Ислом – илм дини

Ислом – илм дини

Динимизда илм иймон, Ислом, яхши ният ва ихлосга асосланган бўлади. Дарҳақиқат, Ислом халқлари ичида илмнинг ривожланиш тарихига назар ташлайдиган бўлсак, худди шу нарсани кўрамиз.

Аллоҳ таоло бу дунёни Ислом нури ила мунаввар этишни ирода қилган пайтда дунё илмсизлик зулматида ётар эди. Илм-маърифат у ёқда турсин, оддий саводхонлик ҳам йўқолиб, битган эди. Жуда оз сонли кишиларгина баъзи бир содда жумлаларни ёзишни билар эдилар. Бу гапларга ишонгиси келмаётганлар бўлса, еттинчи милодий аср тарихини ўрганиб чиқсин. Агар бирор ерда бир оз бўлса ҳам, илм борлигининг дарагини топса, дунёга жар солсин.
Айниқса, Ислом таълимотларини дастлаб қабул қилиб олиши лозим бўлган жамият илм борасида жуда ҳам ночор, ўқиш-ёзишни биладиган одамлар бармоқ билан санагулик даражада эди.
Ана шундай бир пайтда Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва мукаммал дини бўлган Исломнинг «Ўқи!» деган илоҳий хитоб ила бошланган ва шу маънони англатадиган муқаддас Китоби – Қуръоннинг дастлабки оятларини нозил қилди. Ана ўша лаҳзадан бошлаб, Ислом уммати Қуръон – ўқиш уммати, илм-маърифат уммати ўлароқ шакллана бошлади. Ана ўша лаҳзадан бошлаб, илм талаб қилиш ҳар бир эркаги ва аёлига фарз бўлган уммат фаолият кўрсата бошлади. Озгина муддат ичида бу уммат ер юзини илм-маърифатга кўмиб ташлади. Мусулмон умматининг яхши ният, иймон, ихлос ила қилган улкан ва оламшумул ҳаракати самараси ўлароқ, ҳозирги кундаги илм қасрининг пойдевори қурилди. Сўнгра эса биноси қад кўтара бошлади. Мусулмонларнинг илм борасидаги улкан ва беқиёс хизматларини бошқа барча халқларнинг инсофли вакиллари тан оладилар. Улардан бири қадимда мусулмонларнинг илм йўлидаги уринишларини ўрганиб чиқиб, уларни «ёппасига мадрасага қатнайдиган халқ» деб атаган эди. Бу ном ҳар қандай уммат учун шараф бўла оладиган номдир.
Бу ердаги «мадраса» сўзи ҳозирги «мактаб» маъносидадир. Бизда тарихий хато туфайли бу икки ном нотўғри тушуниладиган бўлиб қолган. Баъзилар мадраса диний ўқув юрти, бу номни ишлатиб бўлмайди, деган даъво ила дарс олинадиган жойни «мактаб» деб атаганлар. Аслида эса мадраса «дарс оладиган жой», мактаб эса «ёзадиган жой» маъносини англатади.
Ҳа, бешикдан то қабргача ҳар бир эркагу аёлга илм талаб қилиш фарзлигини яхши англаган мусулмонлар ўз ихтиёрлари билан иймон ва ихлос билан, мисли кўрилмаган шавқу завқ билан илм талаб қила бошладилар. Дастлаб масжидлар, устозларнинг уйлари дарсхоналар вазифасини ўтаб турди. Кейинроқ эса мадрасалар таълим масканлари сифатида мусулмон ўлкаларни безаб турадиган ошёнларга айланди. Ислом давлати ҳамма халқнинг таълим олишини таъминлашга ҳаракат қилар эди. Шунинг учун баъзи жойларда ҳатто моддий жиҳатдан қийналиб қолганларга алоҳида мадрасалар очиш йўлга қўйилар эди. 965-милодий санагача Қуртуба шаҳрида (ҳозирги Испаниянинг Кордова шаҳри) камбағалларнинг болалари учун саккизта мадраса бор экан. Ўша йили у ернинг ҳокими Ҳакам II яна йигирма еттита янги мадраса очган.
Қоҳира шаҳрининг ҳокими Мансур Қаловун эса етим болалар учун алоҳида мадраса очиб, уларни ётоқхона, таом ва кийим-кечак билан таъминлаган.
Мусулмон юртларининг барчасида ўқув юртлари толиби илмларини бепул таом, китоб, кийим-кечак ва ётоқхона билан таъминлаш оддий ҳол ҳисобланган. Уларни маблағ билан таъминлашни ҳукуматлар, якка шахслар ва вақфлар ўз зиммаларига олганлар. Шу боис ҳам, мазкур ўқув юртларидаги толиби илмлар турли илмларни қунт билан ўрганганлар.
Мадрасалардаги дарслардан қониқмаган ўткир зеҳнли талабаларнинг ота-оналари ўз фарзандлари учун қўшимча дарслар ҳам ташкил эттиришган. Тарихчилар бу фикрга буюк ватандошимиз Абу Али ибн Синони мисол қилиб келтирадилар. Ибн Сино ёши ўнга етмай туриб, Қуръони Каримни ва бошқа бир қанча диний китобларни ёд олиб бўлади. Сўнгра мадрасадаги дарслар озлик қила бошлаб, хусусий устоздан қонун бўйича дарс олади. Ҳисоб илмини эса бир кўмирфурушдан ўрганади. Сўнгра отаси унга таълим бериш учун Абу Абдуллоҳ исмли устозни келтиради. Бу одам фалсафани яхши билар экан. Ибн Сино ундан бир оз дарс олгандан сўнг устозидан ўзиб кетади. Кейин мантиқ илмини ўрганишга киришади. Жуғрофияга ўтганда эса устози «Энди китобни ўзинг ўқийвер, хатоинг бўлса, мен тўғрилаб қўяман», дейди. Абу Абдуллоҳ Бухорони тарк этгандан кейин Ибн Сино Ийсо ибн Яҳё деган устоздан табиий илмларни ва тибни ўргана бошлайди. Тиб соҳасидаги энг қийин китобларни мутолаа қилганига қарамай, Ибн Сино «Тиб осон экан, қисқа муддатда ўрганиб олдим», деган экан. Ўша вақтда у ўн олти ёшда экан. Сўнг бир ярим йил давомида сафарларда юриб, мантиқ ва фалсафанинг турли қисмларини ўрганади. Орада Бухоро ҳокимини даволаб, унинг қасридаги кутубхона ва шифохоналарида ўқиб, таълимини ниҳоясига етказади. Ўшанда унинг ёши ўн саккизда экан.
Бу маълумотлардан мусулмон оламининг ажралмас қисми бўлган бизнинг юртимизда ҳам бундан минг йил аввал Ислом дини фазли ила илмнинг турли соҳаларида етук мутахассислар ва устозлар бўлганлиги очиқ-ойдин тушуниб оламиз.
Мусулмонларнинг илм истаб қилган саъйи ҳаракатлари туфайли дунёда биринчи тўлақонли дорулфунунларга асос солинди. Шу ўринда Мағрибнинг Фас шаҳридаги «Қаравийюн», Тунисдаги «Зайтуна» ва Қоҳирадаги «ал-Азҳар» дорулфунунларининг минг йиллик байрамлари ўтказилганини эсласак, ортиқча изоҳга ҳожат қолмайди. Агар овруполиклар ўзларининг энг қадимги дорулфунунларининг минг йиллигини ўтказмоқчи бўлишса, яна уч юз йил кутишлари керак бўлади.
Ислом олами билан Оврупо орасидаги илм борасидаги фарқни тушуниб етиш учун ғарблик илм соҳибларидан бирининг эътирофини эслаш кифоя. У мусулмон оламида ўша илм-фан гуллаб-яшнаган пайтда Оврупонинг ҳолини қуйидагича тасвирлайди:
«Тўққизинчи, ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи асрларда ғарбнинг 95 фоиз аҳолиси ўқиш-ёзишни мутлақо билмас эди. Оврупонинг подшоҳлари, амирлари ҳам ўқиш-ёзишни билмас эдилар. Машҳур подшоҳ Буюк Шарлнинг қарилик чоғида ўқиш-ёзишни бир оз ўрганганлиги ҳаммага маълум. Монастирлардаги роҳиблар ва диний ходимлар қўлларига қалам тутишни ҳам билмаганлар» («Аллоҳнинг нури Оврупони ёритур», 393-бет.)


КИТОБЛАР ВА КУТУБХОНАЛАР

Илм бор жойда китоб кўпаяди. Китоб бор жойда илм ривожланади. Ҳозиргача ҳар бир жамиятдаги китоблар ва уларга бўлган муносабат ўша жамият аъзоларининг илмга бўлган муносабатининг ўлчови бўлиб келган. Худди шу ҳолат мусулмонлар ҳаётида ҳам ўз аксини топган. Милодий тўққизинчи асрдан бошлаб, мусулмонларда ҳақийқий бойлик деганда, китоб тушунилган. Бировга энг қимматбаҳо ҳадя қилишни хоҳлаган одам китоб олиб борган.
Бағдод халифаси халққа арзигулик бирор ҳадя қилиш ҳақида ўз вазирларига маслаҳат солганида ҳаммалари бир овоздан яхши бир кутубхона ҳадя қилишга ишора этганлар. Бу кутубхона мусулмонлар оммасига ҳадя этилгач, «Дорулҳикма» номини олган ва кейинчалик дунёдаги биринчи Фанлар Академиясига айланган.
Мусулмон оламининг чор-атрофдаги шаҳар-қишлоқларида ҳам кутубхоналар кенг тарқалган. Бағдод шаҳрининг ўзида юздан ортиқ кутубхоналар бўлиб, уларда китобхонлар учун зарур бўлган барча шароитлар муҳайё қилинган.
Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Нажаф шаҳрининг кутубхонаси ўша пайтда кичкина кутубхоналардан ҳисобланган. Ўша кичкина кутубхонада қирқ минг нусха китоб бўлган. Рай шаҳрининг кутубхонасидаги китоблар рўйхатининг ўзи ўн жилдли китоб бўлган экан.
Бундан ташқари, масжид ва шифохонага ўхшаш ҳар битта муассасаларнинг ҳам ўз кутубхоналари бўлган. Насириддин Тусий ўз расадхонасига тўрт юз минг нусха китоб йиққан экан. Адолат юзасидан у вақтларда босмахоналар бўлмаганини, барча китоблар қўлда кўчирилганини айтиб ўтмоғимиз лозим. Фақат халифаларгина эмас, балки амирлар ва вазирлар ҳам кутубхоналарга катта эътибор берганлар. Ибн Синодан муолажа олган Бухоро амири Муҳаммад Мансур қасрининг кўп қисми китобларга ажратилган бўлиб, у Ибн Синога хоҳлаган китобини олишга ижозат берган. Бу кутубхона билан яқиндан танишган Ибн Сино кейинчалик «Бу ерда одамларнинг кўпчилиги номини ҳам эшитмаган китобларни кўрдим», деб ёзган.
963 милодий санада вафот этган Муҳаллабий исмли вазир бир юз ўн саккиз минг жилд китобни мерос қолдирган экан.
Ўша вақтнинг бошқа бир вазири «Муҳаллабийнинг ёш дўсти Ибн Аббоднинг кутубхонасида икки юз олти минг дона китоб бор эди», деб хабар беради. Унинг қозиларидан бири эса бир миллион эллик минг дона китобга эга бўлган экан.
Бухоронинг амири бир табибни ўз ҳузурига чорлаганда «Янги масканга кўчаётган эдим, китобларимни тўрт юз туяга ортиб қўювдим», деб, узрини айтган экан.
Китобга бунчалик қизиқиш фақат ҳукмдорлар ва уламоларга хос эмас, оддий мусулмонлар ҳам китобни жон-дилдан севганлар. Умрини от чопиш ва урушларда ўтказган чавандозлардан бири – Усома ибн Мунқиз салбчиларнинг ваҳшийликларини васфлаб, қуйидагиларни айтган экан: «Болаларим, дўстларимнинг болалари ва аёлларимизнинг саломат қолгани бор будимни шилиб кетишганининг аламини енгиллаштиради. Лекин китобларимнинг ҳасрати менга катта мусибат бўлди. Тўрт минг жилдгина китобим бор эди. Аммо энг яхши китоблар эди. Уларни йўқотишим мен учун умрим бўйи маҳзунлик келтирди».
Албатта, овруполик салбчилар китобнинг қадрини қаердан билсинлар. Ахир уларнинг ўзларининг тарихчилари эътироф қилишларича, мусулмон оламида китоб борасида юқорида зикр қилинган ишлар бўлиб турган бир пайтда бутун бошли Оврупонинг барча монастирларида ҳаммаси бўлиб ўн икки дона китоб бўлган экан. Улар йўқ бўлиб кетмасин, деган мақсадда занжирлар ила боғлаб қўйилган экан. Ана шундай жойдан келган босқинчилар китобнинг қадрини билармидилар?!
Мусулмонларнинг илмга бўлган рағбатлари, китобга бўлган қизиқишлари иймон ва ихлос асосида бўлганлиги учун у тезда ўз самарасини берди. Улар турли илмларни тартибга солиб, бутун инсониятга тақдим этдилар.

Шайх Муҳаммад Содик Муҳаммад Юсуф
(«Ҳадис ва ҳаёт», 3-жуз, «Ният ва ихлос китоби»дан)

Рейтинг@Mail.ru

 

МАҚСАДИМИЗ

Миллий қадриятларимиз, маънавий бой меросимизни тиклаш ва уларни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз ўртасида тарғиб этиш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандий ва Маҳмуд Замахшарий сингари юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис, фақиҳ, тасаввуф ва муфассир алломалар меросини ҳар томонлама теран ўрганиш, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш, диний ходимларнинг малакасини, билим ва тажрибасини ошириш бўйича ўқув-услубий ишларни амалга ошириш, ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш, юртимиз тарихи зарварақларига олтин ҳарфлар билан муҳрланган нодир қўлёзмаларни келгуси авлодларга етказиш, аждодларимиз ҳаёти, ахлоқи ва юксак маънавиятини ифодаловчи матнларни таржима қилиб, ёшлар қалбида улар қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини шакллантириш, юртимиз Мовароуннаҳрнинг Бухоро, Самарқанд, Марв, Урганч, Ахсикет, Хива, Шош, Марғинон ва бошқа шаҳарларидаги маърифат масканлари бўлмиш мадрасаларда етишиб чиққан алломалар ҳақида, улар таҳсил олган мадрасалар ва ҳозирда юртимиз Ўзбекистонда ишлаб турган мадрасалар ҳақида талабаларга маълумот бериб бориш.
БИЗ БИЛАН БОҒЛАНИШ:  [email protected]