Мир араб мадрасаси

Category: Ўзбекистонда ишлаб турган мадрасалар

«Мир араб» мадрасаси

Бухородаги “Мир Араб” мадрасаси шаҳар марказида, аниқроқ қилиб айтилса, қадимий Шаҳристонда жойлашган бўлиб, икки улкан гумбази билан бошқа тарихий бинолардан ажралиб туради. Мадрасанинг кириш қисми кунботар томондадир. Дарвоза улкан пештоқ остида жойлашган. Бино тўрт қаватдан иборат бўлиб, унда 114 та хона бор. Мадрасанинг ички қисми ҳам ажойиб тарзда лойиҳалаштирилган. Ҳужраларни  тўртта улкан пештоқ ажратиб туради.

 

Мадраса биносини милодий 1530–1536 (ҳижрий 936–942) йиллари шайх Мир Араб қурдирган. Халқ орасида “Мир Араб” номи билан машҳур бўлган бу олимнинг асл исми Саййид Абдуллоҳ Яманийдир. У йигирма икки ёшида илм излаб Самарқандга келади ва Хожа Аҳрор Валийга шогирд тушади. Хожа Аҳрор Валий вафотидан сўнг унинг ўғли Муҳаммад Бакр Саййид Абдуллоҳни Бухоро амири Убайдуллоҳхон билан таништиради. Тез орада у илм-маърифати билан эл орасида танилади, ҳурмат қозонади.
Мадраса қарийб беш асрдан буён Шарқу Ғарбга илм нурини таратишдек эзгу йўлда хизмат қилаётир. Фақат ўтган асрнинг 30-йилларида унинг фаолияти бир неча йил тўхтатиб қўйилди. 1943 йилга келиб, собиқ иттифоқда ягона Ислом ўқув юрти сифатида яна иш бошлади. Замонасининг етук олимларидан Миён Малик, у кишининг шогирди, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диния назорати асосчиси Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, Қози Асқар, Домла Икромча, Сулаймон Хўжа, Домла Изомий, Домла Қосим, Мухторжон Абдуллаев, Абдуғани Абдуллаев, Юсуфжон Шокиров ва бошқалар шу мадрасанинг талабалари бўлишган. Илм масканида қўшни Афғонистон, Эрон, Марказий Осиё мамлакатлари, Россия ва Хитойдан ҳам жуда кўп талабалар таҳсил олишган. Улар орасида замонасининг етук олимлари бўлиб етишганлари оз эмас.

 

Ҳозир билим юртида юздан ортиқ талаба ўқийди. Уларга йигирма уч нафар малакали мударрис ва ўқитувчи таълим-тарбия беради. Ўқиш муддати тўрт йил. Мадрасани битирувчиларга исломшунос, имом-хатиб ва араб тили ўқитувчиси мутахассисликлари бўйича диплом берилади.
Ўқув дастури Давлат таълим стандарти талаблари асосида ташкил этилган. Талабалар Қуръони карим, ҳадис, фиқҳ, Ислом тарихи, араб тили, сарф ва наҳв, шунингдек, она тили ва адабиёт, инглиз тили, физика-математика, жуғрофия, астрономия ҳамда информатика каби фанларни ўрганишади. Замон талабларига жавоб берадиган синфхоналар, интернетга уланган компютер маркази талабалар хизматида.
Мадраса кутубхонасида йигирма минг¬дан ортиқ китоб бор. Айниқса, кутубхонанинг нодир қўлёзмалар бўлимида сақланаётган манбалар маънавий меросимиз дурдоналари саналади.
Талабаларнинг ҳунар эгаллашлари, соғлом ва бақувват бўлишларига ҳам жиддий эътибор берилади. Улар дарсдан бўш вақтларида волейбол, футбол, стол тенниси ва бошқа тўгаракларга қатнашишади. Бошқа ўқув юртлари билан турли беллашувлар, танловлар ўтказилиши талабалар билим-кўникмаларини синашда қўл келмокда.
– Тошкент ислом университети, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва бошқа олий ўқув юртлари талабалари сафида йилдан-йилга мадрасамиз битирувчилари кўпайиб бораётгани биз устозлар учун шарафдир, – дейди билим юрти мудири Муҳиддин Нўъмонов. – Мақсадимиз – ёшларга соф исломий ақидадан, ҳанафий мазҳабимиз асосларидан пухта таълим бериш, динимизнинг чинакам инсоний ғояларини халқимизга етказа оладиган малакали мутахассислар тайёрлашдир.

Муҳаммад СИДДИҚ тайёрлади.
2016 йил 18 январ
 

 


Ўрта Осиё, Россия, Афғонистон каби ўлкаларнинг кўпгина диний арбоблари ва таниқли уламолар шу даргоҳда таҳсил кўришган. Дастлабки йиллари мадрасада Абдураҳим қори, Мубин қори, Исмоил Махдум, Муҳаммад Амин домла, Шаҳобиддин қори, Муҳаммаджон махсум (Махжурий) каби устозлар дарс беришган.

 

Ҳозиргача 1000 дан зиёд киши мадрасани битириб чиққан бўлса, шундан 720 нафари мустақиллик йилларида таълим олган. ХIХ аср нақшбандийа тариқати етакчи намояндаси Қози Асқар, Шаҳобиддин ал-Маржоний, Сиддиқ Ҳасанхон, таниқли муфассир ва муҳаддис Миён Малик, ёзувчи Садриддин Айний, ўлканинг деярли барча муфтийлари мазкур мадраса талабалари бўлишган. Ҳозир билим юрти талабаларига 25 нафар мударрис Қуръон, ҳадис, фиқҳ, Ислом тарихи, сарф ва наҳв, ўзбек, форс тиллларидан таълим бераётир.

«Мирараб» ўрта махсус Ислом билим юрти:
Бухоро шаҳри, Ф. Хўжаев тумани, Хўжануробод, 16.
Тел: 224-21-76, 224-45-97.