Бароқхон мадрасаси (Тошкент)

Category: Мовароуннаҳрдаги мадрасалар

Бароқхон мадрасаси

Бароқхон мадрасаси - Тошкентда қурилган Мадраса (1531/32 — 16-аср 2-ярми). Ҳовли атрофида ҳужралар ва ички тарафида пештоқ бўлиб, мадрасанинг ғарбий қисми бирмунча олдинга чиққан. Пойдевори тошдан, қалин деворлари турли ҳажмдаги пишиқ ғиштдан ишланган. Баъзи жойлари синчли.

Бароқхон мадрасаси ўрнида дастлаб 2 (катта ва кичик) мақбара бўлган. Кичик мақбарада Бароқхон қабри бор. Унинг тўрт томонидаги эшикларидан учтаси кейинроқ беркитиб ташланган (қолган эшикдан зина билан томга чиқилган). 1904 й.да масжидга айлантирилган катта мақбарада Тошкент ҳокими Суюнчхўжа қабри жойлашган. Бароқхон икки мақбарани ўз ичига олган Мадраса қурдирган. Мадрасанинг шарқ томонидаги улкан пештоққа ранг-баранг сиркор ғиштчалардан намоён терилган. У ҳандасий ва гириҳ нақшлар билан ҳошияланган. Пештоқнинг юқори қисми сақланмаган. Асосий пештоқнинг орқа томонида яна пештоқ ва беш қиррали равоқ бор. Ғарб томондаги ички пештоқ кўк гумбазнинг таркибий қисми бўлган. Бароқхон мадрасаси нинг тўрт бурчагида чўзиқ хона (қорихона)лар бўлган. Бино шакли ва безаклари ўз ҳолича қолган. Унинг 22 м ли гумбази кўк сиркор ғиштчалар билан пардозланган (гумбаз 1868 йилги зилзила пайтида қулаб тушган). Гумбаз остидаги 4,5 м ли пойгумбазга турли рангдаги сиркор ғиштчалардан ҳандасий ва гириҳ нақшлар териб ясалган, Қуръон суралари битилган. Мақбара ички қисмидаги безаклар кейинчалик кўчиб тушган. Ички деворнинг тепа қисмида ганчдан ишланган нақшлар бўлиб, уларга олтин суви югуртирилган, пастки қисмида олти бурчакли сополлардан терилган кенг изора бор (улар яшил сиркор, зарҳалли ғиштчалар билан ажратилган). 20-аср бошларидаги таъмир вақтида қадимий безакларнинг қолдиғи кўчириб ташланиб, оқ ганч билан сувалган. Бароқхон мадрасаси нақшларининг гўзаллиги, қурилиш услуби жиҳатидан Самарқанднинг энг яхши меъморий ёдгорликлари (15-аср иккинчи ярмидаги Оқ сарой ва Ишратхона)га яқинлашади. 1946, 1949, 1951, 1967 й.ларда таъмир ишлари олиб борилган. Бароқхон мадрасаси ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида.

Ўзбекистон миллий энциклопедияси, биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.