“Дор ал-ҳадис ал-ашрафия” мадрасаси

“Дор ал-ҳадис ал-ашрафия” мадрасаси

Қадимги Шоми шарифда – Дамашқ шаҳрида “Салоҳиддин қалъаси”нинг шарқий дарвозаси олдида бундан 800 йиллардан бери то ҳозирги кунимизгача фаолият юритиб келаётган илмий даргоҳлардан бири мавжуд. У “Дор ал-ҳадис ал-ашрафия” деб номланади. Мазкур олий даргоҳ ҳозирги кунимизгача ҳадисшунослик ва ҳадис илми марказларидан бири ҳисобланади. У ерда дунёга машҳур ва донғи кетган алломалар дарс берганлар, у ерда исломнинг буюк олимлари ўқиганлар. Ушбу даргоҳда исломий илмларга буюк ҳисса бўлиб қўшилган энг сара ва дурдона асарлар вужудга келган. Бугунги кунда ҳам ушбу ўқув даргоҳидаги очиқ дарсларга бутун дунёдан талабалар оқиб келадилар, дамашқликлар эса ҳадис сабоқларини эшитиш учун ҳар тонг у ерга шошиладилар. Бу мадраса бўйича биз эътибор қаратадиган бир жиҳат бор. Гап шу ҳақида:
Мазкур олий ўқув даргоҳи машҳур султон Салоҳиддин ал-Айюбий раҳимаҳуллоҳнинг туғишган иниси Малик Ашраф Музаффариддин Абулфатҳ Мусо ал-Айюбий томонидан барпо қилинган. Энг аввал мадрасанинг ўрнида Соримиддин Қаймоз ан-Нажмий деган ҳокимнинг (ваф. 596/1199) саройи бўлган. Уни ворислардан Малик Ашраф сотиб олиб, мадрасага айлантирган. Мадраса икки марта, аввал мўғиллар томонидан, иккинчи марта мелодий 1912 йилда толон-тарож қилинган, кутубхонаси ёниб кетган. Малик Ашраф 635 йилнинг муҳаррам ойининг 4 куни (1237 йил 27 август) охирги гапи “Ла илоҳа иллаллоҳ!” бўлгани ҳолда вафот қилган. Аллоҳ уни раҳмат қилсин!
“Дор ал-ҳадис ал-ашрафия” деб аталган мазкур олий ўқув даргоҳи икки йил деганда қуриб битказилиб, 630 йилнинг шаъбон ойида бароат кечасида (1233 йил 27 май) очилиш маросими ўтказилган. Мазкур олий ўқув даргоҳининг энг муҳим жиҳати унинг муассиси томонидан шарт қилинган илк вақфнома нусхаси бизнинг кунларимизгача сақланиб қолганлигидир.
Вақфномада мазкур олий ўқув даргоҳининг бош мударриси ва шайх ал-ҳадиси ашъарий олими ва шофеъий мазҳабига тақлид қилувчи етук олим бўлиши қатъий таъкидланган. Етук олим дейилганда ҳадис фанига ўз даврининг энг олими, ривоят ва дироят соҳиби бўлмоғи кераклиги назарда тутилган эди. Ушбу шартга ҳозирги кунимизгача ўзгаришсиз амал қилиб келинмоқда. (Бироқ, мелодий XVII асрдан буён вақфномада кўрсатилганидек ривоят ва дироят соҳиби топилмай қолгани боис, ҳадис фанида энг етук олим деб топилган ашъарий-шофеъий зот таъйинланаверади).
Демак, эътибор беринг: ҳамма вақт ва ҳамиша “Дор ал-ҳадис ал-ашрафия” мадрасасига ашъарий таълимотли ва шофеъий мазҳаби олими бош мударрис қилиб таъйинланиб келган. Бу қоида ўзгармаган, чунки, мазкур мадрасанинг муассиси томонидан таъсис қилинган вақфнома матнида бу қатъий белгилаб қўйилган эди:
Унга илк бош мударрис ва шайх ал-ҳадис қилиб, таниқли ҳофиз Тақийуддин ибн ас-Салоҳ аш-Шаҳразурий (577-643 ҳ./1181-1245 м.) раҳматуллоҳи алайҳи таъйинланган. У зот ўзларининг ҳадисшуносликка оид “Муқаддима Ибн ас-Салоҳ” асари билан шуҳрат қозонган. Мазкур асар ҳозирги кунимизгача илм аҳлининг энг муҳим ўқув қўлланмаларидан бири ҳисобланиб келади. Унга бир қанча шарҳлар ҳам битилган. Шунингдек, у зотнинг шофеъийлик фиқҳига оид фатволар тўплами, шофеъий мазҳаби олимларининг таржимаи ҳолига бағишланган “Табақот” асари мавжуд. У том маънода ашъарий олими, шофеъий фақиҳи ҳисобланади.
“Дор ал-ҳадис ал-ашрафия”нинг бош мударрисларидан яна бири Шаҳобиддин Абдурраҳмон Абу Шома (599-665 ҳ./1202-1266 м.) раҳматуллоҳи алайҳидир. У зот таниқли ҳадисшунос ва муаррих олимлардан ҳисобланади. Айюбийлар, зангийлар ва салжуқийлар сулоласи тарихини ёзганлар. Қуддуси шариф ва Дамашқ тарихига оид 15 жилдлик асари ҳам бор. Шунингдек, олтинчи ва еттинчи ҳижрий асрда яшаган олимларнинг таржимаи ҳолларига бағишланган асари ҳам мавжуд. “Шотибия”га битган машҳур “Иброз ал-маоний” номли шарҳи шуҳрат қозонган. 
“Дор ал-ҳадис ал-ашрафия”нинг энг машҳур бош мударрисларидан яна бири Муҳйиддин Яҳё ан-Нававий (631-676 ҳ./1233-1277 м.) раҳматуллоҳи алайҳидир. У зот қирқта ҳадис тўплами бўлмиш “ал-Арбаъийн” асарининг, зикрлар тўплами “ал-Азкор”нинг, “Риёз ус-солиҳин” каби юздан ортиқ асарлар муаллифидир. Мазкур учта асари ўзбек тилига ҳам таржима қилинган. Шофеъийлик фиқҳига оид “Равзат ат-толибин” ва унинг шарҳини ҳамда “Шарҳ ал-Муҳаззаб” асарини битганлар. Имом Муслим раҳимаҳуллоҳнинг саҳиҳ ҳадислар тўпламига “ал-Минҳож” номли шарҳ ёзганлар. Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳнинг ашъарий олими эканлигини асарларида ёзган фикрлари ёққол исботлайди.
“Дор ал-ҳадис ал-ашрафия”нинг бош мударрисларидан яна бири Камолиддин Муҳаммад Ибн аз-Замликоний (667-727 ҳ./1269-1327 м.) раҳматуллоҳи алайҳидир. Ўз даврида шофеъийлик мазҳабининг энг катта олими ҳисобланган. Ҳалабда ва Мисрда қози бўлганлар. У зот Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳга қарши чиққан олимлардан биридир. Унинг талоқ ва зиёрат масаласига қарши раддия билан чиқиб, унинг фикрларининг нотўғри ва хатолигини исботлаб берганлар. Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Минҳож” асарига ҳошия-изоҳлар ҳам битганлар.
“Дор ал-ҳадис ал-ашрафия”нинг бош мударрисларидан яна бири Жамолиддин Юсуф ал-Миззий (654-742 ҳ./1256-1341 м.) раҳматуллоҳи алайҳидир. У зот ўз даврида Шом диёрининг энг улуғ муҳаддиси ҳисобланган. У зот роппа роса мазкур мадрасада 23 йил давомида шайх бўлганлар. Тақийуддин ас-Субкий раҳимаҳуллоҳ мазкур мадрасага ундан кўра олимроқ, Имом Нававий раҳимаҳуллоҳдан кўра парҳезкорроқ зот шайх бўлмаганди, деганлар. Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ эса: “Мен ҳаётимда тўрт нафар энг зеҳнли ҳофиз одамларни учратдим”, дея унинг номини ҳам санаганлар. Ҳофиз ал-Миззий раҳимаҳуллоҳнинг ҳадис ровийларининг таржимаи ҳолларига бағишланган 12 жилдли “Таҳзиб ал-камол” номли асарлари, шунингдек, 8 жилдли “Туҳфат ал-Ашроф” ҳамда “ал-Мунтақо” номли ҳадис тўпламлари шуҳрат қозонган. 
“Дор ал-ҳадис ал-ашрафия”нинг бош мударрисларидан яна бири Тақийуддин ас-Субкий (683-756 ҳ./1284-1355 м.) раҳматуллоҳи алайҳидир. У зот ўз даврининг шайхулисломи, таниқли ҳадисшунос олими ҳисобланади. Шомда қози бўлганлар. Машҳур “Табақот аш-Шофеъия ал-кубро” асарининг муаллифи Тожиддин ас-Субкий раҳимаҳуллоҳнинг оталаридир. У зот Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳга қарши раддиялар ёзган машҳур олимлардан бири ҳисобланади. “ад-Дурр ан-назийм” номли тафсирлари, “Табақот ал-фуқаҳо” номли асарлари бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари зиёратига боришни энг афзал ибодатлардан эканини исботланган “Шифо ас-сиқом” номли асарлари, шоеъийлик мазҳаби фиқҳига оид фатволар тўплами ҳамда “ал-Масоил ал-ҳалабия ва ажвибатуҳа” номли асари мавжуд. Рисолалар тўплами ҳам бор.
“Дор ал-ҳадис ал-ашрафия”нинг бош мударрисларидан яна бири Имодуддин Исмоил Ибн Касир (701-774 ҳ./1302-1373 м.) раҳматуллоҳи алайҳидир. У зот мазкур мадрасада оз муддат шайхлик қилганлар, 772 йилда (1371 мелодий йили) у ерга шайх қилиб таъйинланган. У зотнинг Қуръони каримга битган тафсирлари шуҳрат қозонган. Бундан ташқари, “ал-Бидоя ва-н-ниҳоя” номли ислом тарихига оид 14 жилдли асарлари бор. Шофеъий мазҳаби олимларининг таржимаи ҳолларига бағишланган асари ҳам бор. “Жомеъ ал-масонид” номли 8 жилдли асар ҳам ёзганлар.
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳнинг “Дор ал-ҳадис ал-ашрафия”га мударрис қилинганлиги унинг шофиеъийлик мазҳаби вакили эканини ва ашъарий таълимотидаги олимлигини тасдиқлайди. Бунга бир қанча далиллар бор. Далилларнинг энг кучлиси Ибн Касир раҳимаҳуллоҳнинг ўз иқрорларидир. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ “ад-Дурар ал-комина” асарида Ибн ал-Қаййим ал-Жавзия раҳимаҳуллоҳнинг невараси Иброҳим раҳимаҳуллоҳнинг таржимаи ҳолида у билан Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳининг ўртасида бўлиб ўтган мунозара жараёнида Ибн Касир раҳимаҳуллоҳнинг айтган гапини келтиради:
أنت تكرهنى لأننى أشعرى فقال له لو كان من رأسك الى قدمك شعر ما صدقك الناس فى قولك أنك أشعرى و شيخك ابن تيمية
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ унга: “Сен менинг ашъарий эканимни ёмон кўрасанми?”, деган. Унга: “Агар бошдан то қадаминггача бўлган туклар ашъарий бўлса-да, одамлар сенинг ва шайхинг Ибн Таймиянинг ашъарийлигига ишонишмайди”, деган.
Умуман, Ибн Касир раҳимаҳуллоҳнинг ашъарийлигини айтилганда, салафий ва ваҳҳобийлар унинг аксини исботлашга тушиб кетиши шубҳасиздир. Улар таъвилни ёмон кўришса-да, Ибн Касир раҳимаҳуллоҳнинг: “Албатта, мен ашъарийман!”, деган бу ривоятдаги гапларини таъвил қилишга зўр беришса ҳам ажаб эмас. Лекин, айнан ашъарийларнинг шайх бўлиши шарт қилинган “Дор ал-ҳадис ал-ашрафия” мадрасасига унинг шайх қилиб таъйинланганининг ўзиёқ, “Саҳиҳ ал-Бухорий”нинг энг яхши шарҳларидан бирини ёзган Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳдек зот унинг “Албатта, мен ашъарийман!”, деган гапини нақл қилишининг ўзиёқ замонамиз салафийларининг гап-сўзлари мутлақо ботил эканини исботлашга етарлидир. 
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳнинг ашъарийлигига учинчи далил у зот ҳам ашъарийлар сингари сифат оятларини таъвил қилганлар. Жумладан, “яд” сифатини ўз тафсирининг уч жойида таъвил қилинганини кўрамиз. Улар “Фатҳ” сурасининг 8-ояти, “Исро” сурасининг 100-ояти, Моида сурасининг 64-ояти.
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳнинг ашъарийлигининг тўртинчи далили аҳли суннатнинг барча ашъарий ва мотуридийлари сингари у зот ҳам мавлиди набавийни ўтказишни жоиз деб билганлар. У зот “ал-Бидоя ва-н-ниҳоя” асарида мавлиднинг илк ташкилотчисини мақтаб келтирганлар. Шунингдек, ўзининг ҳам алоҳида мавлид рисоласи бўлгани маълум.
“Дор ал-ҳадис ал-ашрафия”нинг охирги ва машҳур бош мударрисларидан яна бири Бадриддин Муҳаммад ибн Юсуф ал-Ҳасаний (1267-1354 ҳ./1851-1935 м.) раҳматуллоҳи алайҳидир. У зот “Далоил ал-хайрот” муаллифининг авлодларидан бўлганлар. У зот Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва Имом Муслим раҳимаҳуллоҳнинг саҳиҳ ҳадислар тўпламини ёд билган эканлар. Бундан ташқари, 20 мингдан ортиқ байтларни ёддан айта олганлар. Шом диёрининг энг машҳур муҳаддисларидан ҳисобланган. Биринчи жаҳон уруши пайтида одамлар уни халифа қилиб сайламоқчи бўлиб, унга байъат қилишга келганларида, у зот кўнмаганлар ва одамларни қаттиқ жеркиб, ҳузурларидан ҳайдаб юборганлар. Унинг ҳадисшуносликка оид “Ғиромий саҳиҳ” ва “Манзума ал-Байқуния” асарларига битган шарҳлари мавжуд. Ўзлари 30 ёшларигача 40 та китоб ёзганларига иқрор бўлганлар. Шулар жумласидан, “Саҳиҳи Бухорий”, “Шамоил ан-набавия”, “аш-Шифо” каби ҳадис тўпламларига шарҳларидир. Шофеъий мазҳаби фақиҳи сифатида “Мухтасар Ибни Ҳожиб” каби асарга шарҳ битганлар. Аҳли суннат ва жамоат ақоидига бағишланган “ал-Ақоид ан-насафия” ҳамда “Манзума ал-Ақоид ас-санусия”га шарҳлар ёзганлар.
Хулоса. “Дор ал-ҳадис ал-ашрафия” мадрасаси 800 йилдан бери фаолият юритиб келади. Ушбу мадрасанинг вақфномасида у ерга ашъарий таълимотли, шофеъий мазҳабли олим бош мударрис қилиб таъйинланиши кераклиги қатъий белгилаб қўйилган. Бу шартга асрлар давомида ўзгаришсиз амал қилиб келинмоқда. Бош мударрис бўлганлар орасида биз Ибн ас-Салоҳ раҳимаҳуллоҳ, Абу Шома раҳимаҳуллоҳ, Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ ва аллома Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ каби зотларнинг номларини учратамиз. Бу ҳолат уларнинг ашъарий олими, шофеъий фақиҳи эканини тасдиқлаб туради.
Аҳли суннат ва жамоатнинг иккита йирик қаноти бор. У ашъарийлик ва мотуридийликдир. Аҳли суннат ва жамоатда бўлмоқчи бўлган одам мана шу икки қанотнинг бирига маҳкам ёпишмоғи лозим. Юқорида номлари санаб ўтилган олимлар ҳам аҳли суннат ва жамоат вакиллари сифатида ашъарийликни маҳкам ушлаган эдилар.
Аҳли суннат ва жамоат вакиллари амалиётда тўрт мазҳабга бўйсинадилар. Улар ҳанафийлик, моликийлик, шофеъийлик ва ҳанбалийликдир. Аҳли суннат ва жамоат доирасида амал қилмоқчи бўлган одам мана шу тўрт мазҳабдан бирига маҳкам боғланмоғи лозим. Юқорида номлари санаб ўтилган олимлар ҳам аҳли суннат ва жамоат доирасида бўлганлари учун шофеъийликни маҳкам ушлаган эдилар.


Ҳамидуллоҳ Беруний.

Рейтинг@Mail.ru

 

МАҚСАДИМИЗ

Миллий қадриятларимиз, маънавий бой меросимизни тиклаш ва уларни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз ўртасида тарғиб этиш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандий ва Маҳмуд Замахшарий сингари юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис, фақиҳ, тасаввуф ва муфассир алломалар меросини ҳар томонлама теран ўрганиш, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш, диний ходимларнинг малакасини, билим ва тажрибасини ошириш бўйича ўқув-услубий ишларни амалга ошириш, ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш, юртимиз тарихи зарварақларига олтин ҳарфлар билан муҳрланган нодир қўлёзмаларни келгуси авлодларга етказиш, аждодларимиз ҳаёти, ахлоқи ва юксак маънавиятини ифодаловчи матнларни таржима қилиб, ёшлар қалбида улар қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини шакллантириш, юртимиз Мовароуннаҳрнинг Бухоро, Самарқанд, Марв, Урганч, Ахсикет, Хива, Шош, Марғинон ва бошқа шаҳарларидаги маърифат масканлари бўлмиш мадрасаларда етишиб чиққан алломалар ҳақида, улар таҳсил олган мадрасалар ва ҳозирда юртимиз Ўзбекистонда ишлаб турган мадрасалар ҳақида талабаларга маълумот бериб бориш.
БИЗ БИЛАН БОҒЛАНИШ:  madrasa@islom.uz

GRAND TA'LIM нодавлат таълим муассасаси катта устози Анвар Аҳмад таълим даргоҳига асос солинган илк кунлардан бери фаолият юритади. Араб тили грамматикасида оид кўплаб дарслик ва адабиётлар тўпловчиси ва муаллифларидан.

arabic.uz сайтининг муҳаррири, "Риёзус солиҳийн", "Ал-Азкор", "Саодатга етакловчи ҳикматлар" ва бошқа кўплаб асарлар таржимони ва нашрга тайёрловчиси.

Анвар Аҳмад 1977 йилда таваллуд топган, оилали 4 нафар фарзанди бор. Миср Араб Республикасининг Азҳари Шариф, ал Азҳар институтлар бўлими, эъдодий ўрта-махсус билим юртини тамомлаган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг шогирди. "Саҳиҳи Бухорий"дан шайх хазратларидан ижоза олган. “Олтин силсила” таржимонлар гуруҳининг аъзоси.

Аввал Миср Араб республикаси элчихонаси қошидаги фан ва таълим марказида араб тили ўқитувчиси, 2008 йилдан эса GRAND TA’LIM етакчи ўқитувчиларидан.