоқ равоғи китобасида сиркор битиклар бор.
Ўзбекистон миллий энциклопедияси, биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.