Исломхўжа мадрасаси ва минораси (Хива)

Category: Мовароуннаҳрдаги мадрасалар

Исломхўжа мадрасаси ва минораси

Исломхўжа мадрасаси ва минораси — Хивадаги меъморий ёдгорлик. Ичан қалъа марказида жойлашган. Хива хони Асфандиёрхоннмт бош вазири ва қайнотаси Исломхўжа қурдирган (1908—10). Мадраса (42,8*32,5)нинг бош тарзи икки қаватли.

Ҳовли (23х20) атрофи бир қаватли кичик ҳужралар (жами 42 та) билан ўралган. Бош тарзининг ҳовлига қараган иккинчи қаватида айвон бор. Мадрасанинг жанубий шарқидаги масжид гумбазли, меҳроби кошин ва ганчкори нақш билан безатилган. Олд томонида Хивадаги энг баланд минора (44,6 м) қад кўтарган. Асосининг диаметри —9,5 м. Юқорига томон ингичкалашиб боради. Кўк, яшил рангли нақшлар билан бел-боғлар ишланган. Қафасасига панжаралар ўрнатилиб, юқориси муқарнасли шарафа ва қубба билан якунланган. Минора шаҳарнинг деярли ҳамма томонидан кўзга яққол ташланиб туради. И.м. ва м.ни қуришда меъмор Худойберган ҳожи, наққошлар Эшмуҳаммад Худойбердиев, Болта Воисов ва бошқалар қатнашган.

Ўзбекистон миллий энциклопедияси, биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.


ХХ аср бошларида қурилган Исломхўжа мадрасаси ва минораси виқор билан кўкка бўй чўзиб турибди. Минора ғоят гўзал кўринишда. Унинг яратилиш ташаббускори ва ҳомийси Асфандиёрхоннинг бош вазири Исломхўжа бўлган.
Исломхўжа ўз даврининг фан, маданият, техника янгиликларига ғоят қизиқувчи давлат арбоби эди. У Хоразмни дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторида кўришни истар, Ватанни ташқи дунё билан боғлашга интилган, илғор ғоялар билан тўлиб-тошган инсон эди. У Хива қадимий обидаларини сақлаш, таъмирлаш ишларига ҳам катта ғамхўрлик кўрсатган. Хонликни идора этишдаги хизматлари учун «Вазири акбар» унвони берилган; Хивада почта ва телеграф биноси, Нуриллабой саройи, Исломхўжа мадрасаси, мактаб ва касалхона қурдирган.
Исломхўжа мадрасасининг олд томони икки қаватли, пештоқининг ён қанотларида икки қаватли равоқлар бор. Равоқлар тепаси ҳошиялар ва сиркор сопол билан безатилган. Бурчакларида минорасимон гулдасталар қурилган. Пештоқнинг орқа томонидаги кичик ҳовли бир қаватли ҳужралар билан ўралган. Мадрасанинг диққатга сазовор жойи шундаки, унинг жанубий-шарқида гумбазли, меҳроби кошин ва нақш билан безатилган масжид бор. Мадрасанинг олд томонида Хивадаги энг баланд чиройли минора қад кўтарган. Минора кўк ва яшил кошин билан нафис нақшланган, шаҳарнинг деярли ҳамма томонидан кўзга яққол ташланиб туради.
1908–1910 йилларда бунёд этилган тарихий обида – Исломхўжа мадрасаси ва минораси Хиванинг довруғини оламга таратиб, музей-шаҳарнинг кўркига кўрк қўшиб турибди.