Кўкалдош мадрасаси (Тошкент)

Кўкалдош мадрасаси

«Кўкалдош» мадрасаси Тошкент шаҳридаги тарихий обидалардан бири саналади. Муҳаммад Солиҳ Қорахўжа Тошкандийнинг «Тарихи жадидайи Тошканд» китобида «Кўкалдош» мадрасасини Дарвешхон қурдирганини ёзади ва шу китобининг баъзи жойларида мадрасани Дарвешхон мадрасаси деб ҳам атайди.

Мадраса 1551—1575-йиллар орасида қуриб ишга туширилган. Бунга далил сифатида тарихчилар 1569—1570-йилларда ёзилган вақфномани келтирадилар. Унга кўра, Тошкент ҳокими Султон Дарвешхон бир карвонсаройни мадрасага вақф қилиб бергани айтилган.
«Кўкалдош» мадрасаси Чорсу майдонидаги Шаҳристон тепалигида Хўжа Аҳрор Валий жомеъ масжидининг ёнида анъанавий шарқ услубига риоя қилиб бунёд этилган. Унинг кенг ҳовлиси ҳужралар ва очиқ айвонлар билан ўралган. Ҳужралар сони 38 та бўлиб, дастлаб қурилганда мадраса уч қаватдан иборат бўлган. Бош фасад жанубга қараган, дарвозадан кираверишда чапда масжид, ўнгда дарсхона жойлашган. Масжид ва дарсхонанинг усти ўзаро кесишган равоқлар устига ўрнатилган қўш ички ва ташқи гумбазлардан иборат бўлган. Пештоқ сиркор парчин ва жилва нақшлар билан безатилган. XVIII асрга келиб қаровсиз қолган мадраса карвонсарой сифатида фойдаланилган. 1830—1831 йилларда Тошкент ҳокими Лашкар Бегларбегининг даврида дарсхона ва масжид нураб тўкила бошлаган зангори гумбазлари ва иккинчи қаватнинг ғиштлари кўчириб олиниб, ҳозирги кунда бузилиб кетган Бегларбеги мадрасаси (бозорнинг юқори қисмида)нинг қурилишида ишлатилган.
1866—1886 йилларда рўй берган зилзила натижасида мадраса пештоқининг юқори қисми қулаб тушади ва мадраса вайронага айланади. 1902—1903 йилларда Тошкент шаҳри аҳолисининг хайрия маблағлари ҳисобидан таъмирлаш ишлари олиб борилади. Маблағ етишмаслиги сабабли таъмирлаш ишлари тўхтаб қолиб, ёдгорлик ўзининг аввалги ҳолатига қайтарилмади.
Кўкалдош мадрасаси ва унинг ёнидаги Хўжа Аҳрор Валий жомеъ масжиди 1865 йилда Генерал Черняев бошчилигидаги Тошкентни забт этишда қаттиқ шикастланди.1886 йили рус муҳандислари томонидан хонақолар ва жомеъ масжид қайта таъмирланиш натижасида ўзининг дастлабки меъморий кўринишини тамоман йўқотди. Вақт ўтиши билан ўзаро урушлар, кучли зилзилалар, биноларнинг турли мақсадларда фойдаланиши, бир неча бор қайта таъмир қилиниши ва қайта тикланиши мадрасанинг дастлабки ҳақиқий гўзаллигини, муҳташамлигини аста-секин йўқотиб борган. Айниқса, XVIII асрнинг бошларида мадраса ташландиқ ҳолатга келиб қолган. Шу асрнинг охирида эса, карвонсарой мақсадида фойдаланилган. Коммунистик мафкуранинг ҳукмронлиги даврида мадраса биноси умуман қаровсиз қолиб кетган: хоналар омборхона, ётоқхона, ҳар хил устахоналар сифатида фойдаланилган. Табиий емирилиш даражасида ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилмади. Давлат томонидан олиб борилган таъмирлаш ишларидаги суистеъмолчилик ва масъулиятсизлик мадрасанинг янада аянчли ҳолатга тушишига олиб келди.
1974 йилда қабул қилинган мадрасани қайта тиклаш тўғрисидаги лойиҳалар лоқайдлик сабабли сурункасига бажарилмай келди. Маданият вазирлигининг маълумотига кўра 1985 йилдан 1991 йилгача таъмирлашга сарф қилинган маблағ 347.2 минг сўмни ташкил этган. Мустақиллик даврида мадрасанинг шарқий томонидаги жомеъ масжид ёнидан ўтган ичимлик суви қувурининг ёрилиши натижасида мадрасани икки марта сув босиб, жанубий қисми захлаб, шўрланиб кетди. Ушбу деворлар остида пойдевор бўлмаганлиги сабабли 2002 йилда қайтадан ғиштлари алмаштирилиб, янги пойдевор қўйилди.
«Кўкалдош» мадрасаси собиқ СССР Министрлар Советининг 1990 йил 29 декабрдаги № 4372 сонли қарорига асосан, 1991 йил 3 июнда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси (ҳозирги Ўзбекистон мусулмонлари идораси) тасарруфига топширилди. Шу вақтдан бошлаб мадрасанинг умумий таъмирланиши учун тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Илк бор мустақиллик даврида марҳум Эркин Саидаҳмедов мадраса учун ўз маблағлари билан фаол иштирок этиб, кенг кўламда таъмирлаш ишларини бошлаб берди. Сўнгра бу хайрли ишни марҳум Наим ота Жўраев давом эттириб, кўзга кўринарли даражага етказди. Наим ота даврида мадрасанинг шимолий ва жанубий пештоғи, ички ва ташқи томонлари дастлабки ҳолатига келтирилди.
Абдурасул Худойберганов даврида мадрасанинг ғарбий қисмидаги хонақоларнинг барчаси ҳамда бино ташқарисининг шимолий-ғарбидаги таҳоратхона бузилиб, лойиҳада кўрсатилганидек бинонинг биринчи қавати пойдевор асосида қайтадан бунёд этилди. Сўнгра 1954 йилдан бери таъмирланмаган эшик деразалар қайта таъмирдан чиқарилди. Мадрасанинг шарқий қисмидаги биноларнинг иккинчи қавати тикланиб, усти ёпилди. 1996 йилгача бажарилган тиклаш ва таъмирлаш ишлари асосан, халқнинг хайр-эҳсонлари ҳисобига бажарилган. 1996 йилдан бошлаб таъмирлаш ишлари шаҳар ҳокимининг Тошкент шаҳари таъмири учун ажратган қурилиш ашёлари ҳисобидан берган ёрдами ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва мадрасага тушган хайр-эҳсонлар орқали амалга оширилган. Мустақиллик давридаги таъмирлаш ишларида Бухоролик Аҳрор Асқаров ва Маданият вазирлиги ёдгорликларни сақлаш институти муҳандиси, «Кўкалдош» мадрасаси қурилиш лойиҳаси муаллифи ва таъмиркор уста Миробид Мирзоаҳмедов кабилар катта хизмат қилдилар.
Мазкур кўҳна билим даргоҳида кўплаб олиму фузалолар дарс берганлар, таҳсил олганлар. XVI асрда Тошкентда ишлаб турган Хожа Аҳрор жомеъи, Бароқхон ва «Кўкалдош» мадрасаларида ўз замонасининг машҳур олимларидан Шамсиддин Муҳаммад Куртий, Хожа Юсуф Қошғарийлар дарс берганлар. Ўзбек мумтоз шеъриятининг вакилларидан шоир Муҳаммад Аминхўжа Муқимий ҳар гал Тошкентга келган вақтларида (1880—1890) «Кўкалдош» мадрасасида истиқомат қилган. 1889—1891 йиллар мобайнида шаҳримизда яшаган машҳур шоир Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат ҳам ушбу мадрасада истиқомат қилиб, таълим олган ва ижод билан шуғулланган. Шунингдек Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳам 1910—1911 йилларда мадраса ҳужраларидан бирида истиқомат қилган. Ўзбек орифона шеъриятнинг улкан намоёндаси — шоир Хазиний ҳам Тошкентга келган пайтларида албатта «Кўкалдош» мадрасасида тўхтаб, мударрис ва талабалар билан кўплаб ажойиб суҳбатлар қурган. ХIХ аср охири ХХ аср бошларидаги ўзбек шеъриятининг таниқли вакиллари: Мулло Қўшоқ Мисний, Сайид Хайбатулло Хўжа Хислат, Сирожиддин Сидқий Хондалиқийлар ҳам Кўкалдош мадрасасида таҳсил олганлар. Машҳур уламоларимиздан Сайид Маҳмуд Тарозий, Олтинхон Тўра, Юнус Мақсудий ва Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон ҳазратлари ҳам ХХ аср бошларида таҳсил олиб, илм пиллапояларида юксалиб боришган.
Мадрасада Ислом дини қонун-қоидалари, араб ва форс тили грамматикаси, адабиёт, одоб-ахлоқ, математика, геометрия, астрономия каби фанлар ўқитилган. Дарслар араб ва форс тилларидаги китоблар бўйича ўқитилган. Мадрасани битириб чиққан илм аҳллари араб, форс ва туркий тилларни мукаммал ўрганганлар, юзлаб ғазаллар, минглаб байтларни ёддан билганлар, мадраса ҳужраларида ётиб Қуръони каримни ёд олганлар. Баъзи маълумотларда келтирилишича ҳадис илмининг юртимизда яна қайта жонланишига туртки бўлган уламоларимиз орасида Шомий домла деб шуҳрат топган — Суриялик атоқли илоҳиёт олими Шайх Муҳаммад ибн Саид ибни Абдулвоҳид ал-Асалий аш-Шомий ат-Тараблусий ҳазратлари ҳам бир мунча муддат мадараса ҳужраларидан бирида истиқомат қилиб, талабаларга дарс берган. Ушбу мадраса фаолият бошланганидан буён 1999 йилга қадар «Кўкалдош мадраса масжиди» деб номланган. 1999 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан янги Низом тасдиқланиб, 1999 йил 18 августда Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигида расмий рўйхатдан ўтгандан сўнг «Кўкалдош Тошкент ислом ўрта махсус билим юрти» деб номланди.
Билим юрти 1999 йил 10 октабрда махсус рухсатнома олиб, 1 ноябрдан расмий фаолият кўрсата бошлади. Мустабид тузум асорати таназзулга юз тутиб юрт мустақил бўлгач бу анъана аста-секинлик билан қайта жонлана бошлади. Бу жонланиш Кўкалдош мадрасасида қайта очилган ўрта махсус ислом билим юрти тимсолида яққол кўринади.
Билим юртида Қуръон, ҳадис, сарф, наҳв, мутолаа каби диний илмлар билан бир қаторда ўзбек тили ва адабиёти, табиат, жуғрофия, ингилиз тили, физика, математика, астрономия, информатика ва бошқа дунёвий фанлар ҳам ўқитилади, бу ишга малакали мутахасислар жалб этилган.
Элимизнинг юздан ортиқ диний илмга муштоқ фарзандларини ўз қучоғига олган «Кўкалдош» Тошкент ислом ўрта махсус билим юртининг олдидаги вазифалари аниқ ва равшан. Яъни, Ватанимиздаги барча ўқув муассасалари қатори иймон-эътиқоди бутун, иродаси бақувват, аждодларимизнинг нодир маънавий меросларини чуқур ўрганган ва замонавий тафаккурга эга комил инсонлар тарбиялаш, халқимизнинг ихлосидан ҳамда маънавий жабҳада бўшлиқ пайдо бўлганидан фойдаланиб, ислом ниқоби остида ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга оширишга уринаётган кимсаларга қарши ўлароқ ҳамюртларимизнинг диний саводхонлигини ошириш ва шу йўлда хизмат қилувчи замонавий етук уламолар тайёрлашдир. Муҳим вазифаларимиздан яна бири — бу кўҳна бинода замон талабларига жавоб берадиган энг яхши ўқув жиҳозлари билан жиҳозланган, янги типдаги ислом билим юртини барпо қилишни поёнига етказиш. Бу вазифани амалга оширишда билим юртининг фидойи мураббийлари, мударрислари ва барча жамоа бор имкониятларини ишга солиб тинмай ҳаракат қилмоқдалар ва доимо ижодий изланишдадирлар.

«Кўкалдош» — қадим илм бешиги

Юртимизда дунёвий билимлар билан бир қаторда Ислом асослари, Қуръони карим, ҳадиси шариф, тафсир, фиқҳ, ақоид каби ухровий илмларни ўргатишга мўлжалланган диний билим юртлари ҳам талайгина. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида битта олий (Тошкент Ислом институти), 9 та ўрта махсус таълим муассасалари (Тошкентда «Кўкалдош», Бухорода «Мирараб», Андижонда «Саййид Муҳйиддин Махдум», Наманганда «Мулла Қирғиз», Китобда «Хожа Бухорий», Урганчда «Фахриддин ар-Розий», Нукусда «Муҳаммад ал-Беруний», шунингдек Тошкентда «Хадичаи Кубро», Бухорода «Жўйбори калон» аёл-қизлар билим юрти) ҳамда имомларни қайта тайёрлайдиган Имом ал-Бухорий халқаро маркази мавжуд.
1999 йилдан фаолиятини бошлаган «Кўкалдош» Тошкент ислом ўрта махсус билим юрти тизимдаги энг фаол ўқув муассасаларидан бири бўлиб, унда айни пайтда 97 нафар талаба таълим олмоқда. 4 йиллик муддатда, шартнома асосида (2012-2013 ўқув йили учун 2 200 000 сўм) таълимни муваффақиятли битирган толибларга имом-хатиб, диншунослик, бошланғич араб тили ва одобнома мураббийси мутахассисликлари дипломи берилади.

Оққан дарё оқаверади

Ушбу мадраса фаолият бошланганидан буён 1999 йилга қадар «Кўкалдош мадраса масжиди» деб номланган. 1999 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан янги Низом тасдиқланиб, 1999 йил 18 августда Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигида расмий рўйхатдан ўтгандан сўнг «Кўкалдош Тошкент ислом ўрта махсус билим юрти» деб номланди. Билим юрти 1999 йил 10 октябрда махсус рухсатнома олиб, 1 ноябрдан расмий фаолият кўрсата бошлади.
Ҳозирги кунда билим юртида Қуръони карим, тафсир, ҳадис, фиқҳ, сарф, наҳв, ақоид, мутолаа, хатоба, ислом тарихи каби диний илмлар билан бир қаторда бошқа ўрта махсус таълим муассаларида ўқитиладиган ўзбек тили ва адабиёти, тарих, жуғрофия, инглиз тили, физика, математика, астрономия, информатика каби дунёвий фанлар ҳам ўқитилади. Тафсир фанидан «Тафсири Жалолайн», ҳадис фанидан «Мушкотул масобиҳ», фиқҳ фанидан «Мухтасар ул-виқоя» ва унинг шарҳи, ақоид фанидан «Фиқҳул акбар», «Бадъул омолий», «Ақидатут Таҳовий», араб тили фанидан «Дурусун наҳв», сийрат фанидан «Нурул яқин» китоблари ўқитилади. Ўзлаштириши юқори бўлган талабалар учун чуқурлаштирилган алоҳида ўқув режаси ишлаб чиқилган.
Таълимга малакали, олий маълумотли мударрислар жалб этилган. Ўқитувчилардан Жалолиддин Аҳмедов, Абдувосеъ Ғаниев, Эркин Миркомилов илмий иш билан шуғулланмоқдалар. 3 нафар мударрислар Мисрнинг «Ал-Азҳар» ва Мадина Ислом университетида таълим олганлар. Ҳозирда илм масканига Мадина Ислом университети ва Тошкент Ислом институтини тамомлаган Хомиджон Эшматбеков мудирлик қилмоқда.

Ўқишга кирмоқчимисиз?

«Билим юртимизга ўрта таълимни битирган, 15 ёшдан 35 ёшгача абитуриентлар ҳужжат топширишлари мумкин. Бу йил ўқишга кирганлар орасида икки нафар олий маълумотли талаба ҳам мавжуд. Ўтган йили 24 ўринга 86 киши ҳужжат топширди. Авваллари билим юртига республикамизнинг барча ҳудудларидан абитуриентлар келиб, ҳужжат топширишарди. 2008 йили 445 та, кейинги йили 275 нафар абитуриент ҳужжат топширган. «Кўкалдош» мадрасасининг тарихийлиги, билим масканининг обрўси ҳамда пойтахтда жойлашганлиги сабаб кўплаб илм толиблари шу ерга интилишарди. Республикамизнинг турли ҳудудларидаги бошқа исломий ўрта махсус таълим муассасаларига ҳам иқтидорли талабаларни жалб этиш ҳамда ўша ҳудудлар учун малакали диний кадрларни тайёрлаш мақсадида кейинги йиллардан абитуриентларнинг ўзларига яқин ҳудуддаги билим юртларига ҳужжат топширишлари тавсия этилди. Шу сабаб бизга ҳужжат топширадиган абитуриентлар сони қисқарди. «Кўкалдош» Тошкент ислом ўрта махсус билим юртига Тошкент шаҳри ва вилояти, ўзларида диний билим юрти мавжуд бўлмаган Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятидан келган абитуриентлар ҳужжат топширишлари мумкин. Имтиҳонлар 4 фандан — она тилидан диктант, чет тили, маънавият ва тарих фанларидан тест усулида олинади. Имтиҳон саволлари Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасида тузилиб, синовлар ўтказиладиган куни абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари ҳузурида очилади. Муқаддас динимизга қизиқадиган, халқимизга исломий маърифатни тарқатишга иштиёқманд барча ёшлар учун эшикларимиз очиқ», — дейди билим юрти мудири Хомиджон Эшматбеков.



Икки дунёда саодатли бўлмоқчимисиз? Илм талаб қилинг!

Билим юрти ахборот ресурс марказида 6000 дан ортиқ адабиёт мавжуд. Таҳфизул-Қуръон, хаттотлик, фиқҳ, ҳадис, араб тили тўгараклари ишлаб турибди. Уларда талабалар асосий дарслардан сўнг қўшимча илм ўрганмоқдалар.
«Кўкалдош» битирувчилари икки йилдан бери Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги ўрта махсус таълим муассасалари орасида ўтказиладиган ягона олимпиада ғолиблари бўлиб, Тошкент Ислом институтига беимтиҳон кириш имтиёзига эга бўлмоқдалар.
Диний ва миллий байрамларимиз, алломаларимиз таваллудлари муносабати билан мунатазам тадбирлар, танловлар ўтказилиб, талабалар муносиб тақдирланади. «Баркамол авлод» спорт ўйинларида билим юрти талабалари шахмат, теннис, тош кўтариш, кураш турларидан қатнашишди.
Сўнгги ўтказилган ХХIII республика қорилар мусобақасида мураттаб қорилар баҳсида «Кўкалдош» талабаси Мурод Умархўжаев 2-ўринни, мужаввид қорилар баҳсида Икром Каримов 1-ўринни эгаллади. Бу икки талабанинг Ливанда ўтказиладиган халқаро қорилар муносабақасига номзоди кўрсатилган. Ўтган йилларда билим юртининг қори талабалари Кувайт, Индонезиядаги танловларда қатнашишган. Ҳозирда бу даргоҳда 8 нафар мураттаб қори таълим олмоқда. Улар Рамазон ойида Тошкент шаҳридаги жомеъ масжидларда Қуръони каримни хатм қилмоқдалар.
Ўтган йилги битирувчиларнинг 6 нафари олий ўқув юртларига кириб, таълимни давом эттирмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг таълим бўлими тақсимотига кўра, билим юрти битирувчилари ўзлари яшаб турган ҳудуддаги масжидларга имом-хатиблик, ноибликка юборилади.
Билим юртида талабалар костюм-шим, оч рангли кўйлак, имкон қадар миллий дўппида бўлишлари талаб қилинади. Мадраса ҳудудида уяли алоқа телефонларидан фойдаланиш тақиқланади. Талабаларга 2 маҳал бепул иссиқ овқат, стипендия берилади. 45 ўринли ётоқхона, таҳоратхона, масжид илм толиблари ихтиёрида. Тарихий мадраса биносининг масжидида талабалар 5 вақт намозни адо этадилар. Жумъа кунлари, ётоқхонада турадиган талабалар ҳар куни навбат билан имомлик қиладилар.
Муқаддас динимиз таълимотларини мукаммал эгаллаган, иймон-эътиқоди бутун, иродаси бақувват, аждодларимизнинг нодир маънавий меросларини чуқур ўрганган ва замонавий тафаккурга эга комил инсонлар тарбиялаш, ҳамюртларимизнинг диний саводхонлигини ошириш ва шу йўлда хизмат қилувчи замонавий, етук уламоларни тайёрлаш «Кўкалдош» Тошкент ислом ўрта махсус билим юртининг бош мақсадидир.

Давронбек Тожиалиев тайёрлади.

Рейтинг@Mail.ru

 

МАҚСАДИМИЗ

Миллий қадриятларимиз, маънавий бой меросимизни тиклаш ва уларни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз ўртасида тарғиб этиш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандий ва Маҳмуд Замахшарий сингари юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис, фақиҳ, тасаввуф ва муфассир алломалар меросини ҳар томонлама теран ўрганиш, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш, диний ходимларнинг малакасини, билим ва тажрибасини ошириш бўйича ўқув-услубий ишларни амалга ошириш, ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш, юртимиз тарихи зарварақларига олтин ҳарфлар билан муҳрланган нодир қўлёзмаларни келгуси авлодларга етказиш, аждодларимиз ҳаёти, ахлоқи ва юксак маънавиятини ифодаловчи матнларни таржима қилиб, ёшлар қалбида улар қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини шакллантириш, юртимиз Мовароуннаҳрнинг Бухоро, Самарқанд, Марв, Урганч, Ахсикет, Хива, Шош, Марғинон ва бошқа шаҳарларидаги маърифат масканлари бўлмиш мадрасаларда етишиб чиққан алломалар ҳақида, улар таҳсил олган мадрасалар ва ҳозирда юртимиз Ўзбекистонда ишлаб турган мадрасалар ҳақида талабаларга маълумот бериб бориш.
БИЗ БИЛАН БОҒЛАНИШ:  [email protected]