Кўкалдош мадрасаси (Бухоро)

Кўкалдош мадрасаси

Кўкалдош мадрасаси - Бухородаги меъморий ёдгорлик. Бухоро хонининг вазири Қулбобо Кўкалдош қурдирган (1568—1569). У икки қаватли иморат бўлиб, Лаби ҳовуз ансамблининг шимолида жойлашган.

Икки қанотли бош тарзи ансамбл майдонига қаратилган. Пештоқини безатиб турган кошинлар сақланиб қолмаган. Мадраса пештоқидаги дарвоза гирих, ва исломий нақшлар билан безатилган. Хотамқори услубида териб маҳкамланган пилакчалардан ясалган дарвоза табақаси яхлит тахтадан тайёрлангандек кўринади. Мадраса ҳовлисига 5 гумбазли миёнсарой орқали кирилади. Миёнсаройнинг ички гумбазлари ва бағаллари, шипи ўзига хос турли шаклдаги мураккаб тўрсимон юлдузсимон, қолибқори ва ироқи услубида пишиқ ғиштдан ганч қоришмасида терилган. Мадраса ҳовлиси узун (42х37 м), ўртага янги иморат 1929 йил қурилган. Ҳовли томондаги 2 қанатли равоқлар қаторини юзма-юз қилиб солинган пештоқли баланд айвонлар ажратиб туради. Ҳар бир равоқдан алоҳида ҳужрага кирилади. Ҳовли атрофи 2 қанатли 160 ҳужра билан ўралган. Ён томонидаги ҳужраларнинг пастки қанатига (ташқи деворларида) хонани ёритиш учун панжаралар ўрнатилган. Юқори қанатига эса қатор қилиб чуқур равоқлар ишланган. Равоқлар тепасини ва баъзи дарча панжараларини безатишда кошин анча тежаб ишлатилган. Бош тарзидаги пештоқ китобасида ёзувлар сақланган. Пештоқининг икки ёнидаги масжид ва дарсхона олдига 2 қаватли 3 қисмга ажратилган чуқур равоқлар ва бурчакларидаги гулдасталарда Бухоро меъморлигига хос қадимий миллий анъаналар акс эттирилган.
Мадрасада 160 та ҳужра бўлиб, уларда нафақат Бухоро амирлиги, балки бутун Ўрта Осиё, Оренбург, Қозон, ҳатто Қримдан келган талабалар таҳсил олганлар.
Миноранинг декоратив гумбазлари ноёб силлиқланган ғиштдан “ўргимчак инисимон” қилиб терилган. Бу гумбазларни Бухоро мактаби услубида ишланган энг яхши монументал санъат намуналари дейиш мумкин. Қулбобо Кўкалдош Амир Абдуллахон Шайбоний билан бирга сут эмишганлиги учун “Кўкалдош”, яъни “кўкракдош” деб аталган.


Кўкалдош мадрасасида Садриддин Айний таҳсил кўрган, у яшаган ҳужра музейга айлантирилган ва експонатлар билан жиҳозланган. 1960— 70 ва 1995—97 йилларда таъмирланган. Бухоро вилоят "Олтин мерос" жамғармаси жойлашган.
– Ўзбекистон миллий энциклопедияси, биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.

meros.uz

Рейтинг@Mail.ru

 

МАҚСАДИМИЗ

Миллий қадриятларимиз, маънавий бой меросимизни тиклаш ва уларни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз ўртасида тарғиб этиш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандий ва Маҳмуд Замахшарий сингари юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис, фақиҳ, тасаввуф ва муфассир алломалар меросини ҳар томонлама теран ўрганиш, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш, диний ходимларнинг малакасини, билим ва тажрибасини ошириш бўйича ўқув-услубий ишларни амалга ошириш, ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш, юртимиз тарихи зарварақларига олтин ҳарфлар билан муҳрланган нодир қўлёзмаларни келгуси авлодларга етказиш, аждодларимиз ҳаёти, ахлоқи ва юксак маънавиятини ифодаловчи матнларни таржима қилиб, ёшлар қалбида улар қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини шакллантириш, юртимиз Мовароуннаҳрнинг Бухоро, Самарқанд, Марв, Урганч, Ахсикет, Хива, Шош, Марғинон ва бошқа шаҳарларидаги маърифат масканлари бўлмиш мадрасаларда етишиб чиққан алломалар ҳақида, улар таҳсил олган мадрасалар ва ҳозирда юртимиз Ўзбекистонда ишлаб турган мадрасалар ҳақида талабаларга маълумот бериб бориш.
БИЗ БИЛАН БОҒЛАНИШ:  [email protected]