Имом Фахриддин Розий мадрасаси

Category: Ўзбекистонда ишлаб турган мадрасалар

«Имом Фахриддин Розий» мадрасаси

Мустабид тузум даврида уламо¬лар тазйиқ остига олиниб, мадра¬салар ёпилган эди. Истиқлол туфай¬ли халқимизнинг асрий орзуси ушалиб, ёшларимиз диний билим олишлари учун кенг имкониятларга эга бўлишди. Жумладан, Хоразмда ҳам 1992 йили “Имом Фахриддин Розий” ўрта махсус ислом билим юрти очилди.
Буюк мутафаккир Фахриддин Розий Рай шаҳрида (1148–1210) туғилса-да, умрининг кўп вақтини Бухоро, Хўжанд, Марв ва Урганчда ўтказган. Аллома эл орасида илми, заковати билан катта ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлган.
Фахриддин Розий диний илмлар билан бир қаторда фалсафа, ҳуқуқшунослик, филология, тиббиёт соҳаларида 150 дан ортиқ рисола ва шеърлар ёзиб қолдирган. Алломанинг “Мифтоҳул улум”, “Ниҳоятул улум” ва “Илмул ахлоқ” каби нодир асарлари, шунингдек, “Мафотиҳул ғайб” номли тафсири машҳурдир.
“Имом Фахриддин Розий” мадрасаси Хонқа туманидаги “Халифаи Худойқули эшон бобо” масжиди биносида фаолият бошлаган, 1994 йилда Урганчдаги “Дошқинжон бобо” номли тарихий бинога кўчирилди. 2005 йилдан бери Урганч шаҳрида жойлашган замонавий янги бинода фаолият юритмоқда. Билим юрти ўқув хоналари ва талабалар турар жойи ҳам замон талаблари даражасида таъмирланиб, ўқув жиҳозлари билан тўла таъминланган.
Билим юртида 2016 йил январь ойида дунёвий фанлар бўйича лаборатория хоналари ташкил қилинди, физика, кимё, биология, астрономия фанлари учун амалиёт жиҳозлари олинди. Талабаларга 13 нафар асосий ва 7 нафар ўриндош олий маълумотли малакали мударрислар таълим беришади. Талабалар Ислом динининг соф ақидасини мустаҳкам эгаллаш билан бир қаторда, компьютер ва бошқа дунёвий билимлардан хабардор бўлсагина, келажакда бузғунчи ғояларга қарши кураша олади. Шу мақсадда, дарслардан кейин талабаларга қўшимча машғулотлар олиб борилади.
Билим юртида иқтидорли талабаларни рағбатлантириш мақсадида “Имом Бухорий”, “Имом Термизий”, “Эшон Бобохон” ва “Зиёвуддин қори” каби махсус стипендиялар жорий қилинган. Ҳар йили ҳомийлар кўмагида кам таъминланган ва иқтидорли талабаларга шартнома пулларини тўлашда ёрдам берилади.
Талабалар зарур маълумотларни осонлик билан олишлари учун мадрасамизда ташкил этилган Ахборот-ресурс маркази янги адабиётлар ва замонавий техник жиҳозлар билан мунтазам бойитиб борилади. Ҳозирда билим юрти АРМ (ахборот-ресурс маркази)да ўн мингдан зиёд китоб, ўқув қўлланмалар ҳамда электрон дастурлар мавжуд.
Шунингдек, билим юртида бир қатор тўгараклар фаолияти ҳам йўлга қўйилган. “Компьютер сабоқлари”, “Хаттотлик”, “Араб тили”, “Қуръони карим”, “Фиқҳ”, “Тафсир”, “Ҳадис” каби тўгараклар шулар жумласидандир.
Билим юртида режа асосида мунтазам маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш тизими йўлга қўйилган. Маънавият дарсларида нуфузли илм даргоҳлари профессор-ўқитувчилари, депутатлар долзарб мавзуларда маърузалар қилишади, талабаларни қизиқтирган саволларга жавоб беришади.
Шунингдек, мударрис ва талабаларимиз динда мўътадиллик, соғлом эътиқод софлигини, тинчликни асраш, ватанпарварлик каби мавзулардаги мақолалари билан оммавий ахборот воситаларида мунтазам қатнашиб туришибди.
Талабалар орасида ҳафтанинг ҳар сешанба куни маънавият соатлари, чоршанба – араб тили, жума – рус тили ва шанба – инглиз тили кунлари ўтказилади.
Талабалар бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари ва жисмонан соғлом бўлишлари учун замонавий жиҳозланган спорт зали ва майдончалари мавжуд.
Мадрасамизда барча қулай¬ликларга эга 85 ўринга мўлжал¬ланган ётоқхона ҳам талабалар хизматида.
Талабаларимиз Республика диний таълим муассасалари орасида ўткази¬ладиган мусобақаларда фахр¬ли ўринларни эгаллаб, халқаро мусобақаларда ҳам иштирок этишмоқда. Жумладан, Билолиддин Акбаров республика қорилар мусобақасида 2-ўринни эгаллади. 2014 йилда Муҳаммадвали Ҳасанов 1-ўринни эгаллаб, Қувайт давлатида ўтказилган Халқаро мусобақада иштирок этган эди. Шахмат ва кураш бўйича мадрасалараро мусобақаларда ҳам талабаларимиз юқори ўринларни қўлга киритмоқда.
“Имом Фахриддин Розий” ўрта махсус ислом билим юртини шу кунгача жами 257 нафар талаба-ёш ўқиб битирди. Улар ҳозир вилоят ҳудудида ва Қорақалпоғистон Республикасида имом-хатиб, имом ноиби вазифаларида юрт ободлиги ва дин ривожи йўлида хизмат қилишмоқда. Шунингдек, айрим битирувчиларимиз Тошкент ислом институти, Тошкент юридик институти, Урганч Давлат университети ва Тошкент ислом университети каби нуфузли илм даргоҳларида ўқишни давом эттиряпти.
 
Давронбек АБДУҚОДИРОВ, “Имом Фахриддин Розий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири.
2016 йил 14 июл

«Фахриддин ар-Розий» ўрта махсус Ислом билим юрти.
Хоразм вилояти, Урганч шаҳри, Й. Бобожонов кўчаси, 43-а уй.
Тел: 227-25-80.