Саид оталиқ мадрасаси (Сурҳондарё, Денов)

Бўлим: Мовароуннаҳрдаги мадрасалар

 

Саид оталиқ мадрасаси — Сурхондарё вилояти Денов шаҳридаги меъморий ёдгорлик (16-а.).

Хожа Алоуддин Атторга атаб қурилган. Айтишларича, бу зот Баҳоуддин Нақшбанднинг куёвлари бўлиб, у кишининг икки халифаларидан бири. Бу киши дафн қилинган қабрлари ҳозир "Шайх Аттори Валий" ёки "Остона бува" дейилади. Мадраса у кишининг ўғиллари ва неваралари томонидан 26 йил давомида қурилган. Қурилишда уста Аҳмад Мамат Бухорий бошқош бўлган. Пойдеворининг чуқурлиги 5,5 м. Мадраса шимолий жанубга томон чўзилган тўгри тўртбурчак тарҳли (46х64 м), бурчакларига гулдасталар ишланган. Пештоғининг 2 ён томонида 2 қаватли 3 равоқли пешайвони бор. Пештоқ орқали кираверишда миёнсарой (бир неча бўлимдан иборат), унинг 2 ёнида чортоқ тархли масжид ва дарсхона бор. Миёнсарой гумбази қалқонсимон қаносларга, масжид ва дарсхона гумбазлари тоқиларга таянган. Ҳовли (40х29,5 м) атрофида олди чуқур равоқли, 2 қаватли ҳужралар жойлашган. Пастки қаватдаги ҳужралар ҳажми 4,75х2,75 м ва юқорисидаги ҳужралар ҳажми 2,75х2,25 м, томи балхи гумбазли. Пештоғи ва ички хоналарида миёнсарой равоқларида ганчкори безаклар ва ички бўртма қобирғасимон, муқарнас нақшлар сақланган. Ҳужра деразаларига ганчдан панжаралар ишланган. 1956—60 ва 1972—73 йилларда илмий ўрганилиб, лойиҳа асосида таъмирланмоқда.

 Ўзбекистон миллий энциклопедияси, биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.