Хатоба фанидан қўлланма
Анвар қори Турсунов ва Илҳом Қаҳҳоровлар томонидан
имом-хатиблар учун амалий қўлланма тарзида
нашрга тайёрланган “Хатоба” китобига
ТАҚРИЗ
Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва Пайғамбаримизга салавоту саломлар бўлсин.
Нашрга тайёрланган ушбу китобга яхши ният билан ва савоб умидида қўл урилибди. Воизнинг одоблари, омма олдига чиқиш, маърузанинг тузилишини шакллантириш, аудиторияни тайёрлаш, диққатни жалб қилиш, назар ва имо-ишоралар каби муҳим мавзуларда маслаҳатлар берилибди. Бу яхши, албатта.
Аммо бу китобни имом-хатиблар учун амалий қўлланма ўлароқ тавсия этиш катта даъводир. Бундай масъулиятли иш соҳанинг ҳақиқий мутахассислари, яъни илмли, таниқли ва тажрибали имом-хатиблар ёки хатоба фанидан дарс берадиган устозлар томонидан бажарилса, нур устига нур бўлар эди.
Шунинг учун ҳам бу китобни имом-хатиблар учун қўшимча қўлланма тарзида нашр қилинса, маъқул бўларди.
Қолаверса, китобда турли хато ва камчиликлар учрайди-ки, биз ўзимизнинг таклиф ва фикр-мулоҳазаларимизни қуйида баён этамиз:
- Бу қўлланма айнан имом-хатиблар учун эмас, балки нотиқ, маърузачи, докладчи, диктор, бирор тадбирни олиб борувчи ўртакаш ва роль ўйновчи актёрларга кўпроқ мўлжалланган экан. Шунинг учун ҳам китобнинг номини (“Хатоба”) ўзгартиришни маслаҳат берамиз. Масалан: “Нутқ маданияти ёхуд 215 маслаҳат” ё “Маърузачиларга 215 маслаҳат” ёки “Маърузачиларга қимматли маслаҳатлар” ёхуд...
- Қўлланмада Ислом уламоларининг шу мавзудаги китобларидан деярли фойдаланилмабди, балки кўпроқ Вайсман, Гандапас, Далецкий, Желязны, Стернин, Пожарская, Сопер Поль, Шипунов, Скотт Беркун, Семпсон, Хофф сингари европалик, россиялик шарқшунос олимларнинг ўзбекча ва русча китобларидан фойдаланилибди. Китоб имом-хатиблар учун амалий қўлланма бўлиши учун айнан шу соҳа мутахассисларининг китоблари асосида ёзилган бўлиши керак, аслида. Масалан: Мулла Алий қорининг “Мавъизатул ҳабиб ва туҳфатул хатиб”, имом Муҳаммад Абу Заҳранинг “Ал-хатоба – усулуҳо, тарихуҳо”, Муассасатул амир Муҳаммад ибн Фаҳд Оли Суъуд тарафидан чоп этилган “Акадимиятул хутабо”, Доктор Абдулжалил Шалабийнинг “Ал-хатоба ва эъдодул хатиб”, Шайх Алий Маҳфузнинг “Фаннул хатоба ва эъдодул хатиб”, Мутаваллий Жаржовийнинг “Фаннул хатоба – кайфа такуну хатибан бориъан”, Аҳмад ибн Сақар Сувайдийнинг “Мунжидул хатиб”, Салома Мусонинг “Ашҳарул хутаб ва машоҳийрул хутабо”, Ёсир Ҳамдийнинг “Ал-хатиб ва илмул хатоба”, доктор Имод Абдуллатифнинг “Таҳлилул хитобил балоғий”, Ёсир Муҳаммад Надим Сорийнинг Ал-хатоба байнаш-шарқи вал ғарб”, доктор Исмоил Алий Муҳаммаднинг “Фаннул хатоба ва маҳоротул хатиб”, доктор Ҳасан Суҳайл Жумайлийнинг “Сифотул хатибин-ножиҳ”, доктор Муҳаммад Ҳонийнинг “Мувжаз ъан нашъатил хатоба”, доктор Умар Аҳмад Бодаҳдаҳнинг “Зодул хутабо”, шайх Абдураҳмон ибн Носир Саъдийнинг “Ал-фавокиҳуш-шаҳийя фил хутабил минбарийя”, доктор Аҳмад Воилийнинг “Амирул манобир”, доктор Муҳаммад Сувайдоннинг “Фаннул илқоир-роиъ” ва ҳоказо китобларни келтиришимиз мумкин.
- Модомики, бу қўлланма имом-хатиблар учун мўлжалланган экан, оят, ҳадис ва асарларнинг арабий матнларини ҳам албатта келтириш керак. Имом-хатиблар баҳонада ўша ҳадисларни ёдлаб олишарди, қолаверса, таржималаридаги хатолар ҳам кўзга ташланарди.
- Аллома Саховий, имом Суютий, Ибн Ҳажар Ҳайсамий, Ибн Салоҳ, Ибн Жамоъа каби қадимги забардаст уламоларнинг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «салоту салом»ни қисқартириб ёзиш макруҳдир», деган сўзларига мувофиқ, салоту саломлар тўлиқ ёзилса, ёзилмаган жойларда ёзилса, мазкур одоб қоидасига риоя қилинган бўлар эди.
- Саҳобаларнинг исми-шарифларидан кейин одоб юзасидан (розияллоҳу анҳу) деб ёзилса.
- “Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилишларича...” (3-бет), “Имом Аҳмаддан келтирилган ҳадисда” (7-бет) дейилмайди, балки аввал ҳадисни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган саҳобанинг исми-шарифи келтирилиб, охирида муҳаддиснинг исми келтирилади.
- Кўп ўринларда Аристотел (45-бет), Демосфен (46-бет) каби файласуфларнинг маслаҳатлари берилибди, бу яхши. Аммо уларнинг ўрнига ёки уларга қўшимча қилиб, саҳобалар, тобеинлар, табаа тобеинлар, авлиёлар, солиҳ зотлар ва уламоларнинг ибратли ҳаётларидан, насиҳатларидан келтирилса, янада манфаатлироқ бўлар эди.
- Айрим ҳадислар ва тўмтоқ маслаҳатларга изоҳ бериш керак экан, масалан: 78, 128-бетлар.
- Айрим оятлар билан тафсирлари орасида номувофиқлик мавжуд, масалан: (وما فوقها) ояти маъно таржимасида “юқори”, тафсирида эса “кичикроқ” дейилган (129-бет).
- Айрим ҳадислар ва маслаҳатлар чала берилибди: 78, 120-бетлар.
- Айрим ҳадисларни ким ривоят қилгани номаълум, яъни муҳаддислар номи келтирилмаган, масалан: 9, 13, 19-бетлар.
- Айрим сўз ва иборалар ноўрин ишлатилган, масалан: “диёнатли” (8-бет), бунинг ўрнига “омонатдор” дейилса; “сеҳрли” (14-бет), бунинг ўрнига “ижобий” дейилса ва ҳоказо.
- Айрим мисолларни алмаштириш керак бўлади, масалан: “Ҳазил-аския: черковга келган бир...” (47-бет), “Тимсоҳ ўйини”... (69-70-бетлар), “Эрталаблар ароқ ичишни ташлаганмисиз”, “Ҳозирги пайтларда ҳам мижозларни алдаяпсизми?” (96-бет), “Янги йил байрамидаги телебошловчи” (118-бет) ва ҳоказо.
- Айрим маслаҳатларни олиб ташланса ёки алмаштирилса яхши бўларди, масалан: “Нутқ қиладиган кун соқолингизни олинг, соч турмагини тахланг” (151-бет) ва ҳоказо 61, 112-113, 116, 118, 119-бетлар.
- Тўқима ривоятларни олиб ташлаш лозим, масалан: “фаришталарнинг шахмат ўйнаши” (42-бет).
- Айрим сўз ва иборалар хато ёзилган, масалан: “Ибн Касир оятни шарҳлаб туриб” (3-бет) эмас, балки оятнинг тафсирида; “Қадимги Рим” (3-бет) эмас, Рум; “Воизликни ўргатувчи махсус соҳа калом илми” (5-бет), деб номланмайди; “эрамиздан” (5-бет) эмас, милоддан; “Аммон” (14-бет) эмас, Умон ва ҳоказо.
- Имловий хатолар ҳам кўп учраяпти, масалан: “хотиб” (8, 128, 130-бетлар) эмас, хатиб; “нур устига аъло нур” (14-бет) эмас, нур устига нур (чунки бу ибора Нур сурасининг 35-оятидан олинган (نُورٌ عَلَى نُورٍ)); “мусулмолмон” (17-бет); лаганбарбардорлик (67-бет), ҳамбардлик (94-бет), проффессор (100-бет), инсофсинг (108-бет), Қўръони карим (111-бет), нисабан (129-бет) ва ҳоказо.
- Айрим исм-шарифлар хато ёзилган, масалан: “Жобир ибн Сумура” (12-бет) эмас, Жобир ибн Самура; “Ашжоий” (15-бет) эмас, Ашжаий ёки Ашжаъий; “Ҳаттобий” (17-бет) эмас, Хаттобий; “Абу Бакр ибн Арабий” (17-бет) эмас, Абу Бакр ибн ал-Арабий (Муҳиддин ибн Арабийдан ажратиш учун); “Аҳзавий” (17-бет) эмас, Аҳвазий; Амр ибн Осс (134) эмас, Амр ибн Ос ва ҳоказо.
- Суннатни тарғиб қилишда хатога йўл қўйилган жойлари ҳам бор, масалан: “Имом-хатиб минбар зинапоясининг учинчи поғонасида” (13-бет) эмас, балки иккинчи поғонасида туриб хутба ўқийди ва учинчи поғонасига ўтиради.
- Имом-хатибларнинг мақомларига тўғри келмайдиган мисоллар ҳам келтирилибди, масалан: “юбилярни табриклаш” (20-бет); “концертларда қўлланилади” (21-бет); “соқол олаётганда” (30-бет); “галстукда бориш” (37-бет); рок концертларни эсланг (63-бет) ва ҳоказо.
- Кўп ажнабий сўзлар ишлатилган бўлиб, маънолари ёки таърифлари берилмаган. Масалан: импульсив (21-бет), норадреналин (28-бет), классификация (30-бет), “магнетик” (33-бет), “социал”, “диалог”, “аудитория” (34-бет), статус (35-бет), кульминация (38-бет), президиум, индивидуаллиги (41-бет), объект (42-бет), капитуляция (44-бет), субъект, коэффициент (45-бет), тонус (52-бет), монотон (54-бет), симметрия (55-бет), риторик (55, 60, 103-бетлар), манипулятив (59, 96-бетлар), адреналин, шкала, гипноз, амплитуда (62-бет), медитатив (64-бет), классик (67-бет), пантомима, коммуникацион (69-бет), овал (70-бет), кульминацион (80-бет), импровизация (112-бет), регресс (123-бет), ассоциатив (124-бет) ва ҳоказо.
- Муболағали ўринлар ҳам учрайди, масалан: “Ҳар бир кишининг қалбида оз бўлсада кибр мавжуд” (22-бет) эмас, балки кўпчилик кишининг..., дейилса; “мутахассисларнинг таъкидлашларича” (44-бет) эмас, айрим мутахассисларнинг, дейилса; “Дунёдаги энг кучли нотиқ ҳисобланган Демосфен” (46-бет) эмас, чунки имом-хатиблар дунёдаги энг кучли нотиқ бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эканларини жуда яхши билишади; “буюк файласуф Скилеф” (47-бет) эмас, қадимги юнон файласуфи; “ҳар бир тингловчига сониянинг юздан бир бўлагини сарфлаймиз” (50-бет) ва ҳоказо.
- Айрим маслаҳатлар такрор берилибди: 77, 132-133-бетлар.
- Муҳим бўлмаган қисмлар олиб ташланса, масалан: 112-бетдан 118-бетгача, яна бошқа жойларда ҳам бор.
- Айрим статистик маълумотлар текширилса, масалан: Токио шаҳри аҳолиси 37 млн (114, 115, 137-бетлар), дейилибди. Ҳолбуки, бир нечта расмий интернет сайтларида 13,6 млн, деб айтилган.
- Китобни яна жиддийроқ таҳрир қилиш керак. Хатолар, қўшимча таклиф ва фикр-мулоҳазалар ўз ўринларида қалам билан ишора қилиб ўтилди.
- Китобга илова қилинган Жума, Ҳайит ва Никоҳ хутбаларининг арабий матнларига ҳаракатларини қўйиш ҳамда таҳрир қилиш керак экан, матнларда айрим хатолар учраяпти (163, 168, 170-бетлар).
Абдул Азим Зиёуддин,
Имом Бухорий номидаги
Тошкент ислом институти,
“Диний фанлар” кафедраси
катта ўқитувчиси