Ҳидоя (Мулла қирғиз) мадрасаси

Category: Ўзбекистонда ишлаб турган мадрасалар

Ҳидоя (Мулла қирғиз) мадрасаси

Мулла қирғиз мадрасаси Наманган шаҳрининг Чорсу майдонидаги меъморчилик обидаси бўлиб, у сармоядор ва илм ҳомийи Мулла Қирғиз Охунд Машраббой ўғли (1850-1922) маблағи ҳисобига 1910-1912 йилларда барпо этилган.
Шаҳарнинг марказий қисмида бунёд этилган Мулло Қирғиз мадрасаси тарҳда беш қиррали бўлиб, ҳужралар билан ўраб олинган. Масжид ва дарсхона бир-бирига туташ қилиб қурилган ва улар гумбазлар билан ёпилган.
Мадраса ҳовлисини ҳозирда 41 ҳужра ва 4 та гумбаз ўраб туради. Ҳужралар сони аслида кўпроқ бўлган ва улар шўролар даврида турли мақсадларда фойдаланишга мослаштириш жараёнида бузиб ташланган. Мадраса аслида икки қаватли қилиб қурилиши лозим эди. Лекин олд фасадигина икки қаватли қилиб қурилгандан кейин қурилиш ишлари тўхтаб қолган.

 



Билим юрти устоз Убайдуллоҳхон Лутфуллаев раҳбарлигида 1991 йил сентабрида иш бошлади. Наманганнинг таниқли уламоларидан Ҳошимжон қори Юсупов, Шамсиддин қори Охунов, Исҳоқ махдум Саттиев, Яҳёхон ҳожи Тошхўжаев, Абдулатиф қори Султонмуродов ва бошқалар билим юртида тафсир, ҳадис, тажвид, фиқҳ, ақоид илмларидан сабоқ беришган. Ҳозиргача мадрасани 230 йигит битириб, Намангандан бошқа қўшни вилоятларда ҳам ишлашмоқда. Айни пайтда 112 талаба таълим оляпти. Билим юрти битирувчиларидан Муҳаммадали Шаҳобиддинов, Мусохон Аббосиддинов, Орифхон Содиқовлар республика қорилар танловида ғолиб чиқиб, Малайзия, Саудия Арабистонида бўлган мусобақаларда муваффақиятли қатнашишди.

 

 

1998 йили Мулла қирғиз мадрасаси Наманган шаҳри, Уйчи кўча, 359-уйда жойлашган Отавалихон гумбаз қадимий масжиди биносига кўчирилди.
Мазкур бино ХХ аср бошига мансуб Ота Валихонтўра гумбаз масжидидир. У Мулла Қирғиз мадрасаси билан бир кўчада жойлашган. Тўғри тўртбурчак тарҳли (27х19,6 м), композицион жиҳатдан гумбазли симметрик кўринишда. Кириш бошқа кўпчилик биноларда бўлгани каби пештоқ билан ажратилган. Масжид тузилишига назар ташласак, ўртадаги катта хона диаметри 13,9 метрли қобирғали гумбаз билан ёпилган. Ёдгорликда ғишткорлик бинонинг сирти ва ичида шундай мутаносиб олиб борилганки, бу ўз навбатида иморатнинг яхлитлигини таъминлайди. Марказий хонадаги кошинкор мовий тасма уни янада кўркамлаштирган. Кириш дарвозалари чуқур ўйма юлдузсимон ҳамда ислимий нақшлар билан безатилган.

 

 

 
 
2016 йилнинг 29-январ куни Мулла Қирғиз мадрасаси Отавалихон гумбаз масжиди биносидан Наманган шаҳрининг Оромгоҳ даҳасидаги янги бинога кўчиб ўтди. Мазкур мадраса энди “Ҳидоя” номи билан юритиладиган бўлди. Наманган шаҳрида “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти тарихида янги зарварақ очилди.
Наманган вилоят вакиллиги томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятидан мадраса биносини янги, замонавий ва барча талабларга жавоб берадиган бинога кўчириш масаласи сўралган эди. Ҳукумат томонидан бу масала ижобий ҳал этилди.
Наманган шаҳрининг баланд ҳудудида жойлашган, хушҳаво иқлимга эга бўлган ҳамда барча қулайликлари мавжуд “Оромгоҳ” даҳасидан мадраса учун янги мажмуа ажратилганини мамнуният билан эълон қилинди.
Мазкур мажмуа бир неча бинолардан иборат бўлиб, унда замонавий ўқув биноси, ҳамда барча қулайликларга эга бўлган талабалар турар жойи ҳам мавжуд. Шунингдек, бу ерда ошхона, намозхона, мажлислар зали ҳамда вилоят вакиллиги учун ҳам махсус бинолар барпо қилинган.
Вилоятда фаолият кўрсатаётган масжидлар имом-хатибларнинг йиғилишлари учун мўлжалланган махсус мажлислар зали, маънавият ва маърифат хоналари, замонавий техник жиҳозлар билан таъминланган ахборот-ресурс марказлари ташкил этилган. Мажмуа замонавий иситиш ва совутиш тизимига эга.
Бундай улкан мажмуани ташкил этишдан мақсад бу масканни келажакда Ўзбекистон республикасининг диний-маърифий билим марказларидан бирига айлантириш ҳисобланади.
Билим юртининг янги ном билан янги бинода ўз фаолиятини бошлаши муносабати билан ташкил этилган тантанали маросимга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ва Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров  ташриф буюриб, билим юртининг барча ўқитувчи-ходимлари ва талабаларини янги ўқув биноси билан муборакбод этдилар. Устоз ва талабаларга ушбу муҳташам масканни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, янада кўркам ва обод этиш, яратиб берилган ушбу имконият ва шароитлардан самарали фойдаланиб, таҳсил олаётганларга астойдил ва қунт билан билим олишни тавсия қилдилар.
Ушбу қувончли ва файзли иш Наманган вилоятининг барча масжидларида жума маърузаларида ёритилиб, мадрасанинг янги замонавий масканга кўчиб ўтганлиги айтиб ўтилди. Ушбу янгилик вилоят намозхонлари томонидан катта хурсандчилик билан кутиб олинди.
Мадрасанинг янги бинога кўчиши муносабати ўтказилган тадбир ва жума намозларида Аллоҳдан келажакда “Ҳидоя” билим юртидан Имом Ал-Бухорий, Имом ат-Термизий ва Бурҳониддин Марғилоний каби буюк мутафаккир олимларни етишиб чиқиши сўраб дуолар қилинди.


Ҳеч шубҳасиз, билим юртининг ушбу янги замонавий биноси кенг ва шинам хоналар, энг сўнгги русумдаги ахборот технология воситалари билан жиҳозланган информатика хонаси, ахборот ресурс маркази ҳамда қишки-ёзги спорт майдончаларига эга бўлган, осмони кенг шифобахш маскан экани талабаларнинг соғлом, баркамол ҳамда комил инсон бўлиб етишишиларига мустаҳкам замин бўлади.
Эътиборли жиҳатлардан бири шуки, мадраса ҳудуди 10 гектардан зиёд бўлиб, бино ҳудудидаги 10 000 (ўн минг)га яқин мевали ва манзарали дарахтлар бино кўркига янада кўркамлик бахш этиб турибди. Бу ернинг соф табиати ва мусаффо ҳавоси кишига ўзгача бир кўтаринки кайфиятни улашади.

«Ҳидоя (Мулла Қирғиз)» ўрта махсус Ислом билим юрти
Наманган шаҳри, Уйчи, 359.
224-34-62.

Янги бино:
Наманган шаҳар, Индира Ганди кўчаси, 1. 
Тел: (+99869) 2287838