Амир тўра мадрасаси
Амир тўра мадрасаси - Хивадаги меъморий ёдгорлик (1870). Ичан қалъанинг шим. қисмида жойлашган. Муҳаммад Раҳимхон II нинг акаси Амир Тўра қурдирган. Тўғри тўртбурчак тарҳли (52,7х36,7 м), ҳовлиси (30,7* 19,35 м) атрофига томи балхи гумбаз билан ёпилган ҳужралар қурилган.
Мадрасага салобатли пештоқ орқали кирилади. Пештоқнинг икки ёнидаги икки қаватли (ҳужралар олдидаги) равоқли айвонлар, бош тарзининг икки бурчагига ишланган гулдаста бинога маҳобатлилик бахш этган. Ҳовлида ҳужраларга туташтириб ёни очиқ, тепаси гумбаз билан беркитилган масжид айвони қурилган. Дарсхона ва масжид (5х5 м) ҳам гумбаз билан ёпилган, бош тарзи безаксиз — ниҳоясига етказилмай қолган, ҳовли деворлари кошин билан безатилган. Амир тўра мадрасаси 1970 йилда таъмирланган, бош тарзи олдига савдо растаси жойлаштирилган.
Ўзбекистон миллий энциклопедияси, биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.