Ғойибназар Қози мадрасаси (Наманган, Тўрақўрғон)

Ғойибназар Қози мадрасаси

Ғойибназар Қози мадрасаси - Тўрақўрғон шаҳрининг марказида жойлашган Ғойибназар қози мадрасаси, (Шўролар даврида «қози» сўзи қолдирилиб, Ғайназар ёки Ғойибназар мадрасаси номи билан атаб келинган). Ушбу мадрасанинг олд фасадида, яъни кириш эшигининг юқори қисмида мадрасани ўша даврдаги eтук меъмор уста Мулла Қирғиз қурганлиги ёзиб қўйилган.

Ушбу мадрасага асос солган ва унинг қурилишига катта маблағ сарф қилган Ғойибназар ХIХ асрнинг сўнгги чорагидан бошлаб, ХХ асрнинг бошларига қадар Тўрақўрғонда қозилик қилган саховатли, илм маърифатли, халқпарвар инсон эди. Ўша пайтлардаги юз берган очарчилик йилларида кўпчиликнинг қорнини тўйдириб, eтимлар бошини силаб, ҳомийлик қилиб келган. Ғойибназар қози Худо ризоси учун холи бир мадраса қуришга қарор қилади ва бу ишни ўша даврнинг машҳур ва таниқли меъмори уста Мулла Қирғиз ибн Иброҳим меъморга топширади.
Уста Мулла Қирғиз бўлажак бинонинг тархи (плани) ва режасини ишлаб чиқиб, 1890 йилда қурилишни бошлаб юборади. Мадраса тўғри бурчакли тарҳ асосида 30х40 метр ҳажмда қурилган. Фасад қисми гумбазининг баландлиги 17 метр бўлиб, икки қаватли гумбаз ва бурчагидаги мезаналардан ташкил топган. Мадраса теварак атрофи ҳужралар билан ўралган ҳовли шаклида қурилган. Фасад қисми пишган ғиштдан барпо этилган. Теварак атрофидаги ҳужралари эса хом ғиштдан қурилган.
Бу жараёнда ёлланган ишчи-мардикорлардан ташқари халқ ҳашарчилари ҳам иштироқ этишади ва мадраса икки йилдан ошиқроқ муддатда, яъни 1892 йилда пишиқ ғиштдан, ихчам қилиб қуриб битказилади. Бино қадимий Ўрта Осиё мадрасалари анъанасига мувофиқ бунёд этилган бўлиб, ёпиқ, тўғри бурчакли, теварак атрофи ҳужрали ва бу мутаносибликка мувофиқ тарзда, мадраса ҳовлисидан иборат бўлган. Шарқ томондаги ҳужралари икки қаватли қилиб қурилган. Кириш дарвозаси бош фасадининг меъморий усулида анъанавий шаклдаги равоқли пештоқ қўлланилган. Унинг икки томонидан иккинчи қават равоқлари кўзга ташланиб туради. Бинога кириш дарвозасининг икки ёнидаги бино бурчакларида иккита катта минора бунёд этилиб, уларнинг устига мезаналар ишланган. Мазкур мезаналар сиртини ғиштдан бўрттириб ишланган нақшлар ва ажойиб санъатли арабий ёзувлар безаб туради. Мадрасага кириш қисмининг икки ёнидаги бино томлари қовурғали икки гумбаз билан ёпилган. Мазкур гумбаз ва миноралар бинога ажойиб бир улуғворлик бахш этиб туради. Мадрасанинг ички қисмидаги ҳужраларда толиби илмлар турган бўлса, гумбазлар остидаги хоналар дарсхона бўлиб, уларда сабоқ олишган. Назар ўғли Ғойибжон 1833 йилда ҳунарманд оиласида дунёга келган. У катта қоматли, ўткир зеҳнли бўлиб, саводини Арабистон, Афғонистон ва Туркияда оширган.
У Қўқон хонлигида энг йирик қози бўлиб иш бошлаган, Ғойибназар қози жуда одил, ҳалол инсон бўлган. У 1891 йилда ўзининг шахсий жамғармасидан Истамбул шаҳридаги дўстлари кўмагида меъморлик санъати намунаси бўлмиш Ғойибназар қози уй мадрасаси қурилишини бошлади. Чотқол тоғларидаги арчаларни Косонсойдан оқизиб келтирган. Ғойибназар қози уй мадрасаси қурилиши 1895 йилда ниҳоясига eтган. Ғойибназар қози уй мадрасасини вақфи Бўстон, Елхон ва Аламли бувагача бўлган. 1896 йилда Ғойибназар қози вафот этади. Ундан қолган eр, сув, каби бойликларини мерос сифатида катта хотинларининг фарзандлари бўлишиб олганлар. Фарзандлари Аббосхон билан Ҳамрохонга 1910 йилда Ғойибназар қози мадрасаси ва унга тегишли eр-сувлар қонуний мерос қилиб берилди. Меҳрихон ая ва фарзандлари 1949 йилгача шу Ғойибназар қози уй мадрасасида яшадилар.
Ғойибназар қози ўз даврининг фидойи инсони бўлиб, Тўрақўрғонда бир неча боғлар яратган. Илм–ҳунарни жуда ардоқлаб, унга кенг йўл очган. Иcҳоқхон Ибрат, Абдуқаҳҳор аълам, Жалолхон имом унинг талабаларидир. Ғойибназар қозининг ўғли Аббосхон Назаров 1920 йилда маорифда рус тили ва политехника таълимидан дарс бериб, илмий бўлим мудири ва директор бўлиб ишлаган. Умрининг охиригача фидойилик қилган. 1949 йилда вафот этган. Унинг ўғиллари ва неваралари ҳозирги кунгача халқ таълими соҳаларида ишлаб келмоқда. Ғойибназар қозининг васиқа ва мерослари профессор Исматулла Абдуллаев томонидан 1992 йилда таржима қилинган. Ғойибназар қози ҳақидаги барча маълумотларни йиғиш ва ўрганиш соҳасида Тўрақўрғон тумани маориф ва маданият хотира уйида жуда кўп ибратли ишлар амалга оширилган.
Хуллас, Ғойибназар қози мадрасаси Наманган вилояти ҳудудида сақланиб қолган анъанавий услубда бунёд этилган мадраса саналади ва Наманган шаҳридаги Мулла Қирғиз мадрасасидан кейинги иккинчи меъморлик обидаси сифатида улкан аҳамиятга эгадир.
Манба: http://www.nmn.uz/uz-Cyrl-UZ/Sanctity/Architectural#prettyPhoto


Ғойибназар мадрасаси - Намангандаги меъморий ёдгорлик (19-аср охири); Кўқон хонлигидаги Тўрақўрғон қозиси Ғойиб Назар ўғли томонидан қурилган. Мадраса тўртбурчак тарҳли, атрофи ҳужралар билан ўралган ҳовлидан иборат, шарқий томондаги ҳужралар 2 қаватли; бош тарзи пештоқли, унинг икки томонидан 2-қават равоқлари кўзга ташланиб туради; бурчакларига сирти ғиштни нақшлар билан безатилган мезанали миноралар ишланган. Бино бурчакларидаги ҳужралардан дарсхона сифатида фойдаланилган, дарсхоналар гумбази қовурғали. Мадрасанинг кириш эшигининг юқори қисмига араб ёзувида бинонинг бунёд этилган вақти ва меъмори, таъмирлангани ҳақида [сана] "1311 (милодий 1893) амали Мулла Қирғиз, меъмор, 1384 (милодий 1964) таъмири соний уста Фозил Намангоний"... деб битилган. Мулла Қирғиз мадрасаси қурилиши (1910) да қатнашган уста Фозил Неъматулла ўғли Намангоний ўғиллари ва шогирдлари билан бинони таъмирлаган; ҳовли усти ёпилиб, саҳна ва заллар барпо қилинган.


Ўзбекистон миллий энциклопедияси, биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.

Рейтинг@Mail.ru

 

МАҚСАДИМИЗ

Миллий қадриятларимиз, маънавий бой меросимизни тиклаш ва уларни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз ўртасида тарғиб этиш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандий ва Маҳмуд Замахшарий сингари юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис, фақиҳ, тасаввуф ва муфассир алломалар меросини ҳар томонлама теран ўрганиш, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш, диний ходимларнинг малакасини, билим ва тажрибасини ошириш бўйича ўқув-услубий ишларни амалга ошириш, ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш, юртимиз тарихи зарварақларига олтин ҳарфлар билан муҳрланган нодир қўлёзмаларни келгуси авлодларга етказиш, аждодларимиз ҳаёти, ахлоқи ва юксак маънавиятини ифодаловчи матнларни таржима қилиб, ёшлар қалбида улар қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини шакллантириш, юртимиз Мовароуннаҳрнинг Бухоро, Самарқанд, Марв, Урганч, Ахсикет, Хива, Шош, Марғинон ва бошқа шаҳарларидаги маърифат масканлари бўлмиш мадрасаларда етишиб чиққан алломалар ҳақида, улар таҳсил олган мадрасалар ва ҳозирда юртимиз Ўзбекистонда ишлаб турган мадрасалар ҳақида талабаларга маълумот бериб бориш.
БИЗ БИЛАН БОҒЛАНИШ:  [email protected]