Гумбаз мадраса (Андижон)

Category: Мовароуннаҳрдаги мадрасалар

Гумбаз мадраса

Гумбаз мадраса — Андижон вилоятидаги меъморий ёдгорлик (1872). Бош тарзидаги ёзувда маҳаллий бой Абдулҳамидҳожи буюртмаси асосида Буваназар ўғли Қурамбой раҳбарлигида қурилгани қайд этилган.

Мадраса дастлаб икки қаватли, чортоқ тархли ҳужралар, масжид ҳамда дарсхона ва атрофи девор билан ўралган кичик ҳовлидан иборат бўлган (пештоқ-гумбазли бино ва икки қаватли ҳужралар сақланган). Бош тарзи бурчакларига безакдор мезана — гулдасталар қурилган. Дарвозахона ва ҳужралар томи гумбаз билан қопланган. Пештоқининг икки ёнидаги ҳужралар тепасидаги айвонлар шифти ҳовузақли. Пештоқ безакдор панжарали равоқлар тизмаси биланн, усти эса кунгирадор безак билан якунланиб, икки ёнига устунгўшалар ишланган, ганч ва гириҳ нақш билан пардозланган. Равоқсимон, токчалари ичида ҳуснихат арабий ёзувлар, гулдор нақшлар ҳамда мадрасани таъмирлаган (1914) уста Сўфихон номи сақланган.

Ўзбекистон миллий энциклопедияси, биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.