Матниёз девонбеги мадрасаси (Хива)

Category: Мовароуннаҳрдаги мадрасалар

Матниёз девонбеги мадрасаси

Матниёз девонбеги мадрасаси — Хивадаги меъморий ёдгорлик (1871). Хон девонбегиси Матниёз (Муҳаммад Ниёз) қурдирган. Бош тарзи Муҳаммад Аминхон мадрасасига қараган.

Мадраса бир қаватли, тўғри тўртбурчак тархли (36,45х31,8 м). Ҳовли (21Х17 м) атрофида ҳужралар жойлашган. Бош тарзи улкан пештоқли, унинг ёнларига 3 тадан ёйсимон равоқлар ишланган. Бурчакларидаги миноралар тепаси гумбазли меъзаналар билан якунланган. Кираверишдаги ёғоч ўймакорлигида безатилган эшик орқали миёнсаройга кирилади. Миёнсарой гумбази қалқонсимон бағалларга таянган. Миёнсарой ёнларида ҳовли билан ўзаро боғланган дарсхоналар жойлашган. Ҳовли атрофидаги ҳужралар олди равоқли. Жануб томонидаги пештоқ-гумбазли масжиддан айвон сифатида фойдаланилган. Дарсхона ва масжид гумбазлари ўзаро кесишган тоқилар устига ўрнатилган, ҳужралар балхи гумбазли. Бош тарзи Хоразм меъморлигига хос услубда (кўк, оқ ва ҳаво рангли кошинлар билан) безатилган.

Ўзбекистон миллий энциклопедияси, биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.

 



Хива хонининг молия вазири бўлмиш Муҳаммад Ниёз девонбеги 1871 йилда Хива шаҳрининг марказида бир мадраса ва мадрасага ёндош қилиб чорсу қурдирган.
Мадраса Муҳаммад Аминхон мадрасаси ёнида жойлашган бўлиб, асосий кириш қисми ғарб томонга қараган. Мадрасанинг ён фасадлари йўл томонда, атрофлари очиқ ва кўкаламзорлаштирилган. Мадраса бир қаватли бўлиб, унда 21 та ҳужра, дарсхона ва кутубхона мавжуд бўлган. Биринчи қаватида 19 та ҳужра бўлиб, қолган икки ҳужра юқорида пештоқ орқасига қурилган. Унга битта бўлма ёки даҳлиз орқали ўтилади. Ҳамма мадрасалардагидек тўртбурчакнинг охири гулдаста-минора билан тугалланган. Ён кўринишлари аркалар билан қуршалган. Асосий безаклар бинонинг олд кўринишида қўлланилган. Ҳамма мадрасалар каби пештоқ безакларида ислимий нақшлар кўп қўлланилган. Кириш эшиги икки табақали, эшикка ислимий нақшлар ўйилган. Эшик тепасидаги мармар тошга араб ёзувида матн битилган.
Илм ўрганишда чегара бўлмайди.
Илм ўрганган саодатли бўлур.
Илмли, одамлар орасида ҳурматда бўлур.
Илм керак ҳамма нарсани билиш учун.
Нақшкор Муҳаммад деган уста ўз ҳиссасини қўшган.
Илмли инсонни икки дунёси обод бўлур.
Илмлини номи ўчмайди, тарихда қолиб кетади.
Уста Паҳлавон Хоразмий, Огаҳий, Навоийларга ўхшаб. Ушбу ёзувни Девоний дастхатга битган. сана 1288 ҳижрий, мелодий 1871 йил. Тошга битилган ёзувни Худайберган Девон (1817-1914) битган.
Матниёз девонбеги мадрасаси 1979 йилда ресторан, яъни овқатланиш шаҳобчасига айлантирилган.

http://www.khivamuseum.uz