Миён Ҳазрат (Аҳад) мадрасаси (Қўқон)

Category: Мовароуннаҳрдаги мадрасалар

Миён Ҳазрат (Аҳад) мадрасаси

МИЁН ҲАЗРАТ (АҲАД) МАДРАСАСИ — Қўқондаги меъморий ёдгорлик (18-аср). Миён Аҳад асли Пешовар (Покистон)лик бўлиб, эвараси Абдураҳмоннинг ҳикоя қилишича, у Абдусамадбой деган савдогар билан танишиб, ўз оиласи билан Қўқонга кўчиб келган. Аҳад ўзининг ўткир зеҳни, диний билимларга бойлиги билан маҳаллий аҳоли ўртасида катта эътибор қозонган, ҳамда хон ҳузурида маслаҳатчи даражасига кўтарилган. У Покистондан олган мерос мулкига шу мадрасани қурдирган.
Мадраса тарҳига кўра, мураккаб, 3 ҳовлили; 2 ҳовли шарқ-ғарб ўқи бўйлаб, 3-ҳовли эса жанубдан ёндашган. Мадрасага кириладиган асосий йўл жанубий ҳовлининг ғарбидан пештоқ гумбазли дарвозахона орқали кирилади. Ёғочдан ишланган дарвозани маҳаллий уста Искандархўжа ўйма нақшлар билан безаган. Жанубий ҳовли (32х26) атрофида хужралар жойлашган, унинг жанубий томонидаги масжид кўп устунли, тарҳи тўғри тўртбурчак, текис томли. Мадраса ҳовлисининг жанубий шарқида унча катта бўлмаган минора сақланган. Шарқий ҳовли (35х20 м) ва ғарбий ҳовли (23 х 11 м) атрофида ҳам ҳужралар жойлашган. Шарқида айвон (сақланмаган), ғарбида эса дарсхона бор. Мадраса томлари кулоҳий, қуббали ва тўсинли усулларда қопланган. Ташқариси сиркор пишиқ ғиштдан ишланган, ичи эса ганч қоришмасида сувалган. Унинг бундай ҳовлилар тизимига ажратилиши ўқитиладиган фанларнинг гуруҳлантирилиши билан боғлиқ деб тахмин қилинади. Мадрасада диний билимлардан ташқари бошқа фанлар ҳам ўқитилган. Муқимий ҳам шу мадрасада таълим олган.

Манбалар:
1. Азимов И., Фарғона водийсининг архитектура ёдгорликлари, Т., 1986.
2. Ўзбекистон миллий энциклопедияси, биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.