Хожа Бухорий Ислом билим юрти

Category: Ўзбекистонда ишлаб турган мадрасалар

“Хожа Бухорий” Ислом билим юрти


 
Мустақилликнинг илк йиллариданоқ ёшларимизга дунёвий билимлар билан бир қаторда, диний илм олишлари учун кенг имконият эшиклари очилди. 1992 йил Қашқадарёда ҳам ўрта махсус Ислом билим юртига асос солинди. Билим юртига Саид Аҳмад Вали Кулоҳдўз Хожа Бухорийнинг номи берилган. У зот Баҳоуддин Нақшбанднинг замондоши ва яқин қариндоши бўлиб, Китоб шаҳрида яшаб ижод этган улуғ алломалардандир.
Билим юрти биноси икки қаватли бўлиб, 140 ўринга мўлжалланган. Бундан ташқари, икки қаватли ётоқхона ҳам талабалар хизматида.
Ёшларнинг Ислом динини чуқурроқ ўрганишга бўлган талабини қондиришда мазкур билим юрти алоҳида ўрин тутади. Талабалар ҳар томонлама билим олишлари, замон талабига жавоб бера оладиган, ўз касбий йўналишларини пухта эгаллаган мутахассис бўлишлари учун барча шароитлар етарли.
Талабаларга информатика, физика, математика, биология, она тили каби умумтаълим фанлари ҳамда тажвид, тафсир, ҳадис, фиқҳ, муховара (сўзлашиш), наҳв каби мутахассислик фанлари бўйича 23 нафар олий маълумотли етук мутахассис сабоқ беради. Ўқувчилар араб тилида сўзлашув услуби, инглиз тили фанлари учун алоҳида жиҳозланган замонавий фан кабинетларида билимларини мустаҳкамлайдилар.
Билим юртида 102 нафар талаба таълим олмоқда. Улар орасида “Имом Бухорий”, “Имом Термизий”, “Эшон Бобохон” ва “Зиёвуддин қори” каби махсус стипендияларга лойиқ кўрилган талабалар бор.
Талабаларнинг кундалик янгиликлардан хабардор бўлиб боришлари учун ахборот-ресурс маркази ва ўқув зали мавжуд. Марказда жами ўн мингдан ортиқ китоб ва ўқув қўлланмалар бор.
Билим юрти жамоаси мустақил Ўзбекис¬тонимиз тараққиёти йўлида хизмат қилади¬ган, маънан етук, соф Ислом илмларини мукаммал ўзлаштирган, Ватанига содиқ, халқига меҳр-мурувватли имом-хатиб, бошланғич араб тили мураббийи, маҳалла раисининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси каби мутахассисларни тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Педагог ходимлар учун билим юртида услубият хонаси мавжуд бўлиб, унда услубий шўъбалар ташкил этилган. Мударрис ва ўқитувчилар дарслар янада самарали бўлиши учун замонавий педагогик технологиялар, кўргазмали қуроллардан унумли фойдаланиб келишмоқда. Билим юртида Қуръони карим ва тажвид, информатика, хаттотлик ва араб тили фанларидан тўгараклар ташкил этилган.
Мадраса битирувчилари республикамиздаги олий ўқув юртларида билимларини янада мустаҳкамлаш билан бирга, жойларда имом-хатиб, имом ноиби ва мутавалли вазифаларида хизмат қилиб, халқимизга Ислом дини таълимотларини ўргатишдек шарафли ишга муносиб ҳисса қўшишмоқда.
Билим юртимиз талабалари Ўзбекистон му¬сул¬монлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари ўртасида ўтка¬зиладиган “Қорилар мусобақаси”, “Ягона олимпиада” кўрик-танловлари, шунингдек, “Баркамол авлод” спорт мусобақаларида ¬фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келишяпти.
Бундан ташқари, билим юртида маънавият тарғибот маркази ва “Талабалар илмий жамияти” фаолият олиб боради. Ҳафтанинг ҳар душанба куни “Маънавият соати” ўтказилиб, бугунги кундаги энг долзарб мавзулар муҳокама қилинади. Ўқитувчи ва талабалар юртимизнинг даврий нашрларида бугунги куннинг долзарб мавзулари – диний экстремизм, миссионерликнинг салбий оқибатлари ҳақида, ёшлар тарбияси, Ватанга садоқат, фидойилик каби мавзуларда кетма-кет чиқишлар қилишмоқда.
2016 йил 22 март
Ўткир ҒУЗОРОВ, “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири.

«Хожа Бухорий» ўрта махсус Ислом билим юрти
Қашқадарё вилояти, Китоб шахри, Заргарлик, 4.
Тел: 54-27-425, 54-27-225.