Қутлуғмурод иноқ мадрасаси (Хива)

Category: Мовароуннаҳрдаги мадрасалар

 

Қутлуғмурод иноқ мадрасаси — Хивадаги меъморий ёдгорлик (1804—12); Ичан қалъа таркибида. Оллоқулихоннинг тоғаси Қутлуғмурод Иноқ қурдирган; васиятига биноан миёнсарой замини тагига дафн этилган. Мадраса тўртбурчак тарҳли (57х44 м), масжид ва дарсхона (тарҳи 5х5 м), ҳужралар (3х3 м), ҳовли (31,8х27,8 м) ҳамда ҳовли ўртасидаги сардоба (диаметри 7,15 м)дан иборат.

Қутлуғмурод иноқ мадрасаси Хивада дастлаб қурилган 2 қаватли мадраса бўлиб, Хива мадрасаларига хос бўлмаган 2 қаватли, 3 очиқ равоқли, бош тарзи очиқ ва маҳобатли қилиб бунёд этилган; бино ғиштдан лой билан терилган, пойдевори деворидан ёғоч тўсинлар (сардобаники мармар) билан ажратилган. Бош тарзидаги пештоқ ва унинг 2 Д. ёни 3 равоқли, бурчакларига гулдасталар ишланган; пештоқ орқали миёнсаройга кирилади. Миёнсарой 3 хонали, 2 ёнида мадраса ва дарсхона жойлашган; масжид ва дарсхона гумбази қалқонсимон бағалларга боғланган, ёзги масжид пастак гумбаз билан, ҳужралар балхи гумбаз билан ёпилган; сардобанинг гумбази силиндрсимон пойгумбазга ўрнатилган, пойгумбазига равоқли айлана йўлак (баландлиги 1,65 м, ени 0,6 м) ишланган.

Қутлуғмурод иноқ мадрасаси Хивадаги сирланмаган ва босма усулида яратилган бўртма безаклар қўлланган ягона ёдгорликдир; пештоғи, миёнсарой рангли ўйма ганч билан зийнатланган, равоқлари муқарнаслар билан тўлдирилган; сирли кошин ва парчинлар билан қоплаб безатилган; деразаларига ганч панжаралар ишланган; ўймакори эшиклари амалий санъатнинг нодир намунасидир (нақшлар орасида бино қурилган сана битилган).

 Ўзбекистон миллий энциклопедияси, биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.