Бекмирқозоқ мадрасаси
(1911 й) Мадраса пишиқ ғиштлардан қурилган, икки қаватли. Биринчи ва иккинчи қаватларида муллаваччалар истиқомат қиладиган ҳужралар бор. Биринчи қаватида кенг саҳн қурилган бўлиб, сирли кошинлар билан безатилмаган.
Пештоқ қисмида бино қачон, ким томонидан қурилганлиги тўғрисида мармар тошга ўйиб араб ёзувида битиб қўйилган. Бинонинг икки томонига қуббалар буёд этилган. Устида сирли кошинлар йўқ. Хоналар ҳам безаксиз, юқорида ганч панжаралар қилинган. Шундан ёруғлик тушиб туради. Асосий қурилиш режаси Шермуҳаммад мадрасасига яқин туради. Пештоқдаги мармаридаги ёзув “Амир Олимхон замонида унинг саодатли раиятларидан бири Насафда мадраса бино қилди. Унинг адолатидан жаҳон жаннатга айланди. Бу киши олий ҳиммат Бекмуроддир. Бу ишга беадад ганч ва ғишт сарф қилинди. Қалам унинг иморат қилинган йилини ҳисоблаб шундай топади: Эй номи боқий қоладиган дунёда яхшилик ниҳолини ўтказган учун қалам “манбаъи файзи Бекмурод” (яъни Бекмуроднинг файзи манбаъи) деб ёзди. 1329 ҳижрий сана. Ҳар бир ўқигандан дуо умид қилинади. Муҳаммад Солиқ Самарқандий иши.