Чор минор мадрасаси (Бухоро)

Бўлим: Мовароуннаҳрдаги мадрасалар

Чор минор мадрасаси

Чор минор (форс. — тўрт минора) —Бухородаги меъморий ёдгорлик (1807). Халфа Ниёзқул қурдирган. Чор минор анъанавий усулда қурилган масжид, бир қаватли Мадраса, атрофи бир қаватли хужралар билан ўралган ҳовлидан иборат.

Синчли пешайвон типидаги масжид ҳовлининг жанубий ғарбий бурчагида жойлашган. Мадрасага 2 қаватли, гумбаз томли дарвозахона орқали кирилади. Мурабба тархли дарвозахона ўзига хос мужассамот ечимига эга: олди пештоқли, тўрт бурчагида тўртта минора жойлашган (номи ҳам шундан), минораларнинг тепа қисми гумбаз шаклида якунланган бўлиб, улар сиркори кошинлар билан безатилган. 2 қаватли хонанинг 1қавати миёнсарой кўринишида бўлиб, изоралари тошлар билан қопланган, томи гумбазли, 2 қавати кутубхона, кутубхонанинг шифти пастак гумбазли бўлиб, содда муқарнаслар ҳалқаси билан тўлдирилган. 2 қаватга минораларнинг биридаги зина орқали чиқилади.

Ўша давр тақозо қилган шароитга кўра, Чорминор ҳужраларида яшаган фуқаролар 1961-1962 йилларда янги қурилган иккита бинога кўчирилган. Бу ердаги масжид туз омборхонаси сифатида фойдаланилганлиги боис яроқсиз ҳолга келган ва бузиб ташланган. Мадраса ҳужралари бузилиб, бир қисми намуна сифатида қайта таъмирлаб кўйилган.

Бугунги кунга келиб, Чор Минор кириш қисми миноралари, эски ҳовуз ва Мадраса қайта таъмирланиб, олдинги шаклига келтирилди.



Ўзбекистон миллий энциклопедияси, биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.