Шарафбой мадрасаси (Қашқадарё)

Category: Мовароуннаҳрдаги мадрасалар

Шарафбой мадрасаси

Қарши шаҳрининг тарихий маданий ёдгорликларидан бири ҳисобланган Шарафбой мадрасаси XVIII аср бошларида қурилган. Шарафбойнинг авлодларидан бўлган шаҳардаги Чақар маҳалласида яшовчи, 1927 йилда туғилган Хотам Шариповнинг маълумотига қараганда, мадраса бундан қарийб 300 йил илгари,

бобосининг бобоси Шароф хўжа маблағи ҳисобига бунёд этилган ва унинг ўзи эса умрининг охирига қадар мазкур мадрасада мударрислик қилган. Мадрасанинг меъморий услуби Шермуҳаммад мадрасасига яқин бўлиб, фақат у бир қаватли, кошинсиз чор ғиштлардан тикланган, пештоқлари анча паст, безаксиз, ҳажми хам Шермуҳаммад мадрасасига (27,5х24,6) нисбатан кичик, яъни бўйига 22, 15 метр, энига 19, 61 метрни ташкил этади. Тўғри тўртбурчак шаклидаги ҳовлиси унча катта эмас (9.0х12.31). Ҳовли саҳнига пишиқ ғишт терилган. Хужралар сони 14 бўлиб, улар асосан бир хонали, шунингдек, битта дарсхона ва жануб томонида айвон ҳам бор, ундан ёзги таҳсил жойи сифатида фойдаланилган.