Муҳаммад амин иноқ мадрасаси (Хива)

Муҳаммад амин иноқ мадрасаси

Муҳаммад амин иноқ мадрасаси — Хивадаги меъморий ёдгорлик (18-аср). Муҳаммад Амин иноқ томонидан қурдирилган. Ичан қалъа марказида жойлашган. Муҳаммад Амин иноқ ва унинг ўғли шу мадрасага дафн қилинган деб тахмин қилинади.

Мадраса бош тарзи майдонга қараган. Жанубий пештоқдан 3 гумбазли миёнсарой орқали тўғри тўртбурчак тархли ҳовлига (25,4х24 м) кирилади. Ҳовли атрофида бир қаватли ҳужралар ва қарама-қарши жойлашган 2 айвон бор. Ҳовлининг кесик бурчакларидан ҳужрага кириш учун тор йўлаклар ишланган. Миёнсарой Ўрта Осиё мумтоз меъморлигига хос бўлмаган тарзда ишланган. Унинг гумбазлари ўзаро равоқлар орқали боғланган. Ғарбдагиси кенгроқ ҳажмда бўлиб, айвон вазифасини ўтаган. Унга масжиднинг гумбазли зали туташган. Пештоқининг 2 қанотида 1 қаватли, 2 қаторли ҳужралар ва бурчакларида гулдасталар, дарсхона ва масжид жойлашган.

Манба: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.

Муҳаммад Аминхон мадрасаси

Раҳимқулихон вафотидан кейин тахтга Оллоқулихоннинг ўғли Муҳаммад Амин иноқ (1846-1855) кўтарилди. У шу вақтда акаси Раҳимқулихонни таклифи билан Ҳазораспда ҳоким бўлиб, тахтга кўтарилишдан олдин, 1845 йилда Муҳаммад Амин иноқга хон томонидан Кўҳна Урганч атрофларида деҳқончилик қилиш учун янги ерларни ўзлаштириш мақсадида катта ариқ қазиш вазифаси топширилди.
Сув чиқарса экинзорлар ва боғ-роғлар барпо этса бўладиган ерлар кўп эканлигини эътиборга олган ҳолда бир эмас, балки икки ариқ қазилди. Янги қазилган ариқлар қазувига бош бўлган Шомурод иноқ ва унинг қарамоғидаги қарадошли (ёмут қабиласининг бир тармоғи) туркман аскарлари қатнашгани учун янги ариққа “Сипоҳи ариқ” деб ном берилди. Муҳаммад Амин иноқ ариқ яқинидан ўғли Абдуллага 20 минг таноб яхши ер ажратди ва бир қисм ерларни сипоҳийларга инъом қилди. Кўҳна Урганчнинг об-ҳавоси ёққанлиги боис тўрам ўзи учун Сипоҳи ариқ яқинида катта боғ барпо эттирган, ҳозирги кунларимизда ушбу ариққа Кўҳна Урганч аҳолиси Хон ёп деб ном берган.
1847-1848 йилларда Муҳаммад Аминхон Хива шаҳри яқинидаги Рофаник, Соёт, Гулланбоғ, Оқмачит, Ангариқ, Шоҳобод, Оқёп, Зей қишлоқларида янги ҳовли-боғлар барпо этди. Хон бу хайрли ишларни амалга ошириш билан бирга ўз мулки холисини ҳам кўпайтириб олган. Ушбу ҳовлиларда 286 қул ишлатилган. Хоннинг барча қуллари сони эса 1500 нафардан ортиқ бўлган. Боғлар ва далалардан олинадиган ҳосил хон омборига туширилган ҳамда уларни сотиш учун имтиёзли шароитлар яратилган. Хон ерларидаги мўл ҳосил берган ҳар хил донли экинлар, чунончи, буғдой, тариқ, кунжут, жўхори ва шу кабилар Хива хонлигига ғалла сотиб олмоқ учун турли жойлардан келган туркманларга анча юқори баҳода сотиларди. Ғалла сотиб олувчилар келганда, ўзининг бутун ғаллаларини истаган баҳода пуллаб олиш учун, хон бутун хиваликларга ўлим таҳдидини солиб, ғалла сотишни ман этади ва бу билан ўз ғалласининг нархини оширади”. 1846 йилда Муҳаммад Аминхон омборларига 112019 ботмон ва 1850 йилда 102557 ботмон ғалла топширилган. Ҳолбуки, ушбу дон-дуннинг барчаси хон оиласи эҳтиёжи учун, эмас балки аксарияти даромад олиш мақсадида бозорларда сотиларди.
Хива хонлиги тахтига ўтиргач, Муҳаммад Амин ўз амалдорлари таркибида катта ўзгаришлар қилмади, фақат девонбеги Эрниёз Маҳрам ўрнига Бекниёз Маҳрамни тайинлади. Муҳаммад Аминхон даврида русларнинг хонлик атрофидаги ерларни ўрганишга эътибори янада ортди. Русларнинг 1839-1840 йилларда Хива хонлигига қилган ҳарбий сафари ҳақида маълумотларни тўплаган М.И.Иванин 1846 йилда Манғишлоқ, Орол денгизи ва Сирдарё атрофларини текширишга киришди. Натижада Хоразм воҳаси ва Орол бўйи ҳудудлари топографик харитаси тайёрланди. Тўпланган материаллар асосида М.И.Иванин “Хива ва Амударё”, “Амударёнинг эски ўзани ҳақида” номли каттагина мақолалар ҳам ёзган, уларда бир вақтлар Амударёнинг Каспий денгизига қараб оққан ўзани тўғрисида батафсил маълумот беришга ҳаракат қилинган.
1847 йилда руслар Сирдарёнинг Оролга қуядиган жойидан 90 км. масофада Раим (ҳозирги Аральск) ҳарбий истеҳкомини барпо этдилар. XIX асрнинг II ярмидан бошлаб Хивадан Россияга чиқариб сотилаётган маҳсулотлар орасида пахта ва пахтадан тайёрланган газламалар ва калаваларга талаб ортиб боради. Шу жиҳатдан Хива хонлиги Марказий Осиё хонликлари қаторида Россия ҳукуматининг эътиборини ўзига кўпроқ жалб қила бошлади.
Хива хонлигида давлат ҳокимиятининг марказилашуви ва товар пул муносабатларининг ривожлана бориши мамлакатда қишлоқ хўжалиги ҳамда боғдорчиликка ҳам алоҳида эътибор қилиш имкониятини вужудга келтирди. XIX аср ўрталарида Хива хонлигида жами суғориладиган майдон 320 минг десятинани ташкил этган бўлиб, ана шу майдоннинг ярмидан кўпроғига буғдой, жўхори қолган қисмига арпа, шоли, кунжи ва бошқа полиз экинлари экилган. Қишлоқ хўжалигида мўл ҳосил етиштирилган. Россия билан иқтисодий муносабатлар йўлга қўйилгандан кейин пахта экиладиган майдон дон экиладиган майдонлар ҳисобига кенгайиб борди. Хива хонлари боғдорчиликка ҳам алоҳида эътибор бердилар. Айниқса, Муҳаммад Раҳимхон, Оллоқулихон ва улардан кейинги ўтган хонлар даврида Хива, Янги Урганч, Маноқ, Ҳазорасп ва бошқа қалъаларнинг атрофларида кўплаб мевазор боғлар ҳамда манзарали дарахтларга бурканган хиёбонлар барпо этилди. Фақат Хива шаҳрининг атрофи ҳар бири 6-10 гектар майдони ўз ичига олган Рофаник боғи, Нуруллабой боғи, Нуруллабек боғи, Ангарик боғи, Соёт боғи, Гуллан боғи, Оқ масжид боғи, Чанашик боғи, Боғи шамол, Қибла тоза боғ каби мевазор боғлар ва оромгоҳлар билан ўраб олинган эди. Бу боғлар хонга, унинг қариндош-уруғларига ва сарой амалдорларига қарашли эди. Ҳар бир мулкдорларнинг ҳовлиси атрофида ана шундай боғлар барпо этиш одат тусига кирди. Мевазор боғлар мулкдорлар учун энг муҳим даромад манбаи ҳам эди. Ўша боғларда Хоразмнинг ширин-шакар меваларининг ҳамма турларидан бўлган, айниқса, Ҳазорасп олмаси, Хива анори ва узумлари, Урганч нашвотиси, Янгибозор анжирлари, Қўшкўпир ва Ғозиободнинг нуқул ўриклари ўзининг ширин-шакарлиги билан хорижий давлатларда ҳам машҳур бўлган. Серфайз боғлар ва ям-яшил дарахтлар бутун Хоразмга, хусусан, Хивага алоҳида кўркамлик бахш этган. Ўша даврда Хоразм ва Хивага ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар Хива боғлари ва оромгоҳларини ниҳоятда серфайзлигини кўриб ҳайратда қолганлар.
Муҳаммад Аминхон даврида Хива шаҳри бозорлари гавжум бўлиб, сотилаётган ҳунармандчилик моллари ва озиқ-овқат маҳсулотлари нисбатан арзон бўлганлиги қайд этилади. 1848 йилда Хивада бўлган рус савдогари Абросимов шундай маълумотларни қолдирган: “Хиванинг бозорларида ҳамма нарса Россия бозорларига қараганда арзон нархларда сотилади. Масалан, бир қадоқ қўй гўшти 5 тийин, оқ балиқ 2-3 тийин. Бир одамга бир кунга етадиган катта чўрак нон 5 тийин туради. Бир ботмон (16 кг.) буғдойнинг нархи 80 тийин, шунча гурунчнинг баҳоси 1 сўм - 1 сўм 20 тийин”. Шу даврда тахминан 4-8 сўмга туя, 8-10 сўмга бир ботмон темир, 3-4 сўмга бир ботмон пахта ҳам олиш мумкин эди. Хива солномаларида 1852-1853 йилларда Хивадан Россияга 252 туяда турли хилдаги товарлар юборилганлиги ҳақида маълумотлар бор. Ҳатто Хива савдогарлари Россиядаги савдо ярмаркаларида ҳам ўз маҳсулотлари билан фаол иштирок этганлар. Россиядан Хивага металл, тўқимачилик маҳсулотлари, балиқ елими, турли бўёқлар, мўйна терилар, қурол-аслаҳалар ва бошқа товарлар келтирилиб сотилган.
Муҳаммад Аминхон даврида Марв ва Серахс қалълалари атрофидаги така, сариқ ва ёвмут каби туркман қабилаларининг қўзғолонлари кучайди. Қўзғолончилар хон юборган солиқ йиғувчи амалдорларни қатл қилдилар. Натижада бир неча бор қўшин тортиб, туркманлар овулларини вайронага айлантирди. 1854 йилдаги шиддатли жанглардан сўнг Марв қалъаси яксон қилинди. Муҳаммад Аминхон давлат ишларидан чалғиганда шаҳар ободончилиги устида кўп қайғуриб ўз номига бир мадраса ва минора қурдирди. Хива шаҳрида 64 та мадраса мавжуд бўлиб, шулар ичида энг йириги ва чиройлиси Хива хони Муҳаммад Аминхон томонидан қурилган мадраса ҳисобланади.
Мадраса Ичан қалъанинг ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, шаҳарнинг бош дарвозаси Ота дарвозадан кириб келганда, ўнг томонда жойлашган. Бу меъморчилик обидаси ўз даврига хос услубда энг катта ва ҳашаматли қилиб қурилган. Мадраса пишиқ ғиштдан қурилиб, унинг деворларини қалинлиги 1,5 метрга етади. Мадраса 2 қаватли, 130 ҳужрадан иборат бўлиб, тарихий маълумотларга асосан унда бир вақтнинг ўзида 260 нафар талаба таҳсил олган.
Мадраса ва минора қурилиши тарихини тарихчи олимлар қуйидагича ёритадилар. “Мадаминхон хонлигининг тўртинчи йилида Аркнинг қибла томонида бир мадраса ва минора қурилишини бошлатди. Унинг қурилишини Бекниёз девонга буюрди. Бекниёз девонбеги қурилишни бошлаб, унинг устида Муҳаммад Карим девонни қўйди. Муҳаммад Карим Хоразмнинг машҳур усталарини топиб, ишга машғул бўлди. Хоннинг амри билан Ангарикда қум этагида бир ҳовли ва боғ қурилиши ҳам бошлаб юборилди ва унга Абдулла Қушбеги томонидан Исмоил девон ибн Одина девон бош қилиб қўйилди. 1851 йилда Муҳаммад Аминхон мадрасасини қуриш учун танлов эълон қилинди ва устабоши Абдулла “жин” чизган лойиҳа хонга манзур бўлди. Мадраса уч йилдан кейин битди. Хон хушҳол бўлиб Бекниёз девонбегига катта тўй ва шоҳона зиёфат анжомини тайёрлатди. Тўйга келган хоннинг оға-ини ва яқинларига зарбоф тўнлар кийгизилди, бедов отлар ҳадя қилинди. Тўйда иштирок қилган ҳамма инъом олмасдан қолмадилар. Мадрасанинг биносига замон шоирлари тарихлар айтиб, хондан инъомлар олдилар. Мадраса пештоғида бир минора қурилиши бошланган эдики, ҳали битмаган минорани шоирлар “Фалак айвонига қўйилган устундек” деб таърифладилар.
Мадрасанинг пештоқига чиройли кошин тахталар ўрнатилди ва уларга настаълиқ хатида қуйидаги сўзлар ёзиб қўйилди:
“Кад васаллоҳу таоло ба ихтитом бинои қазо ал мадрасаи муқаддаса ул тоҳи хайрул мадорис фил олам биамри султонуззамон Абул Ғозий Муҳаммад Амин Баҳодирхон ибн Оллоқулихон Наввароллоҳи марқадиҳи 1270”.
Таржимаси: “Оллоҳ таолонинг инояти билан замон султони Абулғозий Муҳаммад Аминхон ибн Оллоқулихон (унинг қабри нурли бўлсин)нинг амрига биноан ушбу муқаддас мадраса яхшиликлар маскани бўлсин дея бино этилди”. Ҳижрий сана 1270 (милодий 1854 йил).
Мадраса меъморий жиҳатдан бошқа шу каби биноларга ўхшаш, бино симметрик тарзда, икки қаватли қилиб қурилган, тарҳи тўғри бурчакли, ҳовлили. Пештоқнинг икки ёнига анъанавий гулдаста-миноралар ишланган. Бош тарзини беш гумбазли миёнсарой, масжид, дарсхона ва қўшимча хоналар эгаллаган. Ҳовлининг икки ёнида кичик пештоқлар бор. Биринчи қаватдаги ҳужралар ётоқхона ва ёрдамчи хоналар сифатида хизмат қилади, иккинчи қаватдаги равоқли пешайвон бинога файз бағишлаган. Ичкари ҳовлида тўртта кичик пештоқлар ҳам мавжуд бўлиб, уларда “сулс” хатлари битилган кошинлар, безаклар ҳам мавжуд. Деразаларда ганчдан ишланган панжаралар қурилган. Пастида девор ва цокол орасига нам ўтказмайдиган қатлам (гидроизалация)-тош белбоғ (пояс)ни баландлиги 68 см қилиб қўйилган. Мадрасани ўлчамлари қуйидагича:
Умумий ўлчами-71,7 х 60,0 метр
Ичкари ҳовли-38,0 х 38,0 метр
Пештоқ ўлчами-25 метр баландликда қурилган.
“Мадаминхон мадрасаси - деб ёзади 1863 йилда Хивага келган сайёҳ А.Вамбери - карвонсарой типида қурилган бўлиб, ёнидаги минораси хоннинг ҳалокати туфайли битмай қолган”.
Мадраса учун маълум миқдорда вақф ери ажратилган. Бу ер 32525 таноб бўлиб, унда ўстирилган ва йиғилган ҳосил билан ўқувчилар (талабалар) шуғулланишган. Бу берилган вақф еридан йилига 12000 Хива ботмони миқдорида (ботмон-20 кг) буғдой ва 5000 тилло пул даромад қилинган.
Ҳужраларда 2-3 талаба яшаган, барча ҳужра эшиклари ҳовлига қараб солинган ва ҳар бир ҳужрада ўчоқ ўрнатилган. Мадрасада диний ва дунёвий илм берилган, айни пайтда кўнгилочар ўйинлар, шунингдек ашула айтиш ман қилинган. Мадрасада ўқиш муддати чегараланмаган бўлиб, айрим талабалар бир курсда 3-4 йил, ҳатто 8-10 йиллаб ўқишган. Мадрасада таълим 3-босқичда олиб борилган,
1. Бошланғич “адно”
2. Ўрта “авсат”
3. Юқори “аъло” гуруҳларида.
Бошланғич босқичда араб грамматикаси, мантиқ, шариат қонунлари, диний урф-одатлар, араб ва форс тилидаги адабиётлар ўргатилган. Қолган икки босқич давомида талабалар “таҳсиб” (мантиқ), илоҳиёт, ҳуқуқшунослик ва бошқа фанларни қунт билан ўрганишган. Мадрасага ўн беш ёшга тўлган ҳар бир мусулмон фарзанди, саводи ва иқтидори инобатга олинган ҳолда қабул қилинарди. Уларни мулла ёки толибул илм деб атаганлар. Мадрасани битказган талабалар орасидан шоирлар, муаррихлар, ҳаттотлар, олим ва фузало кишилар етишиб чиққан. Мадрасада катта кутубхона ва мусулмон Олий Суд бошқаруви жойлашган.
Муҳаммад Аминхон минораси: Маълумки миноралар, Ислом дини юртимизга тарқалиши билан боғлиқ равишда қурилгандир. Ҳар бир масжид ёки мадраса ёнида албатта минора қурилиб, ундан мусулмонларни ибодатга чорлаш учун фойдаланилган. Кейинчалик эса шаҳарларни безаги ва ҳукмдорларни куч-қудратини намойиши сифатида ҳам қурилган. Шунинг учун Шарқ шаҳарларидаги кўҳна обидаларни минораларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Агар Хиванинг жаҳонга машҳур ўнлаб меъморий обидалар тизмасидан минораларини олиб ташласак, шаҳар қиёфаси ғариб ва кўримсиз бўлиб қоларди. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, асримиз бошларида Хивадаги ҳар бир масжид ва мадраса яқинида минора бўлган. Хивада қурилган машҳур миноралардан бири ниҳоясига етказилмаган Муҳаммад Аминхон минорасидир.
Минора ҳозирги пайтда кесик конус шаклида бўлиб ҳозирни ўзида ҳам ҳайбатли кўринишга эга. Динамик қисқаришига қараб хулоса қилинадиган бўлса, битганидан сўнг унинг баландлиги 100 метрга яқин бўлиб Марказий Осиёда энг катта ва баланд минора бўлиши мумкин эди. Минорага тушган инсоляция (қуёш нурларини тушуши ва синиши)га қарайдиган бўлсак минорадаги кошинларнинг ранги ўзгармайди. Чунки қуёш нури ҳар қандай жисмни рангини ўзгартиради, яъни оқартиради ёки очиқ тусга киргизади. Бу ҳолат минорада сезилмайди. Мана қанча вақт ўтган бўлса ҳам худди янги қурилгандай сақланиб турибди. Меморчиликда кўк, яшил, нилий ранглар “совуқ тонлар” дейилади. Бу ерда кўпроқ оқ ранглардан фойдаланилса ҳам, худди “иссиқ” гаммалардагидек ясалган ва ишлатилган. Кошинларда қизғиш ранглардан ҳам фойдаланилган, бу деярли сезилмайди. Бунда яхлитлик, уйғунлик сақланган. Минорада асосан геометрик нақшлар (гиреҳ) кўп қўлланилган минорага иккинчи қаватдан кўтарилиш мумкин, яъни минорага ёғоч зинапоя орқали чиқилади. Бу ёғоч зинапоя таъмирланиб турилган. Минора 1853 йилда Муҳаммад Аминхон томонидан қурила бошланган ва 1855 йил Шимолий Эронга юриш пайтида хоннинг ўлдирилиши ва Абдуллахоннинг тахтга ўтириши билан қурилиш ишлари тўхтаб қолган. Миноранинг устки қисмидан тушиб кетган кошиндаги ёзувлар Хиванинг 2500 йиллик тўйи арафасида 1997 йилда “Ҳаёт” ҳиссадорлик жамияти қурувчилари томонидан қайта таъмирдан чиқарилди. Огаҳий томонидан форсий тилда битилган ёзув аслига келтирилди. Ҳарфларни таъмирчи уста Рустам Тоҳиров қайта тиклаган, унинг матни қуйидагича:
“Инсон кўнглини хурсанд қиладиган минораи олий бунёд этилди. Унинг монандини ҳали фалак кўзи кўрмаган эди. Шони оламнинг амирлари билан бўлди. У томони айб ва нуқсонлардан пок. Агар одил кўз билан қаралса савр дарахти худди хашакка ўхшаб қолади. Тубо дарахтидан ҳам дил очадиганроқ бўлди. Унинг чиройли кўриниши ер юзини ва осмонни худди жаннатга ўхшатиб юборди. Осмоннинг гардунига бир устун эдики, унинг васфига ақл-идрок камлик қилади. Шу сабабдин Огаҳий унинг қурилиш йилини ёзди. Интихоси йўқ фалак устуни 1271-ҳижрий, 1855 милодий йилда қурилди”.
Минора қурилиши тўғрисида Мулла Олим Махдум Ҳожи “Туркистон тарихи” асарида шундай ёзади: Мадраса қуриб битказилгач, хон фармони билан мадраса яқинида энг баланд минора қуришга фармон берилган. Минора қурилиши давом қилаётган даврда (1855 йил), Муҳаммад Аминхон Эрон устига юриш қилади ва шаҳид бўлади, натижада у бошлаган минора битмай қолади.
Аслида воқеа бундай бўлган эди: Муҳаммад Аминхон 1271 санаи ҳижрийда Жумадул охир ойида душанба куни Сарахсга тобе Қонлитепа мавзесида қатл қилинди. Қарийиб ўттиз беш ёшида туркманлар бошини кесиб олиб, кулоҳ ва тожи ва бошқа асбоблари билан ўн бешинчи куни Теҳронга, шоҳ хузурига олиб бордилар. Лекин Насриддиншоҳга туркманларнинг бу иши хуш келмади. Зероки, хукмдори Хивақ ва хонзодаи Хоразм ота-боболаридин буён хизматкорни шоҳона эрония ва парвардан одоби исломия ва мунтасиба мавлаи Ҳанифаи Аҳмадия, мутакаллида манфаи Муҳаммадиядур, деб чандонписанд ва морзойи хотира бўлмай шоҳ амри билан Теҳронда дарвозаи давлат мақбарасида баланд гумбази олий бино қилдириб, хоннинг боши билан бошқа акотиру аъёнларни дафн қилдириб, арвоҳларга тиловати қуръон ва атъом фуқаро ва мискинон қилдирди.
Хоразмшоҳнинг боши ҳозир Теҳронда
Танаси эса Сарахсда нолон ётибди.
Қонлитепа ҳодисаси шул тариқадурким, Муҳаммад Аминхоннинг ҳар йили ғорат ва чоповул қилмоғидин Сарахс ва Марв туркманлари Сарахс ва эронийлар хонга ҳужум қилиб, Қонлитепага чиқдилар. Ибтидо Қурбонқулли ном эроний қилич ялонғочлар, хонний бошидин чопди. Хон мани рофиз шароратидин халос қилинглар деб атбоъларидин ионат тиласа хам, олар ўз боши илан овора бўлиб хонга илтифот қилмадилар. Хон хасмларига ман хон ҳазрат ва парвардан иззат, мани ўлдурмай шоҳий Эрон ҳузурига еткурунгиз деб ялунса ҳам ҳеч ким сўзига қулоқ солмай хоннинг бошини кесмокда ораларида низо бўлиб, ўн икки одам мақтул бўлди. Охири Сиҳат Ниёзхон бин Ўрозхон Сарахсий хоннинг бошини кесиб, асбобу ашёларини ғорат қилдилар. Вузаро ва умароларидан 14 амакиваччаларидин хаммаси бўлиб 32 киши мақтул бўлди. Хоразм қозиси Бекчан Девонбеги, Худоёрий, Абдулла маҳрам, Давлатёрбий, Бекчан сардор, Ниёзқули мингбоши, Оллоқули юзбоши, Хақназар мингбоши, Давлатниёз юз боши 1000 отлиқ аскар ила ионатга келган эди. Бекмурод ва ва Муҳаммад Шайх арйобийлар 2000 отлиқ аскар билан доимо Хуросони чаповул қилар эди. Улардан 70 киши мақтул бўлди. Жаъфар Оқай хукмдор ва Мираҳмад Жамшидий вазир эди, заҳимдор ва ва мажрух бўлдилар.
Бу минора ҳақида халқ ичида айрим ривоятлар ҳам мавжуд: Эмишки, Хива хони шаҳарда жуда улкан ва баланд минора қуришни буюради. Унинг тепасидан “Бухоройи азим кўриниб турсин” деб кўрсатма берган. Бундан хабар топган Бухоро амири минорани бунёд этаётган меъмор билан яширин режа тузадики, унга кўра минора битиши билан меъмор Бухорода бундан ҳам юксак минора қуриши керак эди. Амир бунинг эвазига ҳаддан зиёд тилло ваъда қилади. Хон буни сезиб қолиб минора битиши биланёқ устани ўлдиришга аҳд қилади. Шу ниятдан огоҳ топган yста минорани чала қолдириб ғойиб бўлган. Шу боис халқ бу ҳакда “Мадаминхон мадрасаси битди, минораси битмади, Мадаминхон муродига етмади” деб байт тўқишган. Минора шу холатда ҳам ҳайбатли ва чиройлидир. Унга турли рангдаги кошин қопламалардан жило бериб ишланган. Асримиз бошларида уни халқимиз “Улли минор”, “Кўк минор” деб улуғлаган.
Муҳаммад Аминхонни замондошлари шундай таърифлашган. Эрон шоҳи тарафидин келган элчи Мирзо Ризоқулихон Шерозий Лалабош сафоратномасида айтадур: Бу вилоятда жанг, жанжал, ўғирлик пул олиб инкор қилиш йўқ эди. Биров-биров билан урушмасди, балки овозини баланд кўтармасди ҳам. Олий ва паст табақадан ҳар ким бўлмасин, арзи бўлса ҳеч қандай тўсиқсиз Хон хазрат Муҳаммад Аминхон олдига бора оларди ва арзини айта оларди. Дунёвий иш бўлса, унга ўзи ҳукм қилар, шариат иши бўлса, Қози калонга буюрарди. Закотдан бошқа бировнинг молига эгалик қилмайди. Закотни қирқ бир қилиб олади, пул муомалаларида зулм ўтказмайди. Бу мамлакатда ҳамма нарса арзон мевалари яхши ва кўп қовунлари создир, тутлари Шамрон тутларидан ширин, анжири эса Мозандарон анжиридан соз. Аммо узуми унча яхши эмас. Хонадонлар ва анҳорлар сувга сероб. Хива хони ўз мулозимларини суву ер билан таъминлашни ўз бўйнига олган. Ҳар кимга бир танобдан ер, сафарга чиққанда бир от сафарда юк учун иккитадан туя беради. Шунинг учун унинг ўн минг лашкари бундан бехабар (душман) лар кўзига ўттиз минг бўлиб кўринади ва бегоналар кўнглига ваҳима солади. Ўрда атрофини кавлаб қўядилар. Агар кимнинг оти ёки туяси сафарда ўлса унинг баҳосини олади. Сафардан қайтганларнинг ҳар бирига беш тумандан пул инъом қилади. Ҳар бир одамнинг ойлиги эллик тумандан ортиқ бўлмайди. Шу туфайли вилоят обод бўлиб хазинаси ҳеч қачон бўш бўлмайди деб аҳлоқи хусна ва афсофи ҳамидаларини ҳам тафсил қилди.
Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий (1809-1874) Муҳаммад Аминхонга бағишланган “Жомеул-воқеоти султоний” асарида шундай маълумот беради: - “Муҳаммад Аминхон 1855 йилда урушда ўлгандан кейинги воқеалар тўғрисида тўхталиб. Ул воқеаи ҳайратангиз ва ҳодисаи кулфатомуз вуқуъидин беш-олти кун сўнг Охал такасидин бир жамоаким, хизматкорлиғ ва ҳовохоҳлик жодасин маслук тутар эрдилар, пешбинлик юзидин ихлосмандлик аён қилиб, изҳори хизмат қилмоқ учун подшоҳи саид шаҳиднинг ва шаҳзодаи мағфури марҳум Мусо тўранинг ҳумоюн жасадларини қатлгоҳларида музаллат туфроғидин олиб, иззат маҳфасиға солдилар. Абдулла маҳрам ва Эрниёз маҳрамнинг доғи ўликларин теваларга юклаб, суръати тамом била Сарахсдан Хоразм жонибиға таважжуҳ кўргиздилар. Хиванинг Гандимиён қишлоғидаги Мусо тўранинг ҳовлисида хон ва шаҳзодани майитларини ювиб, кафанлаб ота уруғларини сўнгги ошёни бўлмиш, қудватулатқиё ҳазрати Саййиди Аълоаддин хўжа алайҳираҳманинг жавори файзосорида Иморат мавзеъидаким, абоанған жада хони, мағфиратпаноҳнинг марқаду қабргоҳидур, элтиб дафн қилдилар” бу жой ҳозирги кунларимизда “Сайид Моҳирўйи жаҳон” мажмуаси деб аталади.
Муҳаммад Аминхон вафотидан кейинги бир йил ичида тахт тепасига икки хон келиб кетди, фақат тахтга Сайид Муҳамадхон (1855-1864) келгандан кейин юртда осайишталик қарор топди.

www.xorazmiy.uz сайтидан олинди.

(тахминан 1730-1790)
(1770-1790)

Хива хонлигини идора қилган қўнғирот сулоласи асосчиси. Иноқлардан Муҳамад Амин иноқлик лавозимига кўтарилган. Туркманларнинг ёвмут ва човдур қабилаларига қарши кураш олиб борган, лекин муваффақиятсизликка учраб Бухорога, Дониёлбий оталиқ ёнига кетган. Хоразмни бутунлай эгаллаб олган ёвмутлар Хива тахтига Гўйибхоннинг ўғли Жаҳонгирхонни кўтарганлар. Унинг даврида (1769-1770-йиллар) беш қалъа (Ҳазорасп, Хонқа, Урганч, Кат ва Шоҳобод)да очарчилик ва вабо тарқалиб ўзбеклар Орол ва Бухорога кетганлар. 1770-йил Муҳаммад Амин иноқ Бухородан қайтиб келиб ёвмутларни Хоразмдан қувғин қилган, тахтга Абулхайрхоннинг ўғли Бўлакайхонни ўтқазган. 1782-йилда Бухоро хони қўшинлари қўшинлари ҳужумини даф этади. Муҳаммад Амин иноқ мустақил бекларни ҳам бўйсундирганидан кейин Хива хонлигида иқтисодий ҳаёт бир қадар жонлана бошлади. Ўзга юртларга қочиб кетган аҳоли аста-секин қайтиб кела бошлади.
Муҳаммад Амин иноқ хон авлодидан бўлмагани учун тахтга қўғирчоқ хонларни ўтқазиб, ҳокимиятни улар номидан бошқара бошлаган. Муҳаммад Амин иноқ 20 йил мобайнида 13 марта Хива хонини алмаштирган. Фақатгина Муҳаммад Амин иноқнинг набираси Элтузар (1804-1806-йиллар) 1804-йилда четдан чақирилган сохта хон Абулғозини тахтдан тушириб, ўзига хон унвонини қабул қилади. Хоразимлик тарихчилар (Мунис, Огаҳий, Баёний ва бошқалар) Муҳаммад Амин иноқ ҳусусида анча илиқ фикр билдирганлар. Муҳаммад Амин иноқ даврида Хива шаҳрида Муҳаммад Амин иноқ мадрасаси қурилди (1765-йил), шаҳарнинг Нодиршоҳ босқинида вайрон бўлган девори ва дарвозалари қайта тикланди (1785-йил), Хиванинг Жоме масжиди қайта қурилиб, унинг ёнида чиройли минора қад кўтарган.

www.e-tarix.uz

Рейтинг@Mail.ru

 

МАҚСАДИМИЗ

Миллий қадриятларимиз, маънавий бой меросимизни тиклаш ва уларни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз ўртасида тарғиб этиш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандий ва Маҳмуд Замахшарий сингари юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис, фақиҳ, тасаввуф ва муфассир алломалар меросини ҳар томонлама теран ўрганиш, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш, диний ходимларнинг малакасини, билим ва тажрибасини ошириш бўйича ўқув-услубий ишларни амалга ошириш, ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш, юртимиз тарихи зарварақларига олтин ҳарфлар билан муҳрланган нодир қўлёзмаларни келгуси авлодларга етказиш, аждодларимиз ҳаёти, ахлоқи ва юксак маънавиятини ифодаловчи матнларни таржима қилиб, ёшлар қалбида улар қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини шакллантириш, юртимиз Мовароуннаҳрнинг Бухоро, Самарқанд, Марв, Урганч, Ахсикет, Хива, Шош, Марғинон ва бошқа шаҳарларидаги маърифат масканлари бўлмиш мадрасаларда етишиб чиққан алломалар ҳақида, улар таҳсил олган мадрасалар ва ҳозирда юртимиз Ўзбекистонда ишлаб турган мадрасалар ҳақида талабаларга маълумот бериб бориш.
БИЗ БИЛАН БОҒЛАНИШ:  madrasa@islom.uz

GRAND TA'LIM нодавлат таълим муассасаси катта устози Анвар Аҳмад таълим даргоҳига асос солинган илк кунлардан бери фаолият юритади. Араб тили грамматикасида оид кўплаб дарслик ва адабиётлар тўпловчиси ва муаллифларидан.

arabic.uz сайтининг муҳаррири, "Риёзус солиҳийн", "Ал-Азкор", "Саодатга етакловчи ҳикматлар" ва бошқа кўплаб асарлар таржимони ва нашрга тайёрловчиси.

Анвар Аҳмад 1977 йилда таваллуд топган, оилали 4 нафар фарзанди бор. Миср Араб Республикасининг Азҳари Шариф, ал Азҳар институтлар бўлими, эъдодий ўрта-махсус билим юртини тамомлаган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг шогирди. "Саҳиҳи Бухорий"дан шайх хазратларидан ижоза олган. “Олтин силсила” таржимонлар гуруҳининг аъзоси.

Аввал Миср Араб республикаси элчихонаси қошидаги фан ва таълим марказида араб тили ўқитувчиси, 2008 йилдан эса GRAND TA’LIM етакчи ўқитувчиларидан.