Муҳаммад Раҳимхон мадрасаси (Хива)

Муҳаммад Раҳимхон мадрасаси



Хивадаги Муҳаммад Раҳимхон мадрасаси 1871 йили Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз) томонидан барпо этилган. Муҳаммад Раҳимхони Соний мамлакат маданияти ва иқтисодий ҳаётини кўтаришда кўп тадбирларни амалга оширди.

Маданият ва фан арбобларига ҳомийлик қилди. Ўзи ҳам ижод билан фаол шуғулланди. Феруз тахаллуси билан кўплаб лирик шеърлар ёзди. Муҳаммад Раҳимхон шоиру олимлар, санъаткорлару донғи кетган паҳлавонлар, ҳунармандларга саройда қулай имкониятлар яратиб берди. Шеъриятда Огаҳийни, имон-эътиқод, дину диёнат ҳамда шариатда адолатпешалиги билан машҳур бўлган қозикалон шайх ул-ислом Салимохун Матпано ўғлини устоз ва пир тутди.
У Ўрта Осиё хонликларида биринчи бўлиб тошбосма ва фотография ишларини йўлга қўйди. Биринчи фотограф Худойберган Девоновни шу ишга жалб этди. Шоир ва олимлар билан ҳафтада икки марта ошкора баҳс, мунозара, мушоиралар ўтказар эди. Комил Хоразмий билан ҳамкорликда мумтоз қўшиқларга куй басталаш, ноталар яратиш устида шуғулланди. Ўзи «Шашмақом»га ўн учта куй басталади.
Муҳаммад Раҳимхон ташаббуси билан кўҳна Арк дарвозаси қаршисида бунёд этилган Муҳаммад Раҳимхон мадрасаси катталиги жиҳатидан Муҳаммад Аминхон мадрасасидан кейинги иккинчи ўринда туради. Мадраса ёзги ва қишки масжид, дарсхона, кутубхона ва ҳужралардан иборат. Бинонинг олд томони икки қаватли, бино бурчакларига буржлар ишланган. Сирти сиркор парчинлар билан безатилган. Мадрасанинг умумий тузилиши Хива мадрасалари меъморлигидан бироз фарқланади. Дарвозахона атрофидаги 9 хона усти гумбаз билан ёпилган. Мадраса ҳовлисида қаватли 76 ҳужра бор.
Муҳаммад Раҳимхон мадрасаси ўз даврининг машҳур таълим-тарбия ўчоқларидан бири бўлган.
www.qadamjo.uz сайтидан олинди.



Муҳаммад Раҳимхон (Феруз) мадрасаси.  Кўҳна арк дарвозаси қаршисидаги мадраса Сайид Муҳаммад Раҳимхон II нинг фармонига биноан 1871-1876 йилларда қурилган. Мадраса ўзининг кенглиги, сервиқорлиги билан бошқа мадрасалардан ажралиб туради.
Мадрасада ёзги ва қишги масжид, дарсхона, китобхона ва ҳужралар бор. Мадрасанинг ҳовлиси 76 та бир қаватли ҳужра билан ўралган бўлиб 152 талабага мўлжалланган.
Ҳужралар томи ташқи томондан тўсиқ девор (парапет) билан чегараланган ва икки қаватли бош фасадга келиб туташади. Хушқад пештоқнинг икки ёнида беш равоқли галерея бор. Дарвозахона атрофидаги хоналар тўққизта гумбазга эга. Бинонинг ички плани бошқа мадрасалар тузилишидан фарқ қилади. Деворлар юзасидаги сиркор ғиштчалардан терилган орнаментли безаклар одатдаги шаклларни такрорлайди. Кишида ҳовлининг тузилиши ўзгача таассурот қолдиради. Ҳовлининг бир қаватли ҳужралари қатори баланд декоратив пештоқлар ташқи тўсиқ девор ва бурчаклардаги чиройли минорача-гулдасталар билан биргаликда ажойиб манзара касб этади.
Мадрасанинг вақфи (мадраса фаолиятини таъминлайдиган даромад манбаи) учун хон 2941 таноб (2,5 таноб - 1 гектар) ер ажратган. Чиройли кошинлар билан безатилган мадрасанинг очилиш тантанасида замонанинг фузало ва шуаролари таърихлар ва қасидалар айтиб хондан инъомлар олганлар. Хон ўз аёнлари, қариндошлари, қурилишда ишлаган уста ва ҳунармандларга ҳадя қилган харажатлардан ташқари бу тўйда 118 тилло сочилган.
Мадрасанинг пештоқига араб тилида шундай ёзувлар битилган: Ушбу муборак бинони замон султони ва дунё ҳоқони, Оллоҳнинг халифаси ва сояси, ғалабалар ва шуҳратлар эгаси, енгилмас қудрат соҳиби, мамлакатларни фатҳ қилувчи Саййид Муҳаммад Раҳим Баҳодирхон бунёд қилдирган. сана 1289. (1872 й)
Мустақиллигимизнинг илк йилларида, яъни 1994 йилда мадраса қайта таъмирланиб, шу йилнинг сентябр ойида бўлиб ўтган Муҳаммад Раҳимхон II “Феруз”нинг 150 йиллик тўйига тўёна қилиб мадрасанинг ҳовлисига чиқувчи даҳлизлари, ўқув хонаси ва қишги масжидида Хива хонлиги тарихи ва маданиятини очиб берувчи “Хоразм адабиёти ва тарихи музейи” очилди.
Биз музейга кирар эканмиз кўз олдимизда XVI аср бошларида ташкил топган Хива хонлиги ва унга қўшни бўлган Эрон ва Бухоро хонлиги ҳудудида яшовчи халқларнинг тарихи, маданияти ва санъати гавдаланади. Биз яна XVI аср охири ва XVII аср бошларида Хоразмда марказлашган давлатнинг ташкил топиши, ҳамда унинг ички ва ташқи сиёсати Марказий Осиё халқларига таъсирини кўришимиз мумкин.
Бўлимда XIX асрнинг иккинчи ярмида Чор Россияси ўзининг саноат хом ашёсига бўлган талабларини қондириш мақсадида “Шарққа юриш” қилиб Марказий Осиё давлатларини, жумладан 1873 йилда Хива хонлигини эгаллаб олиши ва ўлкамиздан нодир осори атиқаларни, давлатнинг ва халқнинг бойликларини олиб кетилиши, буларнинг ўрнини тўлдириш мақсадида Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб Муҳаммад Раҳимхон II ташаббуси билан ташкил қилинган ва оммалаштирилган “Марказий Осиёдаги илк тошбосма”, Ўзбек фото ва кино санъати қалдирғочи Худойберган Девонов мероси, Марказий Осиёда илк бор нотага асос солган ҳассос шоир ва мусиқачи Комил Хоразмийнинг “Танбур чизиғи” асарини кўрсатиб берувчи буюмлар ва Паҳлавон Маҳмуд, Абулғози Баҳодирхон, Муҳаммад Раҳимхон Феруз, Мунис ва Огаҳий сингари буюк мутафаккир, шоирлар ва халқ эъзозлаган кишилар ҳаёти билан танишишимиз мумкин.
Қисқаси, музейда сиз Хива хонлигининг давлат рамзлари-байроқ, тангалар ва охирги ҳукмдор хонларнинг асл нусха фото-суратлари, хориждан келтирилган савдо буюмлари, Хитой ва рус чинниси, маҳаллий ҳунарманд усталарнинг маҳсулотлари, қурол-аслаҳа, кийим-кечак каби кўплаб нодир буюмларни томоша қилишингиз мумкин.
http://www.khivamuseum.uz сайтидан олинди.



Муҳаммад Раҳимхон мадрасаси — Хивадаги меъморий ёдгорлик (1871). Муҳаммад Раҳим II (Феруз) қурдирган. Кўҳна аркнинг шарқий дарвозаси қаршисида жойлашган.
М. Муҳаммад Раҳимхон мадрасаси масжид, айвон, дарсхона, кутубхона ва ҳужралардан иборат. Мадрасанинг олд томони 2 қаватли, қолган томонлари бир қаватли. Бурчакларига гулдасталар ишланган. Хива меъморлигига хос услубда пештоқли кошинкори нақшлар билан безатилган. Сирли ғиштлар "қўш" ва "бантак" услубида терилган. Пештоқининг икки қанотида 2 қаватли олди чуқур равоқли 5 та ҳужрага ганчкори панжаралар ўрнатилган. Бош тарзидаги миёнсарой 9 та гумбазли хонадан иборат. Масжид ва дарсхона ҳужралар билан ўзаро боғланган. Ҳовли мурабба тарҳли, уч томони 76 та ҳужра билан ўралган. Жанубида гумбазли айвон ва бошқа қўшимча хоналар бор. Кейинроқ, мадрасанинг олд томонига бир қаватли савдо расталари қаторидан иборат ҳовли қурилган. М. Муҳаммад Раҳимхон мадрасасининг умумий тузилиши ва ички тарҳи анъанавий Хива мадрасалари меъморлигидан бир оз фарқ қилади.
Умумий тарҳи — 62,4х49,7 м; ҳовли —28,3х28,8 м; дарсхона — 5,4х5,4 м; масжид — 7,0*7,0 м; савдо қаторлари — 25,0х50,0 м; ҳовли 16,9х42,5 м.


Манба: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.

Рейтинг@Mail.ru

 

МАҚСАДИМИЗ

Миллий қадриятларимиз, маънавий бой меросимизни тиклаш ва уларни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз ўртасида тарғиб этиш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандий ва Маҳмуд Замахшарий сингари юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис, фақиҳ, тасаввуф ва муфассир алломалар меросини ҳар томонлама теран ўрганиш, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш, диний ходимларнинг малакасини, билим ва тажрибасини ошириш бўйича ўқув-услубий ишларни амалга ошириш, ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш, юртимиз тарихи зарварақларига олтин ҳарфлар билан муҳрланган нодир қўлёзмаларни келгуси авлодларга етказиш, аждодларимиз ҳаёти, ахлоқи ва юксак маънавиятини ифодаловчи матнларни таржима қилиб, ёшлар қалбида улар қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини шакллантириш, юртимиз Мовароуннаҳрнинг Бухоро, Самарқанд, Марв, Урганч, Ахсикет, Хива, Шош, Марғинон ва бошқа шаҳарларидаги маърифат масканлари бўлмиш мадрасаларда етишиб чиққан алломалар ҳақида, улар таҳсил олган мадрасалар ва ҳозирда юртимиз Ўзбекистонда ишлаб турган мадрасалар ҳақида талабаларга маълумот бериб бориш.
БИЗ БИЛАН БОҒЛАНИШ:  madrasa@islom.uz

GRAND TA'LIM нодавлат таълим муассасаси катта устози Анвар Аҳмад таълим даргоҳига асос солинган илк кунлардан бери фаолият юритади. Араб тили грамматикасида оид кўплаб дарслик ва адабиётлар тўпловчиси ва муаллифларидан.

arabic.uz сайтининг муҳаррири, "Риёзус солиҳийн", "Ал-Азкор", "Саодатга етакловчи ҳикматлар" ва бошқа кўплаб асарлар таржимони ва нашрга тайёрловчиси.

Анвар Аҳмад 1977 йилда таваллуд топган, оилали 4 нафар фарзанди бор. Миср Араб Республикасининг Азҳари Шариф, ал Азҳар институтлар бўлими, эъдодий ўрта-махсус билим юртини тамомлаган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг шогирди. "Саҳиҳи Бухорий"дан шайх хазратларидан ижоза олган. “Олтин силсила” таржимонлар гуруҳининг аъзоси.

Аввал Миср Араб республикаси элчихонаси қошидаги фан ва таълим марказида араб тили ўқитувчиси, 2008 йилдан эса GRAND TA’LIM етакчи ўқитувчиларидан.