Устозлар таълими

Category: Мақолалар

Устозлар таълими

Ёшлигимиздаги диний таълимот йўлларидан гапириб берсам. Советнинг оғир дамларига қарамасдан устозларимизнинг таълим дастурлари бор эди. Аввал Қуръон ўқишни ўргатишар эди. Қуръон ўқишни ўргангач, бир-ярим пора Қуръон ёдлаш ва Қуръонни шариллатиб ўқишни машқ қилиш. Токи сурани ёддан айтмаганунгизча бошқа сурага ўтилмас эди.
Бу иш амалга ошгач "сарф дарслиги"даги феъллар ва уларни турлаш фани бўлиб, 22 бобни ипидан игнасига ўзлаштирмасдан олдин бошқа фанга ўтилмас эди. Бунга камида ярим йил кетади. Кечаси ҳам кундузи ҳам шуни ўқийсиз. Бу фан тугагач, "Мабдул қироат" Араб тили асослари китобининг биринчи қисмини бошлайсиз. Унда 52 та дарслик луғат ва қисқа сўзлардан иборат бўлиб, бу китобдаги қарийб 800-1000 луғатни сувдек ёдлаш шарт.

 

Энди луғатлар ёд бўлгач сўзларни жумлага кирганда уларнинг охири қандай ўзгаришини ўргатувчи фан "наҳв дарслиги" бошланади. Унда 44 та қоида бўлиб, аввал матнларнинг сарлавҳасидаги қисқа маъноларини ёдлайсиз, сўнгра тагидаги маъноларини ўқиб, грамматик таҳлил қиласиз. Мисол учун бу сўз феъл, буниси исм, олмош, эга кесим ва ҳакозо. Бу дарсдан ҳам омон эсон ўтганингиздан сўнг яна давом этаверади. Илмни йўқотиб қўймаслигингиз учун кейинги синфдаги биттасини сизга шогирдликка беради. Ўзингиз шогирдсиз, яна шогирдингиз ҳам бор. Ҳар куни дарсдан кейин ҳамкурслар билан ўтилган дарс муҳокама (муколама) қилинади. Бир йил ичида беш йиллик дастурни ўқиб қўясиз. Устозлар дарсни тушунмасангиз бошқа дарсга ўтказмайди. Токи талаб қилинган даражада билмасангиз қайта-қайта такрорлайверади, тушунтираверади. Энг асосийси устозларни ҳомийлар таминлаб туради. Устоз шогирддан сариқ чақа ҳам тама қилмайди. Ўқитганига савоб борлигини ҳис қилади. Йилда бир марта, олти ойда бир имтиҳон ҳам қилмайди. У шогирдларининг салоҳиятини яхши билади. Бугун мадрасада бўлсин, мактабда бўлсин дарсга тушунмаган ўқувчи билан алоҳида шуғулланмаймиз. Сабаби оддий, улар кўп устозлар оз. Бугун тушунмасдан ўтиб кетган бола эртанги дарсга кейинги йилдаги дарсга мутлақо тушунмайди. Шу тарзда пора бериш, ёлғончилик болалар қалбидан жой олади. Тамом энди уни ислоҳ қилиб бўлмайди. Болалар дарсга тушунмадими, улар тушунганига қадар эринмасдан ўқитиш керак. Шунда олимлар чиқади. Бизда сон бор, сифат йўқ. Яна бир таклиф яхши ўқувчиларни ажратиб алоҳида ўқитиш керак. Қолоқ болаларни алоҳида ўқитиш керак. Иқтидорли, зеҳни ўткир болаларни қолоқларга қўшилса яна илмсизлик келиб чиқаверади. Зеҳнли боланинг умри зое бўлади.

Шермурод Тоғай. Тошкент шаҳар, Тинчлик жомеъ масжиди имоми.