Мир Араб мадрасасининг барокат сири

Мир Араб мадрасасининг барокат сири

Мадраса мусулмон дунёси уламолари, мактабдор, мударрис, қозилар масжид имомлари ва турли даражадаги давлат амалдорлари тайёрлайдиган олий ва ўрта даражали ўқув юртидир. Мадрасаларда қадимдан диний илмлар: Қуръон, ҳадис, тафсир, фиқҳ билан бирга дунёвий ва табиий фанлар: араб ва форс тиллари: адабиёт, фалсафа, мантиқ, тарих, жуғрофия, риёзиёт, ҳандаса, кимё, тиббиёт, астраномия, муҳандислик каби фанлар ўқитилган. Ҳозирда ҳам барча мусулмонлар мамлакатларида мадрасаларда диний таълим билан бирга дунёвий фанлар ўқитилмоқда.
Тарихда Турон, Мовароуннаҳр, Ўрта Осиё, эндиликда Марказий Осиё деб аталаётган кўҳна Туркистон жуда қадим замонлардан буён фарзанд тарбияси, уни ўқитиб саводли қилиш бобида, ҳеч бир муболағасиз, дунёдаги энг илғор олдинги ўринлардан бирини эгаллайди. Ўзининг ўлмас асарлари, буюк кашфиётлари билан жаҳон илм-фани ва маданиятининг ривожига салмоқли ҳисса қўшган Имом Бухорий, Абу Исо Термизий, Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Фаробий, Бурҳонbддин Марғиноний, Маҳмуд Замахшарий, Баҳоуддин Нақшбандий, Аҳмад Яссавий, Шарофиддин Али Яздий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳриддин Муҳаммад Бобур каби юзлаб, минглаб буюк сиймоларни ҳудди шу туркистон замини, унинг мактаб ва мадрасалари етиштириб берган. XVI асрдаёқ Заҳриддин Муҳаммад Бобур бу ҳақда: Ҳазрат рисолат замонидан бери ул миқдор аимма исломким, Мовароуннаҳрдан пайдо бўлубдур, ҳеч вилоятдин маълум эмаским, мунча пайдо бўлмиш бўлгай.
Ҳозирги кунда нафақат мусулмон оламида, балки дунёдаги энг нуфузли олий даргоҳлардан бири 972 йили очилган Қоҳирадаги ал-Азҳар мадрасаси, 1065-йили қурилган Боғдоддаги Низомулмулк мадрасаси энг қадимий мадрасалардан ҳисобланади.
Туркистон мадрасалари ислом дунёсида юксак даражали дин арбобларини етиштириш ва турли соҳаларни ўрганиш ва ўргатиш марказлари бўлиб ҳизмат қилдилар. Туркистонда Х – ХII асрларда ташкил қилинган мадрасалардан 17 таси самарқандда эди.
Мадрасалар Туркистоннинг барча шаҳар ва қишлоқларида кенг ёйилган бўлиб, уларни қурдирган ва маблағ билан таъминлаб турган кишиларга қараб уч тоифага бўлиш мумкин:
Хон мадрасалари – хон, унинг оила аъзолари, сарой амалдорлари томонидан қурдирилган йирик мадрасалар.
Асосан пойтахт бўлган шаҳарларда қурилган. Вақф мулки ва даромади катта бўлганлиги учун талабалар сони кўп. Масалан: Самарқанддаги 1525 йили Шайбонийхоннинг ўғли Муҳаммад темурхоннинг хотини Маҳди улё ҳоним қурдирган Шайбонийхон мадрасаси, Тошкентда 1550 йилларда Бухоро амири Бароқхон қурдирган мадраса, Қўқонда 1858 йили Худоёрхон томонидан қурдирган “Али” мадрасаси ва ҳоказо.
Эшон мадрасалари – ислом динидаги тасаффув тариқатининг диний раҳномалари эшонлар, пирлар, шайхлар томонидан қурдирилган катта мадрасалар. Бу мадрасалар эшонларнинг муридларидан тушган хайр-эҳсонлари ва уларнинг меҳнати билан қурилган. Йирик вақф мулки ва даромадига эга. Масалан: Тошкентда 1458 йили Хўжа Аҳрор Валий қурдирган “Хўжа Аҳрор” мадрасаси, 1855 йили Нақшбандия тариқатининг шайхи Абдулқосимнинг “Абдулқосим эшон” мадрасаси, Андижонда 1841 йили Халфа Азиз эшон томонидан қурдирилган “Халфа Азиз” мадрасаси, Қўқондаги 1801 йили Ҳасанхўжа Эшон ўғли томонидан қурдирилган “Бузрукхўжа Эшон” мадрасаси.
Хусусий мадрасалар – жуда кўпчиликни ташкил этади. Йирик ер эгалари, бойлар, савдогарлар ва бадавлат кишиларнинг бошчилигида қурилган мадрасалар. Кўпроқ ҳашар йўли билан савоби тегиши учун, обрў орттириш, яхши ном қолдириш учун қурилган.
Мадрасаларга мударрисларни хон ёки беклар тайинлашган. Мударрисликка даъвогар шахс аввало шайхулислом, қозикалон, аълам, муфтий ва бошқа олиму-уламолар иштирокида имтиҳондан ўтказилган. Айниқса, Мирзо Улуғбекнинг бу соҳада тутган иши ибратлидир. Мирзо Улуғбек Самарқандда бунёд этган мадрасасида мударрисликка даъвогар бўлган Муҳаммад Ҳавофийни тўқсонта донишманд олим иштирокида имтиҳон қилган. Барча жавобларга маъқул ва мақбул жавоб олгандан сўнг мударрис этиб тайинланган. Имтиҳондан муваффақиятли ўтганлар хон ёки амир ёрлиқлари билан мударрисликка тасдиқланиб, муаяйан мадрасаларга ишга юборилган.
Мударрисларнинг бир қисми ўз вазифаларини бажариш билан бирга қозилик, аъламлик ёки муфтилик вазифаларини ҳам бажарган.
Мадрасада ўқув ишларини ташкил қилиш муҳим аҳамиятга эга ҳисобланган. Талабаларни ўқиётган китоблари ва ўзларининг истак интилишлари саъй ҳаракатлари ҳамда ўзлаштириш даражасига қараб уч боcқичга бўлиб ўқитиш йўлга қўйилган:
 
Адно – қўйи босқич ҳисобланиб, эндигина ибтидоий мактабни тамомлаб мадрасадаги биринчи китоб “Аввали илм” асарини бошлаган талабадан то “Ақоид”ни ўрганаётган талабалар кирган.
 
Авсат – ўрта босқич ҳисобланиб, бу босқич талабалари “Ақоид”ни тамомлаб “Мулла Жалол”гача бўлган китобларни ўқиган.
 
Аъло – юқори босқич талабалари бўлиб, талабалар “Мулла Жалол”дан “Матни-Фароиз” асарларини ўрганган.
 
Мадрасада ҳар бир босқичда қанча муддат ўқиш қатъий белгиланмаган. Бу нарса кўпроқ талабаларнинг ўзига ва мударриснинг билимдонлигига боғлиқ бўлган.
Талабаларнинг ҳар бир босқич учун белгиланган асарни ўзлаштирганлигига қараб босқичдан босқичга ўтказилган. Одатда бир босқичда 3-4 йил ўқиганлар. Баъзан турли сабабларга кўра 10 йиллаб бир босқичда қолиб кетган талабалар ҳам бўлган. Зеҳни ўткир ҳаракатчан, ўз устида кўп ишлайдиган қобилиятли талабалар мадрасани 6-7 йилдаёқ тамомлаганлар.
Ўқиш даврининг маълум бир муддати бўлганлиги сабабли, талабаларнинг ёши ҳам кўп ҳолларда бир-бирига тўғри келмаган. Мадрасада 13-15 ёшли ўспиринлар билан бирга 50-60 ёшлик кишилар бирга ўқийверганлар. Архив маълумотларга кўра, Самарқанд вилояти Катта қўрғон шаҳридаги мадрасада 125 талабадан 76 таси 15-25 ёшда, 23 таси 26-40 ёшда, 26 таси 41-60 ёшда бўлган. Ҳатто Андижондаги Жомеъ мадрасасини бориб кўрган рус амалдори Н. А. Бобровников у ерда 63 ёшли илм толибини учратганлигини ҳайрат билан қайд қилиб ўтган.
 
Мир Араб мадрасаси



Мазкур тарихий обида хижрий 936-942, (мелодий 1530-1536) йилларда шайх Абдуллоҳ Яманий шарафига Бухоро ҳукмдори Убайдуллохон томонидан қурдирилган. Мадраса масжиди жомеъ қаршисида жойлашган бўлиб, унинг қурилиши масжиддан анча фарқ қилади. Ўрта Осиё диний мактаблари қурилишида қўлланилган анъанавий усуллар бу мадраса архитектурасида ҳам ўз ифодасини топган.
Чорси ҳовлининг атрофида икки қаватли ҳужралар қатори, ҳар қатор ўртасида қадди расо пештоқли айвонлар жойлашган. Мадрасанинг олдинги қисми анча мураккаб.
Миён саройнинг икки ёнида икки хонақо-дарсхона ва масжид бор. Шарқ томондагиси мақбарага айлантирилган. Хонанинг ўртасида Убайдуллохоннинг ёғочдан ясалган сағонаси жойлашган. Жануб томонидаги хона масжид учун мўлжалланган. Мадрасанинг бош фасади марказда ярим саккиз қиррали равоқдан иборат баланд пештоқ бўлиб, унинг ичкарисида катта дарвоза, пештоқнинг икки ёнида эса икки қаватли ҳужралар мавжуд.
Мадраса қурилиши ўзидан илгари қурилган Бухородаги Улуғбек мадрасасидан анча мураккаблиги билан фарқ қилади. Ҳовлининг бурчакларидаги ҳужраларга кириладиган қулай равоқли эшиклар, қиррадор косасимон токчалар, мураккаб ироқи безаклар буларнинг хаммаси XVI аср мадрасаси типини эгаллайди. Катта хоналарнинг ичи айниқса, диққатга сазовор: тўрт тарафда баланд равоқли чорси хона, тепаси равоқлар кесишини оқибатида қалқонсимон ироқи шакли жойлашган. Гумбаз ўртаси эса фонусдек. Майда дарчалар орқали тушган ёруғлик хонага улуғвор кўриниш бахш этади.
Ҳазрат Мир Араб (қ.с.) нақшбандия тариқатининг улуғ пири муршиди, соҳибкаромат авлиё, улкан тарбиячи эдилар. Мир Арабнинг асл исмлари саййид Абдуллоҳдир. Ул зоти шариф Яманнинг ҳадрамавт мавзесида тахминан 1461-йилда туғилганлар.
Саййид Абдуллоҳ Яманнинг амири бўлган, лекин 22 ёшга кирганларида, ногаҳон Мирга бир жазба (яъни дилларига Аллоҳ таоло ишқи) ҳосил бўлиб, тожу тахтнинг баҳридан кечадилар ва зоҳири оламларни тарк этиб, кўп мужоҳадалардан сўнг Самарқанддаги “Хожа Кашфир” гузарида ҳазрат “Қутбул аброр” Хожа Аҳрорга эргашиш насиб этган ва қисқа муддатда Хожа Аҳрордан иршод хати олиб пир даражасига етишадилар. Абдуллоҳни “Мир Араб Яманий” дейишларига сабаб, у кишининг миллати, амирлиги ва туғилган жойларига ишорадир.
Амирнинг олий ҳиммати илмгоҳидир.
Бул зот ўз даврининг пири муршиди бўлиб, нақшбандия тариқати ривожига улкан ҳисса кўшган, илму ирфонда ўз даврининг ягонаси бўлган. Шайх ҳар доим урушлар олдини олиш, мусулмонлар тинчлигини муҳофаза қилиш йулида астойидил ҳаракат қилар эдилар. Соҳибкаромат, дуоси ижобат зот Мир Араб ҳар томонлама баркамол шахс эдилар. Мир Араб Ўрта Осиёга 1490 йилда келган ва кўп йиллар Саурон шаҳрида (Жанубий Қозоғистонда) яшаган. Дастлабки йиллардаёк Бухоро билан яқин алоқада бўлган. Биринчи ўзбек хони Мухаммад Шайбонийхон Мовароуннаҳрда ҳокимиятни ўз қўл остига олгач, Мир Араб Бухорода юксак мавқели шахсга айланди.
Шайбонийхон Бухорода вақти-вақти билан ташкил қилиб турган диний муҳокама мажлисларида Мир Араб иштирок этган. Бул зот ўз даврининг пири муршиди бўлиб, нақшбандия тариқати ривожига улкан ҳисса кўшган, илму ирфонда ўз даврининг ягонаси бўлган эдилар.
Восифий “Бадоеъ ул вақаеъ” асарида ёзишича, Убайдуллохоннинг пири Ҳазрат Мир Араб булган. Мир Араб Туркистоннинг Саврон деган жойида коризлар қаздириб, сув чиқарганлар ва кўп жойларни обод қилган. Шофиркон, Ғиждувонда (Бухоро вилоятида) каналлар қаздириб, боғлар барпо этган. Шофиркондаги ариқни қаздириб Султонхон ариғи деб номлаганлар. Зеро Мир Араб уни Убайдуллохон ибн Султонхон номига қўйган. Айни шу кунларда бу ариқ бор, яна Шофиркон туманида Мири Араб қалъаси ҳам мавжуд. У зиёратгоҳ Мир Арабнинг қадамжоларидир.
Восифийнинг айтишича Убайдуллохон Мир Араб шарафларига Саврон шаҳрига мадраса қурдиришни буюради, мадрасанинг олдида иккита узун минораси бор эди, у икки минора шу қадар гўзал маҳорат билан қурилган эдики, уни ташқаридан кўрганларга худди тебраниб тургандай кўринарди.
Маълумки, 1512 йилда Эрон шохи Исмоил Сафавийнинг буйруғига мувофиқ Нажми Соний бошлиқ 80 минг қизилбошлар Амударёдан ўтиб Мовароуннаҳрга ҳужум бошлайди. Нажми Соний дейдики, мен Самарқандни ер билан теп-текис қиламан ва шудгорлаб, у ерда қовун ундираман. Яъни, каллаларни у ерда қатор қилмоқчи бўлган.
Нажми Соний навкарлари шаҳарларни бирин-кетин ишғол қилади. Убайдуллохон ҳам, Жонибексултон ҳам ундан қўрқиб қочади. Бу воқеани эшитиб Мир Араб Туркистондан зудлик билан Бухорога келадилар ва Убайдуллохонга «Эй фарзанд! Сиз ватанни ҳимоя қилинг! Нимадан қўрқасиз? Аллоҳ сизга улуғ савобни ато қилади!» дейдилар. Убайдуллохон «Ҳазратим, ахир унинг 80 минг навкари бор, менинг ҳолим сизга аён, қандай қилиб мен уни енгишим мумкин?» дейди маҳзунлик билан. Мир Араб «Кўп вақт кичик қўшинлар катта қўшинлар устидан ғалаба қилур! Бу Аллоҳ ваъдасидур! Ғалаба бергувчи Аллоҳ!»-дедилар. Мана шу гап устида Карманадан чопар келади. Нажми Соний Карманани эгаллаб, бутун аҳолини қирганлиги маълум бўлади. Бу даҳшатли хабарни эшитган заҳот Убайдуллохон йиғлаб «Ҳазрат, пирим! Ахир у ваҳшийларга қандоы баробар бўлмоқ мумкин? Ул золим, бешафқатни қандоқ енгмоқ мумкин?!» дейди ноумидлик билан.
Мир Араб дейдиларки «Эй фарзанд! Қизилбошларнинг бу зулми ўзларига зиёндир. Зулм чўққига чиқдики, албатта завол топиши муқаррар! Демак Нажми Сонийнинг ўлимига яқин қолибди! Ғалаба сизга муборак бўлсин! Қани кетдик! Ҳаммани урушга бошланг!»
Мир Араб отга миниб шохни жангга бошладилар. Мир Араб шарофатларидан Жонибексултон ҳам Нажми Сонийга қарши жангга киради. 1512 йил Ғиждувондаги тўқнашувда Нажми Соний ўлдирилади, қизилбошлар мағлуб бўлиб, қочадилар.
Ўша пайтда мадраса таҳсили 21-сентябирдан то 21-мартга қадар, яъни, олти ой давом этган. Наврўз арафасида хоннинг таътил ҳақидаги фармони чиққач, ўқиш тугатилган ва талабалар олти ой давомида таътилда бўлганлар. Бу пайтда талабалар тирикчилик ишлари билан шуғулланганлар. Мадрасаларда ўқиш бир ҳафтада тўрт кун, яъни, шанба, якшанба, душанба, сешанба кунлари бўлган. Қолган уч кунда, яъни, чоршанба, пайшанба ва жума кунлари мутолаа билан шуғулланиб, олинган сабоқлар такрорланган. Дарс соат саккиздан бошланиб соат ўн иккигача давом этган.
Мадраса дастурига кўра, дарслар икки гуруҳга, яъни, улуми нақлия (исломий) ва улуми ақлия (дунёвий) илмларга ажратилган. Улуми нақлияда- Қуръони Карим, ҳадиси шариф, фиқҳ илмлари, уларга ёзилган шарҳлар ўргатилган.
Улуми ақлияда дунёвий фанлар-фалакиёт, риёзиёт, илми нужум, ал-жабр, кимё, геометрия, география, тарих, фалсафа. Адабиёт, мантиқ, араб тили граматикаси, мусиқа, хаттотлик санъати ва ахлоқ-одоб илмлари ўргатилган.
Талабалар она тилидан ташқари, форс ва араб тилларини мукаммал эгаллаганлар. Ўқув йили охирида эса махсус имтиҳонлардан ўтишган. Бухоро мадрасаларида асосан қуйдаги илмлар ўқиртиларди.
Араб тилининг сарфу наҳви, мантиқ, ақоиди исломий (илми калом), ҳикмат, фиқҳи исломий: таҳорат, намоз, рўза, жаноза, ҳаж, закот, никоҳ, талоқ, савдо сотиқ, қул сақлаш ва қул озод қилиш каби масалалар ўргатилган.
Шонли мадраса тарихи ҳамиша осуда кечмаган. Советлар даврига келиб диний соҳага қаттиқ сиёсат бошланди. 1924-йилидаёқ марказнинг буйруғи билан Ўзбекистонда ишлаб турган деярли барча мадраса ва масжидлар ёпилди. Кўзга кўринган уламолар дин арбоблари сохта айбномалар билан қамоққа олинди ёки олис юртларга бадарға қилинди. Кўплари жонини ва динини асраш учун ватанни ташлаб чиқишга мажбур бўлишди.
Минг йиллар мобайнида битилган, ўрганилган, асралган жилд-жилд нодир қўлёзмалар, китоблар ўтга ёқилди, сувга оқизилди, ерга кўмилди.
Ҳикоя қилишларича, Сиратепадаги ғишт заводи бир ойгача китоб ёқиб ишлатилган экан. Қуръони Каримни ўқиб-ўрганиш у ёқда турсин, ҳатто уйда сақлаш ҳам жиноят ҳисобланар эди.
Бухородаги Мир Араб билим юрти ва Тошкентдаги олий мадраса режалари асосан Масковдан тасдиқлаб берилар эди. Ўқув режаларига тарих, география ва рус тили каби фанларни умумий ўрта мактаблар ҳажмида киритиш ва уларга диний фанлардан кўра кўпроқ дарс соатлари ажратилиши шарт эди. Гарчи талабалар мазкур фанларни ўрта мактабларда ўқиган бўлсалар ҳам, такрор ва такрор ўқишга мажбур эдилар. Диний фанлар иккинчи даражали ҳисобланарди. Натижада талабалар дин илмидан "чала мулла" бўлиб қолмасликлари учун баъзи фидойи мударрислар моддий ва маънавий қийинчиликларга қарамай, ўз билимларини дарслардан кейин ҳам шогирдларига беришга ҳаракат қилишар эди. Дарҳақиқат, мударрислар ўз ишларига фидойи ва эътиқодда комил инсонлар эди. Шунинг учун ҳам барча қийинчиликларга бардош беришган. Мансабдор шахслардан бири конибодомлик Мулла Сафиюллоҳ исмли домламизни соқолидан тортиб, кўпчилик олдида изза қилгани ҳамон ёдимда. Шундай ҳақоратларга қарамай, мударрислар бурчларини сидқидилдан адо этишган. Ана шундай фидойи инсонлар сингари Мир Араб мадрасасидан машҳур олимлар етишиб чиққан: Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, Шайх Исмоил Махдум, Шайх Юсуфхон Шокир, Абдуғаний Абдуллаев, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Мухторжон Абдуллоҳ Бухорий, Абдурашид қори Абдулмўмин қори ўғли Баҳромов шулар жумласидандир.
Мир Араб мадрасаси шонли тарихининг янги давридан ҳозирги кунгача мингдан ортиқ малакали диний ходимлар тайёрланди. Бу илм масканидан қўшни Республикаларнинг Ислом дини ривожига ҳам сезиларли ҳисса қўшган кўплаб машҳур уламолар етишиб чиққан. Улар орасида Россия муфтийлар кенгаши Раиси Равил Гайнутдин, Тотористон Республикаси муфтийси Талгат Тожуддин, Озорбайжон Республикаси муфтийси Оллошукур Пошшозода, Қирғизистон муфтийси бўлган Кимсанбой Абдураҳмонов ҳамда Туркманистон муфтийси бўлган Насруллохон кабилар бор. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов ҳам мадрасамиз фахрий талабаларидан бўлганлар. Мадраса Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида бўлиб, барча таълим ва тарбиявий ишлар идора ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг таълим бўлимлари томонидан тасдиқланади. Ҳозирги кунда ўқиётган 100 дан ортиқ талабага илм олиш ва яшаш учун барча шарт – шароитлар яратилган.
Мир Араб мадрасасини бутун оламга машҳур қилган нарса ҳеч муболағасиз айтишимиз мумкинки, мадрасадан етишиб чиққан забардаст алламолар ва улар мерос қолдирган буюк асарлардир. Бу мадрасада турли даврларда олимлар, мударрислар таълим бериб келдилар. Масалан яқин асрларда бу мадрасада Аҳмад Дониш, Садриддин Айний, Муфтий Эшон Бобохоннинг устозлари Миён Бузрук ҳам шу ерда таҳсил олиб, кейин мударрислик қилганлар. Шунингдек бу мадрасада Эшон Бобохоннинг бухоролик суҳбатдошлари ва мухлислари ҳамда нақшбандия тариқати шайхлари Эшон Яҳёхон, Эшони Ўроқ, Эшон Нақшбандхон, Абдулҳаққ Махдум, Эшон Сулаймонхўжа Орифий, Зикриё Махдум, Қори Абдулҳаким, Қори Абдураҳим ва Бухоронинг бир қатор уламолари дарс берганлар.
Бу мадрасанинг асрлар давомида илм маскани бўлиб, зиё нури таратиб келаётганига яна бир сабаб бу мадрасага асос солган улуғ зот нақшбандия тариқатининг улуғ пири Мири Араб саййид Абдуллоҳ Яманийнинг шарофати ва барокотларидан десак ҳеч муболаға қилмаган бўламиз. Зеро ривоятларда айтилишича, шайх Мир Араб ҳазратлари, мадраса қиёматгача илм ва таълим маскани бўлиб қолишлигини сўраб дуо қилган эканлар. Бундан ташқари мадраса ҳовлисида Мири Араб саййид Абдуллоҳ Яманийнинг муборак жасадлари дафн этилган. Аллоҳ таолонинг дўсти бўлмиш Мир Араб шарофатлари боис ушбу мадрасада сакинат, ихлос, тақво ва илм то Қиёматга қадар боқий қолажак!
 
Тошкент ислом институти ўқитувчиси Фахриддин Муҳаммад Носир
muxlis.uz сайтидан олинди.

Рейтинг@Mail.ru

 

МАҚСАДИМИЗ

Миллий қадриятларимиз, маънавий бой меросимизни тиклаш ва уларни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз ўртасида тарғиб этиш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандий ва Маҳмуд Замахшарий сингари юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис, фақиҳ, тасаввуф ва муфассир алломалар меросини ҳар томонлама теран ўрганиш, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш, диний ходимларнинг малакасини, билим ва тажрибасини ошириш бўйича ўқув-услубий ишларни амалга ошириш, ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш, юртимиз тарихи зарварақларига олтин ҳарфлар билан муҳрланган нодир қўлёзмаларни келгуси авлодларга етказиш, аждодларимиз ҳаёти, ахлоқи ва юксак маънавиятини ифодаловчи матнларни таржима қилиб, ёшлар қалбида улар қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини шакллантириш, юртимиз Мовароуннаҳрнинг Бухоро, Самарқанд, Марв, Урганч, Ахсикет, Хива, Шош, Марғинон ва бошқа шаҳарларидаги маърифат масканлари бўлмиш мадрасаларда етишиб чиққан алломалар ҳақида, улар таҳсил олган мадрасалар ва ҳозирда юртимиз Ўзбекистонда ишлаб турган мадрасалар ҳақида талабаларга маълумот бериб бориш.
БИЗ БИЛАН БОҒЛАНИШ:  madrasa@islom.uz

GRAND TA'LIM нодавлат таълим муассасаси катта устози Анвар Аҳмад таълим даргоҳига асос солинган илк кунлардан бери фаолият юритади. Араб тили грамматикасида оид кўплаб дарслик ва адабиётлар тўпловчиси ва муаллифларидан.

arabic.uz сайтининг муҳаррири, "Риёзус солиҳийн", "Ал-Азкор", "Саодатга етакловчи ҳикматлар" ва бошқа кўплаб асарлар таржимони ва нашрга тайёрловчиси.

Анвар Аҳмад 1977 йилда таваллуд топган, оилали 4 нафар фарзанди бор. Миср Араб Республикасининг Азҳари Шариф, ал Азҳар институтлар бўлими, эъдодий ўрта-махсус билим юртини тамомлаган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг шогирди. "Саҳиҳи Бухорий"дан шайх хазратларидан ижоза олган. “Олтин силсила” таржимонлар гуруҳининг аъзоси.

Аввал Миср Араб республикаси элчихонаси қошидаги фан ва таълим марказида араб тили ўқитувчиси, 2008 йилдан эса GRAND TA’LIM етакчи ўқитувчиларидан.