Қутлуғ Мурод иноқ мадрасаси (Хива)

Бўлим: Мовароуннаҳрдаги мадрасалар

Қутлуғ Мурод иноқ мадрасаси

Ўтмишдаги воқеаларни тарих саҳифасига муҳрлаган сарой тарихчиси Худойберди ибн Қўшмуҳаммад Хивақий ўзининг «Дили ғаройиб» асарида: “Хевақ кўп маротаба вайрон қилинган ва қайта тикланган Жаноби олийларининг (Оллоқулихон) раҳматли отаси

ва жойлари жаннатда бўлсин Абулғозий Муҳаммад Раҳимхон ва унинг укаси Қутлуғ Мурод иноқ томонидан шаҳар обод қилинди, уларнинг саъйи ҳаракатлари билан катта мадраса (Қутлуғ Мурод иноқ мадрасаси 1812 й) ва катта гумбазли мақбара (Паҳлавон Маҳмуд мақбараси 1810-1825) барпо этилди»- деб ёзади.

Ўймакор эшиклардаги ёзувларга кўра мадраса - мақбара 1804-1812 йилларда Хива хони Оллоқулихоннинг амакиси Қўнғирот музофотини ҳокими, ҳарбий саркарда Қутлуғ Мурод Иноқ томонидан қурилган ва безатилган. Мадраса икки қаватли қилиб қурилган бўлиб, унинг 81 та ҳужраси ва 24634 таноб вақф ери бўлган ҳамда ихчамгина дарсхона ва масжид, ичкарида махсус қудуқ «таги-замин» (сардоба) бўлиб шаҳар аҳолиси шу қудуқдан сув ичишган. Янгидан қурилган шаҳарда илк бор икки қаватли мадраса қураётган хивалик усталар албатта маълум нусхалардан ўрнак олишга ҳаракат қилганлар.

Мадраса қуришда усталар анча мукаммал Бухородаги Абдулазизхон мадрасаси тузилишини асос қилиб олишган. Меъморлар маблағни тежаш мақсадида мадраса тузилишини анча соддалаштириб, унда ёзги айвонларни, қанотлардаги икки катта хонани қурмаганлар, уларнинг ўрнига оддий ҳужраларни қуришган. Хивалик усталар эски тарҳга янгиликлар киритиб, ҳовлидаги пештоқларга безак беришган. Мадрасанинг шарқий пештоқининг ичкарисига ёзги масжид қурилган бўлиб, масжид юқорисида иккинчи қават баландлигида ёғоч болохона бор. Янгилик элементлари уларнинг композициясидан кўриниб турибди, шимолий ва жанубий болохона ғарбий ва шарқий болохонага нисбатан кенг бўлиб, усталар шу йўл билан ҳовлини кўркам қилганлар. Бино Хивадаги олдинги асрларда қурилган қалъасимон мадрасалардан фарқ қилиб, фасади анча дабдабали кўринишга эга. Бундай натижага пештоқнинг бухороча шаклда беш қиррали равоқ ва токчалар билан ишланиши ва турли безакларнинг кўплиги туфайли эришилган. Равоқлар атрофи ранг-баранг кошинлар билан ҳошияланган, худди шундай кошинлар билан мадраса гулдасталари қопланган бўлиб, пештоқ ичкарисидаги ганчкорлик санъати намуналари унга ҳусн бағишлаб турибди. Буларнинг ҳаммаси бино манзарасини бир оз ўзгартирган бўлса-да, туйнук-дарчалар, бош фасад икки қанотини чегаралаб турган бўйдор қуббали гулдасталар биргаликда бинога истеҳком кўринишини беради. Янги тарҳ асосида усталар ташқи фасадларни ишлашда бирор янгилик киритишга интилишган бўлса, бундай ҳолни ичкарида сезмаймиз.

Ҳатто масжид ва дарсхона ниҳоятда содда ва ҳеч қандай безаксиз ишланган, оддий безак намуналарини миёнсарой гумбазида ва ёзги масжиднинг гумбазида учратамиз. Мадраса дарвозаси ва ичкаридаги масжид ҳамда дарсхонанинг ўймакор эшиклари диққатга сазовордир. Ҳар бир эшик нафис ёғоч ўймакорликнинг ажойиб намунасидир. Мадрасанинг бошқа хоналари деярли бир хил кўринишдаги тўғри тўртбурчак саҳни бўлган гумбазли ҳужралардан иборат. Ҳужра, эшик юқорисидаги панжара дарча орқали ёритилади. Ҳужраларда яна токча ва супа бор бўлиб, баъзи ҳужралар ичига ярим доира шаклида ёғочдан иккинчи қават қилинган.

Ривоятларга қараганда, Қутлуғ Мурод Иноқ ўлимидан сўнг уни ўзи қурдирган мадраса пойига кўмишларини васият қилган. Шу давр қонун-қоидаларига биноан шаҳар ташқарисидан шаҳар ичкарисига ўлик олиб кирилиши таъқиқланган. Лекин буни ҳам иложини қилишган. Мадраса қаршисида қалъа девори йиқитилган, натижада мадраса олди очилиб, ўлик шу йўлак орқали олиб киритилиб мадраса дарвозаси остига дафн қилинган ва қалъа девори қайта таъмирланган. Лекин айрим тахминларга кўра жасад мадраса олдидаги майдоннинг чап томонидаги гўрхонага қўйилган бўлиши ҳам мумкин, чунки эл ўртасида:-“Султон суягини ҳўрламас” деган нақл бор.

Ўз даври учун мадраса катта илм даргоҳи бўлиб, унинг фаолияти тўғрисида қуйидаги маълумотлар сақланиб қолган:- «Сана 1275 йил сафар ойининг тўртланчиси, шанба куни (1858 йил 13 сентабрь) Қутлуғ Мурод Иноқ мадрасаси вақфи ҳисобидан 1880 ботмон ғалла қабул қилинган ва қуйидагича тақсимланган: “ -камбағалларга «ушр» (кавсан) тариқасида 50 ботмон (Хива ботмони 20 кг, тенг) мутаваллига 180 ботмондан, фаррошига 50 ботмон, сартарошига 30 ботмондан, иккала охунга 324 ботмон, муаззин билан масжид имомига 130 ботмондан, қолган 1160 ботмон талабалар ўртасида тақсимланган бўлиб, юқори босқич талабалари (улар 29 нафар) 21 ботмондан жами 616 ботмон, ўрта босқич талабаларига (улар 18 нафар) 10,5 ботмондан, жами 191 ботмон, қуйи босқич талабаларга (улар 48 нафар) 5 ботмондан жами 255 ботмон ғалла тақсимланган.

Бу ҳужжатдан кўриниб турибдики, 1858 йили шу мадрасада 95 талаба ўқиган уларга 2 та охун дарс берган. Бундан ташқари бу мадрасада мутаввали (мадраса мутасаддиси), имом, азончи (муаззин) уни супуриб-сидирадиган фаррош ва талабаларни соч-соқолини олувчи сартарош мавжуд бўлган. Мадрасанинг олди катта майдон ва унинг атрофида савдо расталари, кичик бозор бўлган. Мадрасани тугатган толиблар имтиҳондан ўтишган. Бунинг учун хон томонидан «махсус ҳайъат» тузилар, унинг таркибига баъзида хоннинг ўзи, кўпинча валиаҳд, қози-калон ( бош қози), Қози ўрда (шаҳар қозиси) ва бир қанча уламолар киришарди. Имтиҳондан муваффақиятли ўтган талабаларга муфти, аълам, охунд. муқаррар(мадраса китобдори) унвони берилган. Битказган талабалар орасида шоирлар, муаррихлар, хаттотлар, олим ва фузало кишилар етишиб чиққан.

Ушбу мадрасада корақолпоқ шоири Бердақ, илм ва марифат куйчиси шоир Аваз Ўтар ўқиган. Ҳозирги кунда мадрасанинг ховлисида ҳунармандлар ишлаб, ўзларининг ишлаган маҳсулотлари билан элга манзур бўлмоқдалар.
Мустақиллигимизнинг 18 йиллигига бағишлаб мадраса таъмирланди ва бу жойда Хоразмлик машхур тасвирий санъат усталари асарларининг доимий кўргазмаси очилди.

Манба: khivamuseum.uz