Тошкент мадрасалари
Мустақиллик йилларида Тошкентдаги ислом маданияти обидаларининг аксарияти, жумладан, Кўкалдош, Абулқосим, айниқса, Ҳазрати Имом мавзеида жойлашган Мўйи Муборак, Бароқхон мадрасалари қайта таъмирланиб, илгаригидай маҳобатли манзара кашф этди. Улар бир пайтлар минглаб талабаларни ўз бағрига олган гавжум гўшалар бўлиб, рус истилоси даврида бир муддат кимсасиз, харобага ҳам айлантирилди.
XIX асрда Тошкентда таълим-тарбия соҳаси Тошкент-Бухоро, Тошкент-Қўқон маданий-маънавий алоқалар тизимида ривожланиб борган. Бу жараёнда Тошкент мадрасалари ва мударрисларининг ўрни катта бўлгани табиий.
Туркистон генерал-губернаторлиги Маориф бошқармаси маълумотларига кўра, 1890–1893 йилларда губернаторликда жами 214та мадраса бўлиб, шундан 21таси Тошкентда жойлашган эди. Чоризм истилосининг дастлабки йилларида мадрасаларда таълим ва ўқитиш ишлари анъанавий қоидалар асосида олиб борилган бўлса, кейинчалик уларнинг фаолиятини назорат қилиш ва ўқув ишларини тартибга солишни ўлка маориф бошқармаси ўз қўлига олган. Бу пайтда Тошкент мадрасаларидан Абулқосимхон мадрасасида 120, Хожа Аҳрор мадрасасида 80, Бекларбеги мадрасасида 150, Кўкалдош мадрасасида 80, Шарифбой мадрасасида 20, Шукурхон мадрасасида 20 нафар талаба ўқиган. Лекин олдингидек, аксарият талабалар Тошкент мадрасалари билан қаноатланмай, Бухоро, Самарқанд, Қўқон мадрасаларида билимларини ошириб қайтганлар.
Тошкент мадрасалари тўғрисидаги архив манбалари, ўша давр матбуоти ёки ана шу йилларда Тошкентда бўлган рус ўлкашуносларининг маълумотлари, айниқса, мадрасалар сони борасида ҳар хил хабарлар беради. Хусусан, 1865–1868 йиллари Тошкентда бўлган А.Хорошхин “Очерки Ташкента” номли кундалигидаги маълумотда айрим мадрасаларнинг номини, вақф мулкларини келтириб ўтган бўлса, Н. Маев 1876 йили Тошкентда жами 11 та мадраса мавжудлигини таъкидлайди. “Туркистанские ведомости” газетасининг 1876 йилги 48-сонида босилган расмий маълумотда эса 13 та мадраса тилга олинган.
Бироқ XIX асрда Тошкентда яшаб ижод этган муаррих Муҳаммад Солиҳхожа эса ўзининг “Тарихи жадидайи Тошканд” асарида Тошкентдаги 20 та мадраса тўғрисида бирмунча батафсил маълумот бериб ўтган.
Улар орасида энг қадимийси – Хожа Аҳрор жоме масжидининг шимолида пишиқ ғишт ва йўнилган тошдан қурилган Хожа Аҳрор мадрасаси бўлиб, у йигирмата ҳужра, битта дарсхона ва масжидни ўз ичига олган. У ерда Тошкент ва бошқа ҳудудлардан таҳсил талабида келган саксондан зиёд талабалар ўқишган.
Шайхонтоҳур даҳасидаги мадрасалардан яна бири Кўкалдошдир. Муҳаммад Солиҳхожанинг ёзишича, бу мадраса Бароқхоннинг ўғли Дарвишхон томонидан бунёд этилган. 1735 йил Уфада бўлган тошкентлик савдогар Н. Алимов маълумотларига кўра, XVIII аср охирига келиб, мадраса карвонсаройга айлантирилган. Тошкент тарихи тадқиқотчиларидан А. Добросмыслов Кўкалдош мадрасаси дастлаб уч қаватли, ўттиз саккизта ҳужрали бўлганини таъкидлайди. Кейинчалик мадрасанинг фақат бир қавати сақланиб қолган. Муҳаммад Солиҳхожа Кўкалдош мадрасаси 1868 ва 1886 йилларда Тошкентда юз берган зилзилалардан қаттиқ зарар кўрганини ёзади.
Шунингдек, XIX асрнинг 30-йилларида Муҳаммад Алихон буйруғи билан бунёд этилган Азимота мадрасаси ҳам Чорсу яқинида бўлган. Лекин бу мадраса ҳақида маълумотлар жуда кам.
“Тарихи жадидайи Тошканд” асарида батафсил тавсифланган ва энг кўп тилга олинган мадраса Эшонқули додхоҳ мадрасасидир. Бу мадраса 1256 (1838) йили Тошкент ҳокими Лашкар Бекларкегининг ўғли Эшонқули додхоҳ томонидан қурдирилган бўлиб, Юнусхон мадрасасининг жануби-шарқида жойлашган ва катта кўчага туташ бўлган. У ерда 1920 йил Вақф шўъбаси қарамоғидаги мадрасада Муродхўжа Солиҳхўжа ўғли ислоҳ қилинган диний ва дунёвий дарслар ташкил этади. Харобага айланган Эшонқули додхоҳ мадрасасининг охирги қолдиқлари 1964 йилда суриб, текислаб ташланган.
Муҳаммад Солиҳхожа 1274 (1857) йили Тошкент ҳокими Аҳмад қушбеги (1856–1857) томонидан Қаффол Шоший мақбараси жанубида Мўйи Муборак мадрасаси қурилганини ёзади. Тарихчи ўша даврларда мадраса ўрнини аҳоли Хожа Аҳрор туғилган жой деб тушунгани боис “Хожа Аҳрор майдони” деб атаганини таъкидлайди. Асарда келтирилишича, мадрасанинг алоҳида бир гумбази бўлиб, унда Пайғамбаримиз(алайҳиссалом)нинг соч толалари – мўйи муборак сақланган.
Юқорида тилга олинганлардан Кўкалдош мадрасаси бугунги кунда ҳам ўз фаолиятини давом эттириб, кўплаб талабалар таълим оладиган даргоҳ сифатида ишлаб турибди. Қолганлари эса, юртимизнинг ёрқин маънавий қиёфасини ўзида акс эттирувчи муборак тарихий обидалар қаторида муносиб ўрин эгаллаб келмоқда.
Тошкентнинг маънавий-маърифий ҳаёти тарихидан
(“Тарихи жадидайи Тошканд” асари асосида)
XIX асрда Тошкентдаги маданий муҳитнинг шаклланишида мактаб ва мадрасаларнинг ўрни катта бўлган. Мазкур даврда Туркистон ўлкасида, жумладан, Тошкентда мактаблар асосан масжидлар қошида очилган ва унда масжид имоми ёки махсус тайинланган шахс муаллимлик қилган. 1868 йилда Тошкентда бўлган А.П. Хорошхиннинг ёзишича, шаҳарда ўғил ва қиз болаларнинг мактаблари алоҳида бўлган. Ўкув тизимида эса, Мадрасаларнинг ўрни катта бўлиб, уларда дарс берувчи мударрислар алоҳида обрў-эътиборга эга бўлганлар.
1890-1893 йилларда Туркистон генерал-губернаторлигида жами 214 та мадраса бўлиб, шундан 21 таси Тошкентда жойлашган эди. Чоризм истилосининг дастлабки йилларида мадрасалардаги таълим ва ўқитиш ишлари анъанавий тартибда белгиланган қоидалар асосида олиб борилган бўлса, кейинчалик уларнинг фаолиятини назорат қилиш ва ўқув ишларини тартибга солишни Туркистон генерал губернаторлиги ўлка маориф бошқармаси ўз қўлига олган.
XIX аср муаррихи Мухаммад Солиҳхўжанинг «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида ўша даврдаги Тошкент мадрасаларида дарс берган мударрисларнинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида баъзи-бир маълумотлар келтирилган бўлиб, улар ўша даврдаги ушбу тоифа вакилларининг фаолияти ҳамда турмуш тарзини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Тилга олинган шахслар бир пайтнинг ўзида ҳам мударрис, ҳам диний мансаб эгалари ёки шаҳардаги тақводор мутасаввифлардир. Таниқли шахслар орасида муаллифга замондош бўлган тошкентлик диний илмлардаги йирик уламолар жумладан, қози Махдум Баландмасжидий, қози Шодмонхўжа эшон Орқакўчагий, Эшонхонхўжа қози Мерганчагий, домулло Мир Иноятиллоҳ Қатортеракий каби, муаллиф тили билан айтганда, фиқҳий илмлар билимдонлари, муфассир ва муҳддисларни ҳам учратиш мумкин. Уларнинг деярли барчаси бу соҳадаги фаолият билан бирга Тошкент мадрасаларида мударрислик ҳам қилганлар. Шуни хам эътиборга олиш лозимки, Муҳаммад Солиҳхўжа таниқли шахслар ҳақида сўз юритганда, кўпрок ўзига яқин муҳит – ўқув тизими кишилари, яъни мадраса мударрислари биографияларига кўпроқ ўрин берган. Жумладан улар орасида Эшонқули додхоҳ мадрасаси мударрислари — қози ал-қуззот Бузрукхўжа Занжирлиқий, Музроб Хоразмий, Эшон Абдурасулхўжа, Эшон Сулаймонхўжа, Домулла Эсонбек охунд, Мулла Аъзаматхўжа аълам; Маҳмуд дастурхончи мадрасаси мударрислари — Эшон Шох Мансурхўжа, Домулло Мир Муҳаммад Раҳим охунд; Бегларбеги мадрасаси мударрислари — муаллифнинг устозлари Мир Шарофиддин махдум, Домулло Мир Иноятуллоҳ; Мўйи Муборак мадрасаси мударриси — халифа Абдумажидхон эшон; Юнусхон мадрасаси мударриси Абдулазизхўжа эшон Қиётий, Эшонхўжа қози, Эшон Абдусамиъхўжа хатиб; Хожа Аҳрор мадрасаси мударриси — Домулла Умарбек охунд Чиғатоий ва бошқа мударрислар ҳақида маълумотлар учрайди.
Келтирилган маълумотлардан кўринадики, шаҳарда таниқли мударрислар оилалари шаклланган. Хусусан, Мир Иноятуллоҳ, Қатортерагий (ваф. 1859 й.) Тошкент ва Бухоро мадрасаларида ўқиб, мударрис бўлиш билан бирга тафсир илмини ҳам пухта эгаллаган. Юқорида таъкидланганидек, у бир неча асарлар муаллифи бўлиб, хаттотликдан ҳам бохабар бўлган. У дастлаб Муҳаммад Алихон томонидан Регистонда қурилган Азимота мадрасасига, Тошкент ҳокими Сўфибек томонидан эса, Мир Иноятуллони Юнусхон мадрасасига мударрис қилиб тайинланган. Кейинчалик, Бегларбеги ва Кўкалдош мадрасаларида ҳам талабаларга сабоқ берган. Мир Иноятуллоҳ, Тошкентда қозикалон бўлган Ҳакимхўжа қозикалонга хам араб тили гарамматикасидан дарс берган. Кейинчалик унинг укаси Мир Исо охунд ва ўғли Мир Шарофиддинлар ҳам Бегларбеги мадрасасида мударрислик қилганлар. Эшонқули додхоҳ мадрасасидада дарсгуйлик қилган қози ул-қуззот Бузрукхўжа Занжирлиқийнинг (ваф.1838 й.) укаси «эшони мударрис» лақаби билан танилган Сулаймонхўжа ва ўғли Сайид Ахмадхўжалар Тошкентдаги кўзга кўринган мударрислар ҳисобланган.
О. Бўрuев, тарих фанлари номзоди, У. Султонов
«Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси» (тезислар тўплами)
Тошкент-Самарқанд, 2007