Тошкент ислом институти (Олий маъҳад)

Тошкент ислом институтининг ташкил этилиши

Мамлакатимиздаги диний билим юртлари – мадрасалар қадим тарихга эга бўлиб, уларнинг довруғи бутун мусулмон оламига тарқалган. Масалан, "Ислом динининг қуббаси" ҳисобланган Бухоро шаҳрида XX асрнинг бошларида 130 та мадраса фаолият кўрсатган. Лекин шўро ҳукуматининг даҳрийлик сиёсати, динга қарши кураш, барча масжид ва мадрасалар ёпиб юборилиши натижасида 1928 йилга келиб Ўзбекистонда диний таълим тизими батамом тўхтатилди.
Иккинчи жаҳон уруши даврида шўро тузумининг диний сиёсатида кескин ўзгариш кузатилди. 1943 йилнинг октябрида Тошкент шаҳрида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг диний бошқармаси ташкил этилди. Мазкур Диний бошқарма фаолияти Ўрта Осиёдаги бешта шўро республикаси – Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонни қамраб олган бўлиб, диний таълим билан боғлиқ асосий жараёнлар айнан Ўзбекистонда кечди.
Бухородаги "Мир Араб" (1945 йилдан бошлаб бугунги кунгача) ва Тошкентдаги "Бароқхон" (1945-1961 йиллар) мадрасалари, Тошкент олий маъҳади  (1971 йилдан бошлаб бугунги кунгача) собиқ иттифоқнинг мусулмон ташкилотлари учун мутахассис тайёрлаб берувчи расмий диний ўқув юртлари эди.
Мустақиллик диний таълим ривожи учун маъно ва мазмун жиҳатдан тубдан фарқ қилувчи имкониятлар очиб берди. Барча диний билим юртлари учун давлат таълим стандартлари билан мувофиқлаштирилган ўқув дастурлари тузилди, амалдаги қонунлар асосида дунёвий ва диний фанлар уйғунлиги таъминланди.
Бугунги кунда диний таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар изчиллигини таъминлаш, сифат ва савиясини янада ошириш, истиқбол режаларини белгилаш учун яқин ўтмиш тажрибасини тадқиқ ва таҳлил этиш муҳимдир.


Тошкентда 1943 йилнинг 20 октябрида йирик курултой бўлиб ўтди. Унда собиқ иттифоқнинг турли жойларидан уламолар иштирок этишди. Асосий масала Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасини ташкил қилиш масаласи бўлиб, махсус ҳайъат тузилди. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг раиси этиб Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон тайинланди ва у кишига "минтақадаги беш иттифоқдош жумҳуриятларнинг муфтийси" унвони берилди. Шу билан бирга беш жумҳуриятнинг қозилари сайланди ва Ўзбекистон қозиси этиб Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон тайинланди.
Институт 1971 йил 1 октябрдан фаолият кўрсата бошлаган. Ўтган йиллар мобайнида собиқ Иттифоқдаги ягона бу диний олий ўқув юртида Марказий Осиё ва Қозоғистондан ташқари Шимолий Кавказ, Россия, Озарбайжон, Татаристон, Афғонистон, Яман, Ветьнам, Булғорийа каби юртларнинг талабалари ҳам илм олишди.

 

Институт олий маълумотли исломий мутахассислар, имом-хатиблар, одобнома бўйича ва араб тили мударрислари тайёрлайди. Институт ташкил топган йилларда бор-йўғи йигирма талаба ўқиган бўлса, ҳозир икки юздан зиёд илм толиблари таҳсил кўришяпти. Институтда дин асослари, Ислом ҳуқуқшунослиги ва тарих факултетлари, шунингдек, диний фанлар, ижтимоий-гуманитар фанлар, хорижий тиллар кафедралари ишлаб турибди. Хотин-қизлар Ислом билим юртлари учун малакали мударрисалар тайёрлаш мақсадида аёллар гуруҳи ҳам очилган.
Асрорқул Мавлонқулов, Шамсуддин Бобохонов, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Муҳаммад Латиф Жуман, Баҳодир Муртазо, Ғуломқодир Мирзаёқубов турли йилларда олий маъҳад ректорлари бўлишди. Эндиликда институтга Абдуқаюм Азимов бошчилик қилаётир. (2004 йил)
ИСЛОМ ИНСТИТУТИ, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти (Зарқайнар 18-берк кўчаси, 47а -уй) – олий диний ўқув юрти. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бош¬қармаси раиси, муфтий Зиёвуддинхон Эшон Бобохон ўғли ташаббуси билан масжид имом-хатибларининг малакасини ошириш курслари негизида 1971 йил Тошкентда ташкил этилган. Дастлаб Ислом олий маъҳади деб номланган. 1991 йилдан ҳозирги номда. Ташкил этилганда буюк муҳаддис Имом Бухорий номи берилган. Ўзбекис¬тон мусулмонлари идораси тасарруфида. Динлар тарихи ва назариясини чуқур эгаллаган, ислом дини асосларини ўзлаштирган диний ходимлар тайёрлайди. Институт битирувчиларига исломшунос, имом-хатиб ва араб тили ўқитувчиси ихтисослиги берилади.


Ислом институтининг эски кўриниши

Институтда 4 та кафедра мавжуд:
диний фанлар (фиқҳ, усул ул-фиқҳ, ақоид, ҳадис, мусталаҳ-ул-ҳадис, тафсир, фароиз, хатоба каби диний фанлар ўқитилади).
ижтимоий фанлар (фалсафа, маънавият асослари, социология, Ўзбекистон тарихи, ислом тарихи, мазҳаблар ва фирқалар тарихи, динлар тарихи, сиёсатшунослик, иқтисодиёт назарияси, экология асослари ва бошқа фанлар ўқитилади).
таҳфизул-Қуръон (Қуръони карим қироати, тажвид, улумул-Қуръон каби фанлар ўқитилади).
тиллар (она тили, араб тили, инглиз тили, форс тили, рус тили, балоғат ва хаттотлик каби фанлар ўқитилади). Кутубхонасида 20 мингдан ортиқ асар сақланади.




Ислом институтининг янги кўрини

Институтда илмий кенгаш, ўқув-услубий кенгаш, мураббийлар кенгаши, талабалар кенгаши фаолият олиб боради. Институтда 130 дан ортиқ талаба ўқийди, 42 ўқитувчи ишлайди (2008).
Институт ташкил этилгандан бери уни 1700 дан ортиқ киши битириб чиқди. Институт ҳудудида тарихий ва меъморий ёдгорлик – Намозгоҳ масжиди мавжуд.
«Тошкент» энциклопедияси. 2009 йил.

 

Тошкент ислом институтига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари керак:
- Ректор номига ариза.
- Маълумоти ҳақида ҳужжат: аттестат ёки ўрта махсус ислом билим юртини битирганлиги ҳақида диплом (асли).
- Яшаш жойидаги масжид имомидан йўлланма.
- Соғлиғи ҳақида тиббий маълумотнома (У-086-шаклида).
- 6 дона 3x4 ҳажмда фотосурат.
- Паспорт нусхаси (асли кўрсатилади).
- Яшаш жойидан маълумотнома.
- Ҳарбий хизматга алоқадорлиги ҳақида ҳужжат (асли).
Қуйидаги фанлар бўйича кириш имтиҳонлари топширилади:
- ўзбек тили ва адабиёти (тест);
- маънавият ва маърифат (оғзаки ижодий);
- чет тили (оғзаки ижодий);
- Ўзбекистон тарихи (тест).

Тошкент Ислом институти манзили:
Тошкент шаҳри, Зарқайнар кўчаси, 18-берк кўча, 47-уй.
Тел: 240-05-87, 240-03-58

Рейтинг@Mail.ru

 

МАҚСАДИМИЗ

Миллий қадриятларимиз, маънавий бой меросимизни тиклаш ва уларни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз ўртасида тарғиб этиш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандий ва Маҳмуд Замахшарий сингари юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис, фақиҳ, тасаввуф ва муфассир алломалар меросини ҳар томонлама теран ўрганиш, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш, диний ходимларнинг малакасини, билим ва тажрибасини ошириш бўйича ўқув-услубий ишларни амалга ошириш, ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш, юртимиз тарихи зарварақларига олтин ҳарфлар билан муҳрланган нодир қўлёзмаларни келгуси авлодларга етказиш, аждодларимиз ҳаёти, ахлоқи ва юксак маънавиятини ифодаловчи матнларни таржима қилиб, ёшлар қалбида улар қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини шакллантириш, юртимиз Мовароуннаҳрнинг Бухоро, Самарқанд, Марв, Урганч, Ахсикет, Хива, Шош, Марғинон ва бошқа шаҳарларидаги маърифат масканлари бўлмиш мадрасаларда етишиб чиққан алломалар ҳақида, улар таҳсил олган мадрасалар ва ҳозирда юртимиз Ўзбекистонда ишлаб турган мадрасалар ҳақида талабаларга маълумот бериб бориш.
БИЗ БИЛАН БОҒЛАНИШ:  [email protected]