Ўзбекистонда диний таълим тизимининг тарихий илдизлари

Ўзбекистонда диний таълим тизимининг тарихий илдизлари


Мусулмон мамлакатларидаги мадрасалар ҳақидаги илк маълумотлар IХ-Х асрларга оид бўлиб, бу мадрасалар Хуросон ва Мовароуннаҳрда жойлашган эди. Баъзи маълумотларга кўра, Термиздан Абу Исо Термизий ва Муҳаммад Ҳаким Термизий каби буюк алломалар етишиб чиқишида IХ аср бошларида Балхда 1848 та масжид, 900 та мактаб  ва 400 та мадраса бўлгани муҳим роль ўйнаган. Тарихчи Абу Бакр Наршахий ўзининг “Бухоро тарихи” китобида Бухородаги Форжак мадрасасининг 937 йилда ёнғин туфайли вайрон бўлгани ҳақидаги маълумотни келтирган.
Юртимизда диний таълим тизимининг ривожланиши ва тараққиёти кўп асрлик тарихга эга. Мадраса (араб. — дарс ўқитиладиган жой, дарсхона)лар – исломда ўрта ва олий махсус диний ўқув юрти бўлиб, уламолар, мактаб ва мадраса мударрислари, дин арбобларини тайёрлаган. Бу таълим масканларида диний билимлар билан бир қаторда, дунёвий фанларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Олим К.Каттаевнинг фикрига кўра, Самарқанддаги Работи Ғозиён мадрасаси яна ҳам қадимийроқ бўлиб, унда Имом Мотуридий, Абулқосим Ҳаким кабилар Муҳаммад ибн Фазл Балхийдан (ваф. 931 й.) таҳсил олганлар.

 

XI асрдан бошлаб мадрасалар етакчи ўқув юртига айланган бўлиб, бунгача таълим масжидларда ва хусусий уйларда, шунингдек, меҳмонхоналар, кутубхоналар, касалхоналарда олиб борилган. Мадрасалар вақф ҳисобига таъсис этилган. У ерда мударрислар ва бошқа хизматчилар маош, талабалар стипендия, ўқув жиҳозлари (дафтар, китоб, қалам ва б.) ҳамда турар жой билан таъминланганлар.
XI-XII асрларда Ўрта Осиёнинг барча йирик шаҳарларида бир қанча мадрасалар мавжуд бўлган. Мадрасага мактабни тугатган ўспиринлар қабул қилинган.
Ўрта Осиёдаги мадрасаларда араб ва форс тилида ёзилган китоблар асосида Қуръон тафсирлари, ҳадислар, шариат қонунлари ва бошқа диний билимлар ўргатилган. Аксарият мадрасаларда тиббиёт, аруз илми, фалсафа, география каби фанлар ҳам ўқитилган.

 

XIX аср бошларига келиб, Ўрта Осиёда иқтисодий ривожланиш бошлангани туфайли таълим соҳасида ҳам айрим ўзгаришлар юз бера бошлаган. Мактаб ва мадрасалар қуриш авж олиб, айниқса Қўқон, Тошкент, Бухоро каби шаҳарларда уларнинг сони тез кўпайган.
Бу даврда бир нечта турдаги диний таълим муассасалари (мактаб, мадраса, қорихона, далоилхоналар) мавжуд эди.
Мактаблар бошланғич таълим муассасаси ҳисобланиб, унда болаларга ёзиш ва ўқиш ўргатилган, дин ҳақида дастлабки маълумотлар берилган. Мадрасалар юқори турувчи ўқув муассасаси ҳисобланган. Қорихона ва далоилхоналар қуйи диний хизматчиларни тайёрлаган.
Мактаблар одатда вақф даромадига эга бўлган масжидлар ҳузурида очилган. Лекин бу ўринда мактаблар вақф даромадига эга бўлган экан, деган хулосага бориш ноўрин бўлади. Чунки мактаблар масжидга қарашли вақф даромадининг бир қисмидан фойдаланган, холос. Бундан ташқари, мактаблар аҳоли томонидан очилиши ва таъминланиб турилиши мумкин бўлган. Одатда бунда машғулотлар мактабдор ўқитувчининг уйида ўтказилган.

 

XIX  асрдаги Қўқон хонлари архивларида беклар ва хонлар саройларида  сағир (етим)лар учун очилган мактаблар ҳақидаги маълумотлар сақланиб қолган. Бундай мактаблар давлат маблағлари ҳисобига фаолият юритган. Хусусан, архив материаллари ичида Худоёрхоннинг учинчи марта тахтга ўтирган чоғида Қўқон хонлигининг энг катта ва бой вилояти – Марғилон беги бўлган укаси Султон Муродбекнинг хазиначиси ва иш бошқарувчисининг ёзишмалари сақланиб қолган. Унда шундай дейилади: “Сағирлар мактабига кир ювиш учун эллик пайса совун ва бир танга пул беринг. 1289 йил. Муҳр: Мирза Муҳаммад Юсуф”.
Россия  босқинига қадар Ўрта Осиё ҳудудида мавжуд бўлган мактаблар сони ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Бироқ, адабий манбалар, Ўрта Осиёга келган саёҳатчиларнинг сафар қайдномалари, ҳисоботлари ва хабарларига асосланиб, XIXаср бошларида Туркистон ўлкасидаги мактаблар ҳолати ҳақида умумий бир хулосага келиш мумкин. Чунончи, шаҳарлардаги мактаблар сони масжидлар сонига тахминан тенг бўлган. Бу бежиз эмас. Зеро, юқорида айтиб ўтганимиздек, мактаблар деярли доимо масжидлар ҳузурида очилган. Тахминларга кўра, ўша даврда аҳолиси 500 минг кишини ташкил этган Тошкент шаҳрида салкам 150 та мактаб мавжуд бўлган, лекин буни ҳам тўлиқ маълумот деб бўлмайди.
Ана шундай маълумотлар XIX аср бошларида Ўзбекистоннинг бошқа шаҳар ва қишлоқларига қараганда маданий ҳаёт анча қизғин бўлган Қўқон шаҳри бўйича ҳам учрайди. Хусусан, 1813-1814 йилларда Қўқон шаҳрида бўлган рус элчиси Ф.Назаров ўз ҳисоботларида Қўқонда “тўрт юзтагача масжидлар мавжудлиги”ни ёзади.
XIX асрнинг биринчи ярмида Ўрта Осиёнинг йирик шаҳарларида мавжуд бўлган мактаблар сони ҳақидаги тарқоқ маълумотларни қуйидагича умумлаштириш мумкин:
 
Шаҳарлар    Мактаблар сони    Ўқувчилар сони
 
Тошкент        150          2000
Бухоро           360         6000
Қўқон            300          5500
Андижон        90          1700
Самарқанд      80           1000
Марғилон       70           800
Наманган       60            900
Жиззах          10           150

Буларнинг барчаси XIX  асрнинг ярмида ҳозирги Ўзбекистон     ҳудудидаги шаҳар ва қишлоқларда 6 ёшдан 15-16 ёшгача бўлган деярли ҳар бир ўғил бола мактабга қатнаган, деган хулосага келиш имконини беради.
Барча аҳоли пунктларида махсус руҳоний мансабдорлар – раислар ёки муҳтасиблар бўлган, уларнинг вазифаси диндорларнинг диний амалларни тўғри бажаришларини назорат қилишдан иборат бўлган. Раислар ҳар бир боланинг мактабга қатнашини кузатиб борганлар. Шариатга кўра, ҳар бир ота 5-6 ёшдан бошлаб ўғлини таълим олиш учун мактабга, қизини эса – имомнинг аёли ҳузурига юбориши лозим бўлган. Қизларнинг мактабга бориши илгари жуда кенг тарқалгани  “мусулмон қизлари умуман ёзишни билмаганлар ва уларнинг жуда озчилиги ўқишни билган” деган фикрларни буткул рад этади. Раислар вақти-вақти билан мактабларга келиб, болаларнинг дарсга қатнашишларини назорат қилиб турганлар. Бундан ташқари, болалари дарсга қатнамаган ёки сабабсиз дарс қолдиргани учун ота-оналар жарима тўлаган ёки жисмоний жазоланган ҳолатлар ҳам учрайди.
Мактаблардаги таълим тизими бир қанча босқичли ва пухта ташкил этилгани боис савод ўрганиш кўп вақтни олар эди. Чунончи, фақатгина алифбони ўрганишга 3-4 ойдан бир йилгача, баъзида ундан ҳам кўп вақт сарфланар эди.

 

Ўқувчилар дастлабки ўқиш кўникмаларини эгаллаганларидан сўнг «Ҳафтияк»ни  (форсча, “Қуръоннинг еттидан бир қисми”) ўқишни бошлаганлар. Ушбу китоб Қуръони каримнинг диний маросимларни адо этишда кўпроқ ўқиладиган кичикроқ сураларини ўзида жамлаган. «Ҳафтияк»ни ўқиш эски ўзбек мактабларида икки йилгача, баъзан ундан ҳам узоқ давом этган.
Ўқувчилар «Ҳафтияк»ни тугатганларидан сўнг «Чор-китоб» (Тўрт китоб)ни ўқишга киришганлар. «Чор-китоб» форс-тожик тилида ёзилган бўлиб, у бундан бир неча юз йиллар муқаддам ҳар хил даврларда турли муаллифлар томонидан тузилган. IX асрда Шарофиддин Бухорий томонидан тузилган “Номи Ҳақ” деб номланувчи биринчи қисмида диний амаллар (таҳорат, намоз, рўза ва ҳ.қ.)га оид масалалар шеърий усулда баён этилган, иккинчи қисмида Қози Азмуддиннинг “Бидон” (Билгил) номли китобидан олинган ва юқоридаги масалалар катехизис (изоҳ) шаклида анча кенг ёритилган парчалар ўрин олган. “Чор-китоб”нинг “Мусулмонликнинг муҳим масалалари” деб номланган учинчи қисми ўқувчиларни шариатнинг асосий устуни, яъни мусулмон ҳуқуқшунослиги билан таништирган. Китобнинг “Панднома” (Насиҳат китоби) деб номланган ва XIII асрда ёзилган тўртинчи қисмида Қуръони каримдан олинган одоб-ахлоқ масалаларига оид қоидалар шеърий шаклда баён этилган.
“Чор-китоб” ўқувчининг ўзлаштиришига қараб бир ярим-икки йил мобайнида бошидан охиригача ўқитувчининг изоҳлари ва тушунтиришлари ёрдамида ўқитилган. Уни ўқиш мобайнида ўқувчилар адабий тил ҳисобланган форс тили билан ҳам танишганлар.
Шундан сўнг ўқувчилар мутлақ дин масалаларига бағишланган “Саботул ожизин” китобини ўқишни бошлаганлар. Ушбу асар кўпинча унинг муаллифининг номи билан, яъни – “Сўфи Оллоёр” деб ҳам юритилган. Бу соф диний асар бўлиб, унда диний масалалар шеърий усулда баён қилинган.
Болалар юқоридаги китобларни ўқиб битирганларидан сўнг ўқитувчи тавсиясига кўра ўзбек ва форс-тожик шеъриятининг Ҳофиз, Бедил, Навоий каби мутафаккир шоирлари ғазалларини ўрганишни бошлаганлар. Мактабни тамомлаган ўқувчилар таълимни давом эттириш учун мадрасаларга кирганлар.
Мадрасалар учун кўпинча бадавлат кишилар маблағлари ҳисобидан, баъзида оддий аҳоли томонидан тўпланган маблағ эвазига махсус бинолар қурилган. Ўша даврларда шаҳарларда қурилган кўпчилик мадрасалар халқ меъморчилигининг ноёб намуналари бўлиб, улар ўзларининг маҳобати билан бугунги кунда ҳам кўзни қувонтириб турибди.
Бухоро, Самарқанд, Хива, Тошкент шаҳарлари ва Қўқон хонлигидаги кўпчилик мадрасалар ўзларининг нодир қўлёзма асарлар жамланган улкан кутубхоналарига ҳам эга эдилар. Йирик шаҳарларда жойлашган ва ўз кутубхоналарига эга бўлган мадрасалар олий ўқув муассасаси вазифасини бажарганлар, қолганлари эса ўрта мусулмон мактаби ҳисобланганлар.
Мадрасалар сони ҳақидаги маълумотлар ҳам жуда кам. Шунинг учун турли адабий, тарихий, этнографик, жўғрофий ва бошқа манбалардан фойдаланишга тўғри келади. Хусусан, Чор армияси зобити А.Хорошхиннинг қайд этишича, Тошкентда 17 та мадраса бўлган. М.Терентьев эса, 1869 йилда Тошкент уездида вақф ҳисобига фаолият юритган 6 та мадраса бўлган, деган маълумотни келтиради.

 

Халқ таълими вазирлигининг берган 1910 йил ҳисоботига кўра, 1911 йилнинг 1 январига қадар Ўрта Осиёда мавжуд мактаб ва мадрасалар сони қуйидагича қайд қилинган:
мактаблар – 10 003 та, мадрасалар – 1085 та, шу жумладан вилоятларда:
 
Вилоятлар    Мактаблар    Мадрасалар    Жами
Сирдарё           804              31              835
Фарғона           2446            204            2650
Самарқанд        2753            93              2846
Жами               6003            328            6331


 “Ушбу уч вилоятда 6331 маҳаллий – мусулмон ўқув юртлари билан бир қаторда, атиги 89 рус-тузем ўқув юртлари бўлганини назарда тутсак, мактаб ва мадрасаларнинг нақадар катта аҳамиятга эга экани ўз-ўзидан тушунарли”, – деб ёзган эди 1913 йилда Н. А. Бобровников.
Мадрасадаги барча хўжалик ва молия ишларини мутавалли бошқарган. Шунингдек, вақф ерларида ишни ташкил қилиш, мардикорлар ёллаш, ижарачилар ва ҳиссадорлар билан шартнома тузиш, дўконлар, тегирмонлар ва мадрасанинг вақф мулкига кирувчи бошқа объектлардан ижара ҳақини ундириш ҳам мутавалли мажбуриятлари сирасига кирган.
Мутавалли мадрасадаги хизмат кўрсатувчи ходимлар (ўқитувчи мударрислардан ташқари) фаолиятини, айрим ҳолларда эса талабаларнинг дарсга қатнашларини назорат қилиб турган. Унинг лавозими отадан болага ўтган. Вақф даромадлари мадраса талабалари, мударрислар, мутавалли ва хизмат кўрсатувчи ходимлар ўртасида шариат қоидалари асосида тақсимланган.
Мадрасаларда ўқув ишлари мударрислар томонидан олиб борилган. Йирик мадрасаларда мударрисларни тайинлаш масаласи шахсан хон томонидан, кичикроқ мадрасаларда эса маҳаллий ҳокимият томонидан ҳал этилган. Буни Қўқон хонлигининг мударрис тайинлаш ҳақидаги қуйидаги фармони мисолида ҳам кўриш мумкин:
«…Ҳаммага маълум бўлғайким, биз иқтидорли ва муносиб олим Мулла Муҳаммад Содиқни Муҳаммад Алихон қурдирган мадрасага мударрис этиб тайинлашға фармон бердик. Ушбу мадрасанинг барча илм толиблари фанлар бўйича билим олиш учун шул зотга мурожаат қилмоғи даркор. Муҳр ва сана – 1843 й.»
Мирзо Улуғбек давридан бошлаб мударрис лавозимига номзод махсус Уламолар ҳайъатига имтиҳон топшириши, яъни ўз билимларини исботламоғи лозим бўлган. Бироқ, кейинчалик бу анъанадан бир оз чекинилган ва XIX асрнинг бошларига келиб мударрис лавозимига кўпроқ хонга қарашли шахслар тайинлана бошлаган.

Уйғун Ғафуров

Рейтинг@Mail.ru

 

МАҚСАДИМИЗ

Миллий қадриятларимиз, маънавий бой меросимизни тиклаш ва уларни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз ўртасида тарғиб этиш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандий ва Маҳмуд Замахшарий сингари юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис, фақиҳ, тасаввуф ва муфассир алломалар меросини ҳар томонлама теран ўрганиш, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш, диний ходимларнинг малакасини, билим ва тажрибасини ошириш бўйича ўқув-услубий ишларни амалга ошириш, ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш, юртимиз тарихи зарварақларига олтин ҳарфлар билан муҳрланган нодир қўлёзмаларни келгуси авлодларга етказиш, аждодларимиз ҳаёти, ахлоқи ва юксак маънавиятини ифодаловчи матнларни таржима қилиб, ёшлар қалбида улар қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини шакллантириш, юртимиз Мовароуннаҳрнинг Бухоро, Самарқанд, Марв, Урганч, Ахсикет, Хива, Шош, Марғинон ва бошқа шаҳарларидаги маърифат масканлари бўлмиш мадрасаларда етишиб чиққан алломалар ҳақида, улар таҳсил олган мадрасалар ва ҳозирда юртимиз Ўзбекистонда ишлаб турган мадрасалар ҳақида талабаларга маълумот бериб бориш.
БИЗ БИЛАН БОҒЛАНИШ:  [email protected]