Абулқосим мадрасаси (Тошкент)

Абулқосим мадрасаси

Абулқосим мадрасаси Тошкентдаги меъморий ёдгорлик. Мадраса, масжид ва хонақоҳдан иборат.
Қурдирган шайх номи билан аталган. Энг эски биноси – хонақои Мўйи Муборак 1820 йилда бунёд этилган, 1850 йили Мадраса қурилган. Дастлаб бир қаватли бўлган.

Мадраса чортоқ тарҳли (55×46 м), ҳовлиси (22×28 м) атрофида миёнсарой, дарсхона, масжид, тўрда Мўйи Муборак хонақоҳи (6,1×6,1 м) жойлашган. Ҳовлига олд ва орқа томо-нидаги пештоқ орқали кирилади. Бинони безашда асосий эътибор бош тарзига қаратилган бўлиб, пештоқ (бал. 16 м)нинг икки ёнида гулдаста-миноралар қад кўтарган. Уларнинг тепа қисми гумбазли мезаналар билан якунланган. Дарсхона, мактабхона (мурабба тарҳли — 6,12×6,12 м), икки қаватли ҳужралардан иборат.
Мадраса олдидаги ҳовуз, кейинчалик қурилган ҳаммом 1940-йилларда бузилган. Мадраса эшикларини ўратепалик Уста Ҳасанбой ўйма нақш билан безаган. Таъмирлашда А. Солиҳов, Х. Нишонов, О. Полвоновлар қатнашган (1979). Мадрасада Абдулла Қодирий ўқиган. 1983 йилдан Ўзбекистон тарихий ва маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш жамиятининг Тошкент бўлими жойлашган.

Ўзбекистон миллий энциклопедияси, биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.

АБУЛҚОСИМ МАДРАСАСИ (Истиқлол майдони) – Абулқосим эшон, Маъдихон қози, Янги маҳалла мадрасаси деб ҳам аталган. Ўрта Осиё меъморлиги анъаналарида қурилган. Абул­қосим эшон 1850 йилда қурдирган, шу сабабли унинг номи билан аталади. Бинонинг энг эски қисми – хонақоҳи Мўйи Муборак Абулқосимнинг отаси Эшонтўрахон томонидан 1820 йилда бун­ёд этилган. Хонақоҳ ичидаги равоқли меҳроби тепасига ишланган китобасида араб тилида шундай ёзув битилган: «Бу арк каби бинода Расулнинг латиф мўйи бор». Абулқосим мадрасаси дастлаб бир қаватли бўлган. Ўзига туташган масжид ва ҳаммом билан бирга қадимги Бешёғоч даҳасидаги маҳалла гузарини ташкил қилган. 1864 йил ҳовли қисмида иккинчи қавати қурилган.

Бинони безашда асосий эътибор бош тарзига қаратилган. У чорси пишиқ ғиштдан икки қаватли қилиб, шарққа қаратиб қурилган. Бош тарзининг ўрта қисмида мадраса девори сиртидан 1,82 м бўрттириб чиқариб, баландлиги 16 м ли пештоқ ишланган. Унинг икки ёнида гулдаста минора қад кўтариб, уларнинг тепа қисмида 16–17-асрга хос мезана бор. Пештоқнинг олд ва ён томонлари (то даҳана асосигача) ва деворнинг кунгурадор қисми чорси пишиқ ғиштдан текис қилиб ишланган. Унинг юқори қисми эса шарафа ҳамда китоба билан безатилган.

Мадраса дарвозасидан кираверишдаги чап ва ўнг томонда дарсхоналар бўлган. Ҳовлининг чап томонида ҳаммомга ва ўнг томонида Абулқосим эшон ҳовлисига олиб чиқувчи йўлакчалар бўлган. Ҳовли ўртасида сардоба, тўрда эса Мўйи Муборак хонақоҳи (6,1х6,1 м) жойлашган. Мадраса чортоқ тарҳли (55х46 м), ҳовлиси (22х28 м), атрофида миёнсарой, дарсхона ва хонақоҳлардан ташқари шаҳар ташқарисидан келиб ўқийдиган талабаларга мўлжалланган 60 дан ортиқ ҳужралари бўлган.

Абулқосим мадрасасида Абдулла Қодирий, Мунаввар­қори Абдурашидхонов, Fулом Зафарий ва Абдурауф Фитрат маълум вақт таҳсил олганлар.

1919 йилда барча диний ташкилотлар қаторида мадраса ҳам ёпилган. Мадраса олдидаги ҳовуз ва мадрасанинг ўнг томонидаги ҳаммом 1940 йилда, чап тарафидаги устунли масжид 1981 йилда бузилган. 1946 йилда рўй берган кучли Чатқол зилзиласи Абулқосим мадрасасини қаттиқ шикастлантирди. 1974 йил мадрасага Тошкент қўғирчоқ фабрикасининг филиали жойлаштирилди. Натижада бино таниб бўлмас даражада хароба ҳолга келиб қолди.

Абулқосим мадрасаси 1982–87 йиллар давомида қайта таъмирланди. 1983 йилдан мадрасада Ўзбекистон тарихий ва маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш жамиятининг Тошкент бўлими, 1996 йилдан Халқаро «Олтин мерос» хайрия жамғармасининг Тошкент шаҳри бўлими ва унинг халқ амалий санъатига ихтисослаштирилган Устоз-шогирд йўналишидаги мактаби жойлашган.

«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил

Рейтинг@Mail.ru

 

МАҚСАДИМИЗ

Миллий қадриятларимиз, маънавий бой меросимизни тиклаш ва уларни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз ўртасида тарғиб этиш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандий ва Маҳмуд Замахшарий сингари юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис, фақиҳ, тасаввуф ва муфассир алломалар меросини ҳар томонлама теран ўрганиш, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш, диний ходимларнинг малакасини, билим ва тажрибасини ошириш бўйича ўқув-услубий ишларни амалга ошириш, ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш, юртимиз тарихи зарварақларига олтин ҳарфлар билан муҳрланган нодир қўлёзмаларни келгуси авлодларга етказиш, аждодларимиз ҳаёти, ахлоқи ва юксак маънавиятини ифодаловчи матнларни таржима қилиб, ёшлар қалбида улар қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини шакллантириш, юртимиз Мовароуннаҳрнинг Бухоро, Самарқанд, Марв, Урганч, Ахсикет, Хива, Шош, Марғинон ва бошқа шаҳарларидаги маърифат масканлари бўлмиш мадрасаларда етишиб чиққан алломалар ҳақида, улар таҳсил олган мадрасалар ва ҳозирда юртимиз Ўзбекистонда ишлаб турган мадрасалар ҳақида талабаларга маълумот бериб бориш.
БИЗ БИЛАН БОҒЛАНИШ:  [email protected]