Ислом Хўжа мадрасаси
Хива хони Исфандиёрхоннинг вазири ва қайнотаси Сайид Ислом хўжа 1908-1910 йилларда Паҳлавон Маҳмуд мақбараси яқинда битта мадраса ва минора қурдиради. Мадрасани уста Худойберганҳожи қурган, мадраса ва миноранинг кошин безакларини Эшмуҳаммад Худайбердиев ишлаган нақшлар асосида Хонқанинг Мадир қишлоғидаги усталардан Болта Ваисов ва Мадаминовлар ишлаганлар.
Мадраса 42 та ҳужрадан иборат бўлиб, 50 та талаба ўқиган, унинг олдинги қисми 2 қават қилиб қурилган. Кираверишда ўнг томонда махсус масжид ҳам қурилган. Бош фасади билан минорага боғлиқ бўлган мадраса ташқи тузилиши ва безаклари бошқа мадрасалардан фарқ қилмайди. Пештоқининг ён қанотлари икки қаватли равоқлар қатори ва бурчак гулдасталаридан иборат. Равоқлар тепаси айрим ҳошиялар ва сиркор кошинлар билан чиройли қилиб безатилган. Кичик ҳовли бир қаватли ҳужралар билан ўралган. Деворларида ҳеч қандай безак йўқ.
Пештоқнинг орқа томонида, ҳужраларнинг устида оддий ёғоч устунли айвон қурилган. Мадрасанинг энг йирик хонаси катта гумбазли масжиддир. Масжид мадрасанинг бутун жануби-ғарбий томонини эгаллаган, масжиднинг ички кўриниши Хива усталари ижодига хос катта гумбазли хона типида ёпилган. Масжиднинг жанубий томонида жойлашган бурчакдаги гумбаз остида ва меҳробда сиркор ҳамда ганчкори безаклар ишлатиб чиройли манзара яратилган, мадраса учун вақф сифатида Ислом Хўжа ўз еридан 14 минг 451 таноб ер ажратган. Мадрасада ҳозирги вақтда “Хоразм Амалий санъати” музейи фаолият кўрсатмоқда.
Ислом Хўжа замонасининг машҳур кишилардан бири бўлиб, Хива шаҳрининг ободончилиги учун жон куйдирган. Унинг сайй ҳаракатлари билан Хивада касалхона, почта, телеграф, Қўша дарвоза, Нуруллабой саройидаги Исфандиёрхоннинг қабулхонаси, Хоразмнинг баъзи худудларига темирдан янги кўприклар қурилган.
Манба: khivamuseum.uz