Норбўтабий мадрасаси

Норбўтабий мадрасаси



Норбўтабий мадрасаси - Қўқондаги меъморий ёдгорлик (18-аср охири). Қўқон хони Норбўтабий ҳукмронлиги даврида қурилган. Халқ орасида Мадрасаи Мир номи билан ҳам юритилади.
Норбўтабий мадрасаси чорсу майдони яқинида қурилган. Бир қаватли, ҳовлили, тўғри тўртбурчак тарҳли (52х72 м), 4 бурчагига минора-гулдасталар ишланган. Ҳовли (38х38 м) атрофига қатор равоқли хужралар жойлашган. Пештоғи шимолга қараган. Миёнсаройнинг 2 тарафида пештоқ бўйлаб туташган гумбазли масжид ва 12 та деразали (панжаралар ўрнатилган) дарсхона мавжуд. Норбўтабий мадрасаси пишиқ ғиштдан қурилган. Хоналар ичи ганчсувоқ қилинган. Масжиднинг гумбаз ости шарафаси ва меҳробининг юлдузсимон безаклари серҳашам кўринади. Эшиклари гириҳ нақшлар билан безатилган, ички қисмида эса ўймакори исломий нақш қўлланилган. Норбўтабий мадрасасининг ташқи кўриниши Бухоро меъморлик мактаби услубига хосдир.

Ўзбекистон миллий энциклопедияси, биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.

Ушбу жомеъ масжид мустақилликдан олдин, советлар даврида ҳам ишларди. Ўшанда ҳам беш маҳал ва жума, ҳайит намозлари ўқилган. Бу Қўқоннинг энг қадимий ва энг катта жоме масжидларидан бири ҳисобланади.
Мадрасаи Мир жоме масжидининг тарихи Норбўтабий мадрасасининг қурилиши билан боғлиқ. Норбўтабий (1763 — 1798) Қўқон хонлигининг бешинчи хони бўлиб. У учинчи хон Абдукаримбийнинг (1733 — 1750) набирасидир. Норбўтабий Қўқонга хон бўлганидан сўнг бу мадрасани қурдиришни бошлаган ва у 1798 йилда тўла қуриб битказилган. Мадраса тўртбурчакли ҳовли шаклида хом ғиштдан қурилган тарихий ёдгорликдир. Масжиднинг ёнида қабристон ва кичкина бозор бор. Бу жойнинг номи Янги Чорсу дейилади.

МАҚСАДИМИЗ

Миллий қадриятларимиз, маънавий бой меросимизни тиклаш ва уларни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз ўртасида тарғиб этиш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандий ва Маҳмуд Замахшарий сингари юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис, фақиҳ, тасаввуф ва муфассир алломалар меросини ҳар томонлама теран ўрганиш, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш, диний ходимларнинг малакасини, билим ва тажрибасини ошириш бўйича ўқув-услубий ишларни амалга ошириш, ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш, юртимиз тарихи зарварақларига олтин ҳарфлар билан муҳрланган нодир қўлёзмаларни келгуси авлодларга етказиш, аждодларимиз ҳаёти, ахлоқи ва юксак маънавиятини ифодаловчи матнларни таржима қилиб, ёшлар қалбида улар қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини шакллантириш, юртимиз Мовароуннаҳрнинг Бухоро, Самарқанд, Марв, Урганч, Ахсикет, Хива, Шош, Марғинон ва бошқа шаҳарларидаги маърифат масканлари бўлмиш мадрасаларда етишиб чиққан алломалар ҳақида, улар таҳсил олган мадрасалар ва ҳозирда юртимиз Ўзбекистонда ишлаб турган мадрасалар ҳақида талабаларга маълумот бериб бориш.
БИЗ БИЛАН БОҒЛАНИШ:  [email protected]