Наманган мадрасалари

Наманган мадрасалари

Яқин-яқингача ҳам инқилобдан аввал ўзбек халқининг атиги икки фоизи саводхон бўлган, қолган қисми ғирт саводсиз эди, деган асоссиз, туҳмат гаплар юрарди. Тарихий далилларга мурожаат қиладиган бўлсак, бунинг ғирт аксини кўрамиз. Петербургда чиққан «Отечественние записки» журналининг 1821 йилги сонида ёзилишича, 150 минг аҳоли яшаган Самарқандда 250 масжид ва 40 мадраса бўлган. Бухорода эса 200 минг аҳолига 400 масжид, 30 та мадраса тўғри келган.

«Қомус ул-аълом»да келтирилишича, Х1Х асрда биргина Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида 13 минг хонадон, 300 жомеъ масжиди, 18 мадраса, 60 мактаб бор эди. Рус тилида нашр этилгaн «Ўзбекистон халқлари тарихи» (1974) китоби 1894 йилда Туркистонда жами 6445 та мактаб ва мадраса фаолият кўрсатганини ёзади. Булар ҳозирги пайтдаги мавжуд минг-минглаб мактаб, лицей, коллеж, институт ва дорулфунунлар олдида оз туюлса-да, ўша пайтда илми-ирфон тарқатишда катта хизмат қилгани сир эмас.
Фарғона водийсида ҳам мактаб-маориф ишлари юксак савияда бўлган. Х1Х асрда Қўқон хонлигида бўлган Русия элчиси ва сайёҳи Филипп Назаровнинг ёзишича, ўша аср бошларида Қўқонда 400 га яқин масжид ва ўнлаб мадрасалар мавжуд бўлган. Норбўтабий даврида Марғилонда тикланган машҳур Мир мадрасасининг минораси 85 метр бўлиб, 50 чақирим наридан кўриниб турган. Умархон замонида ҳам Қўқон хонлиги ҳудудида 15 та мадраса барпо қилинган.
ХIХ аср маълумотларига кўра, Қўқон хонлиги ихтиёрида бўлган Наманган шаҳрида 39 мадраса бўлган. Бундан ташқари масжидлар қошидаги 450 дан зиёд мактаб ва қорихоналарда ҳам ёшларнинг саводи чиқарилган ва Қуръон ёдлатилган. Ўшанда 49 та қорихонада 200 дан ошиқ мураттаб қори тайёрланган.
Мадрасаларнинг йирик ва машҳурлари 20 та бўлиб, булар орасида Мулла Бозор Охунд, Азизхўжа эшон, Баҳодирхон эшон, «Мадрасаи Бек», Исҳоқ эшон, Мулла Қирғиз, Самсоқ муфти, «Айритом», «Имом гузари», «Мадрасаи Букайба», «Мадрасаи Маржома», Ҳазрати Хизр», Махдуми эшон, «Ғиштин», Ҳазрати Авлиё домла, «Сумалак гузари» ва бошқалар бор эди.
Бу далиллардан кўриниб турибдики, ХVIII – ХIХ асрларда мамлакатимизда саводхонлик даражаси юқори бўлган, Бухоро, Самарқанд, Хива, Қўқон, Наманган мадрасаларида ҳатто бошқа юртлардан келган кўплаб талабалар таҳсил олишган, ухровий ва дунёвий билимлардан тўла хабардор бўлишган.
Мадрасаларни бошқариш, ўқитиш, хўжалик ишларига шайхулислом ва қозилар раҳбарлик қилишган. Таълим ишлари шариат қонунлари асосида олиб борилган. Ҳар бир мадрасада хўжалик ишларини олиб борувчи мутавалли бўлган, у вақф ерларидан келган даромадларни, ушр, садақа ва эҳсонларни мадраса эҳтиёжларига тақсимлаб сарфлаган.
Мадрасалар хонликдаги давлат идоралари, бошқарув маҳкамалари, диний муассасалар учун турли ходимлар, мактаб-мадрасалар учун муаллим-мударрислар, ижтимоий-сиёсий тузум ва унинг мафкурасига хизмат қилувчи мутахассисларни тайёрлаб берган. Мадрасаларга талабалар имтиҳон ёки танлов асосида қабул қилинган. Мударрислар ҳам имтиҳон қилиниб, хон ёки беклар томонидан тайинланган. Улар дарсдан бўш пайтларида қозилик, муфтилик каби давлат ишлари билан шуғулланишган.
Мадрасани тугатганлар олган билимига ёки имтиҳон натижаларига қараб мударрис, масжид имоми ёки қози, муфти, аълам, мирзо сифатида давлат маҳкамаларига ишга юборилган. Мадрасаларда асосан ухровий (диний) билимлар – яъни ислом ақидаси (ақоид), фиқҳи (қонунчилик)ни ўқитишга алоҳида эътибор берилган, машғулотлар Қуръони карим ва ҳадиси шариф асосида олиб борилган. Араб тилининг грамматикаси (сарф) ва синтаксиси (наҳв) ҳам мукаммал ўргатилган. Булардан ташқари талабалар Хўжа Аҳмад Яссавий, Ҳофиз, Сўфи Оллоҳёр, Фузулий, Бедил каби атоқли шоирларнинг асарларини ҳам қунт билан ўрганиб, ёд олишган.
Ўқув юртларида мантиқ, фалсафа, жўғрофия (география), алжабр ва ҳандаса (алгебра ва геометрия), илми нужум (Астрономия) каби дунёвий илмлардан ҳам сабоқ берилган. Талабалар тарих фанини мустақил равишда ўрганишган. Бироқ физиқо, тиббиёт, кимё фанлари ўқитилмаган, ўқувчиларга эса булардан мустақил билим олиш тақиқланмаган.
Талабалар мадрасаларда уч босқичга бўлиб ўқитилган: Адно (қуйи босқич)да бошланғич таълим, ўқиш-ёзиш, шариат билимлари берилган, Авсат (ўрта босқич)да асосан тафсир, ҳадис, фиқҳ илмлари ўқитилган, Аъло (юқори босқич)да ақоид, мантиқ, балоға ва табиий фанлардан сабоқ берилган. Ҳар уччала бўлимда ўқиш уч-тўрт йил давом этган ва талабалар жамоага бўлиб ўқитилган. Бир жамоада 5-15, баъзиларида 20 тагача талаба бўлган.
Мадрасаларда ўқув йили 120 кун давом этган. Ҳафтада тўрт кун машғулот бўлган, чоршанба ва пайшанбада талабалар бўш бўлишган, шахсий ишлар, мустақил билим олиш билан шуғулланишган, жума куни дам олиш куни қилиб белгиланган. Рамазон ойида ўттиз кун, Рамазон ва Қурбон ҳайити кунларида икки ҳафта машғулот бўлмаган. Ёзги таътил май ойи охиридан бошланиб, бутун ёз бўйи давом этган. Унда муллаваччалар ўз уйларида ёҳуд бошқа ерларда ишлаб, тирикчиликларига маблағ йиғишган.
Намангандаги мадрасалардан ҳам ўнлаб, юзлаб аҳли илмлар, зукко ва доно фозиллар, ҳам ухровий, ҳам диний билимлар билан қуролланган уламои киромлар етишиб чиқдики, улар ҳам ўз навбатида юрт ёшларига илм бериш, ахлоқ-одоб ўргатиш, Аллоҳнинг динини танитишда кўп эзгу, хайрли ишларни қилиб, номларини шон – ҳурматга буркаб ўтишди. Наманганликлар, қолаверса бутун мамлакат халқи улуғ уламоларимиз, тақво ва билимда пешво бўлган мударрисларимиз номини, ишларини ҳанузгача ҳурматлаб, эслаб, фахрланиб келишади. Мулла Бозор охунд, Абдулазиз Мажзуб Намангоний, Саййид Иноятуллоҳ ибни Саййид Улуғхон, Муҳаммадхон тўра ибн Меҳмонхон тўра, Авлиё домла, Шайх мулла Сатти охунд Абдурозиқ охунд ўғли, Мавлоно Собитхон тўра ибн Файзхон тўра, Исмоил махдум, Исҳоқ махдум каби ўнлаб уламоларимиз юртга илму-ирфон тарқатиш, халқни маърифатли қилиш, кишиларга Ислом шариати аҳкомларини тушунтириш ва тарғиб қилишда улкан хизматларни қилиб кетишган.

НАМАНГАНЛИК МУДАРРИСЛАР
 
МАШРАБНИНГ ПИРИ УСТОЗИ

ХVII асрдаги Қўқон хонлигининг кўзга кўринган уламоларидан бири, бутун Фарғона водийсида ном чиқарган мударрис Убайдуллоҳ Охoнд Мулла Бозорнинг ёшлик йиллари Наманганда кечган. У зотнинг ота-оналари асли қашқарлик бўлган. Убайдуллоҳ Наманганда таваллуд топган. Ёш Убайдуллоҳ илм излаб Бухорои шарифга боради. У ерда мадрасада жон-дили билан таҳсил олади, Қуръони каримни хатм қилади, араб, форс тилларини мукаммал эгаллайди.
Бухородаги таҳсилни тугатиб, Ҳўқанд (Қўқон) шаҳрига келадилар. Шаҳарда «Подшоҳ пирим» қабрларини зиёрат қилиб, ана шу жойда таомилга кўра қирқ кун чилла ўтирадилар. Тушларида Наманган шаҳрида истиқомат қилиши кераклигига далолат бўлади. Убайдуллоҳ Охунд Наманганга келиб, шаҳар қозиси Юсуфбекнинг тавсиясига кўра Курашхона даҳасидаги катта бозор ёнида жойлашган масжидга имом-хатиб этиб тайинланади. Бу зотнинг номлари Мулла Бозор бўлиб кетишига ана шу ҳолат сабаб бўлган, дейишади муаррихлар. Бозор масжидининг мулласи сифатида довруғ чиқарган Убайдуллоҳ шундан кейин Мулла Бозор Охунд номи билан танилди.
Мулла Бозор Охунд имомлик даврларида Бухорода олган билимларини Наманганда тарқата бошлайдилар. У зот ўнлаб, юзлаб шогирдларига илми тафсир, илми ҳадис, фиқҳ, мантиқ каби илмлардан эринмай сабоқ берар, уларнинг тақвоси, одоби ҳақида кўп қайғурардилар. Ўзлари зуҳд, тақво, парҳезкорлик бобида ўз даврининг тенги йўқ уламоси даражасига кўтарилдилар.
Хусусан кечаларни аксар бедор ўтказиш у зотга бир сирни ошкор қилади. Мулла Бозор одатларига кўра кечани уч қисмга бўлиб, биринчисида Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» китобини, иккинчисида Қуръони каримни мутолаа қилиб, учинчи қисмда Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлардилар. Ана шундай бедор кечалар давомида кетма-кет уч кунгача зикрга чорлаган овоз эшитилаверади. Бу сирнинг тагига етмоқ учун Мулла Бозор Бухорога қайтиб бориб, устозлар маслаҳатига қулоқ солишга мажбур бўладилар.
Бухоро шаҳрида мақсад умидида Мулла Бозор бир ошпазга шогирд тушиб, хизмат қилиб турадиган бўлади. Аллоҳнинг инояти билан бир куни ошхонага Бухоронинг улуғ шайхларидан бири, Нақшбандийлик сулукини юргизаётган Мирзо Баҳодирхон эшон ташрифи қудум қилиб, ошпазнинг таомидан тотиб кўрмоқни ихтиёр қиладилар. Овқатдан бироз татиб кўргач, уни ошпазга қайтариб бериб: «Менга сенинг таоминг эмас, қўл остингдаги шогирдларинг керак», дейдилар. Ошпаз шогирдларини бошлаб келса, улар орасида Мулла Бозорни танлаб олиб кетадилар. Шу тариқа Мулла Бозор бир неча йил Эшони Мирзо хизматларида бўлиб, тасаввуф илми ва тариқат маънавиятидан баҳраманд бўлдилар.
Шундан сўнг Мулла Бозорга ижозат бўлади. У киши Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд зиёратларидан сўнг Наманганда содир бўлган сирнинг тагига етгандай бўладилар. Демак, ибодат асносида ҳамма вақт «Зикри Ҳақ» да мустақим бўлиш керак, Зикри Ҳақнинг овози бошқа ибодатдан юксак, деган таъвилга келадилар.
Мулла Бозор Охунд яна Наманганга қайтиб келадилар. Асосий вақтларини имомлик, мударрислик вазифасида ўтказиб, кечалари Аллоҳнинг зикри, ибодат билан машғул бўладилар. Кўплаб шогирдларига илм-маърифатдан сабоқ берадилар, муршиди комил сифатида тариқатга бошлаб, устозлик қиладилар. Шогирдлари орасидан Бобораҳим Машраб каби оташнафас, қаландар шоирлар ҳам етишиб чиққан. Мулла Бозор Охунднинг Машрабга устозлик қилгани ҳақида атоқли ўзбек маърифатпарвар олими профессор Абдурауф Фитрат шундай деб ёзади:
«Манқабага кўра, Машраб Намангонда туғилган, оиласи жуда қашшоқ бўлган, онаси ип йигириб сотиб, оила овқатини топар экан. Ота-онаси уни 15 яшарлигида Охунд Мулла Бозор исмли бир шайхнинг тарбиясига берадилар. Машраб Мулла Бозор Охунднинг рухсати билан Хитой Туркистонига сафар қилиб, Қашқардаги Офоқ хўжаға мурид бўладир. «Машраб» тахаллусини ҳам шундан оладир».
Профессор Фитрат Мулла Бозор Охунднинг ўзлари ҳақида қуйидагиларни ёзади: «Бухороли Баҳодир эшоннинг муриди бўлган Охунд Мулла Бозор наманганли бўлиб, Фарғонада машҳур ва маълум бир мулла бўлган, қабри бу кун Намангон шаҳридадир. «Тарихи Шоҳруҳия» ва «Ансаб ус-салотин» китобларининг бир-биридан оз фарқли ривоятларига кўра, Фарғона хонлигининг сулола бошлиғи бўлган Шоҳруҳнинг ўлим тарихини мазкур Мулла Бозор абжад ҳисоби билан «зикр» иборасида топқон. Мажзубнинг «Тазкират ул-авлиё»сида ҳам Мулла Бозор ҳақида маълумотлар бор».
Умрларининг охирида Офоқ хўжанинг катта ўғиллари Наманган шаҳрига сафар қилиб, Мулла Бозор Охунд билан кўришадилар ва падари бузрукворларининг бу зот ҳақларидаги олий мақтов сўзларини етказадилар. Мулла Бозор Охунднинг зикр, суҳбат, ибодатларини, бу зотдаги Аллоҳга бўлган улуғ ишқ, ана шу илоҳий ишқ йўлидаги куйиб-ёнишларини кўрган Офоқ хўжанинг ўғиллари «бу киши ичидан олов чиқиб ўлмаса эди», дея каромат қиладилар. Аллоҳнинг иродасини қарангки, тақдир тақозоси билан Мулла Бозор Охунд ҳижрий 1143 йили (мелодий 1730) шайх ҳазратлари айтганларидек вафот топдилар. Улуғ олим, зукко мударрис, шоҳ Машрабнинг пири-устози Мулло Бозор Охунд шаҳарнинг Курашхона даҳасида, тириклик чоғларида ўзлари яхши кўрган тут дарахти яқинига дафн этилганлар. Ҳозир бу зотнинг мақбаралари қайта таъмир қилиниб, ёнига жомеъ масжиди ҳам тикланган.

ҲАМ ШОИР, ҲАМ МУДАРРИС
Адабиёт тарихида Хўжа Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Машраб, Сўфи Оллоҳёр, Ҳувайдо, Ҳазиний каби мутасаввуф шоирларнинг жуда улуғ хизматлари бор. Х1Х асрда Туркистон адабий муҳитига сезиларли таъсир кўрсатган Абдулазиз Ҳасанҳўжа ўғли Мажзуб Намангоний ҳам Қодирия ва Нақшбандия тариқатининг пири комили, атоқли мутасаввиф шоир, олим, мударрис эдилар.
Мажзуб Намангоний ХVIII асрнинг ниҳоясида Наманганнинг Дегрезли даҳасида туғилиб ўсган ва ХIХ асрнинг 60- йиллари охиригача яшаб, ижод қилган. Дастлабки илмни ўз шаҳри Наманганда олади. Кейинчалик Бухоро мадрасаларида такомилига етказади, Қуръон, ҳадис, фиқҳ илмларини, араб, форс тилларини, тасаввуф адабиётини эгаллайди. Бухоро яқинидаги Янгиқўрғон қишлоғида халифа Ҳусайндан тариқат одобларини ўрганиб, илму-ирфонда камолотга етади. Шоир Самарқанд ва Қўқонда ҳам бир муддат юриб, улуғлар, фозиллар суҳбатидан баҳраманд бўлади.


Эшони Мажзуб шундан сўнг Наманганга қайтиб келиб, ихлосмандлари кўпайди, кўплаб муридларга пири комил бўлиб танилдилар. Мадраса очиб, шогирдларга сарфу-наҳв, Қуръону ҳадис, фиқҳу – балоғадан ташқари тариқат одоби, тариқат маънавиятидан ҳам сабоқ бердилар.
Мажзуб Намангоний худди Машраб каби оташнафас, қайноқ, жазбали шоир бўлганлар. Бежизга устозлари халифа Ҳусайн унга Мажзуб деган тахаллусни танлаб бермаганлар. (Мажзуб-жазбали, ҳайратланган, жазавали, девона маъноларида).
Ривоят қилишларича, ёз кунларининг бирида Ҳусайн халифа ўз муридлари билан дала йўлида хуфя зикр ила машғул бўлиб келишаётган экан. Баногоҳ бир ариқчага дуч келишибди. Ариқчадан хатлаб ўтишаётганда Абдулазизга:  «Халқумни бўшатинг, Абдулазиз!» деб қичқириб юборибди. Мурид ичидан пўртана янглиғ отилиб чиқаётган «Аллоҳ» калимасини баралла, ошкора айтибди. Ўша кундан бошлаб Абдулазиз зикри хуфёнадан зикри жаҳрияга ўтибди. Бошқа шогирдлар пири муршиддан «Нега ўшанда Абдулазизга жаҳрияга ижозат бердингиз?» деб сўрашганида, Халифа Ҳусайн: «Агар ўшанда жаҳрияга рухсат бермаганимда унинг дили куйиб кетар, ўзи ҳалок бўларди», деб жавоб қилган экан.
Абдулазиз Мажзуб Намангоний ана шундай жазбали, оташнафас, Аллоҳга яқин ва элга маҳбуб шоир эдилар. У зотнинг девонига кирган ғазаллар Аллоҳнинг ишқида куйиб-ёнган ошиқнинг дил нолаларига тўлиб-тошган, «дўст васлини тилаб» унинг ҳажрида илтижо ила ёлборган хароботийнинг, «жону дилни Ҳаққа топширган» дарвешнинг ўтли дардлари ила безанган:

Машғул этиб Ўзингга айла мени қаландар,
Ул Нақшбанд валийға айла ғуломи чокар.
Олдим асо қўлимға, тушдим сани йўлингга,
Толибингга мухлис қил, этма мани мукаддар.

Яна бир ғазалида шоир «қаландар хайли ҳар ён айланиб» саргашта бўлган ошиққа «Гўяки Лайлини топар Мажнун биёбон айланиб» дея тасалли беради, Аллоҳнинг васлига етмоқ умидида бўлган ошиқ аҳли, яъни  мурид риёзатларга, қийноқ-синовларга чидамоғи, ибодатни кўпайтирмоғи зарурлигини, шундагина Ҳақ васлига етиб, мурод ҳосил бўлишини баён этади:

Негадур сайру қаландар хайли ҳар ён айланиб,
Гўяки Лайлини топар Мажнун биёбон айланиб.
Кам кўрибмиз изламай мақсуд муяссар бўлмоғи,
Гулга булбул етди кўп гулзори бўстон айланиб.

Мажзуб байтларидаги илоҳий ишқ тараннуми, ошиқнинг ваҳдат майини сипқориб масту-ҳайрона ҳолатда Ёр васлини қўмсамоғи инсон руҳиятида зилзила ясайди, қалбларидаги Аллоҳга бўлган муҳаббат торларини беаёв чертиб юборадики, солик Аллоҳ зикрига машғул ҳолда маънавий ҳузур-ҳаловат оғушига ғарқ бўлиб кетади:

Ба дарғо шаҳнаи ишқ этти шаҳри эътиборимдин,
Аюрди дард даштида қароғлаб йўқу-боримдин,

Ўлумдин сўнг вафо доғин кўнгулдин қўйма, эй ҳоким,
Тикон ўрниға андоқ лолалар чиққай мозоримдин.

Дамодам рақс айланг, дардманлар, мен ўлон тобда,
Қуюни дард айлансин Бистунға кўҳсоримдин.

 Абдулазиз Мажзубнинг муридларидан бири, Махмур тахаллуси билан яхшигина шеърлар ёзган зот устозлари ҳақида мана бу сатрларни битиб, Мажзубнинг инсоний фазилатлари, пирлик салоҳиятлари, кашф-кароматларини шундай тасвирлайди:
Маъно дуррини кони,
Мажзуби Намангоний.
Ошиқ элининг жони,
Мажзуби Намангоний.
Олам кўзида Мажнун,
Ҳам Шиблий, ҳам Зуннун.
Ўт лағчасидек гулгун –
Мажзуби Намангоний.
Мажзубнинг ўзбекона, содда, равон ва ўйноқи байтлари замирида Қуръон оятлари ва Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларига ишоратлар, Аллоҳга муножотлар ва ҳамдлар, Пайғамбар алайҳиссалом ва авлиёлар зикрини куйловчи наътлар қоришиб кетганки, бу уни ўз даврининг энг етук ва иқтидорли тасаввуф шоири даражасига олиб чиққан.
Эшони Мажзуб айни пайтда замонасининг йирик мударриси ҳам эдилар. Наманган шаҳрида «Азизхўжа эшон мадрасаси» номи билан донғи ҳар томонга кетган мадраса шу зотнинг саъй-ҳаракатлари билан барпо қилиниб, фаолият олиб борди. Мовароуннаҳр диёрида машҳур бўлиб кетган жуда кўп олиму-фозилларни етиштириб берди. Мажзубнинг етук шогирдларидан халифа Абдулҳаким Мулло Баҳоуддин ўғли Ҳўқандий (Ҳаким халифа) устознинг бутун девонини кўчириб ёзган, ёд олган, Тошкент ва Наманган матбааларида бир неча марта чоп эттирган. Ҳаким халифа мактабидан Мирмаҳмуд Қорий, Зиёуддин Ҳазиний каби машҳур шоирлар етишиб чиққан.
Мажзуб Намангоний илм тарқатиш билан бирга ўзлари ҳам илмий-тадқиқот олиб борганлар. У кишининг форс тилида ёзган «Тазкират ул-авлиё» («Ҳуруфи Роқим» номи билан ҳам машҳур) илмий-тарихий асарида 1753-1800 йилларда Раҳимхон ва Шоҳмуродлар ҳукмрон қилган даврдаги Бухоро хонлигида кечган тарихий воқеалар қаламга олинган. Китобда ўша даврнинг сўфий шоирлари, авлиёлар, фозиллар ҳақида, хусусан Бобораҳим Машраб ва шоирнинг устозлари Мулла Бозор Охунд, Офоқхўжа эшон хақларида ҳам қимматли маълумотлар берилган.
Мазкур асар ҳақида профессор Абдурауф Фитрат ўзининг «Машраб» мақоласида бир неча бор тўхталиб, унга мурожаат қилади: «Вяткин домулла Машрабнинг тарихий шахс эканига шубҳа билан қараб, унинг афсонавий эканига ҳукм қилмоқчи бўладир... Машраб ҳақида ёзилган китобларнинг бешинчиси Мажзуб Намангонийнинг «Тазкират ул-авлиё»сидир.» «Мажзуб Намангоний ўзининг «Тазкират ул-авлиё»сида Офоқ Хўжа муридларидан қашқарлик Мақсуд Хожанинг ҳам «Маснавий»ни ўзбекча шарҳлаб, дарс бериб юрганини махтаб ёзадир». «Машрабнинг ўз замонида теран мутасаввиф ва кучли шоирлардан бўлғанини асарларидан онглағанимиз каби у тўғрида Мажзуб Намангоний «Тазкират ул-авлиё»сида бизга очиқ хабарлар берадир».
Мукаммал девон, «Тазкират ул-авлиё»дан ташқари Мажзуб Намангоний «Маноқиби аҳли сулук» («Тариқат аҳли сифатлари»), «Дар тавзиҳ» («Изоҳлаш тўғрисида») номли асарларни ҳам яратган.
Абдулазиз Мажзубдан икки ўғил ва бир қиз қолган. Ўғилларининг тўнғичи Абулқосим эшон халифа бўлганлар, Маккаи Мукаррамага кетиб, ўша ерда дафн этилганлар. Кичик ўғли Ботирхон эшон Наманганда қолганлар, кучли воиз бўлганлар. Қизларининг исми Мўйрахон бўлиб, Мавлавий Намангоний билан турмуш қурганлар, етти фарзанд кўришиб бари норасида ўлиб кетган. Мўйрахон ойим қабрлари ҳозир Мажзуб Намангонийнинг оила хилхоналарида.
Абулқосим эшон уч ўғил, икки қиз кўрганлар. Ўғилларининг тўнғичи Отауллоҳхон тўра, сўнг Файзуллохон ва Қодирхон тўралар, қизлари Фотимахон ва Робиахон ойимлар.
Отауллоҳхон тўра ҳам боболари эшони Мажзубга ўхшаб замонанинг йирик тасаввуф олими, мударриси, сулук тутган пири муршид, орифи биллоҳ бўлганлар. Бу зот ХХ аср бошида Наманганда масжид ва мадраса қурганлар, масжид хонақоҳи гумбазининг катталиги жиҳатидан Ўрта Осиёда ноёб ҳисобланади.
Отауллоҳхон тўрадан тўрт ўғил, уч қиз қолган: Ҳамидхон тўра, Шамсиддинхон тўра, Нажмиддинхон тўра, Мадаминхон тўра, Обидахон, Сожидахон ва Иноятхон ойимлар. Булардан Шамсиддинхон тўра Ёркент (Қашғар)га кетиб, ўша ерда вафот этганлар, Нажмиддинхон тўра эса Маккаи мукаррамада сўнгги макон топди. Мадаминхон тўра иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган.
Ҳамидхон тўра фарзандлар ичида илм ва тақвода комил бўлганлар. У киши ўттиз ёшдаёқ мураттаб қори, илму ҳол ва илму қолдан етук билим олган фозил киши бўлганлар. 1331 ҳижрийда оғир хасталикдан ёш кетиб қолганлар. Ҳамидхон тўра вафотларига наманганлик Муҳаммадхўжа мулло Мирхўжа эшон марсия битган, бу асар «Матбааи Исҳоқия»да кўпайтирилиб тарқалган.
Ҳамидхон тўранинг рафиқалари Шарофатхон ойим Чуст музофотининг қозикалони Масъуд Маҳзумнинг қизлари бўлган. Бу зот бир мунча вақт Худоёрхон саройида хизматда бўлиб, мукофотлар олган, аммо кейинчалик норози бўлиб, саройдан ўзини тортган. Шарофатхон ойим Ҳамидхон тўрадан бир ўғил ва бир қиз кўриб, уларни ўзлари камолга етказганлар. Қизлари Зайнабхон пошша замонанинг йирик олимларидан Исмоил Махдум ибн мулла Сатти Охундга турмушга чиққанлар ва бир қиз туғилгач оғир касалликдан 23 ёшда ўтиб кетганлар. Шарофатхон ойимнинг ўғиллари Маматхон эшон ҳам мадраса кўрган, бобокалонлари Мажзуб ғазалларини ажиб бир хуш овозда ёддан ўқигувчи, Яссавий ҳикматларини тўла ёддан айтгувчи эдилар. Муаллифлардан бирларини шу зот тарбия қилдилар. Зайнабхон пошшанинг ёшгина етим қолган қизлари Мамнуна Исмоил қизи ҳам 56 ёшда фано оламини тарк этдилар. Мажзуб Намангонийнинг бошқа авлодлари ҳақидаги маълумотлар ҳам тўпланган, шу кунларда у зотнинг оилавий хилхоналарида бир неча мухлислар ташаббуси билан бир ёдгорлик мақбара тикланмоқда.
Мажзуб кучли жазба соҳиби, Аллоҳнинг зоти ва сифатини вужуд-вужуди билан севгувчи, ҳамиша ишқли, дардли хароботийларни изловчи орифу биллоҳ эдилар. Шоҳ Машрабнинг изидан бориб, машрабона ғазаллар битган, мадраса тутиб, қанча-қанча муридларга илм-ирфон тарқатган аҳл-фазл, аҳли заковат, аҳли тақво инсон эдилар. Мажзуб Намангонийнинг тасаввуфий-фалсафий асарлари, сўфиёна ғазаллари халқимизнинг маънавий-ахлоқий тозаришига, ёшларни комил инсонлар қилиб тарбиялашга хизмат қилиб келди ва бундан кейин ҳам хизмат қилаверади.



МАЪРИФАТ ФИДОЙИСИ


ХIХ асрнинг бошида Наманган музофотидаги зиёли, диндор Саййид Улуғхон хўжа хонадонларида бир фарзанди аржуманд дунёга келди. Унга катта умидлар ва хурсандчиликлар ила Иноятуллоҳ деб исм қўйилди. Падари бузруквор ва волидаи меҳрибоннинг орзулари ушалди, фарзандлари замонанинг атоқли уламоларидан, номдор мударрислардан бири бўлиб етишди.
Саййид Иноятуллоҳ бошланғич таълимни она-шаҳарлари Наманганда олдилар. Сўнгра илм талаби билан Ҳўқанди латифга бориб, бир мунча таҳсил кўрдилар. Бу ҳам камлик қилиб қолади. Бухорога бориб ўша даврда шаҳарнинг машҳур уламоларидан бўлган Мулла Икромча домлада билимларини камолга етказадилар. Ўқиганда ҳам роҳат-фароғатдан кечиб, кўп риёзатлар кўриб, қунт билан таълим олдилар. Бу кишининг талабаликдаги ақл-идрок ва заковатларини, қувваи ҳофизаларини кўрган талабалар «Иноятуллоҳ Бухоро илмининг ярмини юртига олиб кетди» дея таҳсин ўқиган, қойил қолган эканлар. Ҳатто ўзларининг эътироф этишларига қараганда: «Ду чорак (90 кило) китобни ёд биламан», деган эканлар.
Саййид Иноятуллоҳ ибн Саййид Улуғхон хўжа ниҳоят даражада ҳалим, нозиктаъб, заковатли, ўткир ҳофизали киши бўлганлар. Ана шу фазилатлар баробарида аҳли илмларга, ҳофизу каломуллоҳларга муҳаббатлари ва эҳтиромлари улуғ бўлган. Замондошларининг ривоят қилишларича, бир гузардан отда ўтиб кетаётсалар рўпараларидан 9-10 ёшлардаги бола чиқиб қолибди. Ҳазрат дарров отдан тушиб, болага яқинлашгач салом берибдилар. У ўтиб кетгандан кейингина яна отларига миниб олибдилар. Шундай улуғ олимнинг ёш болага бу қадар иззат-икром кўрсатганлари сабабини сўрашганида «бу боланинг ичида Аллоҳнинг каломи турибди (яъни бола Қуръонни ҳифз қилган қори экан), қандоқ қилиб унинг ҳузуридан отда ўтай», дея таажжубга тушган эканлар.
Бу зоти бобаракотнинг фарзандлари ҳам замонасининг йирик уламолари ва фозиллари бўлиб етишишди. Ўғиллари Тожихон махдум, Убайдуллоҳхон махдум, Лангарийлар ҳам ўз даврида анча машҳур аҳли илмлардан бўлишган.
Саййид Иноятуллоҳхон умрларининг кўп қисмини шогирдларига таҳсил бериш, мадраса юрғизиш, талабаларга илму ҳол ва илму қолдан сабоқ бериб, илм ва фазилатга бой кишилар қилиб тарбият қилишга бағишладилар. Бу йўлда ҳар қандай ранжу-ташвишга тайёр эдилар. Бу зотнинг ўнлаб шогирдлари устозининг ният-мақсадларини рўёбга чиқариб, замонанинг етук олимлари қаторидан жой олишди. Ана шундай уламолардан Саййид Муҳаммадхон, Саййид Собитхон тўра, Ҳазрати Авлиё домла, Нодим Намангоний, Исҳоқхон тўра Ибрат ва бошқалар Саййид Иноятуллоҳнинг пешқадам шогирдлари бўлишган.
Улуғ олим, фазилатли мударрис, Наманганда илму-ирфон тарқатиш ишининг фидойиларидан бири Саййид Иноятуллоҳ 1898 йили Наманганда вафот этдилар. У кишининг вафоти аҳли илмни қаттиқ қайғуга солди, устозларини бақо оламига кузатгани юзлаб-минглаб шогирдлари ва мухлислари мамлакатнинг ҳамма бурчакларидан етиб келишди. Улар шунчалик кўп эдики, устозни ғусл қилдириб, кафанлаш тадбирларини ким бажаришлиги қуръа ташлаш йўли билан аниқланган эди. Аллоҳ таоло бу фозил инсонни ва ихлосмандларини ўз раҳматига олсин!

МУҲАММАДХОН ТЎРА САБОҚЛАРИ

ХIХ аср Наманган маърифатпарвар мударрислари ўртасида Муҳаммадхон тўра Меҳмонхон тўра ўғилларининг алоҳида ўринлари ва хизматлари бор. Бу зот 1850 йили Наманган шаҳрида таваллуд топганлар. Ёшликда ўз оталарида савод чиқарганлар. Кейинчалик ўша даврнинг номдор алломаларидан Иноятуллоҳ домла ҳазратларида таҳсил кўрганлар. Ислом фиқҳи, тафсир ва ҳадис илмидан мукаммал билим олиб, шаҳарнинг пешқадам олимлари қаторидан жой оладилар.
Муҳаммадхон тўра катта оиланинг бошчиси эдилар, у кишининг 16 фарзандлари бўлган. Аммо шундоқ катта рўзғорни фақат мактабдорлик, мударрислик билан топилган ҳалол маблағ билан бошқариб, фарзандларини аҳли солиҳ, аҳли тақво инсонлар қилиб тарбият этганлар. Замондошларининг ривоят этишларича, Муҳаммадхон тўра ажойиб хушсурат, юзларидан нур ёғилиб турган, ҳоксор ва ҳалим киши бўлганлар, ҳатто ёш болалар билан ҳам сизлаб, яхши муомалада бўлганлар.
Етук олим, фазл эгаси бўлиб етишган Муҳаммадхон тўра имомлик ва мударрислик фаолиятларини шаҳарнинг Чорсу даҳасида бошлаганлар. Анча йиллар бу ердаги «Дарвоза эшик» масжидида хатиблик ила машғул бўлдилар. Масжид ёнида жиҳду-жаҳд қилиб ва ўзлари бош бўлиб, шаҳардаги илғор мадрасалардан бирини барпо қилдилар. Мазкур мадрасадаги машғулотлар эрта субҳдан бошланиб, токи пешин намозигача давом этган. Дарс беришга ҳурмат-эҳтиромлари сабабидан бутун машғулот пайтида чўкка тушиб ўтирар, пешин намозига азон айтилгандан сўнггина ўринларидан қўзғолар эканлар.
Муҳаммадхон тўра ўз даврининг етук олими, муршиди комили, заковатли ва кенг қамровли мударриси деб эътироф этилган. Ҳаётларида бирон-бир сўзни ўринсиз ишлатмаганлар, сўз ёки ваъз қилсалар бирор марта лаҳжа (шева)да гапирмаганлар. Сўзни мухтасар қилиб, қалбга етиб борадиган қилиб айтардилар. Ваъзни хуш овозда, берилиб, тушунарли ҳолда қилганлар, ҳатто охирги сафдаги кишиларга ҳам англашилган. Ана шу хислатлар бу зотнинг аҳли тамиз, аҳли заковат инсонлардан бўлганларини, яхшигина нотиқликларини исботлаб турибди. Ўлим ва мударрис Муҳаммадхон тўра зуҳду-тақвода, парҳезкорликда ҳам ҳамкасб ва шогирдларга ибрат бўлгулик ҳаёт кечирганлар. Тариқат ва шариат йўлини маҳкам тутган устоз ҳузурларига келиб қолган ҳадяларни ўша заҳоти талабаларга, қарияларга, боқувчисини йўқотган муҳтож оилаларга хайрия қилиб тарқатганлар. Хусусан рамазон ойларида муҳтож ва ночор кишиларни уйларига чорлаб, ифторлик қилиб берганлар. Бу зот вафот этганларида шаҳар бойларининг сардори Мағзум Тарали у кишининг бисотларини тақсимлаб бергани кирганда ҳайратдан қотиб қолган экан. Ана шундай номдор олимнинг бутун мол-мулки бир сидирға кийим, бир обдаста, бир асо, бир пўстак ва тасбеҳдан иборат бўлган экан. Умрларининг охирги йилларида она шаҳриларини тарк этиб, Тошкентда яшашга мажбур бўлганлар. Ўша ерда тошкентлик бир сахий бой у кишини эллик сотихли боғига жойлаб, кўп илтифот ва эҳтиромлар кўрсатган экан. Буни марҳум устозимиз Шамсиддинхон қори домла сўзлаб бергандилар. Кейинчалик Муҳаммадхон тўра Наманганга қайтиб келиб, 1928 йилнинг июлида вафот этдилар.
У кишининг вафоти Наманган аҳли учун чинакам мотамга айланиб кетди. Дафн маросимига узоқ-яқиндан етиб келган ихлосмандларнинг сони шунчалик кўп эдики, жасадлари солинган тобутга қўл текизиб олишга иштиёқмандларнинг ихлоси туфайли жасадни уч соатгача жаноза ўқилган масжиддан олиб чиқишнинг имкони бўлмаган экан. Муҳаммадхон тўра Наманганнинг «Мавлавий» қабристонига дафн этилдилар, Аллоҳ таоло бу зотни ғариқу раҳмат қилсин!

ДУНЁ ТАНИГАН ОЛИМ

Юртимизнинг атоқли олимларидан, узоқ йиллар Мадинада истиқомат қилиб турган Дадахон махдум шундай деган эканлар: «Собитхон тўра Мовароуннаҳрнинг етук уламоларидан, у кишининг вафоти билан Намангоннинг ёрқин юлдузи сўнди».
... Мулла Умар Али Охунд етук олим ва фозил инсон бўлганлар, шогирдларидан бир неча муфти, қози чиққан. Ана шундай фазл эгаси ҳам шунча тақволи, илмли шогирдлари туриб бақога риҳлат қилиш соати яқинлашганда жанозаларига Собитхон тўрани ўтказишни васият қилган эканлар.
... Бухоронинг машҳур алломаси Мулла Асвад Махдумга Собитхон тўранинг довруқлари етиб борибди. У тўра билан баҳс этиш учун Наманганга келади. Собитхон тўранинг ўз хонадонида шогирдлари билан қилаётган мунозараларини тинглаб, мот қилишга кўзи етмай, бир сўз демай жўнаб қолган. Хўш, Собитхон тўра ким бўлганлар?
Наманган, ҳаттоки бутун Фарғона водийсининг шуҳратини етти иқлимга ёйган, чуқур билим, кенг мушоҳада, юксак тақво соҳиби бўлмиш Собитхон тўра ғоятда табаррук инсон, орифу биллоҳ, соҳиб каромат олим бўлганлар. Собитхон тўра саййидлардан бўлиб, тўлиқ исми-шарифлари шайх Мавлоно Саййид Собит Алил-маъни ал-Ҳанафий ибн саййид Файзхон ан-Намангонийдир. Бу зот ҳижрий 1283 (мелодий 1866) йили Наманганнинг таниқли уламоларидан Файзхон тўра хонадонида дунёга келганлар. Файзхон тўранинг ўн ўғли бўлиб, шундан тўрт нафари ёшлигида ўтиб кетган. Яҳёхон тўра, Довудхон тўра, Икромхон тўра, Камолхон тўра, Собитхон тўра, Жунайдуллахон  тўра – ана шу олти ўғилнинг ҳаммаси замонасининг етук фозиллари, алломалари сифатида ном қозонишганди. Ака-укалар ичида айниқса Собитхон тўра ўзининг нозик заковати, ақл-идроки, зоҳидлиги ва тақвоси билан ажралиб турарди.
Собитхон илк сабоқни падари бузруквори Файзхон тўрадан олдилар. Кейин шаҳардаги Азизхожа ва Саййидқулбек мадрасаларида таҳсил кўрдилар. Ўша йиллари Наманганнинг атоқли уламоларидан Иноятхон Лангарий ҳазратлари ҳам Собитхон тўрага устозлик қилгандилар.
Шундан сўнг ёш Собитхон чуқурроқ илм олиш мақсадида Ҳўқанди латифга отланади. Бу ерда Қўқон хони Муҳаммадалихон барпо қилдирган Мадрасаи Хонда таҳсил кўрди. Илми тафсир, илми ҳадис, фиқҳ бобида илмларини итмом қилиб, етук аллома мақомини олгач, она шаҳри Наманганга қайтди. Бу ерда бир мунча вақт талабаларга дарс бермоқ ила машғул бўлди, ўзи ҳам илмини камолига етказди.
Саййид Собитхон илк бора ўн икки ёшида ҳаж қилгандилар, шундан кейин ҳам бир неча бор Аллоҳнинг фарзини адо этдилар. Охирги марта ҳаж қилганда бир муддат Мадинаи мунавварада истиқоматда бўладилар. Бир кеча тушда жаноби Расулуллоҳни кўришга муяссар бўлдилар. У зот олимга «ватанга қайтгин!» ишорасини қиладилар. Шундан кейин Собитхон тўра Наманганга қайтиб келиб, мактабдорлик қиладилар, шогирдларига илми қол ва илми ҳол ўргатиб тарбият этадилар. Кейинчалик Намангандан етишиб чиққан ўнлаб улуғ алломалар фахр билан: «Собитхон тўрамдан сабоқ олганман» дея айтгувчи эдилар. Ана шундай шогирдларидан бири Ҳомид мирзо Намангоний шўролар ҳукумати зулми ва истибдодидан жон олиб қочиб, Саудия Арабистонига ҳижрат қилади ва у ерда катта обрў-эътибор қозонади. Ўша ерда у устозининг фатволари асосида икки жилдли «Фатҳур-раҳмон» асарини ёзади. Мазкур асар 1976 йили Қоҳира (Миср) ва аввалроқ Саудия Арабистонида чоп этилади. Араб олимлари бу китоб қўлёзмаси билан танишиб, бу қадар саҳиҳ ва ҳар томонлама исботланган фатволарни берган улуғ олимнинг кимлиги билан қизиқиб қолишади. Ҳомид мирзо уларнинг қизиқишларини инобатга олиб, устозлари ҳақида мухтасар маълумотларни китобнинг кириш қисмига дарж этадилар.
Собитхон тўра ўша даврнинг энг кучли воизи, машҳур муфассири, юзлаб шогирдларга иршод берган етук устоз эдилар. Унинг ваъз-маъвизаларини тинглаш учун одамлар масжид ва дарсхоналарни тўлдириб юборишар, кўплар таъсирланиб йиғлаб ўтиришар, ҳатто баъзилари дод солиб юборишарди.
Тадқиқотчи олим Аҳмад Убайдуллоҳ шундай деб ёзади: «Собитхон тўра илоҳиёт, жуғрофия, фалсафа, руҳшунослик, риёзат ва бошқа илмлардан яхши бохабар бўлиб, бир неча китоблар ёзганлар. Бу китобларни асосан араб, форс-тожик, турк (ўзбек) тилларида битганлар».
Дарҳақиқат, олимнинг анча машҳур «Башорат ун-нажот фи ишоратус-салот» (Намоз ишоратида нажот башорати), «Рисолаи китоб ут-талоқ», «Кашф ун-ниқоб ан масъалат ул-ҳижоб» (Ҳижоб масаласидан ниқобнинг очилиши), «Ал-фатаво» асарлари араб тилида ёзилган бўлса, «Тажхиз ул-амвот» (Ўлганларни жиҳозлаш) ва бошқа асарлари турк, форс тилларида битилган. Бу китобларнинг асосий қисми тошбосма усулида чоп этилган ва толиби илмларга дарслик сифатида ўқитилган.
Собитхон тўра зуҳд ва тақвода маҳкам, дунё вас-васаларидан этак силккан зоҳид, соҳиб каромат аллома эдилар. У киши дунёнинг шодлигига севинмас, охират қайғусида тинмас, сабр-қаноатли эдилар. Китоблардан бошқа бойликлари ҳам йўқ эди. Рўзғорини суннатга мувофиқ тебратар, хонадонига оқиб келадиган эҳсон-ҳадяларни ўша куниёқ фақир-бечораларга, ночор шогирдларга тарқатиб юборар эдилар. Рўзғорда фақат бир кунликка етадиган таом қолдирардилар. Йиғин-мажлисларда мол-дунё хусусида сўз боришига йўл қўймасдилар. Хонадони эшиги олдида турли назр, совға-саломлар билан навбат кутиб турганларни кўриб: «Эй Тангрим, Ўзинг паноҳ бер, аста-секин шайтон макрига учиб кетмасам эди, деб қўрқаман», дея нола қиларди.
Ҳа, наманганлик улуғ аллома, аҳли фазл ва аҳли зуҳдлардан бири, орифи биллоҳ  Собитхон тўра ана шундай яшаб ўтдилар, Юртимизда илми ирфон тарқатиб, юзлаб шогирдларни тарбиялаб етиштирдилар. Бу зот ҳижрий 1346 (мелодий 1928) йилда Наманганда вафот топдилар.

ЗУҲДУ ТАҚВО САМАРАСИ

Ўн тўққизинчи аср ўрталарида аҳли солиҳ ва аҳли сафолар юрти бўлмиш Шўркентда (ҳозирги Янгиқўрғон туманида) Мулло Сотти охунд Мулло Абдурозиқ Охунд ўғли отлиғ зуҳду-тақвода якто, орифи биллоҳ, аҳли фазлу камол ичра танҳо, бир комил инсон истиқомат тутган эдилар. Шу боисдан такрор ва такрор Наманганга имомлик ва мактабдорликка таклиф қилингани сабабли ул зот охири бунга кўнмакдан ўзга чора топмади. Анча йиллар шаҳардаги Шариф ҳожи маҳалласи ва Хасти Хизр даҳасидаги масжидларда имомлик ва мактабдорлик қилди. У кишининг тақвоси ва парҳезлари ҳақида кўпгина ривоятлар борки, улардан бирини келтириб ўтмоқ жоиздир. Охунд ҳазратлари ўзгалар дастурхонидан таом емас, зарурат туғилганда енг ичида уйдан келтирилган бир бурда нонни ушоқлаб оғизга солиб ўтирардилар. Иттифоқо, ўз хонадонидаги меҳмондорчиликда бу ҳолатни сезиб қолган шогирдларидан бири устозидан бироз ўпкаланди: «Тақсир, наҳот ўз шогирдларининг дастурхонидан ҳам ҳазар қилсалар?». Бунга жавобан ул зот: «Йўқ бўтам, гап сизнинг таомингиз ҳалоллиги ёхуд менинг халқумим поклиги ҳақида эмас, балки зурриёдларимнинг тақвоси тўғрисида бораётирки, бас, бунда каминани маъзур тутгайсиз», деган эканлар.
Исмлари Сатти бўлишининг замирида ҳам улуғ бир ният-мақсад ётади. Сатти лафзи «билимдон», «моҳир» деган маъноларни англатади. Дарҳақиқат ота-оналарининг исм қўйишдаги орзу-умидларини Аллоҳ таоло рўёбга чиқарди, у киши замонанинг энг билимдон, энг моҳир мударрисларидан, ақл, фазл соҳиби бўлган уламоларидан бўлиб етишдилар.
Ёшлик пайтларида Наманган шаҳрида юксак фазилатли Саййид Яҳёхон тўра ҳазратларининг мажлисларида бўлиб, у зотнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлган эканлар. Шунда Яҳёхон тўра бу кишига каромат билан «Исмингиз солиҳ бўлсин» деган эканлар. Пири комилнинг кароматлари Аллоҳ таолонинг иродаси ила рост чиқиб, мулла Сатти охунд ўз замонасининг энг солиҳ, тақволи, ростгўй ва зуҳдли инсонларидан бўлиб камолга етдилар, юксак фазилатлар соҳиби бўлиб етишдилар. Мулла Сатти охунд асосий вақтларини шариат ва тариқат илмларини ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб этишга бахшида қилдилар.
Мулла Сатти охунд Намангандаги бир неча мадрасаларда таҳсил олдилар. Уларни тамомлагач Ҳазрати Хизр даҳасидаги масжидда имом-хатиб бўлиб фаолият бошлайдилар. Кейинроқ бу вазифа ёнига шу ердаги мадрасада мударрислик иши ҳам қўшилади. Шу тариқа умрларининг қирқ йилини талабаларга илм-ирфон беришга, уларни тариқатга бошлашга сарф қиладилар ва устоди кул бўлиб таниладилар. У кишида таълим ва таҳсил кўрган шогирдларининг хотирлашларича, мулла Сатти охунд дарс беришда, толибларга дин асосларини тушунтиришда шунчалик иқтидор, заковатга эга эканларки, бу зотдан таълим олган талабаларнинг жуда қисқа вақт ичида араб, форс тилидаги мураккаб китоблар мутолаасига қурби етиб қоларкан. Бу ҳолат ана шу мударрисга Аллоҳ таоло томонидан илми нофеъ берилганига далолат бўлса ҳам ажаб эмас.
Мулла Сатти охунд бутун ҳаётларини, мол-давлатларини, куч-ғайратларини кишиларга зиё, маърифат тарқатишга бағишлаган фидойи инсон бўлганлар. Бош мударрислик пайтларида рўзғор эҳтиёжидан ташқари барча шахсий жамғармаларини мадраса эҳтиёжларига сарфлаб юрганликларини замондошлари ривоят қилиб қолдиришган. Ваҳоланки,  ўша пайтларда марказдан йироқдаги мактаб-мадрасаларнинг тасарруфи фақат бош мударрис зиммасида бўлиб, юқоридан таълим учун ҳеч нарса ажратилмасди.
Ўша даврнинг барча уламолари каби Мулла Сатти охунд ҳам тариқат йўлини тутган, пир хизматида бўлиб, қалбини, руҳини, халқумини пок тутган парҳезкор инсонлардан бўлганлар. Наманган шаҳрида муршиди комил бўлиб танилган Саййид Яҳёхон тўра хизматларида анча вақт бўлиб, у зотнинг иршодларига муяссар бўлдилар. Кейин Самарқанддаги Ургут эшон хизматларида ҳам кўп вақт бўлиб, тасаввуф маънавиятидан ва неъматидан баҳраманд бўлдилар. Шариат ва тариқат йўлини биргаликда тутганлари сабабидин ҳамиша поклик, зоҳидлик йўлидан чекинмай, луқмаларининг ҳалол бўлишига ҳаракат қилдилар. Ана шу ҳалоллик ва парҳезкорлик, зуҳду-тақво бу зотни шу дунёдаёқ мукофотлади: беш солиҳ ўғил, уч солиҳа қиз кўрдилар. Хусусан, уч ўғиллари замонанинг етук олими, ҳофизул-Қуръон, фозилу нуктадон бўлиб етишдилар. Энг асосийси, падари бузрукворнинг маърифатпарварлик, устозлик, дин йўлида фидойилик каби фазилатлари ана шу уч ўғил: Иброҳим махдум, Исмоил махдум ва Исҳоқ махдумларга ҳам мерос бўлиб қолди (сўнгги икки олим ҳақларида ҳам китобимизда алоҳида тўхталиб ўтамиз).
Мулла Сатти охунд ҳаётда ниҳоятда камтар, ўта ҳалол, уятчан, ҳалим ва ростгўй киши бўлганлар. Озига қаноат билан кўниб, илм-ирфон риёзатидан қочмаганлар. Бу зотнинг ана шундай фазилатларига мисол қилиб, бир воқеани айтиб беришганди. Ҳасти Хизр даҳасидаги масжидда имомлик ва мударрислик қилар, уйлари узоқ бўлгани учун ҳафтасига бир-икки марта уйга бориб, бошқа вақт масжид ҳужрасида тунаб қолар эканлар. У кишининг рўзғор бобида қийналаётганларини кўриб, маҳалланинг мутасаддилари уйли-жойли бир бева аёлга уйлаб қўйишибди. Никоҳ кечасининг эртасига уйларига борган Охунд домлани рафиқалари Шарофатхон ойим «Бахайр, домла почча, куёвлардай ясаниб олибсиз?» деган сўзлар билан кутиб олибдилар. «Бу ишнинг банда олдидаги хижолати шунчалик бўлса, эртага Аллоҳ олдида қандоқ жавоб бераман», деб изтиробга тушган домла кўп ўтмай иккинчи завжаларининг жавобини бериб юборган эканлар.
Мулла Сатти охунд ҳар бир маърифатли одам ҳавас қилгудай ибратли ҳаёт кечирдилар, дорул фанодаги умрларини кишиларга дини-диёнат, илму ирфон тарқатиш каби савобли, эзгу амаллар ила безаб ўтдилар. 1927 йили дорул-бақога риҳлат қилиб, ўзларидан солиҳ фарзандлар, фойдали илмларни қолдириб кетдилар. Дафнлари Намангандаги «Мавлавий» қабристонида бўлган.

ДИН ВА ФАН ИЛМИДА ИЛҒОР

Ўзининг жўшқин илмий, адабий фаолияти билан юрт тарихида алоҳида ўрин тутган, миллий уйғониш даврининг фидойиларидан бўлган Исҳоқхон тўра ибн Жунайдуллоҳ хўжа Ибрат бутун умрини дин ва фан камолига бағишлаган табаррук инсонлардан эди. Бу зот ҳақида замондошлари шундай ёзишган: «Исҳоқхон тўра улуми диния, фанния ва адабиядан устози комиллик билан бутун Фарғона ва дигар жиҳат Осиёи вусто (Ўрта Осиё) инкор ўлунмас даражада бир мавқеи мумтоза тутмишдир. Исҳоқхон тўра умумий динияда мударрисдир, фунуни дунявийда илғордир, у олим ва фозил бир зоти олий бўлуб, бу турфа фазоли инсонияга молик».
Ибрат 1862 йили Наманган яқинидаги Тўрақўрғон мавзесида таваллуд топди. Унинг отаси Жунайдуллоҳхўжа ўз даврининг ўқимишли кишиси бўлган, Хозим тахаллуси билан ашъор битган, онаси Ҳурбиби отин бўлган. Ёш Исҳоқхон онасининг қўлида савод чиқарди, ҳижо усулига асосланган қишлоқ мактабида ўқиди, икки сана қиблагоҳидан ҳусни хат машқ қилди, адабиёт ва санъатга ошно бўлди. Исҳоқхон Ибрат 1878 йили Қўқондаги Муҳаммад Сиддиқ Тунқатор мадрасасига ўқишга кириб, бу ерда саккиз йил таҳсил кўрди. Шу йиллари у Қўқон адабий муҳитида фаол қатнашиб, араб, форс, рус тилларини чуқур ўрганди. Шундан сўнг у мадрасани тамомлаб, Тўрақўрғонга қайтиб келади. Ўз юртида савтия усулидаги мактаб очиб, болаларга сабоқ бера бошлайди.
Ибрат 25 ёшга етганда онасини олиб, Ҳаж сафарига жўнайди, Жидда шаҳрида онаси хасталаниб вафот этади. У онасини дафн этиб, Шарқу Ғарб мамлакатлари бўйлаб узоқ сафарда бўлди. Туркия, Болгария, Юнонистон, Рим, Арабистон, Фаластин, Қуддус, Афғонистон каби юртларга борди. Кейин Ҳинд океани орқали Ҳиндистонга келиб, Бомбай ва Калкутта шаҳарларида тўрт йил истиқоматда бўлди, бу ерда ҳинду-урду, инглиз тилларини мукаммал ўрганди. Кейинчалик турк, қадимий финикия, француз, яҳудий, сурёний, юнон тилларини ҳам билиб олди. Ибрат ўз она тилидан ташқари ўн икки тилни пухта эгаллаганди.
Исҳоқхон тўра 1896 йили Қашқарга ва Хитойнинг ички минтақаларига саёҳат қилиб, маҳаллий аҳолининг тилидан ташқари урф-одатларини, яшаш тарзини, меъморчилиги ва техникавий ютуқларини эринмай ўрганадилар. Бу зот ҳар томонлама етук, фозилу олим киши эдилар. Диний илмлардан ташқари замона илмларидан ҳам, адабиёт-санъатдан ҳам яхшигина бохабар эдилар, техника, илм-фан янгиликларига ташна бўлганлар. У киши Ҳиндистондан ўз юртларига граммофон, Русиядан фото ва кино аппарати, совутгич олиб келиб, ҳаммага ишлатиб кўрсатгандилар.1908 йили ўрислар юртидан босма дастгоҳ келтириб, Тўрақўрғонда босмахона очадилар ва ўлкада илк матбаачиликка асос соладилар. Шу ерда катта кутубхона ташкил этадилар. Исҳоқхон тўранинг мактаб-мадраса ишларида кўп саъй-ҳаракатлари баробарида илмий, назмий тадқиқот соҳасида ҳам хизматлари улуғдир. Аллома олти тилдаги: арабча, форсча, ҳиндча, туркча, ўзбекча ва русча сўзларни ўз ичига олган «Луғати ситта ал-сина» номли луғат китобини тузиб чиқди. Китоб 1901 йили Тошкентдаги Ильин босмахонасида чоп этилди. Унинг яна бир асари «Жомеъ ул-ҳутут» («Ёзувлар мажмуаси») илмий китоби 1912 йилда ўзининг «Матбааи Исҳоқия» босмахонасида босилиб чиқди. Бу китобда энг қадимги пиктографик ёзувлардан сўнгги даврнинг энг мукаммал ёзувларигача тадқиқ қилиб чиқилган эди.
«Мезон ул-замон» асари Ибрат ижодидаги энг қизиқарли, ноёб асарлардан ҳисобланади. Ягона қўлёзма нусхаси Тошкентдаги Шарқшунослик институтида сақланаётган «Мезон ул-замон»да Исҳоқхон тўранинг даврга, динга, дунёга, ҳазора (цивилизация)га бўлган муносабати, кишиларни тақволи, маърифатли, маданиятли қилишга, уларни Аллоҳ йўлидаги яхши ишларга чорлаш, яъни амри-маъруфга кенг ўрин берилган. Бундан ташқари, алломанинг «Тарихи Фарғона», «Тарихи маданият» ҳамда шеърий девони кабилардан иборат бўлган ўндан зиёд китоб ёзганлиги маълум.
Юртимизда мактаб-маориф, илм-ирфон равнақи йўлида катта ишлар қилган, шоир, олим, муҳандис, матбаачи, мударрис Исҳоқхон Ибрат ҳам 1937 йилги оммавий қатоғон қурбони бўлди. 75 ёшли аллома икки ой турмада ётиб вафот этди. Аммо унинг хайрли  ишлари ҳамон миннатдор авлодлар ва ворислар томонидан давом эттириляпти.

АЛЛОМАИ ЖАҲОН, ФОЗИЛУ НУКТАДОН

1976 йилнинг аёзли январи республикамиз аҳли, айниқса наманганликлар учун мусибатли келди. Улар таниқли ҳамюртлари, улуғ аллома, машҳур диний арбоб, тақводор ва покдоман инсон Исмоил Махдумдан айрилиб қолишди. Шаҳар марказидаги Шайх Эшон масжиди Махдум ҳазратларининг жанозаларига узоқ-яқиндан келган минглаб мусулмонларни сиғдиролмай қолди. Тошкентдан етиб келган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг раиси, муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари титроқ ва маҳзун овозда тўпланганларга шундай мурожаат этган эдилар:
– Энг табаррук ойлардан – муҳаррам ойида, кунларнинг улуғи жумъада аҳли Наманган, аҳли Мовароуннаҳр қаттиқ қайғуда қолди. Узоқ йиллар диний идорамизда раис ўринбосари бўлиб ишлаган Махдум акамиздан айрилиб қолдик. Бугун бу табаррук зот фоний дунёдаги хизматларини ўтаб, Яратганнинг ҳузурига йўл олиб турибдилар. Махдум акамизнинг дину диёнат, юрт равнақи йўлидаги хизматларини санаб, адоғига етиш қийин. Бир нарса ўксик ва мотамсаро қалбларимизга тасалли беради: Махдум акамиз Аллоҳ таоло буюргандай яшаб ўтдилар, алҳамдулиллоҳ ул зотдан солиҳ фарзандлар, ёзилган ажойиб китоблар, дин йўлида қилинган улуғ ишлар қолди. Аллоҳ таоло сафдошимизнинг охиратларини обод, қабрларини пурнур айласин, омин!
Исмоил Махдум Наманганда таниқли мударрис Мулло Сатти охунд исмли ниҳоятда ҳалим, парҳезли, тақволи, бир комил инсоннинг иккинчи ўғиллари эди. Не бахтки, парҳезкорлик, луқмаи ҳалол билан тарбият қилинган фарзандлар тақводор, ҳалол ва покиза инсонлар бўлиб етишди. Ўғилларидан Иброҳим Махдум, Исмоил Махдум ва Исҳоқ Махдумлар шўро замонасининг даҳриёна тақиқлари ва ҳар қадамдаги ситамларига қарамай, мукаммал диний илм олишди. Кўп йиллар турли масжиду мадрасаларда дину диёнат йўлида холис хизмат қилишди. Яна икки фарзанди дилбанди – Ҳабибуллоҳ ва Убайдуллоҳ махдумлар ҳам форсий ва туркийда яхшигина саводхон эдилар.
Биз тилга олмоқчи бўлган Исмоил Махдум Мулло Сатти Охунд ўғли милодий 1908 йили Наманганда таваллуд топганлар. Бошланғич илмни қиблагоҳларидан, маҳалладаги мактабларда олганлар. Ўн уч ёшларида Наманганнинг машҳур қориларидан Ғофир қори домлада Қуръони мажидни тўла хатм қилиб, ҳофизи Каломуллоҳлар сафидан жой олдилар. Кейин Мулла Қирғиз мадрасасида таҳсилни давом эттирдилар. Талабалар орасида ўткир зеҳн, теран заковат, зухду тақво билан ажралиб турганлар. Машҳур аллома Собитхон тўра ва бошқа устозлардан илми тафсир, ҳадис, ҳол ва қол илмларини эҳтимом ила ўрганиб, шогирдларнинг пешқадамига айландилар. Бу зотнинг ниҳоятда зукко, қувваи ҳофизалари ўткирлигини бобомизлар ва устозимизлар Муҳаммад Турсун махдум кўп зикр қилган эдилар.
Исмоил Махдумнинг илмга рағбатлари, риёзатлари, тақволари ҳақида сафдошлари кўп нақл этишган. Ул зотнинг ҳамҳужралари Абдулмуталлиб қори Бобохонов: «Махдум мутолаага берилиб кетсалар, вақтнинг ҳисобини йўқотиб, таом ва бошқа ҳожатларни ҳам унутардилар. Шариф ҳожи маҳалласи масжидига қарашли  мактабда ҳужрамиз ёнма-ён бўлгувчи эди. Оталари Мулло Сатти Охунд мактабдорлик қилардилар. Шикоятлари кўпроқ Махдумнинг илмга қаттиқ берилиб, овқат ва уйқуни унутганидан бўларди, риёзат ва зуҳд фарзандлари сиҳатига зарар етказмасмикан, деган қўрқувда юрардилар», – дея ҳикоя қилган эдилар.
Исмоил Махдум фақат илмда пешқадам бўлмай, хулқу одобда, риёзатда ҳам тенгсиз бўлганлар. У кишини билганлар бир воқеани кўп эслашади: «Падари бузруквори билан масжиддаги ҳужралари ёнма-ён эди. Махдум туни билан совуқ ҳужрада шам ёки чироқ шуъласида мутолаа қилардилар. Оталарининг ярим тунда таҳажжуд намозига туриш одатларини билганлари боис, у зотнинг таҳорати учун сув солинган обдастани кўксиларига босиб қалблари тафти билан иситиб ўтирардилар».
1943 йилга келиб шўролар ҳукумати бошқа динлар қатори ислом динига ҳам бироз эркинлик берди. Юртнинг улуғ уламоларидан Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон бошчиликларида бир неча уламо Масковга, Сталин ҳузурига таклиф этилди. У ердан Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасини ва бир неча масжидлар очишга рухсатнома ҳамда шўро армиясининг ғалабасини тилаб дуода бўлиш топшириғи билан қайтишди. Ўша гуруҳ сафида Исмоил Махдум ҳам бор эдилар.
Кейинчалик Эшон Бобохон ҳазратлари бошчиликларида мусулмонларнинг илк бор ҳаж сафарига боришларига ижозат бўлди. Шу тариқа Исмоил Махдум ҳаж қилиш бахтига мушарраф бўлдилар.
Ўша пайтдан бошлаб Исмоил Махдум Эшон Бобохон ва ул зотнинг фарзандлари муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари билан бир сафда туриб, дину диёнат, илму-ирфон ишларини равнақ топтиришнинг сарчашмасида бўлдилар. Бирмунча вақт Намангандаги Шайх Эшон масжидида имом-хатиблик қилган Исмоил Махдумни Тошкентга – диний идорага ишга таклиф этишади. 1952 йилдан бошлаб мазкур идорада муҳтасиб, кейинчалик Бухородаги Мир Араб мадрасасига мудир бўлдилар. 1957 йилдан то умрларининг ниҳоясигача диний идора раисининг муовини ва қози лавозимида турдилар.
Махдум ҳазратларининг диний идорадаги фаолиятлари жуда серқирра, шарафли ва мушкул бўлган. Бир томондан даҳрийлик асосига қурилган тузумнинг тазйиқи, иккинчи томондан, Аллоҳнинг динини азалий исломий заминда яшаётган, аммо зўрлик қутқуси остида унута бошлаган мусулмонлар орасида тарғиб қилиш. Ул зот билан суҳбатларимиздан бирида шундай дегандилар:»Мен гўёки ўткир тиғли қилич устида юриб бораётганга ўхшайман. У ёққа ҳам йиқилиб бўлмайди – ҳукмрон сиёсатга қарши бормоқ ўлим билан баробар. Бу ёққа ҳам йиқилиб бўлмайди – Аллоҳнинг қаҳридан қўрқаман».
У зот ана шундай оғир бир замонда, икки ўт орасида ҳам жуда кўп ва хўб ишларни қилишга улгурдилар, катта-катта ҳаракатларга бош-қош бўлдилар. Ҳали қарасангиз, Мир Араб мадрасасида ёки Тошкентда очилган Имом Бухорий номли ислом маъҳадида талабаларга сабоқ бераётган, бир қарасангиз, мусулмонлар учун журнал ва тақвимлар чиқариш учун ноширлик ва матбаа  идораларига қатнаётган. Гоҳ диний идора бир неча бор чоп этган Қуръони карим нашрларининг таҳририй ишларига бошчилик қилаётган. Гоҳ расмий гуруҳлар таркибида Африка ёки Осиёдаги мусулмон ўлкаларга сафарга жўнаётган. Булардан ташқари, шўролар мамлакатига келган диний арбоблар билан мулоқотлар, диний идоранинг борди-келди, мактуб алмашув ишлари, республикадаги масжидларнинг хўжалик-молия, кадрлар масалалари билан шуғулланиш, фатволар бериш, журналларда мақолалар турли йиғинларда маърузалар билан чиқиш – буларнинг ҳаммаси Исмоил Махдум жўшқин фаолиятининг қирраларини ташкил этган. Турли вилоятларга, қўшни республикаларга бўладиган жуда кўп сафарлар орасида бир оз вақт топиб, Наманганга – волидаи шарифа ҳузурига отланардилар. Мушфиқа оналари Шарофат бибининг соғинч тўла ўкинчларини тинглашга ҳали улгурмай туриб, эшик тақиллаб, у ёки бу масалада фатво ва маслаҳат сўраб келишарди. Дўсту-қариндошлар бу зотнинг дийдори ва суҳбатини қўмсаб, унга етишолмай армон чекишарди.
Дин арбоблари дунёвий илмлардан бутунлай бехабар ёки юзаки таниш бўлишади, деган чалкаш бир тушунча бор. Аммо, Исмоил Махдум ҳам диний, ҳам дунёвий илмларнинг чуқур билимдони, фанлар уммонида яйраб суза оладиган аҳли дониш инсон эдилар. У киши дин асослари ва тарихини мукаммал эгаллаганлари ҳолда араб, форс, қадимий туркий тилларни чуқур билар, Мовароуннаҳр тарихи, маданияти, адабиёти бўйича етук мутахассис эдилар. Араб дунёсининг атоқли намояндалари иштирок этган Тошкентдаги бир халқаро йиғинда араб тилида бир ярим соатлик маъруза қилганликларини, тил фасоҳатию ибора балоғатини кўриб, унча-мунчага ҳайратланмайдиган араблар мутаассирликдан қарсак чалиб юборганларини гапириб юришарди. Яна «Тошкентдаги Усмон Мусҳафининг тарихи» номли илмий тадқиқот маҳсули бўлмиш китобни ҳам араб тилида тасниф этгандилар. Мазкур асар 1995 йилга келиб, бу зотнинг фарзанди аржуманди Абдуллоҳ ҳожи томонидан ўзбек тилига таржима этилиб, чоп қилинди. Китобни тасниф этишда 40 жилдга яқин араб тилидаги китобларни истифода қилганларининг ўзиёқ бу зотнинг уммоний билим ва бемисл заковатларига, поёнсиз мушоҳадаларию, чуқур изланишларига ишоратдир.
Махдум ҳазратлари табобат, фалсафа, тарих, фалакиётга оид манбаларни ҳам пухта билардилар. Бўш вақт топилди дегунча, тоғу-тошларга чиқиб шифобахш кўкатлар йиғар, кейин улардан қадимий тиб китоблари асосида турли дори ва суртгичлар тайёрлар эдилар.
Жуда кўп замондош олимлар, ёзувчилар, мутахассислар шайх хонадонларига тез-тез ташриф буюриб, у зот билан мулоқотда бўлиб туришарди. Махдум ҳазратлари академиклар Иброҳим Мўминов, Убайдулло Каримов, Павел Булгаков, «Араб тили дарслиги» муаллифи Боқи Холидов, профессор Исматулла Абдуллаев, мўмиё бўйича мутахассис М. Мўминов каби алломалар билан доимий мулоқотда бўлиб, қимматли маслаҳатларини дариғ тутмаганлар.
Машҳур ёзувчи Абдулла Қодирий ҳам «Меҳробдан чаён» романини ёзиш олдидан Наманганга ташриф буюриб, Исмоил Махдумдан кўпгина маслаҳат, йўл-йўриқлар олган экан. Бу ҳақда укалари Ҳабибулло Махдум (Аллоҳ раҳмат қилсин) шундай хотирлаган эдилар:
«Адашмасам, 1926 йил бўлса керак, бир куни асрга яқин уйимизга Тошкентдан бир меҳмон келиб қолди. Исмоилхон акамиз кўк бахмал дўппили, узун тўн кийган бу хушрўй кишини кўп ҳурматлаб, ичкарига таклиф қилдилар. Икки соатча чамаси суҳбат қуришди. Меҳмон шомни ўқиб ўрнидан турди. Кетар чоғи кўп изҳори дил қилиб, Тошкентга меҳмонга таклиф этди. У чиқиб кетгач акамиз қувончдан кўзлари ёниб: «Меҳмонни танидингларми?» – дедилар. – Отабек-Кумушни ёзган Жўлқинбой шу киши. Энди янги бир китоб ёзмоқ илинжида гап йиғаётган эканлар. Мактаб-мадраса, мударрислар ҳақида кўп нарсаларни сўраб олдилар». Назаримда Абдулла Қодирий «Меҳробдан чаён» романидаги Солиҳ Махдум ва Анвар Мирзога тегишли ўринларга материал йиғиб юрган бўлсалар керак.
Шўро даврида машҳур бўлган бир жамоат арбоби суҳбат асносида «Агар Исмоил Махдум дин арбоби бўлиб етишмаганида, албатта, ўткир сиёсатчи ва моҳир дипломат бўларди», – деган эди. Дарҳақиқат, бу зот Саудия Арабистони, Покистон, Марокаш, Сурия, Индонезия, Миср, Ливан, Яман каби мусулмон мамлакатлари билан ўзаро муносабатларни яхшилаш борасида катта сайъ-ҳаракат кўрсатдилар. 1992 йили бир гуруҳ ўзбекистонликлар биринчи марта умра қилмоқ учун Саудия Арабистонига борган эдик. Ўшанда Мадинадаги Наманган такясида бўлган учрашувда ҳамюртимиз Афандихон тўра жаноблари Исмоил Махдум ҳақларида шундай ҳикоя қилган эдилар: «Шўролар юртидан 10-15 чоғли киши ҳаж қилгани келса, шундан бор-йўғи 3-4 киши Ўзбекистондан бўларди. Кўпинча Исмоил Махдум раҳбар бўлиб келардилар. Ўшанда ҳар икки мамлакатнинг муносабатлари изга солинмаган, ҳажга келганлар билан ватандошлар oчрашолмай жонлари ҳалак, Ватанда не ҳол эканини билолмай, мужда кутиб, кўзлар нигорон эди. Худди шунақа пайтда Махдум ҳазратлари катта жасорат кўрсатиб, бирор кишининг хонадонида ёки овлоқроқ бир жойда уч-тўрт ватандошни тўплашга, уларнинг юрт соғинчи изҳорини эшитишга, қон-қариндошлар саломи ва ҳадяларини топширишга имкон топардилар».
Нафақат Мовароуннаҳр ва собиқ иттифоқда, ҳаттоки бутун дунёда Исмоил Махдум ислом асосларининг чуқур билимдони, қувваи ҳофизаси ўткир ҳофизул-Қуръон, етук аллома ва комил инсон сифатида яхши танилган ва унга эҳтиром кўрсатилган. Ҳозир ҳам Москва ва Санкт-Петербург, Озарбайжон ва Доғистон, Уфа ва Қозон, Ашхобод ва Душанбеда, хуллас жуда кўп жойларда ул зотнинг шогирдлари фаолият кўрсатмоқда. Озарбайжон мусулмонлари раҳбари Оллоҳшукур Пошшозода, Русия мусулмонлари раҳбарларидан Талъат Тожиддин каби арбоблар Махдум ҳазратларидан сабоқ олишганидан фахрланишади.
Самарқанд шаҳар Хўжа Зудмурод жомеъ масжиди имом хатиби Мустафоқул Маликзода шундай хотирлайдилар: «Устознинг волидаи муҳтарамалари, «Мен фарзандларим Иброҳим Махдум, Исмоил Махдум, Исҳоқ Махдумларни гўдаклигида таҳорат олмасдан сут бермас эдим, уларни шундай тарбия қилдимки, барчаси мен орзу қилгандек, халқига хизмат қилишга қодир фарзандлар бўлиб етишди», деб айтган эканлар. Шайх Исмоил Махдумни биз илк бор 1964 йили Бухорои шарифдаги Мир Араб мадрасасига ўқишга кирганимизда кўриб, насиҳат ва суҳбатларини олган эдик...Бизлардан қишки ва йил охиридаги имтиҳонларни Тошкент шаҳридан Исмоил Маҳдум қозининг шахсан ўзлари келиб олар эдилар. Бу зот имтиҳон олишда ҳеч ҳам шошмас эдилар, керак бўлса Бухорои шарифда ҳафталаб, ўн кунлаб кечаю кундуз Мир Араб мадрасаси биносида қолар, мадраса бурчагидаги нақшинкор ҳужра чироғи доим мунаввар турар, беш вақт намозларига, жума хутбаларига ёшларни жалб этардилар. Ҳужра токчаларига терилган катта-катта китоблар бир неча кун ичида мутоала қилиниб, ҳужранинг иккинчи токчаларига ўтар эди. Талабаларнинг китоблари, ётоқлари, ҳужраларининг тозалигидан, овқатларидан ва ўтинларидан ўзлари хабардор бўлар эдилар. 1965 йилда Ҳазратнинг шарофатлари билан мадраса газлаштирилди. Диний идора раиси Зиёвуддин Бобохонов ва Исмоил Махдум қозикалонлар ташаббуслари билан 1970 йили Тошкент шаҳрида Имом ал-Бухорий номидаги Ислом институти очилди Аллоҳнинг инояти, қолаверса устознинг шарофати билан ушбу институтга илк бор қабул қилинган 20 нафар талабадан бири бўлиш менга насиб этди».
Наманганнинг таниқли уламоларидан Убайдуллоҳ хожи Лутфуллоҳ эшон ўғиллари шундай хотирлайдилар: «Бир йили рамазон ойида устоз Наманганга ташриф буюриб қолдилар. Бирга ифторлик қилдик. Ифтордан сўнг масжидимизда хатмул-Қуръон бўлаётганини айтиб, бугун ўзлари шунга табаррукона ўтиб беришларини сўрадик. Устоз рози бўлдилар. У кишининг хатмга ўтишларини эшитиб, намозхонлар ҳар кунгидан кўпайиб кетди. Хуфтонни тамомлагач, Қуръони каримнинг қайси пораси ўқиб бўлинганини сўрадилар. Жавобни эшитибоқ худди ўша жойдан шариллатиб бошлаб кетавердилар».
Сафдошлари яна у зотнинг фиқҳ илми бобида ҳам ажиб бир камолотга эришганларини кўп эслашарди. Диний идорага узоқ-яқиндан у ёки бу шаръий масалага жавоб излаб турли одамлар келар, уларнинг ҳар бирига мукаммал жавоб қайтаргувчи қози ҳазратлари ҳатто китоб варақлашга ҳам эҳтиёж сезмасдилар. Ўша пайтдаги яна бир воқеа эсда қолган: 60-йиллар ниҳоясида бир ботил мазҳаб чиқиб, унинг анчагина тарафдорлари ҳам пайдо бўлган ва аҳли сунна вал-жамоа ақидаси билан қаттиқ ихтилофга борганди. Шунда Исмоил Махдум уларнинг бир неча раҳнамоларини диний идорага таклиф этиб, Қуръони карим ва ҳадиси шарифга суянган ҳолда улар эътиқоди асоссиз ва пуч эканини исботлаб бергандилар. Чуқур илмий далиллар ва букилмас қатъият қаршисида лол қолган янги мазҳабчилар кўп ўтмай ўз-ўзидан йўқолиб кетишди.
Шайх Исмоил Махдум 67 йил умр кўрдилар. Ул зотнинг букилмас эътиқоди, донишмандлиги ва тақвоси, ислом дини равнақи йўлидаги жонбозлигини тўла ифода этмоққа ақл ноқис, қалам ожиз, сўз танқисдир. Исмоил Махдум номи бутун ҳаётларини ислом ва Ватан равнақи йўлига тиккан табаррук муфтийларимиз Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратларининг номлари қаторида зикр қилинишга сазовордир. Аллоҳ таоло ул зотнинг эзгу амалларини охиратга захира қилиб, ўз раҳматига олган бўлсин!

УЛАМОЛАР ЗУБДАСИ

Наманганнинг атоқли уламолари ва мударрислари ҳақида гап кетганида Кароматхон Эшон номларисиз бу рўйхат кемтик бўлиб қоларди. Бу зот етук билим ва заковат соҳиби, зуҳд-тақвода пешқадам, ўз номларига муносиб кароматли инсон эдилар.
Аллоҳнинг ҳикматини қарангки, бу зот мелодий 1894 йили, ойларнинг саййиди – Рамазон ойида, Наманганнинг номдор хонадонларидан Ҳасанхўжа эшон оиласида таваллуд топганлар. Ҳасанхўжа эшон ҳалол ризқ талабида бўлган, маърифатга ташна, олимлар мажлисига талпинган зот эди. Фарзанд туғилган куни ҳам Эшоннинг хонадонига аҳли илм, аҳли фазлдан анча киши ташриф буюрганди. Ўша куни муборак қадр кечаси эди, Қуръон тиловати, амри маъруф тинмасди. Ҳасанхўжа эшон мажлис аҳлига янги меҳмон кўрганини маълум қилиб, унга исм қўйиб беришни сўради. Меҳмонларнинг улуғи Ҳожи Бобохон ибн Иномиддин домла келгусида кароматли инсон бўлиб етишсин, деган ниятда гўдакка Каромат деб ном қўйиб берди. Бу хурсандчилик воқеа тарихга кириб қолсин, деб икки байт форсча шеър ҳам ёзиб берди:

Лайлатул қадри моҳи бадри писар,
Гашт толеъ зи гўшаи айвон.
Аз сипеҳри мақоми чиллийин,
Омада бар замин чу ҳур тобон.

Кароматхон ёшликдан илм талабида бўлди, Эшон домла хонадонида исломий тарбия кўрди. Дастлабки тарбияни уйда олган эшонзодани саккиз ёшда шаҳар мадрасаларидан бирига ўқишга беришади. Эшон домладаги салоҳият ва заковатни кўрган устозлар кейинчалик ўқишни Бухорои шарифда давом эттиришни маслаҳат беришади. Кароматхон эшон 18 ёшда ўша даврнинг илм-маърифат маркази Бухорода мулла Икромча қоридан сабоқ ола бошлайди. Тўрт йилдан сўнг мадрасани тамомлаб, она юртлари Наманганга қайтиб келадилар. Бу ерда яна илм олиш баробарида ўзлари ҳам ёш талабаларга шариат ва тариқат илмларидан сабоқ бера бошлайдилар.
Эшони домла бу пайтга келиб араб, форс, турк тилларини пухта ўзлаштирган эдилар. Нодир қўлёзмаларни тадқиқ қилиб уларга шарҳлар битардилар. Кароматхон эшоннинг мўминларни ҳидоятга чорловчи, амри маъруф ва наҳий мункарга доир маъвизалари халқ орасида  машҳур бўлиб кетди.
Буни кўрган дин душманлари пешволар ва уламолар қатори Кароматхон эшонни ҳам таъқиб остига ола бошлайди. У киши Наманганни тарк этиб, қарийб йигирма йил давомида чекка қишлоқларда сарсон-саргардонликда яшириниб юришга мажбур бўлдилар. Душманлар ҳар қанча уринмасин, мақсадларига ета олмади, эшон домла эътиқодларидан қайтмадилар. Кишиларни Аллоҳнинг ҳақ динига чорлайвердилар, ёшларга илму-ирфон тарқатиш билан шуғулланавердилар.
Қанча-қанча тунларни бедор ўтказиб қилинган ибодатлар, тиловати Қуръонлар, покиза – ҳалол инсонларнинг юракдан қилган дуолари ижобатидан 1943 йилга келиб собиқ шўролар ҳукумати бошқа динлар қатори Исломга ҳам бироз эркинлик берди. Тошкентда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ташкил этилди, Бухорода Мир Араб мадрасаси фаолият кўрсата бошлади. Мамлакатдаги етук уламолар қаторида Кароматхон эшон ҳам собиқ иттифоқдаги ягона Мир Араб мадрасасига мударрисликка таклиф этилдилар.
Кароматхон эшон сабоқ беришда бошқа домлалардан ажралиб турардилар. Ҳар бир машғулотга катта тайёргарлик кўрар, туни билан қанча-қанча манбаларни текшириб чиқар ва талабаларга ҳар гал янги-янги маълумотларни етказардилар, ҳар бир жумлани эринмай тушунтириб берардилар. Бухородаги пайтларида устоз мадраса кутубхонасидаги жилд-жилд нодир китоб ва қўлёзмалар билан танишиш, улар устида тадқиқ ўтказишга мушарраф бўлдилар.
1957 йили Кароматхон эшонни янги очилган Тошкент олий ислом маъҳади (институти)га мударрисликка таклиф этишди. Бу ерда устоз форс тили ва адабиётидан пухта сабоқ бердилар, талабаларга Мирзо Бедилни ёддан ўқиб, шарҳлаб берардилар. Ўша пайтда Олий маъҳадда таҳсил олган наманганлик уламолардан Убайдуллоҳ ҳожи Лутфуллоҳ эшон ўғиллари устозни шундай хотирлайдилар: «Устозимиз Кароматхон эшон кўп юксак фазилатли, аммо ниҳоятда камтар, оддий, сўзга чечан, самимий инсон эдилар. Сўзга уста эдилар, кўп ғазал ёд билардилар, араб, форс, турк тилларида жуда яхши гапирардилар. Анчагина назми таъблари бор эди. Кўп вақтларини ёшларга сабоқ бериш, дин аҳкомларини тушунтиришга сарфлардилар».
Шогирдларнинг хотирлашларича, устоз Кароматхон эшон Бедилдан ташқари шайх Саъдийнинг «Гулистон» асарларини атрофлича тадқиқ қилиб, талабаларга батафсил тушунтирардилар. Ўзлари ҳам шоирликдан бохабар эдилар. Ўнлаб ғазал-шеърлари мухлислар қўлида, тарқоқ ҳолатда қолган. Шоирлар мажлисларида баҳру-байт айтишда бир неча бор пешқадам бўлганлар. Абжад ҳисоби илмида ҳам бетакрор эдилар. Нисорий, Валихон тўра, Партав каби шоиру-фузалолар билан ҳамсуҳбат, ҳамфикр бўлганлар. Наманган уламоларининг зубдаси (қаймоғи) Кароматхон эшон Ҳасанхон эшон ўғли 1984 йил 21 апрелда Наманган шаҳрида вафот этдилар. Эшон домладан Наманганда илм-ирфон тарқатишда жонбозлик қилган Шамсиддинхон қори, Убайдуллахон эшон, Фатиллахон махсум каби етук шогирдлар, дин ва маърифат йўлида, мударрислик бобида қилинган кўп хайрли ишлар, ажойиб ашъорлар мерос қолди. Аллоҳ таоло бу зотни ўз раҳмати ила сийласин!



НАЗМИ ТАЪБ ЭДИЛАР


Мулла Сатти Охунднинг учинчи фарзанди аржумандлари Исҳоқ махдум юртимизда дини ислом равнақига улуғ ҳисса қўшган маърифатпарвар олим ва назми таъб инсон, диний илмлар тарғиботчиси, дин ва жамоат арбоби эдилар. Исҳоқ махдум Мулла Сатти охунд ўғли 1911 йили Наманган шаҳрида таваллуд топганлар.
Исҳоқ махдум бошланғич диний таълимни аввал оталарининг дарсхоналарида, сўнгра устозлари Умарча қори ва Ғофур қори домлалардан олганлар. ёшликларидаёқ Қуръони каримни тўла ёд олиб, мураттаб қори бўлганлар.
Маълумки, иккинчи жаҳон урушидан кейин мамлакатда динимизга бироз эркинлик берилди, диний идора, мадраса ташкил этилди, ҳаж қилишга ижозат бўлди, диний адабиётлар чоп этила бошлади. 1946 йилда очилган Бухородаги Мир Араб мадрасасининг илк талабалари ичида Исҳоқ махдум ҳам бўлиб, 1951 йили унинг биринчи дипломли битирувчиларидан бўлдилар. Шундан кейин Ўзбекистоннинг турли шаҳарларидаги масжидларда имомлик қилдилар. Наманган шаҳридаги Шайх Эшон, Тошкент шаҳрининг Қорасув мавзесидаги «Жўрабек», Сирдарё вилоятидаги «Гулистон» жомеъ масжидларида, Ўш, Асака, Қўқон, Уйчи, Чустдаги масжидларда имом-хатиблик вазифасида узоқ йиллар самарали ишладилар. 1980-1990 йилларда Наманган шаҳридаги Шайх Эшон, Исмоил махдум, «Карнайчи» масжидларида имомлик қилдилар. Наманган шаҳрида Мулла Қирғиз мадрасаси очилган кундан то умриларининг охиригача Қуръони каримдан тажвид дарсини ўтдилар, кўплаб қориларни тарбияладилар.
Исҳоқ махдум умр бўйи Аллоҳнинг шариатини, диний илмларни тарғиб қилиб ўтдилар, динимиз кўрсатмаларини ва шариат аҳкомларини халққа етказишда кўп жонбозлик кўрсатдилар. Кўп йиллик имом-хатиблик фаолиятларида илмий ваъзлар қилиб, мақолалар ёзиб, оммага етказдилар.
Устоз Исҳоқ махдум олим, мударрис, муаррих ва шоир, гўзал ҳуснихат соҳиби эдилар. Ислом фиқҳи, тарихга доир бир неча илмий асарлар ёздилар. Маҳдум ҳазратларининг «Тафсирул калом ва одоб ут-таом», «Мажмуатил ахлоқ мин таълифи қори Исҳоқ» номли асарлари бор. «Ғаройибул ахбор ва фасоиул ахёр» номли асарларида кўплаб маълум ва машҳур зотлар тўғрисидаги тарихий манбаларни тасниф этганлар.
Наманган шаҳрининг тарихига бағишлаб каттагина мақола ёздилар, кейинчалик бу мавзуда давом эттирган тадқиқотлари «Тарихи Намангон» асарларига асос бўлди. Мазкур китобда тарихий воқеалар, жуғрофий номлар, туманлар тарихига доир бой материаллар жамланган. Мусанниф Наманган музофотида 250 йил миёнасида (1980 йилга қадар бўлган вақт ичида) яшаб ўтган уламо-фузало, шоирлардан қарийб 100 нафари ҳақида маълумот бериб ўтганлар.
Исҳоқ махдум мумтоз адабиётни яхши билгувчи, ўзлари ҳам арузда шеърлар битгувчи назми таъб инсонлардан бўлганлар. Бу зотдан бир қанча ғазаллар, шоирларнинг шеърларига битилган мухаммаслар, саёҳатномалар, яқин кишиларнинг вафотига бағишлаб ёзилган марсиялар, бошқа шеърий асарлар мерос бўлиб қолган. Аммо минг таассуфки, уламонинг умр мазмуни бўлган ана шу асарлари турли сабабларга кўра тадқиқ қилинмай, нашр этилмай қўлёзма ҳолатида турибди.
Мулла Исҳоқ махдум 1956 йили илк бор муборак ҳаж сафарига бориб, Аллоҳнинг фарзини адо этган бўлсалар, 1992 йили сўнгги бор Каъбани тавоф қилдилар.
Махдум ҳазратлари мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида ҳам фаол қатнашганлар, жамоат ва дин арбоби сифатида кўплаб халқаро конференциялар, йиғин ва мажлисларда иштирок этганлар. Имом Бухорий, Имом Термизий таваллудларига бағишланган илмий анжуманлар, мусулмонларнинг 1986 йил Бокуда бўлиб ўтган «Ислом дини ва ҳозирги замон» халқаро илмий анжумани ана шулар жумласидандир.
 Мулла Исҳоқ махдум мулла Сатти охунд 1994 йили 15 июнда Наманган шаҳрида вафот топдилар. Аллоҳ таоло бу зотни ўз раҳматига олсин!


Нашрга Аҳмад Муҳаммад Турсун тайёрлади.

Рейтинг@Mail.ru

 

МАҚСАДИМИЗ

Миллий қадриятларимиз, маънавий бой меросимизни тиклаш ва уларни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз ўртасида тарғиб этиш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандий ва Маҳмуд Замахшарий сингари юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис, фақиҳ, тасаввуф ва муфассир алломалар меросини ҳар томонлама теран ўрганиш, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш, диний ходимларнинг малакасини, билим ва тажрибасини ошириш бўйича ўқув-услубий ишларни амалга ошириш, ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш, юртимиз тарихи зарварақларига олтин ҳарфлар билан муҳрланган нодир қўлёзмаларни келгуси авлодларга етказиш, аждодларимиз ҳаёти, ахлоқи ва юксак маънавиятини ифодаловчи матнларни таржима қилиб, ёшлар қалбида улар қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини шакллантириш, юртимиз Мовароуннаҳрнинг Бухоро, Самарқанд, Марв, Урганч, Ахсикет, Хива, Шош, Марғинон ва бошқа шаҳарларидаги маърифат масканлари бўлмиш мадрасаларда етишиб чиққан алломалар ҳақида, улар таҳсил олган мадрасалар ва ҳозирда юртимиз Ўзбекистонда ишлаб турган мадрасалар ҳақида талабаларга маълумот бериб бориш.
БИЗ БИЛАН БОҒЛАНИШ:  [email protected]