Бухоро мадрасалари тарихидан

Category: Мақолалар

Асророва Лобар Қобилжон қизи

Бухоро мадрасалари тарихидан
(Аҳмаджон ибн Исмоилхон мероси)

I БОБ. БУХОРО АМИРЛИГИДА
ТАЪЛИМ ТИЗИМИ

 

1.1. Бухоро амирлиги мадрасалари

Мовароуннаҳрга ислом дини кириб келиши билан диний таълим ва у билан боғлиқ илмлар ҳам ривожлана бошлади. Маънавиятда ҳурфикрлилик, илм-фанга ҳурмат-эътибор ва унинг қадр-қимматини юксак баҳолаш устунлик қилди. Айниқса, диний ва дунёвий илмлар узвий ҳолда тараққий этди. Айнан шу даврдан ҳудудларда мактаблар ва мадрасалар пайдо бўла бошлади. Мадрасалар қадимдан Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида алоҳида нуфузга эга ўқув маскани сифатида катта обрў-эътибор қозонган.
Кўҳна Бухоро ҳам ўзининг кўп сонли мадрасалари билан ном таратган. У турли ерлардан илм таҳсили учун талабалар ташриф буюрадиган шаҳар ҳисобланган. Бу анъана кейинги асрларда ҳам давом этган. Шу сабабли аксарият муаллифлар Бухоро ҳақида сўз кетганда аввало унинг шу жиҳати билан таърифлаганлар. Хусусан аштархонийлар даври муаррихи Маҳмуд ибн Вали (XVII аср) Бухоронинг илм тарқатувчи марказ сифатидаги хизматини шундай баҳолайди: «Олимларнинг кўплигидан, уни олимлар ва илм-фан булоғи деб атайдилар». Бухорога XIX асрда сафар қилган Е.К. Мейендорф эса Бухоронинг ислом оламида тутган ўрнини қуйидагича таърифлайди: «Ўзининг кўплаб мактаблари, олимлари ҳамда муқаддас қадамжолари сабабли мусулмонларнинг зиёратгоҳига айланган. Эҳтимол шунинг учун у «шариф» номига сазовор бўлгандир» . Рус сайёҳи Н. Ханыков ўз эсдаликларида Бухорони йирик илм-фан ва маърифат, диний билимлар маркази сифатида таърифлаб: «Бухоро илм тарқатувчи марказ ҳисобланган ва ҳисобланади», дейди. Ж.Кунитс ҳам Бухорони «араб-эрон маданиятининг қалъаси», Марказий Осиёнинг юз йиллик тарихидаги «Исломнинг юраги», 250 масжид ва мадрасалар маркази дея атаган .  
Марказий Осиё мадрасаси тарихи ва унинг фаолияти хусусида кўплаб тадқиқотлар амалга оширилган бўлиб , мазкур рисолада мадрасалар фаолияти ҳақида умумий тўхталиб ўтмоқчимиз.
Мадраса – арабча «дараса» («ўрганмоқ») сўзидан олинган бўлиб, «ўрганиш жойи» деган маънони англатади. Илк ислом давриданоқ масжидлар бунёд этила бошланди. Дастлаб илм мажлислари масжидларда олиб борилган бўлса, кейинчалик мадрасаларда таҳсил олиш йўлга қўйилди. Наршахийнинг фикрича, 937 йилги ёнғиндан зарар кўрган «Форжак» мадрасаси Марказий Осиёдаги дастлабки мадрасалардандир . К.Каттаевнинг фикрига кўра, Самарқанддаги Работи Ғозиён мадрасаси яна ҳам қадимийроқ бўлиб, унда Имом Мотуридий, Абулқосим Ҳаким кабилар Муҳаммад ибн Фазл Балхийдан (ваф. 931 й.) таҳсил олганлар. Аммо Абу Ҳафс Кабир Бухорий (150-216-17 ҳиж., 768 -832  мил.йй.)  ҳам Бухорода илмий ва диний билимлар ривожига катта ҳисса қўшган мадрасага асос солганини инобатга олсак, мазкур мадраса кўрсатилган мадрасалар билан бир вақтда, балки улардан ҳам қадимийроқ экани маълум бўлади .
Мадраса ўқув дастурининг умумий жиҳатлари ­X-XII асрларда ишлаб чиқилиб, кейинчалик такомиллашиб борган.
Ўрта асрларда Бухоро мадрасалари илм маскани сифатида нафақат  Марказий Осиёда, балки мусулмон шарқида ҳам машҳур эди.
Амир Темур ва темурийлар даврида мадрасалар олий маълумот берувчи марказ вазифасини ўтаган. Мовароуннаҳр ҳамда Хуросонда асосан давлат ва давлатманд шахсларнинг маблағлари ҳисобига кўплаб мадрасалар қурилган.
Шу тариқа мадрасалар кўпайиб, олий ўқув даргоҳи сифатида диний соҳа вакиллари, сиёсий арбоблар ҳамда олимлар етиштирадиган олий ўқув юртига айланиб борган. Мадрасалар асосан хон, амалдор, бадавлат кишилар ва зиёли шахсларнинг ташаббуси билан барпо этилиб, номи ўша шахслар исми, баъзан мадраса жойлашган маҳалла, гузар номи билан аталган .
Мадрасалар холис хусусий мулк ҳисобидан қурилиши шарт бўлиб, хон ва амирлар, йирик амалдорлар томонидан бундай иншоотларни давлат мулкидан бунёд этилиши шариатга хилоф ҳисобланган.
Мадрасаларнинг асосий даромади вақф мулкларидан бўлгани учун яхши ҳосил олинмаган йиллари қийналган талабалар ва мударрислар муаммосини ҳал қилиш мақсадида Мирзо Улуғбек мадрасаларни давлат ҳисобига киритган ва уларга давлат бюджетидан маблағ ажратилган. Мадрасаларда нафақат бойлар, балки камбағалларнинг болалари ҳам ўқиш ҳуқуқига эга бўлган ва нафақа, кийим-бош билан таъминланган. Ўқув йили саккиз йилга қисқарган ва ҳафтада беш кун таълим берилган. Мирзо Улуғбек ўқув дастурларини ҳам янгидан ишлаб чиққан . Янги ўқув қўлланмалар яратилиб, Мирзо Улуғбек машғулотларни якка тартибда олиб боришни ман этиб, «жамоа»(гуруҳ)ларга бўлиб ўқитиш услубини жорий қилган. Маърузалар 70 кишидан иборат катта гуруҳларга, амалиётлар эса 10-15 кишидан иборат кичик гуруҳларга бўлиб олиб борилган. Бу услуб кейинги асрларда ҳам сақланиб қолганини архив маълумотлари ҳам тасдиқлайди.

Бухоро XVIII асрнинг биринчи ярми XIX асрда ҳам олдинги  асрлардаги ўз нуфузини сақлаб қолган. Айниқса, Бухоро амири Шоҳмурод (1785-1800 йй.) ва амир Ҳайдар (1800-1826 йй.) ҳукмронлиги даврида илмга эътибор кучайиб, диний билимлар гуллаб яшнаган . Садри Зиё (1865-1932 йй.)нинг маълумотига кўра, Шоҳмурод Мири Араб мадрасасининг битта ҳужрасида кеча-кундуз риёзат чекиб илм олиш билан шуғулланган ва халқ орасида «Амир Жаннатмакон» лақаби билан танилган . «Туҳфат аз-зоирин» асарида эса унинг ўғли амир Ҳайдар ҳам «Амир Саид» ва «Фирдавсмаконий» лақаблари билан танилгани қайд этилган . Ҳатто Амир Ҳайдарнинг «Амир» ёки «Олий» номли мадраса қурдиргани тўғрисида маълумотлар мавжуд .  
Амир Шоҳмурод амалдаги ёки бутунлай фаолият кўрсатмаётган вақфларни қайта ишга солди, улардан тушган даромад ва қўшимча солиқлардан олинган даромадларни янги масжид, мадраса, хонақоҳ ва мактаблар, зиёратгоҳлар барпо этиш ҳамда уларни таъмирлаш учун сарфлашга буйруқ берди. Мирий (1778-1829 йй.) «Маҳозин ат-тақво» асарида Шоҳмурод тахтга ўтиргунга қадар кўплаб илм масканлари қаровсиз қолгани ёки омборхона вазифасини ўтаганини ёзади .
Амир Шоҳмурод мадраса талабаларига солиқлардан тушган даромад ҳисобидан нафақа (стипендия) тўлашни жорий этган . У олий мадрасаларнинг фаолиятини ошириш мақсадида бир қанча ислоҳотларни йўлга қўйган. Бу ислоҳотлар асосан уч йўл билан амалга оширилган: аҳволи ёмонлашган мадраса биноларини таъмирлаш, вақф мулкларини қайта тиклаш орқали мадрасаларни молиялаштириш ҳамда масъул шахсларни мударрис этиб тайинлаш .  
Аҳмад Дониш (1826-1897 йй.) ва Садри Зиёлар Амир Ҳайдар ҳукмронлик қилган даврда илм олиш мақсадида Бухорога дунёнинг турли жойларидан талабалар келганини, илм-фан тараққий этиб, илгари олимлар бунчалик ютуққа эга бўлмаганлигини таъкидлашади . Инглиз сайёҳи А.Бёрнс эса Бухоро мадрасаларида Эрондан ташқари барча мамлакатлардан келган талабаларни учратиш мумкинлиги, улар етти ёки саккиз йиллик ўқув курсини тугатиб, ўз ватанларига билим захираси билан қайтишларини қайд этади.
Хориждан келган айрим талабалар ўқишни тамомлагач, юртига қайтмасдан шу ерда мударрис бўлиб қолиши ҳам кузатилган. Жумладан, Муҳаммад Шариф ибн Маҳаммад Нақий Шоҳмурод ва Ҳайдар даврида яшаб, Бухоро мадрасаларидан бирига тарих ва адабиёт тарихидан дарс берган. Ўзи шоирлик қилган .
Абу Шараф Муҳаммад Ҳусайн ибн Абу Умар Булғорий эса ўзи ҳақида  шундай деб ёзади: «Фақир Булғор шаҳарларидан бири бўлган Каргал шаҳридан 1231/1815 йилда Бухорога келиб, ҳозирги кунга қадар (1261/1845 й.) шу ерда яшаяпман». Тошкент Давлат Шарқшунослик институти ҳузуридаги Шарқ қўлёзмалари марказида  №2640 рақам остида сақланаётган китобда у Амир Насруллохон (1826-1860 йй.) даврида саройда адабиёт билан шуғуллангани ва амир ўғлига турли фанлардан таълим бергани ҳақида маълумотлар мавжуд .
XIX асрнинг 20-йилларига оид маълумотларга кўра, Бухорода Россия фуқаролари бўлган уч мингга яқин татарлар яшаган бўлиб, уларнинг уч юз нафари мадрасада таълим олиш мақсадида келган.
XX аср бошларида ҳам Бухоро Марказий Осиё, Кавказорти, ҳозирги Татаристон ва Бошқирдистон ҳудудлари учун исломий таълим  марказларидан бири сифатида муҳим аҳамият касб этганини кўрамиз. Бу Туркистон генерал-губернаторининг 1899 йил якуни бўйича подшога ёзган хатида ҳам қайд этилган. Хат орқали Россияда 14 миллион атрофида мусулмонлар яшаётгани, қадимдан Бухоро мусулмонлар дунёсида маърифат ўчоқларидан бири сифатида тан олиб келинаётгани ва ҳозирда ҳам бу борадаги аҳамиятини йўқотмагани тўғрисида хабар берилган .
Бунга мисол тариқасида Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архивида (Бундан кейин: ЎзР МДА) 1910 йилда Бухоро мадрасаларига ўқишга келган ўн беш нафар талабанинг исми шарифи, қаердан келганлиги ҳамда қайси мадрасада таҳсил олаётганлиги рўйхатини келтириш мумкин . Яна №361 рақамли ҳужжатда келтирилишича, 1915 йилга келиб, Бухоро мадрасаларида таҳсил олаётган Россия фуқароларининг (рўйхатга олинганлари) сони 101, бошқа маълумотга кўра эса 182 нафарга етган . Уларнинг Бухорода яшаб, ўқишлари учун назорат қилиш тизими ишлаб чиқилган . Тадқиқот жараёнида хориждан келган талабаларга мадрасада оладиган нафақасидан ташқари алоҳида вақф мулклари ҳам инъом этилгани аниқланди. Жумладан, Анходан келган талабаларга Мизроббой ибн Абдураҳим Анхо «Лаби Ҳовуз»да жойлашган тўртта чироқ сотадиган дўконни (1867 й.), Сайрамдан келган талабалар учун Хожа Азиз ибн Хожа Аваз Муҳаммад Коми Або Муслим туманидан 200 таноб ҳосилдор ерни (1677 й.), Туркистондан келган талабаларга Хожа Муҳаммад Азизон ибн Шайх Муҳаммад Коми Або Муслим туманидаги «Афғон Дезаи Калон» ва «Афғон Дезаи Хурд»нинг барча ерларини(1666 й.), Али Азизон Хутфар туманидаги «Каризи ризоия» ерларидан 900 таноб (1694 й.), Тошкентдан келган талабалар учун эса Муҳаммад Юсуфбой ибн Муҳаммад Солиҳ  «Поёни Руд»дан 91 таноб ҳосилдор ерни (1812 й.) вақф қилишган . Бундан қадимдан юртимизда илмга, толиби илм ҳамда мусофирларга бўлган ҳурмат, эътиборнинг нақадар баланд бўлганини кўриш мумкин.          
Амирликда фаолият юритган мадрасалар сони манбаларда турлича келтирилган бўлиб, аниқ маълумот мавжуд эмас. Жумладан, XX асрнинг бошларида Бухорода мадрасалар сонини ўша даврда яшаган Абдурауф Фитрат ва Садриддин Айний 200 та, Садр Зиё 204 та, Муҳаммад Али Балжувоний эса 400 га яқин,  Туркистон генерал-губернаторлиги ҳисоботи билан боғлиқ архив ҳужжатлардан бирида 1914 йилда Бухоро амирлигида 350 та мадраса фаолият кўрсатаётгани қайд этилган . ЎзР МДАда сақланаётган «Қушбеги» фондидаги ҳужжатларга таяниб, Бухоро шаҳрининг ўзида 160 тадан ортиқ мадраса фаолият юритганини келтириб ўтиш мумкин . Бундан ташқари, XIX асрнинг 40-йиллари, рус сайёҳи Н.Ханыковнинг кўрсатишига кўра, Бухорода амир рўйхатида кўрсатилган 103 та мадраса бўлиб, улардан 60 таси энг катта мадраса ҳисобланган. Инглиз сайёҳи А.Бёрнс  шаҳарда мадрасалар сони 366 та деса, П.П.Иванов эса 150 дан ортиқ мадраса фаолият юритган ва ўқувчиларнинг сони 30 мингтага етган деб кўрсатади. Л.Климович амирлик пойтахтида 103 та мадраса, талабалар сони 20 000 та дея таъкидлайди. Хуллас, турли маълумотлар умумлаштирилганда Бухоро амирлигида 200 дан 400 га яқин мадраса мавжуд бўлган .
Мадрасада турли соҳадаги малакали мутахассислар тайёрланган. Бу илм даргоҳини битирувчиларининг аксарияти мударрис, динийолим, адабиётчи, амалдор, элчи, ҳарбий, имом, рассом, мусиқашунос ва ҳатто маърифатпарвар бўлиб етишган .
Шуни ҳам қайд этиш лозимки, мадрасаларнинг молиявий харажати вақф даромади ҳамда давлат хазинасидан ажратилган қўшимча маблағ ҳисобига қопланган, ҳар бир мадрасанинг ўз вақф мулки ва вақфнома ҳужжати бўлган. Вақфномада мадрасанинг чиқими, ундаги хизматчилар: мутавалли, мударрис, ҳофиз, муҳри, нақиб, фаррош, ошпаз ва бошқалар, шунингдек, талабалар сони, уларга берилган маош ва нафақалар аниқ кўрсатилган. Ҳар бир мадрасанинг хон томонидан тайинланган ўз мутаваллиси бўлган . Мутавалли ходим ва талабаларга тўланадиган ҳақ, вақф ерларида ишни ташкил этиш, мардикорлар ёллаш, ижарачилар ва ҳиссадорлар билан шартнома тузиш, дўконлар, тегирмонлар ва мадрасанинг вақф мулкига кирувчи бошқа объектлардан ижара ҳақини ундириш ва ундан бошқа ишларга масъул бўлган. Шунингдек, мадраса хизматчилари, мударрислари ва талабаларга бериладиган йиллик маош миқдори нақд пул ва озуқалик дон ҳисобидан ажратилган.
Мутаваллига мадрасадаги хизмат кўрсатувчи ходимлар (ўқитувчи-мударрислардан ташқари) фаолиятини, айрим ҳолларда эса талабаларнинг дарсга қатнашиш давоматларини назорат қилиб туриш юкланган. Унинг лавозими отадан болага мерос тариқасида ўтиши йўлга қўйилган. Вақф даромадлари мадраса талабалари, мударрислар, мутавалли ва хизмат кўрсатувчи ходимлар ўртасида шариат кўрсатмалари асосида тақсимланган .
Мадрасалардаги талабалар сони ва уларнинг ўқиш муддати мадраса даромадига боғлиқ бўлиб, даромадга қараб мадраса ходимларининг сони ҳам белгиланган. Шунингдек, мадрасаларнинг нафақалари ҳам бир-биридан фарқ қилади. Мадрасалардаги ушбу тафовут архив ҳужжатларида аниқ кўрсатилган.   

Абдурауф Фитратнинг ёзишича, Бухорода икки юзга яқин мадраса бўлиб, улар олий, ўрта ва қуйи тоифаларга бўлинган. Мадрасаларнинг йиллик вақфи ҳам турлича бўлган. Жумладан, олий тоифадаги мадрасаларнинг (33 та мадраса) йиллик вақфи 250 000 тангадан 40 000 тангагача (жами: 2 815 000 танга), ўрта тоифадаги мадрасаларники (39 та мадраса) 35 000 тангадан 12 000 тангагача (жами: 961 000 танга), қуйи тоифага мансуб мадрасалар юздан ортиқ бўлиб, уларнинг вақфи минг тангадан ўн минг тангагачадир. Бу мадрасаларнинг умумий вақф миқдори 500 000 тангага етгани кўрсатилган . Шунингдек, архив ҳужжатларида ҳам мадрасаларни вақф мулки ва йиллик даромади қайд этилган .   
Амир Шоҳмурод давридан бошлаб инқилобгача бўлган даврда давлатманд шахслар мадраса ҳамда ҳужраларни таъмирлаб, уларни талабаларга ижарага берган. Шу сабабли амирликда кўплаб мадрасалар барпо этилиб, хароба ҳолга келганлари таъмирланди . Муҳаммад Али Балжувоний ҳам мадрасаларнинг ҳужралари олди-сотдиси (яъни, таъмирлаш мақсадида олингани) ҳақида маълумот беради . Мадрасага яқин ҳужраларнинг ижара ҳақи юқори бўлган. Агар талабанинг ижара ҳақини тўлашга маблағи бўлмаса, айрим ижара эгалари талабаларга олган илмидан унга ҳам ўргатиш шарти билан ижарага қўйган. Шу билан улар ҳам саводларини чиқарганлар .
Архив ҳужжатлари билан танишганда Бухоро шаҳридаги мадрасаларда ижарага турган мударрислар ва талабалар ҳақида маълумотларга дуч келдик. Жумладан, «Абдуллахон» мадрасасида бешта, «Мадрасаи Олий»да олтита ҳужра бўшаб, бўш ҳужраларга тавсия этилган талаба номлари кўрсатилган . Бошқа ҳужжатда эса Мулло Мир Юнус ва Мулло Мир Сулаймон исмли талабаларга «Жўйбори Калон» мадрасасидан бир ҳужрани 18 тилла миқдорда ижарага бериш ёзилган ва яна шунга ўхшаш кўплаб ҳужжатлар ҳам мавжуд........

Давомини юклаб олинг:

 

Юклаб олиш