Полвонқори мадрасаси - Хивадаги меъморий ёдгорлик. Хивалик савдогар Полвонқори қурдирган (1905).
Полвонқори мадрасаси шаҳарнинг жанубий-шарқий қисмида жойлашган. Мадраса бош тарзи шимолга қараган. Бурчакларига гулдаста ишланган. Бош тарзида дарсхона ва масжид, ўртада гумбазли миёнсарой бор. Миёнсарой орқали ҳовлига ўтилади. Ҳовли атрофини балхи гумбазли ҳужралар эгаллаган. Пештоғи кўк рангли "бантак" услубида безатилган, юқориси икки қаторли шарафа билан якунланган. Гулдаста қуббалари мовий рангда. Мадраса олдида алоҳида минора қад кўтарган. Унда ғиштлардан безакли белбоғлар ҳосил қилиниб юқориси қуббали қилиб якунланган.
Ўзбекистон миллий энциклопедияси, биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.