Хива мадрасаларида таълим тизими ва ўқитиш услублари

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
АЛ-ХОРАЗМИЙ НОМИДАГИ УРГАНЧ ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ
Қўлёзма ҳуқуқида
УДК 63. 3 ( 5 Ўзб) 484.


ЮСУПОВ  ҲАМИД  СУЛТОНОВИЧ

 
Хива мадрасаларида таълим тизими ва ўқитиш услублари

«5А120302 – Тарих» (йўналишлар ва мамлакатлар бўйича)



Магистр академик даражасини олиш учун ёзилган диссертация
                                                         

Илмий раҳбар:   т.ф.н. Жуманиёзова М.


Урганч  - 2013



Мундарижа

Кириш...........................................................................................................3

I БОБ. Мадрасалар ва уларнинг тарихий босқичлари..........................9
1.  Ўрта Осиё мадрасалари ва уларда таълим жараёни.........................9
2. Хоразм мадрасалари ва уларнинг тарихий босқичлари.................21
    I боб бўйича хулоса……………………………………………………..32

II БОБ. Хива мадрасалари ва уларда таълим жараёни.......................34
1. Хива – хонликнинг илмий-маърифий маркази ................................34
2. Хива мадрасалари ва уларда таълим жараёни..................................42
    II боб бўйича хулоса……………………………………………………70

III БОБ. Хива мадрасаларида кутубхоначилик ишлари ва мударрислар фаолияти......71
1. Кутубхоначилик ишлари………………………………………...........71
2. Мударрислар фаолияти………………………………………..............77
    III боб бўйича хулоса…………………………………………………...83

Хулоса............................................................................................................85
Илова……………………………………………………………………......88
Адабиётлар рўйхати....................................................................................96


КИРИШ

Мавзунинг долзарблиги. XX асрда ўзбек халқи тарихида рўй берган муҳим воқелик, шубҳасиз, давлат мустақиллигига эришиш бўлди. Истиқлол шарофати билан ўзбек халқининг асрий орзуси ушалиб, эътиқоди, урф-одатлари қадриятлари ўз ўрнига қайтди.
Республика тараққиётининг ўзбек халқига хос бўлган хусусият ва анъаналарни ҳисобга олган ҳолда ўз ривожланиш йўлини танлаши, бой маданияти ва маънавиятини эъзозлаш, халқ истиқболига қаратилган миллий истиқлол мафкурасини тарғиб этиш, Ватан тарихини холисона ўрганиш ва тадқиқ қилишни ҳаётий зарурият даражасига кўтарди.
Кейинги йилларда вилоятимизда тарихий обидаларга бўлган эътибор кундан кунга ривож топмоқда. Тарихий обидаларни қайта тиклаш, уларни экспонатлар билан бойитиш, аввалги меъморий услубни сақлаб қолган ҳолда кейинги авлодларга етказиш ҳар бир инсоннинг бурчидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримовнинг «Тарихий хотирасиз келажак йўқ» номли рисоласида Ўзбекистонда тарих фанининг ривожланиш йўллари ва асосий тамойиллари кўрсатилиб, унинг истиқболи аниқлаб берилган. Жумладан, асарда «Бизда довюрак, замонавий фикрлайдиган олимлар етишмайди. Тарих соҳасида меҳнат қилаётган олим, мутахассисларга мурожаат қилмоқдаман: Сизлар, миллатимизнинг ҳаққоний тарихини яратиб беринг, токи у халқимизга маънавий куч-қудрат бахш этсин, ғурурини уйғотсин. Ҳаққоний тарихни билмасдан туриб эса ўзликни англаш мумкин эмас… Шундай экан, ҳар бир тарихчи илмий изланишлар олиб бориш асносида ўтмиш тарихни ўрганмоғи, тарихий ҳақиқатни очиб бермоғи лозим деб ўйлайман» , – дея алоҳида таъкидланади.
«Хоразм тарихи ўзбек давлатчилигининг асоси унинг қудрати ва қадимийлигининг тасдиғидир. Хоразм ва Хива тарихи халқимизнинг ёзув, илм-фан, санъат, маданият ва маънавият соҳаларидаги юксалиш босқичларини ўзида мужассам этган» .
1997 йил 20 октябрда Хива шаҳрининг 2500 йиллигини нишонланиши шаҳарнинг кўркига кўрк қўшди. Хиванинг Ичанқалъасидаги обидалар, жумладан, мадрасаларнинг қайтадан таъмирланиши ва уларнинг бой экспонатлар билан тўлдирилиши маданий-маърифий ҳаётдаги ўзгаришлардан бири ҳисобланади.
Хива мадрасаларида таълим олган Мунис, Огаҳий, Баёний кабиларнинг етук алломалар бўлиб етишишида мадрасаларнинг ўрни беқиёс  бўлганлиги тарихий ҳақиқатдир.
Бугунги кунда Хива мадрасаларининг деярли барчаси музейларга айлантирилди. Мадрасаларнинг узоқ йиллардан бери тарихий-меъморий кўринишини йўқотмасдан келиши Хивага сайёҳларнинг келишини кўпайтирмоқда.
Магистрлик иши сифатида ҳанузгача махсус ўрганилмай келинаётган Хива мадрасаларида таълим тизими ва ўқитиш услублари масаласининг олиниши мавзунинг долзарблигини белгилайди.
Мавзунинг ўрганилиш даражаси. Ўзбек тарихшунослигида Хива мадрасалари ва уларда таълим тизими масаласига бағишланган илмий тадқиқотларнинг баъзиларида муайян фикрлар билдириб ўтилган. Буларга мисол қилиб, А. Садуллаев ва А. Сотлиқовларнинг «Хоразм Маъмун академиясининг тарихий илдизлари» , Б. Валихўжаевнинг «Самарқандда Олий таълим-мадрасайи олия-университет тарихидан. Лавҳалар» , А. Абдурасуловнинг «Хива»  (Тарихий-этнографик очерклар), К. Худойбергановнинг «Хива хонлари шажараси» , З. Буниёдовнинг «Ануштегин Хоразмшоҳлар давлати»  (1097-1231), В.Булатова, И. Ноткинларнинг «Хива обидалари» , П. Ш. Зоҳидов ва Р. Х. Аванесовларнинг «Хива» , Муҳаммад Юсуф Баёнийнинг «Шажараи Хоразмшоҳий» , Р. Давлатёр ва Ш. Матрасуловларнинг «Феруз шоҳ ва шоир қисмати» , К. Абдуллаевнинг «Нақшларга битилган умр» , К. Нуржоновнинг «Хоразм тарихидан лавҳалар» , М. Матниёзов ва А. Сотлиқовларнинг «Жаҳон тарихи ва маданиятида Хоразм» , Г. А. Пугаченкова ва Л. И. Ремпелларнинг «Выдающиеся памятники Архитектуры Узбекистана» , Л. Маньковскаянинг «Хива» , Л. Ю. Маньковская ва В. А. Булатоваларнинг «Памятники зодчества Хорезма»  каби монография китобларини келтириш мумкин.
А. Садуллаев ва А. Сотлиқовларнинг «Хоразм Маъмун академиясининг тарихий илдизлари» монографиясининг IV боби «Хива хонлигида фан ва маданий ҳаёт» мавзусига бағишланган бўлиб, унда Хива мадрасаларида таълим тизими қандай бўлганлиги ҳақида маълумотлар келтирилиб ўтилади.
Б. Валихўжаевнинг «Самарқандда Олий таълим-мадрасайи Олия-университет тарихидан. Лавҳалар» монографиясида эса ўша даврда Хоразмдаги мадрасаларнинг молиявий харажатлари ҳақидаги маълумотларни билиб олишда кўмак беради.
А. Абдурасуловнинг «Хива» (Тарихий-этнографик очерклар) рисоласида илк бор тарихий ва меъморий ёдгорликлар архив ҳужжатлари асосида шарҳлаб берилади.
К. Худойбергановнинг «Хива хонлари шажараси» рисоласида Хивада ҳукмронлик қилган хонларнинг тўлиқ рўйхати, қолдирган ёдгорликлари, Хива шаҳрида қурилган мадрасаларнинг пештоқларидаги эски ёзувдаги матнларнинг таржимаси билан келтирилган.
З. Буниёдовнинг «Ануштагин Хоразмшоҳлар давлати» (1097-1231) монографиясининг VIII боби «Хоразмшоҳлар давлатида маданий ҳаёт» мавзусига бағишланган бўлиб, унда хоразмшоҳлар даврида мадраса имомлари ва мударрисларининг лавозимига қандай тайинланиши ҳақида маълумотлар берилган.
В. А. Булатова ва И. И. Ноткинларнинг «Хива обидалари» рисоласида Хивадаги айрим мадраслар тарихига эътибор бериб ўтилади.
П. Ш. Зоҳидов ва Р. Х. Аванесовларнинг «Хива» альбомида Хива мадрасаларининг тарихи ва уларнинг ҳозирги даврдаги кўринишлари фотоальбом сифатида кўрсатиб ўтилади.
Муҳаммад Юсуф Баёнийнинг «Шажараи Хоразмшоҳий» асарида Муҳаммад Раҳимхон Феруз замонида қурилган маҳобатли масжид ва мадрасалар ҳақида маълумотлар бериб ўтилади.
Р. Давлатёр ва Ш. Матрасуловларнинг «Феруз шоҳ ва шоир қисмати» рисоласида Ферузнинг ўз саройида қирқдан ортиқ ижодкорларга кўрсатган ҳомийлиги, маориф-маданиятнинг ривожланишиги қўшган ҳиссаси тўғрисида фикр юритилади.
К. Абдуллаевнинг «Нақшларга битилган умр» рисоласида Хива хони Шерғозихоннинг ўз номига атаб қурдирган мадрасаси ва унинг қуллар томонидан ўлдирилиши ҳақида маълумотлар берилади.
К. Нуржоновнинг «Хоразм тарихидан лавҳалар» рисоласида Муҳаммад Аминхон мадрасасининг қурилиши ва минорасининг битмаганлиги ҳақида фикрлар билдириб ўтилади.
М. Матниёзов ва А. Сотлиқовларнинг «Жаҳон тарихи ва маданиятида Хоразм» рисоласида Хива хонлигида маданий  ва маърифий ҳаёт ҳақидаги фикрлар бериб ўтилган.
Г. А. Пугаченкова ва Л. И. Ремпелларнинг «Выдающиеся памятники Архитектуры Узбекистана» альбом китобида Ўзбекистондаги архитектура ёдгорликлар, жумладан, Хива обидаларига ҳам тўхталинади.
Л. Ю. Маньковскаянинг «Хива» альбомида мавзумизга доир айрим қайдлар учрайди. Л. Ю. Маньковская ва В. А. Булатоваларнинг «Памятники зодчества Хорезма» рисоласида Хива мадрасаларининг тузилиш жиҳатидан уч гуруҳга ажратилиши  ҳақида маълумотлар бериб ўтилади.
Гарчи биз юқорида қисқача изоҳлаб ўтган адабиётларда Хива мадрасалари ва улардаги таълим тизими масаласи бўйича айрим фикрлар билдириб ўтилган бўлса-да, ҳанузгача ўзбек тарихшунослигида мазкур масала алоҳида монографик аспектда махсус ўрганилган эмас. Мазкур магистрлик диссертацияси ишида Хива мадрасаларида таълим тизими ва ўқитиш услублари қайтарзда олиб борилганлиги илк бор тадқиқ этилди ва асосий хусусиятлари эътироф қилинди.
Тадқиқот ишининг мақсад ва вазифалари. Тадқиқот ишининг мақсади Хива мадрасаларида таълим тизими ва ўқитиш услублари қайтарзда олиб борилганлигини холис ва ҳаққоний ўрганишдан иборатдир. Юқоридагилардан келиб чиқиб, биз ўз олдимизга қуйидаги вазифаларни ҳал қилишни лозим топдик:
– Ўрта Осиё мадрасалари ва уларда таълим жараёнига эътибор қаратиш;
– Хоразм мадрасаларининг тарихий босқичларига диққатни қаратиш;
– Хива хонликнинг илмий-маърифий маркази сифатидаги аҳамиятига тўхталиб ўтиш;
– Хива мадрасалари ва уларда таълим жараёнига эътибор қаратиш;
– мадрасалардаги  кутубхоначилик ишларига тўхталиб ўтиш;
– мадрасалар мударрислари фаолиятига баҳо бериш;
Тадқиқотнинг илмий янгилиги. Хива мадрасаларида таълим тизими ва ўқитиш услублари изчил равишда илк маротаба махсус ўрганилаётганлиги магистрлик диссертацияси ишининг асосий илмий янгилигидир.
Тадқиқотнинг назарий ва амалий аҳамияти. Магистрлик диссертацияси ишининг назарий аҳамияти ўша даврларда Хивада мадрасаларнинг таълим тизими ва ўқитиш услублари тадқиқ этилганлигидан келиб чиқади. Магистрлик диссертацияси ишидаги таҳлил ва хулосалар ўзбек тарихшунослигида Хивадаги мадрасаларда таълим тизимининг ўзига хос жиҳатларини тайин этиш ишига хизмат қилади.
Магистрлик диссертацияси ишининг амалий аҳамияти шу соҳада юзага келадиган турли илмий ишларнинг юзага келишида, битирув-малакавий иши, курс иши, реферат, мустақил ишлари ёзишда материал сифатида фойдаланиш мумкинлиги билан белгиланади.
Тадқиқотнинг хронологияси. Магистрлик диссертацияси ишида тадқиқот объекти сифатида, асосан, XVII асрдан то XX аср бошларигача бўлган давр олинди.
Тадқиқотнинг методологик асоси ва методлари. Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримовнинг ўзбек давлатчилиги анъаналарини тиклаш, халқимиз тарихини ҳаққоний ёритиш давлатимизнинг келажаги учун катта аҳамиятга эга эканлиги таъкидланган асарлари, маъруза ва мақолалари, шунингдек, А. Сотлиқов, А. Абдурасулов, К. Худойберганов, Б. Валихўжаев, М. Аҳмедов, М. Матниёзов, А. Аҳмедов, Ш. Воҳидов, Э. Охунжонов каби олимларнинг илмий-назарий тадқиқотлари магистрлик диссертацияси ишининг методологик асосини белгилашга хизмат қилади.
Танланган мавзунинг хусусиятларидан келиб чиқиб тарихий-қиёсий методдан фойдаланилди.
Тадқиқот натижаларининг эълон қилинганлиги. Магистрлик диссертацияси юзасидан «Ирмоқ» журнали, «Тафаккур зиёси» (XXVIII том) ва «Истеъдод зиёси» (3-жилд)  илмий мақолалар тўпламларида 3 та илмий мақола эълон қилинган.
Магистрлик диссертацияси ишининг тузилиши ва ҳажми. Ушбу диссертацион иш кириш, 6 фаслни ўз ичига олган 3 боб, хулоса ва адабиётлар рўйхатидан иборат.  


I БОБ. МАДРАСАЛАР ВА УЛАРНИНГ ТАРИХИЙ БОСҚИЧЛАРИ
1. Ўрта Осиё мадрасалари ва уларда таълим жараёни
Мадрасалар Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида алоҳида нуфузга эга ўқув масканлари саналади.
Мадраса арабча «дараса» («ўрганмоқ») сўзидан олинган бўлиб, «ўрганиш жойи» деган маънони билдиради. Ислом вужудга келган биринчи кунларданоқ масжидлар қурила бошлаган. Лекин мадрасалар қурилган вақтни аниқ айтиш қийин. IX-XIII асрларда ислом динига эътиқод қилинадиган мамлакатларда, жумладан, Ўрта Осиёда тарқалган. Айрим олимлар дастлабки мадраса Бухорода X асрда қурилганлигини таъкидлайдилар. Наршахийнинг ёзишича, 937 йилги ёнғинда зарар кўрган «Форжак» мадрасаси Ўрта Осиёдаги дастлабки мадрасалардандир.
Мадрасаларнинг хон мадрасалари, эшон мадрасалари, хусусий мадрасалар каби турлари бўлган. Мадраса муассислари мадрасани таъминлаш учун махсус мулк – вақф ажратишган ва бу мулкни бошқарувчи мутаввалини тайинлашган. Мадрасаларнинг вақф даромадларидан бир қисми вақф мулкини сақлаб туриш, мадраса биносини таъмирлаш учун ажратилган, маълум қисми мутаввали, мударрислар, талабалар, масжид имоми, муаззини, сартароши, фарроши ва бошқа хизматчиларга берилган.
Мадрасага мактабхонани тугатганлар қабул қилинган. Талабалар ёши 10 дан 40 ёшгача бўлган. Улар мадраса ётоқхоналарида яшаш ҳуқуқига эга бўлган. Талабалар кундузги бўлим ва дарсларга эркин қатновчи сиртқи бўлим талабалари тоифаларига ажратилган.
Мадраса ўқув дастурининг умумий жиҳатлари X-XII асрларда ишлаб чиқилган ва кейинчалик такомиллашиб борган. Машғулотлар, одатда, сентябрда бошланиб, март ойигача давом этган. Ёз ойлари ва рамазон ойида таътилга чиқилган.
Мадрасаларда шанба, якшанба, душанба, сешанба кунлари машғулотлар олиб борилган. Чоршанба, пайшанба, жума кунлари таътил кунлари саналган. Дарслар қуёш чиқиш пайти (бомдод намозидан кейинроқ) бошланган. Мадрасада таълим уч босқичда: бошланғич (адно), ўрта (авсат) ва юқори (аъло) гуруҳларда олиб борилган. Адно босқичи «Ақоид» китобини ўқишга ўтгунча давом этган, авсат босқичи «Ақоид» китобини ўқишдан бошланиб, «Шарҳи мулла» китобини ўргангунча бўлган ва ундан кейинги мураккаб қўлланмаларни ўрганувчилар аъло босқич талабалари ҳисобланган. Мадрасада ўқиш талабалар иқтидорига қараб, ўртача 7-12 йил давом этган.
Ўрта Осиёдаги мадрасаларда араб ва форс тилида ёзилган китоблар ўқитилган, улар талабаларга мударрис томонидан туркий тилда шарҳлаб берилган.  Мадраса ўқув курси, одатда, «Аввали илм» деб номланган форс тилидаги ўқув қўлланмасини ўзлаштириш билан бошланган. Кейин ўрта асрларнинг илмий тили ҳисобланган араб тили грамматикаси ўқитилган. Араб тили грамматикасидан сўнг ўқув курси икки бўлимга: умумтаълим курси – мушкулот ва фиқҳ курси – масала бўлимларига ажратилган.
Мадрасаларда фиқҳ курсининг фароиз – мерос ҳуқуқи қисми билан бирга математика фани ҳам мажбурий ўқув курсига киритилган. Талабалар ўз хоҳиш-истаклари ва қобилиятларига қараб мушкулот ёки масала бўлимларидан бирини, агар истасалар ҳар икки бўлимни ўқиб тамомлашлари мумкин эди.
Мадрасаларда тўлиқ курсни ўқиб тамомлаш учун талабалардан фалсафа ва ҳуқуқ фанларига оид тахминан 137 та дарслик-қўлланмани ўзлаштириш талаб этилган. Бу дарсликларнинг аксариятини Ўрта Осиёлик алломаларнинг асарлари, жумладан, Имом Бухорий ва Исо Термизийларнинг ҳадис тўпламлари, Абу Мансур Мотуридийнинг «Китоб ат-тавҳид», Бурҳониддин Марғилонийнинг «Ал-ҳидоя фи шарҳ ал-бидоя», Умар Қазвинийнинг «Ар-рисола аш-шамсия фил қавоид ал-мантиқия», Абдураҳмон Жомийнинг «Ал-фавоид ад-диёия», Маҳмуд ибн Аҳмад Маҳбубийнинг «Виқоят ар-ривоя фи масоил», Убайдуллоҳ ибн Масъуд Маҳбубийнинг «Ан-нуқоя» каби асарлари ташкил этган.
Мадрасаларда талабаларнинг қизиқишлари ва мударрисларнинг мавжудлигига қараб, фалакиёт, ҳандаса, тиббиёт, кимё, жўғрофия, тарих, адабиёт, аруз илми, меъморлик асослари, хаттотлик, мусиқа, ахлоқ, нотиқлик каби фанлар ҳам ўқитилган.
Ўрта Осиёнинг Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Қўқон, Хива шаҳарлари мадрасалари таълим тизимининг бир-биридан фарқ қилиши билан ажралиб турган. Қуйида биз Ўрта Осиёнинг ҳар бир йирик шаҳарларидаги мадрасаларда таълим тизими қандай бўлганлигига эътибор қаратиб ўтамиз.
Самарқанд Ўрта Осиёнинг йирик илм-фан ва маърифат марказларидан бири сифатида машҳур бўлган. IX-X асрларда Самарқандда 17 та мадраса бўлган, лекин уларнинг бирортаси ҳам ҳозиргача сақланмаган. Лекин Темурийлар даврида қурилган мадрасалар ҳозиргача ҳам сақланиб ўз кўркини йўқотмаган. Амир Темур Самарқандни пойтахт сифатида танлагандан сўнг унинг ҳар жиҳатдан мукаммал ва намунали бўлишига алоҳида эътибор берган. Бу ҳол таълим тизими муассасаларидан бўлмиш мадраса ва мадрасаи олияларни қуриш, уларни етук аллома мударрислар билан таъминлаш ишида ҳам яққол кўзга ташланади. Шу даврда Амир Темурнинг амирларидан Идигу Темур, Шоҳмалик, Фирузшоҳлар, Бибихоним ва набиралари Муҳаммад Султонлар томонидан қатор мадрасалар ва мадрасаи олиялар қурилган (ҳозирда булар сақланмаган).
Амир Темур бошлаган бу фаолиятни набиралари Мирзо Улуғбек кенг кўламда ривожлантириб, жаҳонга машҳур илмий кашфиётларни майдонга келтирган мадрасаи олия ва расадхона мажмуасини бунёд этган.
Улуғбек мадрасаси 1424 йилда қурилган. «Ҳозирда мадраса бир қаватликдир. Мадрасанинг иморати битгандан кейин Улуғбек Мирзо у ерда Қозизода Румийни мударрисликка белгилади».  Баъзи вақтларда ўзи ҳам дарс айтмоққа киришар экан.
Мадрасаи олияни битирганларга дарс айтиш учун ижозатнома-дипломлар берилган. Ана шундай дипломларнинг бирига Қозизода Румий қўл қўйган ва у ҳозирги кунда (ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади) унинг ўзбек тилига ўгирилган матни академик Бўрибой Аҳмедов томонидан «Улуғбек» эссесида нашр эттирилган.
Самарқанддаги мадрасаларда бошқа хорижий юртлар аҳлининг илмга ташна вакилларини кўплаб учратиш мумкин. Бу ҳолатни турли асрларга оид маълумотлар орқали кузатиш мумкин. Жумладан, XVI асрда яшаган Зайниддин Восифий 1504 йили Самарқандда содир бўлган қаҳратон қиш воқеалари баёнида «ўнта Хуросонлик талаба» ҳақида маълумот беради.
Бухоро ҳам Ўрта Осиёнинг йирик илм-фан ва маърифат, диний билимлар маркази сифатида машҳур бўлган. «Бухоро илм тарқатувчи марказ ҳисобланган ва ҳисобланади», – деб айтган эди рус сайёҳи Н. Хаников ўз эсдаликларида.
Бухорода диний мактабларда 7 йилдан то 10 йилгача хат-савод чиқарганлар ва ундан кейин хоҳишларига қараб мадрасага бориб ўқиганлар. Мадрасада 20 йил йилига 6 ойдан ўқиганлар ва қолган 6 ойда қишлоқларга бориб, имомгарчилик қилиб, пул топганлар. Талабалар таҳсилнинг биринчи йилида, иккинчи таҳсил йилида ўқилиши лозим бўлган китоблардан дарс бошламоқ учун, ҳар ким қурби етганча, масалан, 20 тангадан 500 тангагача тўплаб, устоз ҳазратларига етказганлар.
Мадрасадаги биринчи даражали охунд 25 минг танга маош олган, агар у яхши олим бўлса, яна 10 минг танга маош олган. Мадраса мударриси шарафли касб бўлиб, уни амир ё қозикалон берган.
Бухоро мадрасаларида талабалар 20 йил таҳсил олганлар.
Биринчи йили – «Авали илм», «Бидон».
Иккинчи йили – «Мўъзий Занжоний».
Учинчи йили – «Кофия».
Тўртинчи йили – «Шарҳи Жомий»дан «Ал-марфуъот».
Бешинчи йили – «Ал-мажрурот».
Олтинчи йили – «Ал-мансубот».
Еттинчи йили – «Ал-мабниййот».
Саккизинчи йили – «Ҳамд» ва «Баҳси исм».
Тўққизинчи йили – «Қутбий» ҳошиясидан «Ва рот-табтуҳу ала муқаддима».
Ўнинчи йили –  «Ҳамди ақойид».
Ўн биринчи йили – «Баъд», «Ақойид»дан.
Ўн иккинчи йили – «Самава», «Ақойид»дан.
Ўн учинчи йили – «Ҳақойиқ ул-ашйа», «Ақойид»дан.
Ўн тўртинчи йили – «Ҳамди таҳзиб».
Ўн бешинчи йили – «Таърифи илм», «Таҳзиб»дан.
Ўн олтинчи йили – «Ҳикмат ул-айн»дан «Ал-ҳикмату истикмал ун-нафси».
Ўн еттинчи йили – «Ҳикмат ул-айн»дан «Ал-вужуди бадиҳийун».
Ўн саккизинчи йили – «Мулла Жалол»дан «Йаман ваффақана».
Ўн тўққизинчи йили – «Мулла Жалол»дан «Сатафтариқу».
Ўн тўққизинчи йили охирида – «Саҳиҳ Бухорий»дан, «Иннамал-амалу бин ний йат»ни, «Тафсири Байзовий»дан «Муаввазатайн» ўқилиб, хатми таҳсил қилинади.  
Бухоро мадрасаларида аёллар ўқимаганлар. Таҳсил 37 ёшда тамом бўлган. Бухорода 200 га яқин мадраса бўлиб, улар 3 тоифага бўлинади: олий, ўрта, қуйи.  


Олий тоифага қуйидагилар киради:
Мадрасаларнинг номи                                        Йиллик вақфи
1. Кўкалдош                                                         150 000 танга
2. Жаъфархўжа                                                    250 000 танга
3. Жўйбор                                                             130 000 танга
4. Мири Араб                                                       150 000 танга
5. Муҳаммад Али Ҳожи                                      150 000 танга
6. Турсунжон                                                        140 000 танга
7. Девонбеги                                                         150 000 танга
8. Говкушон                                                          190 000 танга
9. Абдулазизхон (икки мадраса)                        120 000 танга
10. Мирзо Улуғбек                                              60 000 танга
11. Калобод                                                          80 000 танга
12. Хожа Порсо                                                   50 000 танга
13. Иброҳим Охунд                                            40 000 танга
14. Фатҳуллоҳ Қушбеги                                     80 000 танга
15. Биби Халифа                                                 50 000 танга
16. Халифа Ниёзқул                                            55 000 танга
17. Мулла Муҳаммад Шариф                            60 000 танга
18. Ғарибия                                                          40 000 танга
19. Хиёбон                                                           60 000 танга
20. Жўйборча                                                      60 000 танга
21. Абдуллоҳ                                                       50 000 танга
22. Модарихон                                                    40 000 танга
23. Асирий                                                           40 000 танга
24. Хожаниҳол                                                     50 000 танга
25. Шодимбий                                                      40 000 танга
26. Дорушшифо                                                   40 000 танга
27. Чорбакр                                                           70 000 танга
28. Бадалбек                                                         40 000 танга
29. Хожа Давлат                                                   120 000 танга
30. Мискин                                                            60 000 танга
31. Домулло Шер                                                 40 000 танга
32. Дўстчеҳра Окоси                                           40 000 танга
33. Нақиб                                                              120 000 танга
Жами:                                                                          2 815 000 танга

    Ўрта тоифага қуйидагилар киради:
Мадрасаларнинг номи                                        Йиллик вақфи
1. Ҳизр                                                                     25 000 танга
2. Афғон                                                                  15 000 танга
3. Раҳмонқул                                                           30 000 танга
4. Ўткур Қушбеги                                                   25 000 танга
5. Ҳусайнбой                                                           30 000 танга
6. Олимжон                                                             20 000 танга
7. Атолиқ                                                                 25 000 танга
8. Исмоилхўжа                                                        30 000 танга
9. Модари хони хурд                                              30 000 танга
10. Рашид                                                                 25 000 танга
11. Ғозиён                                                                25 000 танга
12. Ғарибони чок                                                     30 000 танга
13. Чучук ойим                                                        25 000 танга
14. Шарофатбону                                                     30 000 танга
15. Нақиби хурд                                                       25 000 танга
16. Чубини калон                                                     30 000 танга
17. Болои ҳавз                                                          30 000 танга
18. Миржон Али                                                      30 000 танга
19. Аскарбий                                                            30 000 танга
20. Садрбий                                                              25 000 танга
21. Эски Бадалбек                                                    25 000 танга
22. Қўнғирот ҳофизи                                               35 000 танга
23. Искандархон                                                      35 000 танга
24. Чорбаққолий                                                      22 000 танга
25. Сартарош                                                            30 000 танга
26. Мирзо Фузайл                                                    25 000 танга
27. Тўпчибоши                                                         20 000 танга
28. Сайид Камол                                                      22 000 танга
29. Абдушукурбой                                                    20 000 танга
30. Карбос                                                                  24 000 танга
31. Чуқур                                                                    30 000 танга
32. Қози Латиф                                                          18 000 танга
33. Бадриддин                                                            16 000 танга
34. Пушаймон                                                            22 000 танга
35. Эрназар                                                                 35 000 танга
36. Домулло Ҳасан                                                    15 000 танга
37. Эшони пир                                                           16 000 танга
38. Миркамол                                                             14 000 танга
39. Жўрабек                                                                12 000 танга
Жами:                                                                           961 000 танга

Қуйи тоифага мансуб мадрасалар юздан ортиқ бўлиб, уларнинг вақфи минг тангадан ўн минг тангагачадир. Бу мадрасаларнинг умумий вақф миқдори 500 минг тангага етади. Бухорода 300 та қуйи мактаб ва 11 та кутубхона бўлган.


Кутубхонанинг номи                                          Йиллик вақфи
1. Жаъфархўжа                                                      18 000 танга
2. Говкушон                                                           5 000  танга
3. Хожаниҳол                                                         8 000  танга
4. Кўкалдош                                                           1 000  танга
5. Абдулазизхон                                                    2 000  танга
6. Мирзо Улуғбек                                                  800 танга
7. Бадалбек                                                             800 танга
8. Дор уш-шифо                                                    3 000 танга
9. Бозори гўсфанд                                                 1 500 танга
10. Болои ҳавз                                                       1 600 танга
11. Жўйбор                                                            1 400 танга
Жами:                                                                     43 100 танга
XVI асрда яшаган Ҳасанхожа Нисорийнинг кўрсатишича, сайфул-уламо Камолиддин Иброҳим Ширвоний «бир неча вақт шаҳарлар фахри бўлган Бухорода дарс ўқитиш билан машғул бўлган» ва унинг етук шогирдларидан барчаси мавлонолик даражасига эришганлар.  Бухоро мадрасалари мана шундай буюк мударрисларни етиштирган илм ўчоқларидан ҳисобланади.
XVII асрда яшаган Маҳмуд ибн Валининг қуйидаги сўзлари Бухоронинг илм тарқатувчи маркази сифатида ролини исботлайди. «Олимларнинг кўплигидан, уни олимлар ва илм-фан булоғи деб атайдилар», – деб ёзган эди у.
XIX асрнинг 40-йиллари, рус сайёҳи Н. Ханиковнинг кўрсатишига кўра, Бухорода амир рўйхатида кўрсатилган 103 та мадраса бўлиб, улардан 60 таси энг катта мадраса ҳисобланар эди. Уларнинг энг машҳурлари: Кўкалдош, Улуғбек, Заргарлар, Турсунжон, Хиёбон, Говкушон мадрасалари ва бошқалар эди.
Инглиз сайёҳи А. Бёрнс эса шаҳарда 366 та катта ва кичик мадрасалар бор деб кўрсатар экан, мадрасалар толиблари орасида Эрондан ташқари ҳамма мамлакатлар кишиларини учратиш мумкин. Улар етти ёки саккиз йиллик ўқув курсини тугатиб, ўз ватанларига билим заҳираси билан қайтишларини қайд этган эди.
XIX асрнинг 20 йилларига оид маълумотларга кўра, Бухорода Россия фуқаролари бўлган 3000 га яқин татарлар бўлиб, уларнинг 300 таси ислом асосларидан таълим олиш учун бу ерга келишган. XIX асрнинг охирида амирликда 170 га яқин катта ва кичик мадрасалар бўлиб, уларда қарийб 10 минг муллаваччалар, мударрислар, имомлар ва уламолар – мамлакат ҳукмдорининг исталган ҳаракати устидан фатво беришга ҳақли бўлган қонуншунос олимлар хизмат қилишарди. Мадрасалар иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлиб, улар даромади қарийб 5 миллион тангага борувчи улкан вақф мулкларига эга эди.
Мадрасалар катта вақф мулкига эга бўлиб, ундан тушган фойдадан ўқитувчиларга маош ва талабаларга стипендия тўланар эди. Мударрислардан бири тушган фойданинг харажат қилинишини назорат қилар эди. Ҳар йили мадрасада бўлиб ўтадиган имтиҳонларни муваффақиятли топширган дин хизматчиси умр бўйи бериладиган стипендия – даҳяк олар эди.
XIX асрнинг ўрталарида Бухорода мадраса талабалари сони 9 мингдан 10 минг нафарга етди.
Тошкент Қўқон хонлигининг йирик илмий маърифат марказларидан бири ҳисобланган. Бу шаҳарда қурилган мадрасалар Мовароуннаҳрдагина эмас, балки бошқа Шарқ мамлакатлари талабалари учун ҳам илмий марказ ҳисобланган.
Шайҳонтаҳур ёдгорлик мажмуасига катта дарвоза орқали кирилган. Дарвозахона 1892 йили тошкентлик Абдулла устанинг ўғли Абдураҳим уста томонидан пишиқ ғиштдан қурилган. Дарвозахонанинг ён тарафида бир қаватли Эшонқул додхоҳ мадрасаси бўлган. Уни Қўқон хонининг Тошкентдаги лашкарбошисининг ўғли қурдирган. XIX асрнинг 40 йилларидан қурила бошланган мадраса кейинчалик 34 ҳужрадан иборат билим даргоҳига айланган. Мадраса таркибида бир масжид ва бир бошланғич мактаб бўлган. Мадрасада 70 га яқин талабалар ўқиган. Бу ерда 1884 йилда рус-тузем мактаби, кейинчалик киностудия фаолият олиб борган. 1964 йили мадраса бузиб ташланган.
Бароқхон мадрасаси XVI асрнинг иккинчи ярмида қурилган. Дастлаб бинонинг шарқий бурчагидаги кичик мақбара қад ростлаган. Сўнг 1530 йилларда Тошкент ҳокими Суюнчхўжахон мақбараси қад кўтарган. Бу мақбара ҳовли тўридаги пештоқли хонақоҳдан иборат бўлиб, қўшқават гумбази бўлган. Ташқи томони кўк гумбаз, мовий ранг кошин билан қопланган, 1868 йилги зилзила натижасида бузилиб кетган.
Бароқхон мадрасаси мемориал комплексининг учинчи босқичи XVI асрнинг ўрталарига тўғри келади. Мадраса ўша даврдаги анъанавий бинолардан фарқ қилса-да, лекин ҳужралар ва айвонларнинг очиқ ҳовли атрофига жойлаштириш усули сақлаб қолинган. Мадрасанинг асосий қисмини Суюнчхўжахон мақбараси ташкил қилиб, у асосан дарвоза пештоқи рўпарасида жойлашган. Тўрт бурчагида қорихоналар фаолият кўрсатган. Бу мадрасанинг деворлари, тоқилари ва пештоғига ранг-баранг кошинкор нақшлар ишланган, хонақоҳ ичкариси «кундал» усулида безатилган ва устидан зарҳал берилган. Мадрасанинг нақшлари гўзаллиги, қурилиш услуби жиҳатидан XV асрнинг иккинчи ярмида Самарқанддаги Оқсарой ва Ишратхона обидасига яқинлашади.  Мадрасада 1946, 1949, 1951, 1967 йилларда таъмир ишлари олиб борилган. Ҳозирги кунда мадраса биносида 1956 йилдан Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси фаолият кўрсатади.
Мўйи Муборак мадрасаси XV асрда Бароқхон мадрасасининг қаршисида қурилган ва кейинчалик бузилиб кетган. 1856-1857 йилларда Қўқон хони Мирзо Аҳмад қушбегининг амри билан Мўйи Муборак мадрасаси қайта қурилади. Бу номнинг берилишига мадрасанинг махсус хоналаридан бирида қувур шиша идишда Муҳаммад пайғамбарнинг муборак мўйларининг сақланиши сабаб бўлган. Мўйи Муборак мадрасаси ўзининг тарҳи ва меъморий ечими билан фарқланади. Тўғри тўртбурчакли ҳовли уч томондан ҳужралар билан ўралган, тўртинчиси эса икки ойнали девор билан тўсилган. Бу девор кўп қиррали олти устунли айвоннинг ҳам орқа девори бўлиб, унинг пештоқи ва устунлари нафис нақшлар билан безалган.
Охирги вақтларда мадраса ҳовлиси ёпилиб, гумбаз ўрнига ёруғлик тушувчи равонли қурилма қурилиб томи тунука билан қопланган. Хилхонанинг деворлари бузиб ташланган. Усти ёпилган ҳовли шимолий, шарқий ва жанубий деворлар билан ўралган икки қаватли айвон – галереяга айлантирилган. Иккинчи қаватга шарқий бурчакдаги винтсимон темир зинапоя билан кўтарилган. Айвоннинг деворлари нафис ганч ўймакорлиги билан безалган. Биринчи қават деворлари ҳам жимжимадор нақшлар билан қопланган. Фақат ғарбий девор нозик ҳаво ранг билан бўялган. Айвон ва ёғоч устунлар олтин суви қўлланган рангли нақшинкор безаклар билан қопланган. Мадрасага ғарбий бурчакдаги гумбазли пештоқ орқали кирилган. Қаршисидаги жанубий-ғарбий бурчакда гумбазли дарсхона бўлган. У ерда кутубхона маъмурияти ва китоб сақлаш хоналари жойлаштирилган. Ҳамма ҳужралар камонсимон равоқлар билан беркитилган. Мадраса ҳаммаси бўлиб 13 та ҳужрадан ташкил топган. Ушбу хоналарнинг бирида машҳур Усмон мусҳафи сақланган.
XIX аср охири ва XX аср бошларида Ўрта Осиё мадрасалари ўқув дастури бирмунча ислоҳ этилиб, уларда ўқитиладиган фанлар таркибига турк, рус, француз, инглиз тиллари, физика, зироатчилик, ҳисоб, гигиена, психология, методика, тригонометрия, сиёсий иқтисод, тижорат каби фанлар кириб кела бошлаган. XIX аср охири XX аср бошларида Бухоро амирлигида 336, Хива хонлигида 132, Туркистон генерал-губернаторлигида 348 мадраса бўлган. XX асрнинг иккинчи чораги бошларида совет ҳукумати томонидан мадрасалар диний муассасалар қаторида давлатдан ажратилган ва «хурофот ўчоқлари» тамғаси билан тугатиб юборилган.
Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрида қолган бир нечта мадраса эса эндиликда фақат диний кадрлар тайёрлайдиган ўрта ва олий диний ўқув юртларига айлантирилган.


2. Хоразм мадрасаларининг тарихий босқичлари
Маълумки, Хоразм жаҳон цивилизациясининг энг қадимги ўчоқларидан биридир. Бу муқаддас ўлка минг йилларга бориб тақаладиган бой тарихи, юксак маданияти, илм-фани ва илғор фалсафий тафаккурига эга бўлган. Бундан деярлик уч ярим – тўрт минг йиллар олдин шу муқаддас заминда ўзбек давлатчилигининг илк пойдевори қўйилган, суғорма деҳқончилик ва ноёб ирригация иншоотлари вужудга келган, шаҳар ҳаёти, маданият ва илм-фан анъаналари ривож топган.
Араблар фатҳидан кейин VIII-IX асрлардан бошлаб халифаликка қарашли ҳудудларда ислом динининг кенг тарқалиши билан уни ўрганиш ва тарғиб қилишга ҳамда бошқарув ишига лаёқатли бўлган кадрлар тайёрлашга эҳтиёж туғилди. Шу муносабат билан халифаликка қарашли Дамашқ, Бағдод, Марв, Бухоро, Самарқанд, Кат, Гурганж ва Хивадан тортиб то Андалусиягача бўлган шаҳарларда мусулмон мактаблари ва мадрасалар пайдо бўлади.
Ислом динининг кенг ёйилиши билан Хоразмда IX-XIII асрларда мадраса таълими ҳам ривож топади. Мадрасаи олияларда исломий илмлар билан бир қаторда, талабаларга дунёвий фанлар: математика, астрономия, физика, геометрия, география, табобат, мусиқа, тарих, адабиёт, араб ва форс тиллари, мантиқ ва фалсафа ўқитилганлиги маълум. Мадрасаи олиялар ўша даврнинг университети вазифасини бажарган.
Ўрта Осиёда, шунингдек, Хоразмда дастлабки мадрасалар Кат ва Гурганжда IX аср охири ва X аср бошларида вужудга келади.  Хоразмнинг Кат, Гурганж, Хива, Хазорасп каби шаҳарлари ўша даврда Шарқнинг энг йирик иқтисодий ва маданий марказларидан саналган. Катдаги мадрасада Абу Наср Ироқ каби ўз замонасининг машҳур олими, астрономи, математиги мударрислик қилган. Абу Райҳон Беруний Кат мадрасасида устозидан таҳсил олиб, етук олим бўлиб етишган.
«Ҳикматлар уйи»нинг раҳнамоларидан бўлган хоразмшоҳ маъмунийлар даврида пойтахт Гурганжда маданий-маърифий ишларга эътибор кучайди, кўплаб мактаблар, мадраса ва қорихоналар қурилади. Ушбу мадрасаларда Беруний, Ибн Сино, Масиҳий, Абулхайр Хаммор каби таниқли алломалар талабаларга сабоқ берганлар.
XI-XIII асрларда Ануштегинлар сулоласига мансуб хоразмшоҳлар даврида пойтахт Гурганжнинг иқтисодий, сиёсий ва маданий марказ сифатида мавқеи кучаяди. Мактаб ва мадрасалар қурилиши кенгайиб, илмий тадқиқот ишлари янада ривож топади. Шу ўринда араб тарихчиси ал-Муқаддасий, Ёқут Ҳамавийларнинг қуйидаги сўзларини эслаш ўринлидир: «Хоразмликлар ақл-идрокли, илмли, фиқх илмида ўта қобилиятли ҳамда билимли кишилардир», - деб ёзади ал-Муқаддасий. Ёқут Ҳамавий эса «Мен жаҳоннинг бирор жойида Хоразмнинг пойтахти Гурганжга ўхшаган улуғвор, бениҳоя бой ва гўзал, аҳолиси билимдон шаҳарни кўрмаганман»,-деб таъриф беради. «Дарҳақиқат, бундан минг йил аввал Хоразм Маъмун академияси жаҳон цивилизацияси тарихида ёрқин из қолдирган ва муносиб ўрин эгаллаган илм даргоҳидир», - деган эди Президентимиз Ислом Каримов Хоразм Маъмун академиясининг минг йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида.
Ёзма манбаларда Ануштегинлар даврида Хоразмда 12 мингдан зиёд масжид, улар қошида шунча мактаб, 4440 та мадраса бўлганлиги қайд этилади. Фақат Гурганжда мадрасалар сони 700 га яқин бўлган. Хоразмшоҳ ануштегинийлар даврида мадрасаларнинг имомлари ва мударрислари султон ёки унинг ноиби томонидан тайинланган. Масалан, хоразмшоҳ Эл-Арслон 1162 йилда Туркистон хоқони Абулмузаффар Тамғоч Буғрохон зиммасига бошқа ишлар билан бирга, мадрасаларга муносиб мударрислар тайинлаш вазифасини ҳам юклаган.
Хоразмшоҳ Отсизнинг бир фармонида «Фалончининг отаси узоқ йиллар Марвдаги мадрасанинг мударриси эди, бизнинг хонадонга яқин киши эди. Фалончи отасининг вафотидан сўнг саройга таклиф этилиб, Олий Мажлисга сайланган. Энди бу киши отасининг мактабига дарсларга раҳбарлик қилиш учун тайинланади. Мадрасанинг барча вақфлари шу кишининг тасарруфига берилади, бу киши вақф даромадларидан муносиб ишларга, иморатлар қуриш, зироат учун сарфлайди. Мадрасанинг барча илоҳиётчи, фақиҳ, уламолари, талабалари бу кишини иззат-ҳурмат қилишлари, унинг йиғинларига қатнашишлари зарур».
Хоразмшоҳ Такаш дин уламоси Бадриддин номига бундай фармон чиқарган. «Саройда катта ҳурматга сазовор бўлган Бадриддин яхши хизматлари учун фалон йирик вилоятлардаги мадрасанинг мударриси, имом-хатиби этиб тайинланди. Бадриддин ўз вазифаларини тақводорлик билан, Қуръони мажидга, ҳадиси шарифга, пайғамбар суннатига ва имомлар ибратига мувофиқ ҳолда бажарсин. У, жумъа ва ҳайит намозларида, ваъз, хутбалар ўқишни, Аллоҳга, пайғамбарга, халифалар ва хоразмшоҳларга ҳамду сано айтсин, диний бинолар, иншоотларни таъмирлаш, вақф даромадларини кўпайтириш учун ғамхўрлик қилсин, одамларга сўзда ва амалда ибрат кўрсатсин, ўзига муносиб ўринбосарлар тайинласин».
Баъзи мадрасаларга бутун бошли қишлоқлар вақф қилиб берилар эди. Хоразмшоҳ Такашнинг вазир Носириддин номига чиқарган фармонида мазкур вақфнинг аввалги мутаваллийси лаёқатсиз одам бўлиб чиққанлиги, вақф ерлари даромад келтирмай, зиён келтираётгани кўрсатилган. Вазир Носириддин ана шу мадраса вақф ерларидан келган зарарни қоплаши, янги мутавалли тайинлаши, бўлажак мударрисларни ўқитиш ишларини назорат қилиши зарурлиги айтилган. Мадраса мударрислиги обрўли мансаб бўлиб, баъзан истеъфога чиққан юқори мартабали амалдорлар мударрис бўлиб ишлар эдилар.
Султон Алоиддин Муҳаммад давридаги хоразмшоҳлар давлатининг атоқли арбобларидан Шаҳобиддин Абу Саъд ибн Имрон ал-Хевақий машҳур фақих, Шофиия мазҳабининг муфтийси эди. Энг зукко ва зийрак одамлар ҳам унга хизматкорликка ярар эди. Султон жуда муҳим ишларда у билан маслаҳатлашарди. Унинг остонасида подшолар, вазирлар, амирлар навбат кутиб туришар, ул зот эса ўша пайтда имомларга таълим берар эди. Шаҳобиддин Хоразмнинг бешта мадрасасида дарс ўқир, фақат дарслари тамом бўлганидан кейин у султоннинг ҳожиблари билан турли ишлар ҳақида гаплашар эди. У Хоразмдаги Шофиия масжиди қошида шундай ажойиб кутубхона очганки, аввал ҳам, кейин ҳам унга тенг келадигани бўлмаган.
Султон янги мадрасалар қурилишини одатда таниқли дин арбобларига топширар эди. Масалан, Хуросондаги бир мадраса қурилиши муфтий ва имом Азизиддин Али Балхийга, Нишопурдаги бир мадраса қурилиши муфтий ва мударрис имом Фахриддин Абу Собит Абдулазиз ибн Абдул-Жаббор Куфийга топширилган.
Хоразмшоҳ Жалолиддин таниқли маърифатпарвар олим Муқаррабиддин Муҳаммад ибн Иброҳим Паҳлавон ал-Хоразмийга Исфаҳонда отаси султон Алоуддин Муҳаммад хотираси учун катта мадраса қуришни топширган ва бу ишга 30 минг динор маблағ ажратган. Бу маблағдан ташқари яна Ироқдан келадиган хирожлардан бир қисми «мадраса қурилишини тамомлаш учун қўшимча маблағлар берилган. Муқаррабиддин Исфаҳонга бориб, мадраса қурилишини бошлади. Тўрт ойдан кейин мадраса қурилиши ниҳоясига етди».
Хоразмшоҳлар даврида Бухоронинг Деҳқон туманида Хизонатул-кутуб Дорул-фуқаро – халқ кутубхонаси очилган бўлиб, бу ерда нодир қўлёзмалар сақланар эди.
Такаш шоҳлик даврида, Гурганчда ката мадраса ва кутубхона қурилади. Мазкур кутубхона минтақада энг катта кутубхоналардан бўлиб, унда жуда кўп ва нодир, қимматли китоблар сақланади. Машҳур диндор Фахриддин Абу Абдулла Муҳаммад ибн Умар ар-Розий (1210-йилда вафот этган) бу кутубхона фондидан фойдаланиб Хоразм шоҳи Такаш учун ўзининг «Илмлар мажмуаси» номли қомусий асарини яратади. Бу асарда илмнинг 57 хил соҳаси бўйича маълумотлар йиғилган эди. 1980 йилда Кўҳна Урганчда ўтказилган археологик қазиш пайтида бу мадраса ва кутубхонанинг пойдевори топилган. Кутубхона, унинг асосчиси Такаш вафотидан кейин ҳам деярлик чорак аср давомида илм-маърифат аҳлига хизмат кўрсатиб турган.
Мадрасаларда етишиб чиқадиган илм аҳлининг ҳаммаси ҳам қози, имом бўлавермай, улар орасидан дунёвий илмлар: табобат, математика, фалакиёт, фалсафа, мантиқ, жўғрофия, ҳуқуқшунослик, грамматика, адабиёт, санъат ва бошқа соҳалар бўйича пухтагина билим орттирган олимлар етишиб чиқар эди. Бундай билим эгалари халқ ўртасида обрў қозониб, улар атрофида, шубҳасиз, шогирдлар тўпланар эди. Шу йўсинда Хоразмшоҳлар даврида билимдон алломалар орта боради.
Ўрта асрларда барча мусулмон мамлакатларида бўлганидек Хоразмда ҳам таълим-тарбия тизими уч босқичдан: бошланғич таълим, умумтаълим ва олий таълим босқичларидан иборат бўлган. Бошланғич таълим масжидлар қошидаги мактабларда берилган, у беш йилга мўлжалланган ва ўқувчилар 4-5 ёшдан қабул қилинган. Ўғил болалар масжид имомлари, қизлар аёл халфалар қўлида тарбияланган. Бошланғич мактабларда араб ёзуви ва ўқиш, Қуръони Карим ва ҳадисдан олинган намуналар, абжад ҳисоби, шеърий китоблар, панднома, ахлоқ-одоб ўқитилган. Ўқувчилар ўқитилиш босқичига қараб «Ҳафтиякхон», «Абжадхон» ва «Қуръонхон» деб юритилган.
Таълим-тарбиянинг иккинчи ва учинчи босқичи мадрасаларда берилган. Умумтаълим мадрасалари хонликнинг шаҳар, туман ва қишлоқларида фаолият кўрсатган. Мазкур мадрасаларда мактаб муаллимлари, масжид имомлари ва қозихона хизматчилари тайёрланган. Таълимнинг юқори, олий босқичи мадрасаи олия ёки мадрасат ул-улум деб аталиб, улар ҳозирги университет мақомига эга бўлган. Бундай мадрасалар Дамашқ, Бағдод, Басра, Исфаҳон, Марв, Бухоро, Самарқанд, Кат, Гурганж ва Хива каби олиму фозиллар кўп бўлган марказий шаҳарларида фаолият кўрсатган.
Мадрасаи олиялар исломий илмларнинг етук билимдонларини, уламо, шайхларни, фиқх-ҳуқуқшуносларни, мударрислар ва давлат хизматчиларини тайёрлаган. Ҳар бир мадраса қошида илмнинг турли соҳаларига доир қўлёзмалар сақланган бой кутубхоналари бўлган. Шунингдек, мадрасани муваффақиятли тамомлаганлар орасидан Шарқда машҳур бўлган олимлар, шоиру адиблар етишиб чиққан.
Мактаб ва мадрасаларда ёшларга маълум дастур асосида таълим ва тарбия берилган. Таълим-тарбиянинг асосий мақсади ёшларга замонавий билим асосларини ўргатишга, уларда гўзал ахлоқ-одоб ва энг яхши инсоний фазилатларни шакллантиришга қаратилган. Ҳар бир мактабда 20 га яқин ўқувчи, мадрасаларда эса 60-100 га яқин талабалар билим олганлар. Мадрасаларда ўқиш муддати 8 йилга мўлжалланган, унда таълим олаётган талабалар уч гуруҳ – босқичга ажратилган: биринчи, қуйи босқич-адно, иккинчи, ўрта босқич-авсат ва учинчи, юқори, олий босқич-аъло гуруҳи деб юритилган. Ҳар бир босқич учун алоҳида дастур ишланган бўлиб, бир босқичдан навбатдаги босқичга ўтиш якуний имтиҳонлар орқали ҳал этилган. Шу билан талабаларнинг оладиган нафақалари (стипендия) ҳам оширилиб борилган.
Мадрасаларда талабаларнинг таълим ва тарбия олишлари учун барча шароитлар яратилган. Уларга ҳар куни тўрт маҳал иссиқ овқат ва иқтидорли талабаларга қўшимча мукофотлар ажратилган.
Мадрасаларда ички тартиб-интизомга қатъий амал қилинган. Мадраса низомини бузган талаба ва хизматчилар уч маротабагача огоҳлантирилган, камчилик яна такрорланса, бундай шахслар мадрасадан четлаштирилган. Лекин бундай кўнгилсизлик жуда камдан-кам содир бўлган. Мадрасанинг ички ҳаётига дахлдор масалалар мутавалли, мударрислардан таркиб топган ҳайъат кенгашида ҳал этилган.
Ўқитувчилик-мударрислик энг масъулиятли ва шарафли касб ҳисобланган. Энг истеъдодли, барча билимлардан хабардор, ҳурмат-эътибор қозонган алломалар махсус комиссия синовидан ўтиб, мударрислик вазифасига тавсия этилган.
Мадрасаларнинг молиявий харажати вақф даромади ҳамда давлат хазинасидан ажратилган қўшимча маблағ ҳисобига қопланган, ҳар бир мадрасанинг ўз вақф мулки ва вақфнома ҳужжати бўлган. Вақфномада мадрасанинг чиқими, ундаги хизматчилар: мутавалли, мударрис, ҳофиз, муҳри, нақиб, фаррош, ошпаз ва бошқалар, шунингдек, талабалар сони, уларга берилган маош ва нафақалар аниқ кўрсатилган. Мутавалли вақф киримлари, мадрасанинг молиявий харажати, таъмирлаш, ходим ва талабаларга тўланадиган ҳақ ва бошқа ишларга масъул бўлган. Мадраса хизматчилари, мударрислари ва талабаларга бериладиган йиллик маош миқдори нақд пул ва овқатлик дон ҳисобидан ажратилган.
Хоразмда ўша даврдаги мадрасаларнинг молиявий харажатлари ҳақидаги маълумотлар бизгача етиб келмаган. Бироқ академик Б. Валихўжаевнинг Самарқанд мадрасалари ҳақида берган қимматли маълумотлари Хоразм мадрасаларидаги аҳволни тасаввур қилишга ёрдам беради.
Алишер Навоийнинг «Ихлосия» мадрасасида вақф маоши тубандагича белгиланган:
– садр мутаваллига ажратилган йиллик маош 3 минг олтин ва овқатлиғ учун 30 юк ғалла;
– ҳар бир мударрисга йилига 1200 олтин ва 24 юк буғдой ёки арпа ажратилган.
Мадраса талабаларига:
– аъло гуруҳидаги талабага ойига 24 олтин ва овқатлиғ учун 5 юк миқдорида дон;
– авсат гуруҳи талабасига 16 олтин ва 4 юк ғалла;
– адно гуруҳи талабасига 12 олтин ва 3 юк миқдорида дон ажратилган.
Талаба белгиланган муддатда мадрасани тамомлай олмаса, ўзи ҳисобига ўқишни давом эттирган. Ҳар бир мударрисга 4 тадан 10 нафаргача талаба  беркитилган.
Хоразм мадрасаларида ҳам бошқа жойлардаги каби ҳафтанинг 4 куни: шанба, якшанба, душанба, сешанба расмий ўқиш кунлари ҳисобланган. Ҳафтада икки кун яъни чоршанба ва пайшанба кунлари мустақил мутолаа кунлари, жума куни эса дам олиш куни бўлган. Мадрасаларда бир ўқиш йили 7 ой давом этади. Ўқиш йили мезон ойининг биринчи куни 21 сентябрда бошланиб, ҳамал ойининг биринчи кунида 21 мартда тугалланган. Қолган ойлар таътил кунлари ҳисобланиб, талабалар бу вақтда хўжалик ишлари билан шуғулланганлар.
Мадрасаларда умумназарий дарслар тажрибали, билимли мударрис-алломалар томонидан олиб борилган. Амалий машғулотлар алоҳида муаллимлар томонидан ўтказилган: ҳофиз-қироат билан ўқишни, воиз-диний ваъзларни, имом бўлса шариат сунналари, намоз қоидаларини ўргатган. Мадраса дастуридаги дарслар икки гуруҳга, яъни улуми нақлия (исломий) ва улуми ақлия (дунёвий) илмларга ажратилган. Улуми нақлияда Қуръони Карим, ҳадиси шариф, фиқҳ илмлари, уларга ёзилган шарҳлар ўргатилган. Улуми ақлияда дунёвий фанлар: фалакиёт, риёзиёт, илми нужум, ал-жабр, кимё, геометрия, география, тарих, фалсафа, адабиёт, мантиқ, араб тили грамматикаси, мусиқа, хаттотлик санъати, ахлоқ-одоб илмлари ўргатилган. Мадрасада ўқиган талабалар туркий тиллар билан бирга араб ва форс тилларини мукаммал билиб олганлар.
Мадрасада араб, форс ва туркий алломаларнинг асарларидан ташқари қадимги ҳинд ва юнон олимларидан Клавдий Птоломей, Сократ, Платон, Аристотел ва бошқаларнинг араб тилига ўгирилган асарлари ҳамда уларга ёзилган шарҳлар дарслик сифатида ўқитилган. Бадиий адабиётга доир асарлардан Абулқосим Фирдавсий, Форобий, Саъдий, Ҳофиз Шерозий, Жомий, Навоий ва Фузулий асарлари севиб ўрганилган.
Мадрасаларда билим беришда асосан суҳбат ва мунозара методига амал қилинган, талабаларнинг мустақил фикрлашига алоҳида эътибор қилинган. Мадрасаи олиялар нафақат таълим-тарбия, айни вақтда улар илм-маърифат маркази ҳам бўлган. Ўқиш йили охирида талабалар ўтилган фанлар юзасидан имтиҳон топширишган. Имтиҳон бевосита ота-оналар иштирокида қабул қилинган. Мадрасани муваффақиятли тамомлаган талабаларга шаҳодатнома-диплом топширилган. Мадрасани муваффақиятли тамомлаганлар исломнинг етук уламолари: шайх, шайхулислом, ҳуқуқшунос қози, мулла, имом, мударрис, мактаб муаллими, давлат ҳокимиятининг масъул ходими лавозимларида хизмат қилганлар.
Мадрасалар Шарқда фаннинг турли соҳаларида шуҳрат қозонган олиму фозилларни, шоиру адибларни етказиб берган. Урганч, Кат ва Хива мадрасаларининг шуҳрати Шарқда жуда кенг тарқалган, шу боисдан Шарқ мамлакатларидан кўпгина талабалар ушбу шаҳарларга илм олиш учун келганлар ва улар шу ерда ўқиб кейинчалик исломий ва дунёвий илмлар соҳасида Шарқнинг таниқли олимлари бўлиб етишганлар. Шулардан андалусиялик (Испания) Абу Ҳамид ал-Гарнотий, шомлик (Сурия) Шарафиддин Муҳаммад ибн Наср, жандлик Ал-қози Ёқуб ибн ал-Жандий, хуросонлик Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Али ан-Насавий, нишопурлик Муҳаммад Абдужалил ал-Умарий Рашидиддин Ватвот, исфаҳонлик Абу Мадар Шариф ал-Исфаҳоний ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.
Шуни алоҳида қайд қилиш лозимки, Урганч ва Хива мадрасаларида исломий ва дунёвий илмлар соҳасида хоразмлик алломалардан ташқари Шарқнинг турли мамлакатларидан келган машҳур олимлар ҳам мударрислик қилган. Урганч ва Хива мадрасаларида таълим олган хоразмлик алломалардан Абу Абдуллоҳ ас-Синоий, Муҳаммад ал-Гурганжий, Муҳаммад ибн Арслон ал-Хоразмий, Абу Муайяд ал-Хоразмий, Абу Муҳаммад ал-Хоразмий ва бошқалар кейинчалик Бағдод, Дамашқ, Сурия, Ироқ, Ҳижоз, Бухоро ва Самарқанд мадрасаларида машҳур олимлардан таҳсил олиб ўз билимларини оширганлар. Уларнинг кўплари шу ўлкаларда салоҳиятли мадрасаларда мударрислик қилиб шогирдлар етиштиришган.
Араб тарихчиси Муқаддасий хоразмликлар орасида олим ва фозил кишилар кўп бўлганлигини айтиб «улар боақл одамлардир, илмлар, фиқҳ, адабиёт, Қуръони Каримни яхши биладилар», деб қайд қилади. Тарихий манбаларда қўшни мамлакатларнинг кўпчилик ҳукмдорлари саройида хоразмлик олимлар маслаҳатчи бўлганлиги ҳақида ҳам маълумотлар бор.
Урганч ва Хива мадрасаларида таҳсил олган алломалар орасидан Шарқда маълум ва машҳур бўлган Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий, Абу Бакр ал-Хоразмий, Умар аз-Замахшарий, Умар ал-Чағминий, Шайх Нажмиддин Кубро, Шайх Фахриддин ар-Розий, Мунис, Огаҳий, Табибий, Баёний каби машҳур қомусий олим ва мутафаккирлар етишиб чиқди, ўзларидан ўлмас асарларни мерос қилиб қолдиришди.
XIII аср бошларида мўғуллар босқини ва уларнинг Мовароуннаҳр ва Хоразмда бир ярим асрлик ҳукмронлиги бошқа соҳаларда бўлганидек, таълим-тарбия ва маънавий ҳаётга ҳам салбий таъсир кўрсатди. Аммо XVI-XVII асрларга келиб, Хоразмда маданий ҳаётнинг бирмунча жонланиши сезилади. Хонлик пойтахтининг Урганчдан Хивага кўчирилиши билан маънавий-маърифий ишларга эътибор кучайиб, масжид, мадрасалар қурилиши жадаллашди.
I боб бўйича хулоса
Боб бўйича олиб борилган кузатишларимиз асосида қуйидаги хулосаларга келдик:
1. Араблар фатҳидан кейин VIII-IX асрлардан бошлаб халифаликка қарашли ҳудудларда ислом динининг кенг тарқалиши билан уни ўрганиш ва тарғиб қилишга ҳамда бошқарув ишига лаёқатли бўлган кадрлар тайёрлашга эҳтиёж туғилди. Шу муносабат билан халифаликка қарашли Дамашқ, Бағдод, Басра, Марв, Бухоро, Самарқанд, Кат, Гурганж ва Хивадан тортиб то Андалусиягача бўлган шаҳарларда мадрасалар пайдо бўлди.
2. IX-XII асрларда ислом динига эътиқод қилинадиган мамлакатларда, жумладан, Ўрта Осиёда мадрасалар қурилишига алоҳида эътибор берилди. Наршахийнинг ёзишича «937 йилги ёнғинда зарар кўрган «Фaржак» мадрасаси Ўрта Осиёдаги дастлабки мадрасалардандир.
3. Хоразмда ёшларга таълим-тарбия бериш, уларга фойдали касб-кор ўргатиш ва уларни ватаннинг маънавияти юксак фарзандлари қилиб тарбиялаш тадбирлари узоқ замонга бориб тақалади.
4. Хоразмда дастлабки мадрасалар Кат ва Гурганжда IX аср охири ва X аср бошларида вужудга келган.
5. Ануштагин хоразмшоҳлар даврида 4440 та мадраса, фақат Гурганжнинг ўзида 700 та мадраса бўлган.
6. Ўрта Осиёнинг Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Қўқон, Хива шаҳарларидаги мадрасаларда таълим тизими турлича бўлиши билан ажралиб туради.
7. Ўрта асрларда барча мусулмон мамлакатларида бўлганидек, Хоразмда ҳам таълим-тарбия тизими уч босқичдан: бошланғич таълим, умумтаълим ва олий таълим босқичларидан иборат бўлган.
8. Мадрасаларнинг ўқув дастурлари X-XII асрларда ишлаб чиқилган ва кейинчалик такомиллашиб борган. Машғулотлар, одатда, сентябр ойида бошланиб, март ойигача давом этган.
        9. Мадраса дастуридаги дарслик икки гуруҳга, яъни улуми нақлия (исломий) ва улуми ақлия (дунёвий) илмларга ажратилган.
10. Хоразм мадрасаларида билим беришда асосан суҳбат ва мунозара методига амал қилинган, талабаларнинг мустақил фикрлашига алоҳида эътибор қилинган.
11. Мадраса хизматчилари, мударрислари ва талабаларга бериладиган йиллик маош миқдори нақд пул ва овқатлик учун дон ҳисобидан ажратилган.
12. IX-XII асрларда Урганч ва Катда мадрасалар қурилиши ниҳоятда равнақ топди.
13. XIII-XV асрларда мадрасалар қурилишида оқсоқлик сезилади, чунки Хоразмни мўғуллар томонидан бутунлай вайрон этилиши, шунингдек, Амир Темурнинг Хоразмга беш марта юриши ва бу ердаги маҳаллий усталарни Самарқандга олиб кетиши бунинг яққол исботидир.
14. XVI-XVII асрларда Хоразмда маданий ҳаётнинг жонланиши сезилади. Хонлик пойтахтининг Урганчдан Хивага кўчирилиши билан маънавий-маърифий ишларга эътибор кучайиб, масжид, мадрасалар қурилиши жадаллашди.
15. XVIII-XX аср бошларида Хоразмда мадрасалар ниҳоят даражада кўп қурилади. Хивада маърифатпарвар хонларнинг ҳукмронлик қилиши натижасида маданий ва маърифий ҳаёт ниҳоятда жонланди.


II БОБ. ХИВА МАДРАСАЛАРИ ВА УЛАРДА ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИ

1. Хива – хонликнинг илмий-маърифий маркази

Хоразм ва унинг маркази Хива ўзининг илм-фан, адабиёт, мусиқа санъати билангина эмас, шунингдек, бетакрор ва ўзига хос меъморчилик санъати билан ҳам дунёга машҳурдир. Хивадаги кўк-яшил кошинлар ва ўйма нақшлар билан безатилган, аниқ режа асосида пишиқ ғиштдан қад кўтарган меъморий ёдгорликлар ота-боболаримизнинг буюк даҳосидан, маънавий бойлигимиз қудратидан гувоҳлик беради. Хива гўзаллигининг тимсоли бўлган ана шу осору-атиқаларнинг кўпчилиги Қўнғиротлар сулоласи ҳукмронлиги даврида бунёд этилган.
XIX асрнинг иккинчи ярмида, Муҳаммад Раҳимхон II Феруз даврида, Хива хонлигининг маданий ҳаётида ўзига хос юксалиш жараёнлари юз бериб, бунёдкорлик, ободонлаштириш ҳамда маданий ривожлантиришга эътибор қаратилган. Бунёдкорлик намунаси сифатида XIX аср охири – ХХ аср бошларида йигирмадан ортиқ мадраса, масжид, минора ва йўллар барпо этилганлигини айтиб ўтиш мумкин. Тўра Мурод минораси (1888 йил), Бикажон бика минораси (1894 йил), Полвон қори мадрасаси (1905 йил), Қози калон мадрасаси (1905 йил), Полвон дарвоза (1906 йил), Ислом Хўжа мадрасаси ва минораси (1910-1911 йиллар) ва бошқа кўплаб меъморчилик обидалари бевосита Муҳаммад Раҳимхон раҳбарлиги ва ҳомийлигида қурилди .
Маълумотларга қараганда XIX асрнинг 40-йилларида Ичан қалъада хон саройидан ташқари 17 та масжид, 22 та мадраса, карвонсарой ва катта бозор бўлган. XX аср бошларига келиб эса Хивадаги масжидлар сони 93 тага, мадрасалар эса 63 тага етган .
Академик Яҳё Ғуломов «Хива шаҳри обидалари» монографиясида XIX аср охири – XX аср бошларида Хива шаҳрининг ўзида 36 мадраса бино қилинганлигини кўрсатиб ўтади . ХХ аср бошларида хонликда жами 130 мадраса, 1636 масжид бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор . Юқорида айтилганидек, бундай қурилиш ишлари Муҳаммад Раҳимхон II Феруз даврида кенг қулоч ёйди ва ўзига хос меъморчилик мактаби вужудга келди. Бу эса қисқа давр ичида хонликда катта меъморий обидалар бўлганлигидан ва XX аср бошларида Хивада меъморчилик қурилишлари яхшигина ривож топганлигидан далолат беради.
Хива мадрасалари таълим-тарбия маскани бўлибгина қолмасдан, ўша пайтда хонликнинг нуфузли илмий-маърифий маркази ҳам бўлган. Хивадаги Араб Муҳаммадхон, Шерғозихон, Оллоқулихон, Муҳаммад Аминхон Муҳаммад Раҳимхон соний мадрасаларида Хиванинг таниқли тарихчилари, шоир ва адиблари, исломий илмларнинг йирик билимдонлари, ҳуқуқшунослари, мусиқа илмининг усталари тез-тез тўпланиб, ижодий ишлари хусусида суҳбатлашишган, баҳс-мунозаралар ўтказиб турганлар.
Хива мадрасаларида таҳсил олган Мунис, Огаҳий, Баёний, Комил Хоразмий, Расул Мирзо, Лаффасий, Табибий, Чокар, Бобожон Тарроҳ каби зиёлилар маданиятимиз тарихида ёрқин из қолдирган олим, шоир, адиб, таржимон, моҳир хаттот ва мусиқашунос сифатида шуҳрат топишган.
Мадрасаларда «Навоийхонлик», «Саъдийхонлик», «Фузулийхонлик», «Бедилхонлик» каби кечаларни ўтказиш анъанага айланган. Бундай баҳс, мунозара ва адабий кечаларда ҳатто Хива хони Ферузнинг ўзи ҳам шахсан иштирок этган. Бу ҳақда Баёний шундай ҳикоя қилади: «Хон ҳазратлари ҳафтада икки кун: жума ва душанба оқшомларида уламо била суҳбат қилиб, китобхонлик этур эдилар. Андоғким, Юсуф Ҳожи охун ва Исмоил Хўжа охун ва Худайберган охун ва олиму улум мақул ва манқулда мулла Муҳаммад Расул ва Фақири Хоқир мажлиси хумонларига ҳафтада икки маротаба ҳозир бўлиб китобхонлик этар эрдук» .
Хивада XVII-XIX асрларда бунёд этилган бир юздан ортиқ масжидлар, етмишга яқин мадрасалар, мақбаралар ва миноралар Хоразм меъморчилик санъатининг юксак намунасидир. Шулардан Араб Муҳаммадхон (1616), Муҳаммад Амин Иноқ (1765), Қутлимурод Иноқ (1809), Шерғозихон (1719-1728), Оллоқулихон (1831-1835), Муҳаммад Аминхон (1852-1855), Муҳаммад Раҳимхон (1870), Ислом Хўжа (1910), Асфандиёрхон ва бошқа мадрасалар шулар жумласидандир.
Мадрасалар тўғрисида Е. Желябужский шундай ёзади: «Хива ва туркманлар юртида мадраса ва ўқув юртлари жуда кўп. Уларнинг қурилиши ва фаолияти учун ҳукмдорлар ҳам, халқ ҳам кучли жонбозлик кўрсатишади. Масалан, Хивада бир неча мадрасалар мавжуд, айниқса, Мадаминхон мадрасаси машҳурдир. Халқни ўқитиш ва маълумотли қилиш билан диндорлар шуғулланишади» .
Шўро солномачилари Хивадаги мадрасаларда таҳсил олиш пуллик бўлиб, бунга кўпчиликнинг имкони йўқ эди, камбағал кишиларнинг болалари саводсиз қолиб кетишарди, деган асоссиз даъволарни илгари суриб келишарди. Юқоридаги ва бошқа манбаларда қайд қилинишича, аксари талабаларга ҳатто нафақа ҳам тўланган, яъни ғалла тақсимланган. Бу ҳол фақат биргина вақфи етарли, бадавлат мадрасага хос эмас, барча мадрасаларга тегишли, қонуний мустаҳкамланган қоида эди.
Хива мадрасаларида 15 ёшга тўлган ҳар бир мусулмон фарзанди, саводи ва иқтидори инобатга олинган ҳолда қабул қилинарди. Уларни «мулла» ёки «толибул илм» деб атаганлар. Қабул жараёнида уларнинг миллати эътиборга олинмаган, масалан, Шерғозихон мадрасасида машҳур туркман шоири Махтумқули ва қорақалпоқ шоири Ҳожиниёзлар таҳсил кўрганликлари бунга мисол. Қабул қилинаётганда улардан шахси тўғрисида ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмаган.
Хивада XVII-XIX асрларда бунёд этилган юздан ортиқ масжидлар, етмишга яқин мадрасалар, мақбаралар ва миноралар Хоразм меъморчилиги санъатининг юксак намунасидир. Баёний ўзининг «Шажараи Хоразмшоҳий» асарида Муҳаммад Раҳимхон II-Феруз замонида қурилган маҳобатли масжид ва мадрасалар ҳақида қуйидагиларни ёзади: «Маълум бўлсинким, хон ҳазратлари бағоят мушфиқи фуқаро ва бағоят хайрдўст киши эрдилар, кўп мадрасалар ва масжидлар бино қилдилар, кўп мадрасаларнинг биноларига сабаб бўлдилар. Андоғким, Муҳаммад Мурод девонбеги бир мадраса бино қилди, Юсуф Маҳрамга буюриб бир мадраса бино қилдилар ва Қадам Ясовулбоши бир мадраса бино қилди. Иброҳим хўжа бир мадраса бино қилди ва Юсуф Ясовулбоши бир мадраса бино қилди. Хусайн Муҳаммадбой бир мадраса бино қилди ва Дўст аъзам бир мадраса бино қилди. Қози ул қуззот қози Муҳаммад Салим бир мадраса бино қилди. Бу биноларнинг ҳаммаси ул ҳазратнинг тарғиблари бирла бўлди… Кўп масжидлар, мадрасалар ва қорихоналар бино бўлиб, кўп ерлар ободон бўлди».
Хива Ўрта Осиёда мадрасалари кўплиги жиҳатидан фақат Бухородан сўнг иккинчи ўринни эгаллаган. Ҳозирда Хива шаҳрида 65 та мадраса сақланган, шулардан 54 таси шаҳарда, 11 таси шаҳар атрофида жойлашган. Мазкур мадрасаларнинг 10 таси Хива хонлари, 20 дан зиёди хон авлодлари, бойлари ва диний маҳкама уламолари томонидан қурилган.
Ичанқалъа иморатлари ичида турар жойлардан сўнг асосий ўринни мадрасалар эгаллайди. Шерғозихон, Қутлуғмурод иноқ,  Муҳаммад Аминхон, Муҳаммад Раҳимхон соний, Матниёз девонбеги мадрасалари Бухоро мадрасаларига хос услубда бино қилинган бўлса-да, уларнинг орасида бир қанча фарқлар мавжуд. Ўхшашлиги квадрат кўринишидаги ҳовлиларнинг деярли барча томонларига ҳужралар қурилганлиги ва ташқи томондан пештоқ ёнларига чиқарилган ҳужра олди айвонлар кўринишида намоён бўлади. Ўзига хослиги ҳовли томонга қараган пештоқлар ечимидадир.
«Самарқанд, Бухоро мадрасалари ҳовлисида чуқур равоқли ёзги дарсхоналар барпо этилган бўлса, Хива мадрасаларида бундай олди очиқ дарсхоналар қурилмаган. Бу географик шароит билан боғлиқ бўлиб, ёзда очиқ айвондан дарсхона сифатида фойдаланиб бўлмасди».
«Мадрасалар умумий қурилиши лойиҳаси ва қурилишига кўра ажралиб туради. Ўрта Осиё меъморчилигида масжид ва дарсхона пештоқнинг икки қанотида жойлашган».
Хива мадрасаларининг кўпчилигида пештоқ томон икки қаватли, ҳовли томон бир қаватли қилиб қурилган (Шерғозихон, Исломхўжа, Муҳаммад Аминхон, Муҳаммад Раҳимхон соний ва бошқалар). Барча мадрасаларда гулдасталар ишланган.
Л. Ю. Маньковская Хива мадрасаларини тузилиш жиҳатдан уч гуруҳга ажратади:
– анъанавий узунчоқ композицион ўқ бўйлаб жойлашган мадрасалар;
– кўндаланг шаклда жойлашган мадрасалар;
– эркин тарзда қурилиш майдони шаклидан келиб чиққан ҳолда барпо этилган мадрасалар;
Биринчи гуруҳга кирувчи Шерғозихон, Қутлуғмурод иноқ, Оллоқулихон, Муҳаммад Аминхон, Муҳаммад Раҳимхон соний, Юсуф ясовулбоши, Ёқуббойхўжа мадрасалари ҳажми турлича бўлиб, бир қанча фарқли хусусиятлари мавжуд.
Миёнсаройлар-дарвозахоналар тузилиши ҳам турлича: айримлари бир гумбазли миёнсаройли (Мусо Тўра, Ёқуббойхўжа), уч гумбазли миёнсаройли (Қозикалон) ва икки томондан кириладиган миёнсаройли (Матниёз девонбеги, Амир Тўра), тўғридан чиқадиган миёнсаройли (Юсуф ясовулбоши) ва беш, етти гумбазли миёнсаройли шаклларда қурилган.
Ҳовлилар тузилишига кўра, квадрат ҳовлили (Хўжа Маҳрам, Матпанобой) ва айлана ҳовлили (Мусо Тўра, Қозикалон, Юсуф ясовулбоши, Исломхўжа) шаклда қурилган. Хўжамбердибий ва Абдурасулбой мадрасалари икки ҳовлидан иборат.
Хивадаги барча мадрасалар миёнсарой, пештоқ, гулдаста, ҳовли, қишки ва ёзги масжид, дарсхона ва талабалар учун ҳужралардан иборат. Мадрасалар гумбазлар билан ёпилган. Ҳар бир ҳужрада икки талаба истиқомат қилган. Ҳужралар эшик устидаги дарча орқали ёритилган. Ҳужралар ичи безаксиз, ганч сувоқ қилинган. Деворларда токча ва тахмонлар қолдирилган, саҳнга пишиқ ғишт тўшалган.
Мадраса ҳовлиси марказида қудуқ жойлашган. Хоразм мадрасалари асосан кичик ҳажмли ва бир қаватли (Муҳаммад Аминхон мадрасасидан ташқари) қилиб қурилганлиги билан ҳам Бухоро, Самарқанд мадрасаларидан фарқланади. Бундан ташқари Бухоро мадраслари дарвоза тепасида кутубхона жойлашган.
XVII-XVIII асрлар Хива хонлиги тарихида сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан тушкунлик даври ҳисобланган. Шунга қарамасдан, фаннинг кўпгина соҳаларида анча ривожланиш бўлган.
XIX аср ва XX аср бошларида Хива хонлигининг маданий ҳаётида алоҳида давр cаналади. Бу давр хонликда илм-фан, тарихнавислик, таржимонлик, адабиёт, шеърият, мусиқа ва бастакорлик, меъморчилик ва бошқа соҳаларда улкан ютуқларга эришилганлиги билан ажралиб туради. Бу юксалишда Оллоқулихон, Сайид Муҳаммадхон, айниқса, маърифатпарвар хон Муҳаммад Раҳимхон II нинг алоҳида хизматлари бор. У ўз саройини ўзига хос илмий-маданий марказга айлантирган. Хон саройига 40 дан ортиқ машҳур ижодкорларни, олимларни, фозилларни, машҳур тарихчилар, адабиётчилар, мусиқа санъатининг етук намояндаларини тўплади. Хон саройида ижод қилган буюк алломалар қаторида Шермуҳаммад Мунис, Огаҳий, Худойберди Қўшмуҳаммад, Муҳаммад Юсуф Баёний, Комил Хоразмий, Аҳмаджон Табибий каби ўнлаб ижодкорларнинг номларини кўрсатиш мумкин.
Шермуҳаммад Мунис 1778 йилда Хиванинг Қиёт қишлоғида бадавлат оилада туғилган. Мунис Хивада мадраса таълимини ўз даврининг машҳур мударриси олими ва шоири Саидэшонхўжадан олган ва у ерда араб, форс тилларини тез фурсатда мукаммал эгаллаб, ўзидан илгари ўтган алломаларнинг тарих ва адабиётга доир асарларини зўр ҳавас билан мутолаа қилган. Мунис XVIII аср охири ва XIX аср бошларида ижод қилган атоқли тарихчи, истеъдодли шоир, таржимон ва таниқли давлат арбобларидан бўлган.
Муҳаммад Ризо Огаҳий 1809 йилда Хиванинг Қиёт қишлоғида туғилган. У Хива мадрасаларида таҳсил олади ва ўқиш даврида тарих, адабиёт, тил ва бошқа илмларга жуда ихлос қўйиб, уларни пухта эгаллайди. Мадрасада ўқиш давомида у олим ва шоирлар даврасида қатнашиб, баҳс-мунозараларда иштирок қилади. Огаҳий XIX асрнинг йирик шоири, тарихнависи ва таржимони ҳисобланади.
Муҳаммад Юсуф Баёний 1858 йилда туғилган. Хивадаги мадраса таълимини олгач етук давлат арбоби бўлиб етишди. Баёний ўз даврининг етук машҳур тарихчиси, истеъдодли шоири ва моҳир таржимони бўлган. У араб ва форс-тожик тилларини мукаммал билган, шу тиллардаги бир қанча асарларни ўзбек тилига таржима қилган.
XVIII-XIX асрларда Хива хонлигида таржимонлик илмига ҳам алоҳида эътибор берилган. Ўша даврда хон саройида машҳур тарихчи ва адиблардан иборат махсус таржимонлик мактаби шаклланди. Ўрта Осиёнинг бирорта жойида ўша даврда таржимонлик санъати Хива хонлигидагидек ривож топмаган эди.
Диловархўжа, Худойберди ибн Қўшмуҳаммад, Огаҳий, Баёний, Комил Хоразмий, Табибий, Муҳаммад Расул мирзабоши ва бошқалар Хива таржимонлик мактабининг етук алломаларидан эдилар. Моҳир таржимон ва шоир Диловархўжа томонидан Оллоқулихон кўрсатмасига биноан Зайниддин Восифийнинг «Бадое ул-вақое» номли асари форсчадан ўзбек тилига таржима қилинди.
Таржимонлик илмида Мунис ва Огаҳийлар алоҳида шуҳрат қозонганлар. Мирхонднинг «Равзат ус-сафо» асарининг биринчи китоби ва иккинчи китобининг биринчи ярми Мунис томонидан форсчадан ўзбекчага таржима қилинади. Муниснинг вафотидан кейин Огаҳий Мирхонд асари таржимасини ниҳоясига етказади. Худойберди ибн Қўшмуҳаммад Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асарини ўзбек тилига таржима қилди.
XVIII аср охири XIX аср бошларида Хивада маънавий қадриятларга, китоб тайёрлаш, уни безаш, хаттотлик санъатига қизиқиш анча кучли бўлган. Хон саройида, масжид ва мадрасалар қошида хаттотлик, таржимонлик, китоб тайёрлаш ва мусаввирлик мактаблари шаклланади. Диний китоблар кўпинча куфий ёзувида, илмий, тарихий ва бадиий асарлар эса настаълиқ хатида битилган. Хива мадрасалари, унинг пештоқлари, сарой ва иморат деворлари, эшик, дарвоза, устун ва мармар тахтачаларга битилган ёзувлар ва шеърий лавҳалар хатти сулс, хатти райҳоний усулларида ёзилган.
Хива, Янги Урганч, Хазорасп шаҳарларида махсус китоб бозорлари ишлаб турган. Туркий, араб, форс-тожик тилида битилган қўлёзмалар кўчирилиб китоб бозорларида тарқатилган.
Хива мадрасаларида ёшларга хаттотлик ва ҳуснихатлик санъатидан таълим берилган. Мунис, Комил Хоразмий, Муҳаммад Расул Мирзо, Баёний, Юсуф Рожий, Бобожон Саноий, Муҳаммад Паноҳ Хоразмий, Ҳудойберган Муҳркан, Абдулла Болта ўғли ва бошқалар Хива хаттотлик мактабининг пешқадам вакилларидан саналган.
Манбаларнинг гувоҳлик беришича XIX асрда Хива хонлигида 90 га яқин истеъдодли хаттотлар фаолият кўрсатганлар. Ёзув санъатининг моҳир устаси бўлган Мунис 1804 йилда хаттотлик санъатига бағишлаб ўзининг «Саводи таълим» қўлланмасини тайёрлаган. Бу рисола Хива мадрасаларида талабаларга дарслик сифатида ўргатилган.


2. Хивадаги мадрасалар ва уларда таълим жараёни

Хивадаги Араб Муҳаммадхон, Шерғозихон, Оллоқулихон, Муҳаммад Раҳимхон соний мадрасалари мадрасаи олия мақомига эга бўлган мадрасалардир. Уларнинг довруғи Бухоро, Самарқанд, Қўқон ва Шарқнинг бошқа мамлакатларида маълум ва машҳур эди.
Хива тарихчилари Огаҳий ва Баёнийнинг берган маълумотига кўра, XIX аср ўрталарида Хивадаги мадрасалар сони 22 тага етган. XX аср бошларига келиб эса уларнинг сони 130 дан ошган ва 9300 талаба таҳсил олган. Масжид ва хонақоҳлар қошида 1500 дан ортиқ бошланғич мактаблар ишлаб турган. Уларда 45 минг ўқувчи ёшлар таълим ва тарбия олган. Мактаб ва мадрасаларда таълим тизими аввалги тартиб асосида давом этган. Бу даврга келиб таълим тизимида асосий эътибор исломий илмларга: Қуръони Карим, ҳадис, ислом ҳуқуқшунослиги каби илмларни ўргатишга қаратилади. Шунингдек, мадрасаларда тарих, адабиёт, мантиқ, фалсафа, мусиқа ва хаттотлик илми ҳам ўргатилган. Риёзиёт, астрономия, табобат ва бошқа аниқ фанлардан умумий тушунчалар берилган.
Бухоро амирлиги ва Қўқон хонлигидан фарқли ўлароқ, Хива мадрасаларида ўқитиш кўпчилик ҳолларда туркий тилда, қисман араб ва форс тилларида олиб борилган. Исломий фанлар араб тилида бўлганлигидан араб тили ва грамматикасини ўрганишга кўп вақт ажратилган.
Мадрасаларнинг тузилиши ўзига хос. Ҳар бир ҳужрада 2-3 талаба яшаган, барча ҳужра эшиклари ҳовлига қараб солинган ва ҳар бир ҳужрада ўчоқ ўрнатилган. Яшаш шароитлари нисбатан яхши ташкил этилган.
Мадрасаларда диний ва дунёвий илм берилган, айни пайтда кўнгилочар ўйинлар, шунингдек ашула айтиш ман қилинган. Мадрасаларда ўқиш муддати чегараланмаган бўлиб, айрим талабалар бир курсда 3-4 йил, айримлари эса 8-10 йиллаб ўқишган. Ўқиш эса уч курсда олиб борилган: «адно» – бошланғич, «авсат» – ўрта ва «аъло» – охирги курс. Бошланғич курсда араб грамматикаси, мантиқ, шариат қоидалари, диний урф-одатлар, араб ва форс тилидаги адабиётлар ўргатилган. Қолган икки курс давомида талабалар «тахсиб» (мантиқ), илоҳиёт, ҳуқуқшунослик ва бошқа фанларни қунт билан ўрганишган.
Ҳар бир мадраса бошқаруви қуйидагича тузилган: мадрасанинг имоми, муаззини, ўқитувчилари, фарроши, сартароши ва мешкобчиси бўлган. Мутаваллининг вазифаси – буюмлари ва вақф ерларидан фойдаланиш, охун ва муаллимларга маошни тўлаш бўлиб, улар ўқув ишига аралашмаганлар.
Муаллимларни «охунлар» ёки «мударрислар» дейишган. Илмли, ўқимишли кишилардан тайинланган мударрислар талабаларнинг билим олиши учун энг асосий жавобгар шахслар саналганлар. Катта мадрасаларда охунлар сони кўп бўлган.
Мадрасалар қуриб битказилиши билан хон томонидан уларга махсус вақф ерлари ажратилиб, барча мол-мулк шайхулислом томонидан муҳрланиб, қонунийлаштирилган.
Мадрасага 15 ёшга тўлган ҳар бир мусулмон фарзанди, саводи ва иқтидори инобатга олинган ҳолда қабул қилинарди. Уларни «мулла» ёки «толибул илм» деб атаганлар.
Машғулотлар жуда оддий усулга асосланган. Ҳар бир талаба махсус китоб мутоласи билан шуғулланган. Бир неча талаба ўзлари ўрганишга киришган китоб асосида охунлар ҳужрасига тўпланишар, уларнинг бири китобни ўқир, қолганлар кузатиб боришар, охун эса мазмунини тушунтириб берарди.
Хивада мадрасаларини тугатган талабалар имтиҳондан ўтишган. Бунинг учун хон томонидан махсус ҳайъат тузилар, унинг таркибига баъзида хоннинг ўзи, кўпинча валиаҳд, қозикалон (бош қози), қозиўрда (шаҳар қозиси) ва бир қанча уламолар киришарди. Имтиҳондан муваффақиятли ўтган талабаларга муфти, аълам, охун, мукаррир унвони бериларди. Битказувчилар илоҳиёт илмини мукаммал ўзлаштиришар, айни кезда дунёвий илмлардан хабардор бўлишарди. Хива мадрасаларини тугатган талабалар орасида шоирлар, муаррихлар, хаттотлар, олим ва фозил кишилар етишиб чиққани фикримизнинг далилидир.
Мадрасаларга давлат хазинасидан ва хайрия ҳисобидан ҳам маблағ ажратилган. Хива тарихчиси, наққош Абдулла Болтаевнинг берган маълумотига қараганда, XIX аср ўрталарида Хива мадрасалари ва муқаддас жойларга вақф қилинган экин майдонларининг умумий ҳажми 170-175 минг танобни ташкил этган . Энди Хивадаги мадрасаларга қисқача изоҳ бериб ўтамиз.
Араб Муҳаммадхон мадрасаси. Ичанқалъа ансамблидаги меъморий ёдгорлик (1616). Араб Муҳаммадхон мадрасани дастлаб бир қаватли, оддий синчли, трапеция шаклида қилиб қурдирган. Серҳашам ишланган айвон Хива музейида сақланган. Мадраса 20 талабага мўлжалланган тарзда қурилган. Мадраса чубкори (Хивада буни нигирик дейди) эди. Оллоқулихон даврида қайтадан пишган ғиштдан қурилган. Бу мадрасада Муҳаммад Юсуф Ҳожи-Доий мударрислик қилган.
Ҳозир бу мадрасада Ичанқалъа қўриқхонасининг фонди жойлашган.
Шерғозихон мадрасаси.  Ривоятларга қараганда, Шерғозихон мадрасани Хуросонга муваффақиятли юришидан жуда кўп қуллар олиб келгач қурдирган. Хон мадраса тугалланиши билан қулларга озодлик беришни ваъда этган. Лекин хон мадраса қурилишини жўрттага чўзиб юборган, бундан ғазабланган қуллар Шерғозихонни ўлдирганлар.
Мадраса Паҳлавон Маҳмуд мақбарасининг жануброғида жойлашган. Мадрасанинг ғарб томонида ёндашган унча катта бўлмаган гумбазли бинони Шерғозихон қабрига қилинган мақбара дейишади. Аниқроқ маълумотларни эса ўймакор ёдгорлик лавҳасидан олса бўлади. Лавҳаларга вақфнома чекилган бўлиб, мадрасанинг вақф ерларининг миқдори ва даромаднинг мадраса аҳлларига тақсимланиши ҳақида, интизом қоидалари ва бинонинг қурилиш даврига оид хабарлар бор. 1718-1719 йилларда қурила бошланган мадраса бир йилдан кейин тугалланган. Хива шаҳридаги энг бой ҳисобланган бу мадраса Шеробод, Хайробод, Пирнавхост, Полвон бобо қишлоқларидаги 1000 таноб ердан ҳар йили жуда кўп буғдой, гуруч ва жўхори ҳосили олинар эди.
Шерғозихон мадрасасининг қурилиши ва даромаднинг мадраса ходимларига қандай тақсимланиши ҳақида мадраса пештоқига тўртта ва пештоқнинг орқа томонига битта мармар тошга форсий тилда  шеърий таърих ёзилган бўлиб, биз уни қуйида таржимасини келтириб ўтамиз (шеърий таърих таржимаси форс тилидан ўзбек тилига К. Худайберганов томонидан амалга оширилган):
        Дунё гулистонидаги бу мадрасани,
        Жаҳон шоҳи ўз адли ва саховати билан қурдирди.
        Унинг яхши номи фалак пештоқида,
        Қуёш каби Шерғози бўлиб порлар эди.

        Унинг ҳужрасида ёнган чироқнинг дуди,
        Очиқ кўзларга сурма ўрнини босади.
        Шеробод номли ариқ вақф қилиниб,
        Унда абадийлик суви оқа бошлади.

        Довуд ариғи ва яна Пирнавхўст,
        Яхшиликни касб қилди у шери худо.
        Аввалги тўхтаган ва синган мардлар,
        Қайтадан тикланиб ҳосил бера бошлайди.

        Мадрасанинг мутаваллиси олади,
        Вақф шартига биноан бешдан бирини.
        Имомига икки юз ботмон (ғалла),
        Муаззинга ҳам шунчаси берилади.

                          
        Қолгани шу ерда яшовчиларга,
        Ўз эҳтиёжлари учун берилади.
        Агар беузр икки ой тарк этса (мадрасани),
        Ҳужраси бошқага олиб берилади.

        Агар муаллимлардан бири бир ҳафта келмаса,
        Фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас.
        Тўрт томони қуёшга нисбатан аниқланган,
        Шарқи, ғарби, жануби уч газдан.

        Паҳлавон тарафигача ўн газ,
        Бой ва фуқаро кўз олдида бино этилди.
        Бу бинонинг қурилиш тарихи,
        «Маскани фозилон» деб, битилди.
Мадраса деворига ўрнатилган тош лавҳада мадраса ҳақида «бу мадрасада таълим олган киши илм чўққисига эришади, барча тилсимларни очувчи ва илм машъаласини ёқувчи киши бўлиб етишади» дейилган. Мадрасани қурдирган кишини эса «Дунё қуёши», «Худонинг шери» деб улуғлаб, келиб чиқишини Муҳаммад с.а.в. га тақайдилар.
Бу мадрасада истеъдодли шоир Полвонқули Равнақ таълим олган. Шунингдек, бошқа вилоятлардан келган ёшлар ҳам таълим олганлар. Бу мадраса таълимини олган туркман шоири Махтумқули ва қорақалпоқ шоири Ажиниёз кейинчалик ўз халқининг севимли шоирлари ва мутафаккирлари бўлиб етишдилар. Маҳтумқули мадрасани битказиб кетар чоғида миннатдорчилик билан шундай деб ёзади:
        Макон айлаб уч йил едим тузингни,
        Кетар бўлдим, хуш қол, гўзал Шерғози.
        Ўтказдим баҳор, қиш, ёзингни
        Кетар бўлдим, хуш қол, гўзал Шерғози.
Шоир ўзининг шеърларида Хивада ўтган умридан рози эканини эҳтирос билан ифода қилган. Махтумқули шеърларини таъсир кучи шундаки, у ҳаётдаги ҳақиқат ва адолатни ўз қалбидан ўзгалар қалбига етказа олган:
         Кошки одам бу дунёга келмаса,
         Келганидан сўнг умр сўрса, ўлмаса.
         Махтумқули, шукр эт сен худога,
         Ўлим баробардир шоҳу гадога…
Махтумқули бу шеърларини Хивадаги мадрасадан кетмасдан олдин, Халач атрофидаги Қизилоёқ қишлоғидаги Идрисбобо мадрасасида, Бухоронинг Кўкалдош мадрасасида ўқиб, Шерғозихон мадрасасида уч йил таҳсил олиб Андижонга кетиб ўқишни давом қилдириш арафасида ёзган, бу вақтда у 40 ёшдан ошган эди. Мадраса ҳаётини Бухоро мадрасасида ўқиб бошидан кечирган Садриддин Айний айтганидек, «…у замонларда чинакам билимли кишилар шўрхокда унган мевали дарахтдек камчил эди» .
Таниқли қорақалпоқ шоири Ажиниёз ҳам шу мадрасада (1840-1844) 4 йил давомида таълим олган.
Бугунги кунда мадрасада Маҳтумқули, Ажиниёз Қўсибой ўғли кўргазмалари ташкил қилинган.
Қутлуғмурод иноқ мадрасаси. Сарой тарихчиси Худойберди ибн Қўшмуҳаммад Хивақий ўзининг «Дили ғаройиб» асарида: «Хевақ кўп маротаба вайрон қилинган ва қайта тикланган. Жаноби олийларининг (Оллоқулихон) раҳматли отаси ва жойлари жаннатда бўлсин Абулғозий Муҳаммад Раҳимхон ва унинг укаси Қутлуғмурод иноқ томонидан шаҳар обод қилинди, уларнинг саъйи ҳаракатлари билан катта гумбазли мақбара (Паҳлавон Маҳмуд мақбараси 1810-1825) барпо этилди»,–деб ёзади .  
1804-1812 йилларда Оллоқулихоннинг амакиси Қутлуғмурод иноқ томонидан барпо этилади. Мадраса тўртбурчакли, пештоқи ранг-баранг кошинлар, кунгура-гулдасталари ўйма нақшлар билан безатилган бўлиб, икки қаватли, 81 ҳужрадан иборат эди. Мадрасага 24634 таноб ер ажратилган. Мадрасанинг ён томонида дарсхона, масжид ва айвонли бўлган. Унинг марказида усти гумбаз билан ёпилган сардоба жойлашган ва у Хива аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаб келган.
Мадраса ва унинг қурувчиси ҳақида Хиванинг кексалари қизиқ бир ривоятни айтишади. Қутлуғмурод иноқ вафот этганида ўзи қурдирган мадрасага кўмишни васият қилган экан. Лекин хон Дишанқалъада вафот этади. Одатга кўра мурдани шаҳар дарвозаси орқали Ичанқалъага олиб ўтиш мумкин эмас эди. Диндорлар шундай бир йўл кўрсатишган. Шарқий дарвоза яқинида Ичанқалъанинг деворини бузиб, мадрасага йўл очилган. Мадраса гўё Дишанқалъа ҳудудига қўшилган эмиш. Мурдани шаҳар деворидан очилган тешик орқали олиб ўтиб, сўнг мадрасанинг киравериш қисмига кўмилган экан.
Биринчи марта икки қаватли мадраса қураётган хивалик усталар албатта маълум нусхалардан ўрнак олишган. Усталар анча мукаммал Бухоро мадрасаси тузилишини асос қилиб олишди. Лекин шу жиҳатдан мазкур бино Бухородаги Абдулазизхон мадрасасини кўпроқ эслатади. Усталар маблағни тежаш мақсадида мадраса тузилишини анча соддалаштириб, унда ёзги айвонларни, қанотлардаги икки катта хонани қурмаганлар. Улар ўрнига оддий ҳужралар қурилган.
Хивалик усталар эски тарҳга янгиликлар киритиб, ҳовлидаги пештоқларга безак беришган. Мадрасанинг шарқий пештоқининг ичкарисига ёзги масжид қурилган, масжид юқорисида иккинчи қават баландлигида ёғоч болохона бор. Янгилик элементлари уларнинг композициясидан кўриниб турибди, шимолий ва жанубий болохона, ғарбий ва шарқий болохонага нисбатан кенг бўлиб, усталар шу йўл билан ҳовлини кўркам қилганлар. Бино Хивадаги олдинги асрларда қурилган қалъасимон мадрасалардан фарқ қилиб, фасади анча дабдабали кўринишга эга. Бундай натижага пештоқнинг бухороча шаклда беш қиррали равоқ ва токчалар билан ишланиши ва турли безакларнинг кўплиги туфайли эришилган. Равоқлар атрофи ранг-баранг кошинлар билан ҳошияланган, худди шундай кошинлар билан мадраса гулдасталари қопланган бўлиб, пештоқ ичкарисидаги ганчкорлик санъати намуналари унга ҳусн бағишлаб турибди. Буларнинг ҳаммаси бино манзарасини бир оз ўзгартирган бўлса-да, туйнук-дарчалар, бош фасади икки қанотини чегаралаб турган бўйдор қуббали гулдасталар биргаликда бинога истеҳком кўринишини беради. Янги тарҳ асосида усталар ташқи фасадларни ишлашда бирор янгилик киритишга интилишган бўлса, бундай ҳолни ичкарида сезмаймиз. Ҳатто масжид ва дарсхона ниҳоятда содда  ва ҳеч қандай безаксиз ишланган, оддий безак намуналарини миёнсарой гумбазида ва ёзги масжиднинг гумбазида учратамиз. Мадраса дарвозаси ва ичкаридаги масжид ҳамда дарсхонанинг ўймакор эшиклари диққатга сазовордир. Ҳар бир эшик нафис ёғоч ўймакорлигининг ажойиб намунасидир.
Мадрасанинг бошқа хоналари деярли бир хил кўринишдаги тўғри тўртбурчак саҳни бўлган гумбазли ҳужралардан иборат. Ҳужра эшик юқорисидаги панжара дарча орқали ёритилади. Ҳужраларда яна токча ва супа бор. Баъзи ҳужралар ичига ярим доира шаклида иккинчи қават қилинган. Ҳовли ўртасида гумбазли қудуқхона бўлган.
Архив ҳужжатлари асосида Қутлуғмурод иноқ мадрасасига ажратилган вақф ва ундан олинган ҳосилнинг қандай тақсимланишини кўриб чиқамиз: «Санаи 1275 йил сафар ойининг тўртламчиси, шанба куни (1858 йил 13 сентябр) мадраса вақфи ҳисобидан 1880 ботмон ғалла қабул қилинган ва у тубандагича тақсимланган: камбағалларга «ушр» тариқасида 50 ботмон, мутаваллига 180 ботмон, иккала охунга 324 ботмон, муаззин билан имомга 130 ботмондан, фаррошга 50 ботмон, сартарошга 50 ботмон. Қолган 1160 ботмон талабалар ўртасида тақсимланган: олий курс талабаларига (улар 29 нафар) 21 ботмондан жами 616 ботмон, ўрта курс талабаларига (18 нафар) 10,5 ботмондан 191 ботмон, кичик курс талабаларига (48 нафар) беш ботмондан 255 ботмон ғалла тарқатилган».
1858 йили мадрасада 95 талаба ўқиган уларга 2 нафар охун дарс берган.
Қутлуғмурод иноқ мадрасасида усталар асрлар давомида тўпланган тажрибаларни намойиш қилишга интилганлар. Лекин ҳамма тажриба маҳаллий иморатсозликда сақланиб қолмади.
Ушбу мадрасада қорақалпоқ шоири Бердақ ўқиган. Ҳозирги кунда мадрасада ҳунармандлар ишлаб, ўзларининг ишлаган маҳсулотлари билан элга манзур бўлмоқдалар.
Оллоқулихон мадрасаси. Оллоқулихон 8 та мадраса бунёд этган. Бундан ташқари, манбаларнинг шоҳидлик беришича, Оллоқулихон ўзидан олдин қурилган барча мадраса биноларни таъмирлатган ёки қайтадан бино қилдирган.
Ушбу мадраса 1834-1835 йилларда қурилган. Мадраса икки қаватли, пишган ғиштдан қурилган. Вақф даромадлари ҳисобига мадрасада 99 ҳужра бўлган. Ҳар бир ҳужрада бир эшик ва унинг устида кичик дарча бор. Ҳужра полига чорси ғиштлар терилган, деворлари ганч билан сувалган, балхий гумбазларида ҳеч қандай безак йўқ. Мадрасадаги қишки масжид ва дарсхона каби катта хоналар икки қаватли иморатлардек гумбази унча баланд эмас, катта равоқлари, безаксиз текис деворлар, чуқур токчалар бироз беўхшов кўринади. Мадрасанинг ташқи безаклари бутунлай бошқачадир. Рўпарасидаги Қутлуғ Мурод Иноқ мадрасасида оқ ва рангли ганч, босма қолипли, сирли кошин ишлатилган бўлса, бу мадрасада фақат сирли кошин ишлатилган. Лекин кошинларнинг нақшлари ҳар-хил бўлиб, кулоллар бу ерда жойнинг безатиладиган ўрнига қараб, ранглар қуюқлиги ва ўлчамларини усталик билан танлаганлар. Пештоқдаги ислимий нақшлар, майин шаклли равоқлар қаторининг зерикарли гиреҳ шаклини жонлантириб туради. Ҳовлидаги масжиднинг пештоқи мураккаб ҳалқасимон ислимий нақшлар билан безатилган, ушбу пештоқдан ёзги масжидга ўтилади. Мадрасанинг асосий пештоқининг орқа томони одатда безаксиз бўларди, бу ерда биз жимжимадор ислимий нақшлар туширилган сирли кошинларнинг ажиб манзарасини кўрамиз.
Мадрасанинг қурилиш тарихи турли даврларда турлича ёзилган. Бу ҳақда Огаҳий ўзининг «Риёз уд давла» асарида қуйидаги маълумотни келтиради: «Қўй йили, сана 1251 (1835) Оллоқулихон фармони билан Муҳаммад Юсуф меҳтар бошчилигида Тошҳовуз қалъаси қурилган.
«Мадрасаий олия»ким, Хива шаҳрида Карвонсарой билан Паҳлавон дарвоза оралиғида жойлашган бўлиб… Муҳаммад Ризо қушбеги бошчилигида қурилиши бошланган эди. У вафот этганидан сўнг Отамурод Қушбеги бошчилигида қурилиб охирига етказилди. У «Мадрасаий хон» деб аталади .
Мадрасанинг кириш эшиги устидаги балкон деворига форс тилида, насталиқ ёзувида тарих битилган:
        Абулғозий Оллоқули шоҳ,
        Оллоҳ файзи билан илм мамлакатини безади.
        Илоҳи, саховат булутларини сувга сероб қилиб,
        Унинг барча жойини илм дарёсига айлантир.
        Ўз карами билан бу мадрасани бино этиб,
        Уни илм макони бўлган орифлар юрагига айлантирди,
        Унинг гумбази осмон гумбазидаги ўн ойча бор.
        Унинг қаддини илм либослари безаб турибди,
        Бу бинонинг салобатли гумбазлари,
        Бошдан оёқ илм нури билан ёритилгандир.
        Кел, эй котиб, унинг тарихи учун,
        Дегил: «Файз ва фойдали илм манбаи».
Ушбу шеърнинг охирги мисрасига таърих яширинган бўлиб, уни абжад ҳисоби асосида чиқарсак ҳижрий 1250 йил келиб чиқади. Демак, мадраса қурилиши 1834 йилда бошланиб 1835 йилда тугалланган. Оллоқулихон бу мадрасани вақфи учун Хива хонлигига қарашли 8500 таноб ( 9 минг гектарга яқин) ерни ажратган.
Мадраса пештоқи бўйлаб П шаклида ниҳоятда чиройли ва шунинг билан қийин ўқиладиган сулс хати услубидаги ёзувда Қуръони Каримнинг «Фатҳ» (ғалаба) сураси ёзилган.
Оллоқулихон мадрасаси ҳовли тузилиши бошқа мадрасаларга ўхшамайди, чунки унинг олдида Хўжамбердибий мадрасаси мавжуд бўлган.
Оллоқулихон мадрасасида етти нафар охун, иккита имом, икки нафар муаззин, икки нафар фаррош, бир нафар сартарош ва мешкобчи хизмат қилганлар.
Мадраса ҳозирда таъмирланган ва унда ҳунармандчилик маркази жойлашган.
Муҳаммад Аминхон мадрасаси. 1851-1855 йилларда Хива хони Муҳаммад Аминхон (1845-1855) томонидан Ичанқалъанинг ғарбида Кўҳна Аркни жанубида бунёд этилган. Мадрасани қурдириш учун 1851 йилда танлов эълон қилинган ва устабоши Абдулла «жин» чизган лойиҳа манзур бўлади. Бу мадраса Хивадаги энг катта мадрасалардан бири ҳисобланган. Мадрасанинг ўлчамлари: 71.7 х 60.0 м; ҳовлиси 38х387 м; дарсхона 5.6 х 5.5 м; масжид 9.4 х 8.4 м. Мадраса пишиқ ғиштдан қурилиб, унинг деворларини қалинлиги 1,5 метрга етади.
Мадраса қурилиш тарихини тарихчи олимлар қуйидагича ёритадилар: «Мадаминхон хонлигининг тўртинчи йилида Аркнинг қибла томонида бир мадраса қурилишини бошлатди. Унинг қурилишини Бекниёз девонга буюрди. Бекниёз девонбеги қурилишни бошлаб, унинг устида Муҳаммад Карим девонни қўйди. Муҳаммад Карим Хоразмнинг машҳур усталарини топиб, ишга машғул бўлди. Хоннинг амри билан Ангарикда қум этагида бир ҳовли ва боғ қурилиши ҳам бошлаб юборилди ва унга Абдулла Қушбеги томонидан Исмоил девон ибн Одина девон бош қилиб қўйилди» .
Ушбу мадраса Хивадаги биринчи марта икки хонали ҳужра ва ҳужра олди, айвончали мадраса ҳисобланади. Бу мадраса айрим жиҳатлари билан Хивадаги бошқа мадрасалардан ажралиб туради. Мадраса меъморий жиҳатдан бошқа шу каби иншоотларга ўхшаш, бино симметрик тарзда, тарҳи тўғри бурчакли, ҳовлили. Пештоқнинг икки ёнига анъанавий гулдаста миноралар ишланган. Бош тарзини беш гумбазли миёнсарой, масжид, дарсхона ва қўшимча хоналар эгаллаган. Ҳовлининг икки ёнида кичик пештоқлар бор.
Мадраса икки қаватли. Мадрасанинг биринчи қаватидаги ҳужралар даҳлизли, иккинчи қаватидагилар айвонли. Бу услуб Хива мадрасалари меъморчилигида илк бор шу бинода қўлланилган. Хива диний мактаблари ичида биринчи марта бу мадраса пастки қаватининг ҳужралари қазноқли, юқори қават ҳужралари эса қулай айвонли эди.
Мадрасада бошланғич босқичда араб грамматикаси, мантиқ, шариат қонунлари, диний урф-одатлар, араб ва форс тилидаги адабиётлар ўргатилган. Қолган икки босқич давомида талабалар «таҳсиб» (мантиқ), илоҳиёт, ҳуқуқшунослик ва бошқа фанларни қунт билан ўрганишган. Мадрасанинг 125 ҳужраси бўлиб, унда 260 нафар талаба таҳсил олган. Хонликнинг олий шариат қозисининг девонхонаси ҳам шу мадрасада жойлашган.
Мадраса нафақат илмий салоҳиятда, шунингдек, молиявий жиҳатдан ҳам энг бой мадрасалардан саналган. Мадрасага қарашли вақф мулки 35325 таноб унумдор экин майдонидан иборат бўлиб, бу ердан ҳар йили 12 минг ботмон ғалла ва 5 минг тилло даромад олинган. Ана шу даромад мадрасанинг 12 хизматчиси, мударриси ва 260 талабасига тақсимланган.
– ҳар бир охунга йилига 150 тилла ва 3000 ботмон буғдой;
– имомга йилига 40 тилла ва 2000 ботмон буғдой;
– бошқа хизматчиларнинг ҳар бирига 200 ботмон ғалла ажратилган.
– мадраса мутаваллисига вақфдан тушган умумий даромаднинг ўндан бир қисми тўланган.
Талабаларга тўланадиган нафақа:
– аъло гуруҳидаги ҳар бир талабага йилига 4 тилла ва 60 ботмон буғдой;
– авсат гуруҳидаги талабага 2 тилла, 30 ботмон буғдой;
– адно гуруҳидаги талабага 1,5 тилла, 15 ботмон буғдой ажратилган.
Алоҳида хизмат кўрсатган охунлар ва иқтидорли талабалар хон томонидан моддий жиҳатдан рағбатлантирилиб турилган.
«Муҳаммад Аминхон мадрасаси, – деб ёзади 1863 йилда Ҳерман Вамбери, – карвонсарой типида қурилган бўлиб, ёнидаги минораси хоннинг ҳалокати туфайли битмай қолган» .
Огаҳий мадраса қурилиши ҳақида қуйидагича таърих битган.
        Шоҳи олампаноҳ Муҳаммад Амин,
        Хисравлар сарвари ҳамда мулкоро.
        Лутфу карам уммонин тиниқ дурри,
        Улдир оламофтоб, мунири сахо.
        Дафъ этиб бидъату, зулму, ситамни,
        Шариатга берди у зеби аъло.
        Миллат ҳомийсидир ҳам дин пешвоси,
        Дўстдир у, қайдаки бўлса уламо.
        Камоли хайр ила айламишдир ул,
        Ушбу мадрасани кўп қутлуғ бино.
        Ҳужралари қасри хулдибариндур,
        Унга ҳавас қилар бор файз, бор сафо.
        Саҳну деворлари кўркам, мустаҳкам,
        Беҳишт файзи янглиғ ажиб руҳафзо.
        Тоқлари гўзаллар қоши киби ёй,
        Дилкаш, дилкушодир бошдан охир то.
        Пештоқи музайян эрур бетимсол,
        Баландликда осмон билан тенгдур, о!
        Жаннатни ҳам орзу қилмасдан қўяр,
        Кимки бир ҳужрасин айласа маъво.
        Гарчи биз тил очдик васфига анинг,
        Ҳеч бир васф кўркига лойиқмас асло.
        Бир умр юксаклик ўргангай осмон,
        Топгандек ўзидан баланд бир само.
        Бу жиҳатдан фикр қилиб таърихин
        Огаҳий дедики «Хайри беҳамто».
                                                1269 ҳижрий (1853 м) йил.       
                       Иккинчи таърих
        Шоҳи фалаккоҳ Муҳаммад Амин
        Хисраву Жам, шавкати олий жаноб.
        Бўлди у бидъатга кушанда, ғаним,
        Қилди жаҳолатга у кескин итоб.
        Зоти Ҳумоюн, шарафи барқарор,
        Хайру сахо чархида бир офтоб.
        Ҳамда очиққўл, карами зарсочар,
        Ёғмурли булут мисли у, элдир пуроб.
        Шод бўлиб андин ғани бирла фақийр
        Беғам эрур ҳам барии шайху шабоб.
        Ҳам уламо лутфи ила баҳравар,
        Ҳам фузало фазли илан комёб.
        Бўлди бино хайри билан мадраса,
        Бир ғарази андин анингким-савоб.
        Айтди анинг таърихини Огаҳий,
        «Мадрасаи хисрави воложаноб» .
                                                1269 ҳижрий (1853 м) йил.       
                         Учинчи таърих
        Хони сахопеша Муҳаммад Амин,
        Хайр ани осмону, уфқ дер сахо.
        Динга паноҳ, шаръга у ҳомийдурур,
        Халқ мушфиқидир ҳамда, ки, зилли худо
        Зеб топди бино ҳукми туфайли анинг,
        Бўлди, ки, бу мадраса хўб босафо.
        Гар шуаро ул бино васфин деса,
        Васфини маҳшаргача қилмас адо.
        Огаҳий таърихини анинг битмагин
        Қилди рақам «Мадрасаи хушбино» .
                                                 1268 ҳижрий (1852 м) йил.
                           Тўртинчи таърих
        Бу мадрасаки дилкашу жонпарвар эрур,
        Қўйсанг, ки, қадам, бўлғуси олдингда беҳишт
        Арзийдики у бўлса малойикка макон,
        Қилди бино шоҳи малойиксиришт.
        Мисли беҳишт билди ани кўрганлар,
        Мушк била тиллодан эрур андаги ғишт.
        Таърихини Огаҳий фикр айлаб дер
        Илҳом ила сен тинглаки «сонин беҳишт» .
                                                 1268 ҳижрий (1852 м) йил.   
Муҳаммад Аминхон мадрасаси 1979  йилда меҳмонхонага айлантирилди ва ҳозирги кунларда ҳам таъмирланиб, меҳмонхона бўлиб сайёҳларга хизмат қилмоқда.
Муҳаммад Раҳимхон соний мадрасаси. Кўҳна Арк дарвозаси қаршисида Муҳаммад Раҳимхон II томонидан 1871 йилда қурдирилган ва 1876 йилда ишга туширилган. 1289/1872-1873 йили Хивада бир мадраса қурилган. Бу ҳақда Огаҳий бундай деб ёзади: «Ушбу йил Хивақ доруссалтанасининг ичкари қалъасида, арк дарвозасининг муқобиласида бир мадраса олий иморат қилдурдиким,…бу мадраса иморатининг иши ўтган йили бошланиб қиш фасли келгани учун нотамом қилмиш эрди, ушбу йил итмомға етти» .
Мадрасада ёзги ва қишки масжид, дарсхона, кутубхона ва ҳужралар бор. Мадрасанинг ҳовлиси 76 та бир қаватли ҳужралар билан ўралган. Ҳужралар томи ташқи томондан тўсиқ девор билан чегараланган ва икки қаватли бош фасадга келиб туташади. Мадрасанинг ўлчамлари: 62.4 х 49.7 м; ҳовлиси 28.8 х 28.3 м; дарсхона 5.4 х 5.4 м; масжид 7.0 х 7.0 м.
Мадраса ҳужралари томи ташқи томондан тўсиқ девор билан чегараланган ва икки қаватли бош фасадга келиб туташади. Хушқад пештоқнинг икки ёнида беш равоқли галерея бор. Дарвозахона атрофидаги хоналар 9 та гумбазга эга. Бинонинг ички плани бошқа мадрасалар тузилишидан фарқ қилади. Деворлар юзасидаги сиркор ғиштчалардан терилган орнаментли безаклар одатдаги шаклларни такрорлайди. Кишида ҳовлининг тузилиши ўзгача таассурот қолдиради. Ҳовлининг бир қаватли ҳужралари қатори баланд декоратив пештоқлар ташқи тўсиқ девор ва бурчаклардаги чиройли минорача-гулдасталар билан биргаликда ажойиб манзара касб этади.
Мадрасанинг вақфи учун хон томонидан 2941 таноб (2,5 таноб-1 гектар) ер ажратилган, чиройли кошинлар билан безатилган мадрасанинг очилиш тантанасида замонанинг фузало ва шуаролари таърихлар ва қасидалар айтиб хондан инъомлар олганлар. Хон ўз аёнлари, қариндошлари, қурилишда ишлаган уста ва ҳунармандларга ҳадя қилган харажатлардан ташқари, бу тўйда 118 тилло сочилган.
Мадраса ички ҳовлисининг 4 та пештоғига Огаҳий билан Комил Хоразмийнинг иккитадан шеърий тарихлари ёзилган. Уларда хоннинг шарофатидан мамлакат обод бўлиб, адолати жаҳонга ёйилгани, олимлар даража топиб, мақсадларига етишгани, хоннинг ўзи олиму фозилларга ғамхўрлик қилиб илм-фан мададкорини номига сазовор бўлгани тараннум этилади.
Мадраса ҳовлисидаги тўрт пештоқда Огаҳийнинг тўрт шеъри кошинга ёзилган. Мадраса эшигининг устида эса иккита мармар тошга ёзув битилган бўлиб, биринчисида шеърий таърих ёзилган бўлса, иккинчисида вақфнома ёзилган. Мадраса худди икки ҳовлини бир-бирига бирлаштириб тургандек туюлади.
Мадрасанинг ташқи ҳовлисида бир қаватли ҳужралар жойлашган, ичкарига кириб борсангиз икки қаватли биноларни кўрасиз. Энг асосий бино бу мадрасанинг жуда баланд қилиб қурилган пештоқидир. Ушбу мадраса даргоҳида жуда кўп адабий кечалар, мушоиралар ўтказилган. Бу ерда Феруз, Комил Хоразмий, Табибий ўз асарларини бир-бирларига ўқиб берганлар.
Муҳаммад Раҳимхон II даврида Хива хонлигида 106 минг хонадонда 742 минг киши яшаган. Шулардан 30 минг хонадонли туркманларнинг сони 150 минг кишини ташкил этган.
Бу даврда 1500 мактабда ўртача 30 ўқувчидан йилига 45000 минг ўқувчи саводини чиқариб, 130 мадрасада ўртача 50 талабадан йилига 6,5 минг киши олий маълумотли даражага етишган.
Огаҳий мадраса биноси қурилиши ҳақида 4 та таърих битган.
        Чун, ул фалак тахтидаги яктои хуршидостон
        Адлидан кўп ҳайратдадир бошдан оёқ рўйи жаҳон.
        Хайру сахо осмонида меҳри мунирни бундайин
        Кўрмаб эди юлдузлари кўз бўлса ҳамки осмон.
        Қасри шариатни чунон бунёд этиб Хоразм эли,
        Аҳли илм бирлан бўлиб сероб, топди олий шон.
        Фазлу шарофат аҳли бирла файз топиб, маъмур бўлиб,
        Бахтли бу юртдан бахт топиб, бундай жаҳон бўлди  жаҳон.
        Ҳар хужраси шак-шубҳасиз онинг, ки, жаннат қасридир,
        Тўлдирмиш ҳар қайси бирин қутлуғ у файзи жовидон.
        Кўркда равоқи мавзуну ҳам сиртқи кўп сувратлари
        Жононаларнинг чеҳрасин эслатгусидир бегумон.
        Кўп роҳатафзо ҳам мусаффодир ҳавоси, чун, анинг.
        Жонсиз жасадга бахш этар ҳеч шубҳасиз руҳи равон.
        Сен бил-ки, жаннат қасрини ҳеч орзу қилмай қўяр,
        Бахтга кулиб бир ҳужрасин айлар эса кимки макон.
        Таърихини бу хушбинонинг Огаҳий фикр айлабон,
        «Омода ёдгор Муҳаммад Раҳимхон» дер бу замон.
                                                     1288 ҳижрий (1871 м) йил.
                                 Иккинчи таърих
       Шоҳи Муҳаммадраҳимхон олий
       Берди олий даража оллоҳ жоҳ.
       Бўлди олий қадаминдан тахт ҳам,
       Топди бошидан анинг зеб кулоҳ.
       Дини ислом у туфайли олий,
       Куфру бидъат у туфайли, ки, табоҳ.
       Бири қолмай бу замон илм аҳли,
       У сабаб топди, ки, нур мисли моҳ.
       Шундайин мадраса, ки, ўхшаши йўқ,
       Бўла олғайки анго файз ашбоҳ.
       Бўлди меъмор ангоким аҳли улум,
       Васфига ҳар бир ақл топмас роҳ.
       Ҳужралар барчасидир қасри беҳишт,
       Дилкушо, дилкашу ҳам хотиргоҳ.
       Чарх-фалак мисли, ки, пештоқи анинг,
       Чун, малойикларадур манзилгоҳ.
       Бу иморатга, ки, қутлуғ, таърих
       Огаҳий дейди «Хайру мақбули шоҳ».
                                                       1288 ҳижрий (1871 м) йил.
    Учинчи таърих
       Шоҳи дарёкараму абрато,
       Марҳамат конидир у, лутфи худо.
       Тип-тиниқ дур, садафи жоҳи жалол,
       У қуёш, бўлса фалак хайру сахо.
       Лутфидан зарра бўлиб мисли қуёш,
       Қатра мавжланди, бўлиб, чун, дарё.
       Ҳокими мулки жаҳон, аждоди,
       Ҳам кулоҳ тахтига посбон обо.
       Давлати кўкламидин топди шараф
       Мулки Хоразм бўлиб хулдосо.
       Зор бўлиб неъматига кўп хотам,
       Сийловин қул каби кутгай Доро.
       Дарчалар кўз каби дунёни кўриб
        Мисли офтоб, таратгувси зиё.
        Ҳукми шаръ маскани у оламда,
        Сирри дин маҳзани, ғардуносо.
        Уламо тавфида топди даражот,
        Комрон бўлди у боис фузало.
        Қурди ихлос-ла, савоб орзусида,
        Бўлди бу мадраса фирдавснамо.
        Қилди таъмир, берибон зеб-зийнат,
        Даҳр аро йўқ, ки, мисоли асло.
        Нақшлар мавждаки чу файзи илоҳ,
        Касб қилур жаннат анинг бирла сафо.
        Огаҳий анга атаб таърихин,
        Ёздиким «Мадрасаи файзафзо».
                                                          1288 ҳижрий (1871 м) йил.
    Тўртинчи таърих
       Ҳашамдор бу бинои оламоро
       Бўлибдур бир иморат-жаннатосо.
       Ҳама бунёдкор наққошлариким
       Муҳандисшевау пуркор, доно.
       Анингким тошлари лаъл бирла гавҳар,
       Анинг тупроғу лойи мушкосо.
       Гаҳи тупроқларидур ложуварддан,
       Гаҳи тупроқларидур мисли тилло.
       Анинг кошинларига ҳуш ҳайрон,
       Бўлиб кўзларга нур кошинлар, илло.
       Ҳама тоқу равоқу пештоқи
       Топиб нақш ислимийдан, ким, сару по.
       Қараб боқсанг, у бир гулдастадекдур.
      Чу сарвиқомату, зебову барно.
      Фазои пок мисли гулшани хулд,
      Дилорому, дилороу, дилосо.
      Ки жонбахшдур ҳавоси ҳам туну кун,
      Ҳижолатға қолур андин Масиҳо.
      Музайян ҳужралар кўп дилкушодир,
      Ҳама қасри беҳиштосо мусаффо.
      Қўним топмиш анинг бор ҳужрасинда
      Ҳама алломаи яктои аъло.
      Бино бўлди ки ушбу пок иморат
      Ҳукм қилғач ўшал султони доно.
      Бу султоннинг эрур номи Муҳаммад
      Раҳим ҳамда анингдир ёри Олло.
      Табаррук бу биноға бўлди роғиб
      Ҳама покизадил, чун, аҳли дунё.
      Шунинг-чун бу бино таърихи бўлди
      Ки, битгач Огаҳий «Марғуби дилҳо».
                                                         1288 ҳижрий (1871 м) йил.
1994 йилда мадраса қайта таъмирланиб, шу йилнинг сентябр ойида бўлиб ўтган Муҳаммад Раҳимхон II «Феруз»нинг 150 йиллик тўйига тўёна қилиб мадрасанинг ҳовлисига чиқувчи даҳлизлари, ўқув хонаси ва қишки масжидида Хива хонлиги тарихи ва маданиятини очиб берувчи «Хоразм адабиёти ва тарихи» музейи очилди.
  Исломхўжа мадрасаси. 1908-1910 йиллар давомида ўзига хос меъморий услубда қурилган. Мадрасани уста Худойберганҳожи қурган. Мадрасанинг кошин безакларини Эшмуҳаммад Худойбердиев ишлаган расмлар асосида Мадир қишлоғидан чиққан усталардан Болта Ваисов ва Мадаминовлар ишлаганлар. 42 ҳужрадан иборат бўлган, анча мураккаб ҳажмдаги иморатлар зич лабиринт шаклида тикланган бўлиб, уларнинг устига катта гумбаз ва баланд минора бунёд этилган. Мадрасада 50 нафар талаба ўқиган, унинг олдинги қисми 2 қават қилиб қурилган.
Қурувчилар майдоннинг ҳар бир қаричидан усталик билан унумли фойдаланганлар. Шунинг учун ҳам ҳужралар аркидан чиқиб турадиган пешайвонлар мўъжаз ҳажмда қурилган, ён томондаги қуббалари нозик дид билан чиройли ишланган, ҳовлилар ҳам унчалик катта майдонни эгалламайди.
Мадрасага кираверишда ўнг томонда махсус масжид ҳам қурилган. Бош фасади билан минорага боғлиқ бўлган мадраса ташқи тузилиши ва безаклари бошқа мадрасалардан фарқ қилмайди. Пештоқининг ён қанотлари икки қаватли равоқлар қатори ва бурчак гулдасталаридан иборат. Равоқлар тепаси айрим ҳошиялар ва сиркор кошинлар билан чиройли қилиб безатилган. Кичик ҳовли бир қаватли ҳужралар билан ўралган. Деворларида ҳеч қандай безак йўқ. Пештоқнинг орқа томонида, ҳужраларнинг устида оддий ёғоч устунли айвон қурилган.
Мадрасанинг энг йирик хонаси гумбазли масжиддир. Масжид мадрасанинг бутун жануби-ғарбий томонини эгаллаган бўлиб, ҳажм жиҳатдан, айниқса, шу қанотдаги минорага боғланиб кетади. Масжиднинг ички кўриниши Хива усталари ижодига хос ката гумбазли хона типида ёпилган. Масжиднинг жанубий томонида жойлашган бурчакдаги гумбаз остида ва меҳробда сиркор ҳамда ганчкори безаклар ишлатиб чиройли манзара яратилган. Мадраса учун вақф сифатида Исломхўжа ўз еридан 14 минг 451 таноб ер ажратган.
Хива хонлигининг тушкунликка учраган бир даврида маҳаллий меъморлар янги мадраса қурилишида қадимги анъаналарни сақлаб қолиб, меъморчилик санъатининг дуруст намунасини ярата олдилар.
Мадрасада ҳозирги вақтда «Хоразм амалий санъати» музейи фаолият кўрсатмоқда.
Муҳаммад Пано мадрасаси. Ичанқалъадаги ёш мадрасалардан бири ҳисобланиб, 1905 йилда қурилган. Мадраса уста Худойберган ҳожи раҳбарлигида Қаландар Қучум томонидан қурилган. Қурилишда маҳаллий усталар иштирок қилган. Мадраса Ичанқалъанинг асосий йўллари кесишган жойда қурилган. Мадрасанинг жанубида X аср ёдгорлиги бўлган, Жомеъ масжиди, шимолда Арабхон мадрасаси, шарқида Қутлуғмурод иноқ мадрасаси, ғарбида Феруз мадрасаси билан ўраб олинган.
Мадрасанинг кириш эшиги шарқ томондан қараган бўлиб, тепасида араб ёзувида «Муҳаммад Пано, 1905 йил» деган сўзлар бор». Эшик ўйма безаклар билан безатилган. Мадрасага кираверишда унча катта бўлмаган пештоқ бор. Даҳлизнинг шимол томонида дарсхона ва жануб томонида масжид бор. Айвонга эшиги қараган ҳужралар сони 12 та бўлиб, улар талабалар учун ётоқхона сифатида қурилган. Ҳар бир ҳужрада адан ва печка бор. Аданлар ҳовли ўртасидаги асосий аданга келиб уланган. Печкаларнинг мўрилари девор ичидан ўтиб, кейин том тепасига чиқади.
Мадрасанинг умумий катталиги 24,5 х 24,5 м, айвон 19,5 х 11,6 м, пештоқнинг баландлиги 9 м. Мадраса трапеция шаклида қурилган. Мадраса қурилиши тўғрисида қариялар орасида қизиқ ҳикоялар юради. «Юқори лавозимдаги амалдорлар ҳар куни эрталаб хон олдига саломга кирар эдилар. Бир куни икки амалдор саломга кечикиб келади. Феруз улардан кечикиш сабабини сўраганида, улар: «Борди-ю тақдир тақозоси билан Матпано бой вафот этган тақдирда меросхўрлар ўртасида жанжал бўлмасин деб, унинг бойлигини ҳисоб-китоб қилдик», – дедилар. Бунга хоннинг қизиқиши ортади ва Матпано бой бойлигининг кўплигини билади. «Матпано масжид ёки мадраса қурдирганми?» – деб сўрайди. Рад жавобини олган хон дарҳол уни ҳузурига келтиришларини билдиради. «Агар мен сенга ўз ҳисобингдан мадраса қур десам, нима қилардинг?» – дея сўрайди. Шу тариқа 1905 йилда мадраса қурилган. Манғитда унинг пахта тозалаш заводи ҳам бор эди.
Мадраса 1969 йилда таъмирланган, 1977 йилда яна таъмирланиб, 1980-1981 йилларда ташқарисида пишган ғиштдан девор айлантирилди. Мадрасада 1984-1987 йилларда «Ҳунармандчилик» музейи, 1987-1990 йилларда «Дин тарихи» музейи, 1991-2001 йилларда «Маънавият» музейи очилди. Ҳозирда Матпанобойнинг авлодлари Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятида яшайдилар.
Матниёз Девонбеги мадрасаси.  Хива хонининг молия вазири бўлмиш Муҳаммад Ниёз девонбеги 1871 йилда Хива шаҳрининг марказида бир мадраса ва мадрасага ёндош қилиб чорсу қурдирган. Мадраса Муҳаммад Аминхон мадрасаси ёнида жойлашган бўлиб, асосий кириш қисми ғарб томонга қараган. Мадрасанинг ён фасадлари йўл томонда, атрофлари очиқ ва кўкаламзорлаштирилган.
Мадраса бир қаватли бўлиб, унда 21 та ҳужра, дарсхона ва кутубхона мавжуд бўлган. Биринчи қаватида 19 та ҳужра бўлиб, қолган икки ҳужра юқорида пештоқ орқасига қурилган. Унга битта бўлма ёки даҳлиз орқали ўтилади. Ҳамма мадрасалардагидек тўртбурчакнинг охири гулдаста-минора билан тугалланган. Ён кўринишлари аркалар билан қуршалган. Асосий безаклар бинонинг олд кўринишида қўлланилган. Ҳамма мадрасалар каби пештоқ безакларида ислимий нақшлар кўп қўлланилган. Кириш эшиги икки табақали, эшикка ислимий нақшлар ўйилган. Эшик тепасидаги мармар тошга араб ёзувида матн битилган:
        Илм ўрганишда чегара бўлмайди.
        Илм ўрганган саодатли бўлур.
        Илмли, одамлар орасида ҳурматда бўлур.
        Илм керак ҳамма нарсани билиш учун.
        Нақшкор Муҳаммад деган уста ўз ҳиссасини қўшган.
        Илмли инсонни икки дунёси обод бўлур.
        Илмлини номи ўчмайди, тарихда қолиб кетади .
Уста Паҳлавон Хоразмий, Огаҳий, Навоийларга ўхшаб, ушбу ёзувни Девоний дастхатга битган. Сана 1288 ҳижрий, милодий 1871 йил. Тошга битилган ёзувни Худайберган Девон (1817-1914) битган. Мадраса ўлчамлари: бўйига 36,4; энига 31,8 м. Ичкари ҳовли бўйига 21 м, энига 17 м.
Огаҳий мадраса биноси қурилиши ҳақида қуйидаги таърихни битган.
        Ажиб девонбеги у олийқадр,
        Ки сахопешау Хотамтой келди.
        Пок номи Муҳаммадниёздир унинг,
        Олдида эзгулик зери пой келди.
        Ушбу юксакманд мадраса анинг
        Ки бас-муҳташаму дилрабой келди.
        Бунёд этди ани жону дилидан,
        Ул роҳатфазо ҳам ғамзудой келди.
        Биносин шакликим чун касри беҳишт,
        Ҳам хўбу, ҳам марғуб, дилкушой келди.
        Музайян тоқлари баландлик ичра,
        Осмон каби чексиз, хушнамой келди.
        Чун бахш этиб анга ҳусну файз илоҳ,
        Фалак ҳар ҳужрага бўлиб жой келди.
        Бино бўлиш пайти анинг, алқисса,
        Қудратин кўрсатиб, ки, худой келди.
        Огаҳий битди бу бино таърихин
        «Таърих «Хайр боқию дилкушой» келди.
                                                  1288 ҳижрий (1871 м) йил.
        Иккинчи таърих
       Бу мадрасага нигоҳ солган
       Дарҳол ҳақига анинг дуо дер.
       Девонбеги Боний бўлди анга,
       Они ҳама маъдани сахо, дер.
       Ҳам хайру саховатин эл алқаб,
       Таъриф этажакда бебаҳо, дер.
       Номики Муҳаммаду Ниёздур,
       Эл кўнглини олгач эл даҳо дер.
       Бу пок бинога гар қиёс ким
       Излар эса, жаннати сафо дер.
       Илм аҳли барии бу ҳужраларни
       Чун, қасри беҳишти дилкушо дер.
       Огаҳий битиб анго, ки, таърих –
       «Девонбеги сохт ин бино» дер .
                                                 1288 ҳижрий (1871 м) йил.
Матниёз девонбеги мадрасаси 1979 йилда ресторан, яъни овқатланиш шахобчасига айлантирилган.
Толиб Махсум мадрасаси. Мадраса Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II ва Исломхўжанинг мирзоси ҳамда яқин кишиси Толиб Махдум томонидан 1910 йилда Исломхўжа мадрасасининг шимолий биқинида қад ростлаган. «Махдум (арабча-хизмат қилинувчи одам) – пир ва устозларга бериладиган лақаб. Одатда пир ва устозларга ўз муридлари ва шогирдлари хизмат қилишган. Махдумни баъзи жойларда пир, устоз ва уламоларнинг ўғилларига нисбатан ҳам ишлатадилар. Масалан;-нақшбандийлик тариқати шайхларидан Сайид Аҳмад Хожа ибн Сайид Жалолиддин Косоний Даҳбедий «Махдуми Аъзам» номи билан улуғланган. Баъзан «Махдум» сўзини «Махсим» деб нотўғри ишлатадилар. Хоразмда махдум сўзини ҳозирги вақтда бузиб талаффуз қилиб, «Махсим» деб арабча ва форсчани мукаммал билган ҳамда диний ва дунёвий билимларни мукаммал ўзлаштирган инсонларга ва уларнинг авлодларига айтадилар» .
Мадраса асосан ҳуснихатчиларни тайёрлаган, шунингдек мадрасада дунёвий илмлар ҳам ўқитилган. Мадрасани хивалик усталар Худойберган ҳожи ва Қаландар Қўчимлар қуришган. Мадраса тўғри тўртбурчак тарҳли (18,8х16,55 м), атрофида бир қаватли ҳужралар жойлашган. Пештоқ шарафасига силлиқланган ғиштлар икки қатор қилиб терилган, данданаси яшил рангли кошин билан безатилган. Бош тарзидаги гумбазли миёнсарой (дарвозахона) орқали ҳовлига ўтилади.
Дарсхона ва масжид миёнсаройнинг икки ёнида жойлашган. Ҳовли (10,75х8,0 м) бурчакларидаги хоналарга эшик очилмаган. Атрофидаги ҳужралар томи балхи гумбазли, уларнинг олдини унча чуқур бўлмаган равоқлар эгаллаган. Ҳужраларга равоқлардаги эшиклар орқали кирилади. Мадрасанинг дарсхонаси ўрнига чорси хона (шимолий-ғарбий бурчагига) қурилган. Мадрасанинг пештоқига ҳижрий 1328 (1910) йил санаси ёзиб қўйилган. Мадраса 1977 ва 2006 йилларда таъмирланган.  
Хуржун мадрасаси. 1835 йилда Оллоқулихон мадрасаси қурилиб тамомлагандан сўнг, Хўжамбердибий мадрасаси бузиб ташланади ва ўрнига бошқа бино тикланади. Хўжамбердибий мадрасаси 1688 йилда шаҳар дарвозаси яқинига қурилган бўлиб, кичик ҳовли атрофига жойлашган 10-12 ҳужра ва масжиддан иборат эди. Хўжамбердибий мадрасасининг фақат сақланиб қолган масжид ва унга ёндош хоналари ҳақида сўз юритиш мумкин. Масжид ҳажми ва безаги жиҳатидан оддий ҳужраларга ўхшаб кетади, лекин унинг квадрат плани, меҳроби, ғиштин муқарнасли гумбази бошқа ҳужралардан ажратиб туради.
Янги мадрасанинг одатдагидан бошқачароқ тузилишига сабаб усталарнинг Оллоқулихон мадрасасига янги бинони мослаштиришга интилиши натижасидир. Оллоқулихон мадрасаси пештоқи олдига ўтиш учун Хўжамбердибий мадрасаси ҳужраларининг эски гумбазлари бузиб ташланади, пастқам деворлар тупроқ билан кўмилиши натижасида ҳовли саҳни иккига бўлиниб қолади. Шунинг учун ҳам кейинроқ мадраса «Хуржун» номи билан аталадиган бўлди. Эски пештоқ ҳам бузиб олиниб, унинг ўрнига бир гумбазли дарвозахона қурилган. Оддий бир гумбазли дарвозахонадан ҳовлиларга ва Оллоқулихон мадрасасига олиб борувчи йўлга ўтиш мумкин, ташқи томондан бу ерда яна бир мадраса бор деб бўлмайди. Унинг томи Оллоқулихон мадрасасининг улуғвор фасади олдида ўзига хос супа каби ўрин олган.
Мадрасанинг ички планида тасодифий қисмлар кўп: деворлар қалинлиги 0,5 дан 3 метргача, шимолий ва жанубий ҳовлилардаги ҳужралар эшиги равоқ ичига олинмаган, ҳужралари бир хил эмас. Мадрасани қуришда усталарнинг хизмати шундаки, улар асрлар ўтганига қарамай қурилишдаги гумбаз қўйиш каби қадимги усулларни такрорлаб, эски ва янги қурилишларни ягона иншоотга бирлаштирганлар ва бинога янгича кўрк бера олганлар.
Раҳимқулихон мадрасаси. Мадраса Хивада 1843-1845 йилларда хонлик қилган Раҳимқулихон томонидан Дешон қалъада, Полвон дарвоза олдидаги Сайид Ниёз Шоликорбой мадрасаси ва масжиди қаршисида қурилган. Мадраса инқилобдан кейин бузилиб кетиб, ҳозирги вақтда бозор ҳудудига қўшилиб кетган, мадрасанинг ташқи кўриниши эски фотосуратларда олд томони икки қаватли, пештоқи баланд ён томонларида икки гулдастаси бор, мадрасани ички томони бир қаватли, трапециясимон қилиб қурилган.
Дарсхона, масжид, кутубхона қисми балхий типда бостирилган, пештоқи мовий, оқ кошинлар билан безатилган. Лекин бу мадраса тўғрисида исбот талаб қиладиган баъзи бир фикрлар ҳозирда долзарбдир. Масалан, Ичан қалъадаги Табиат музейи жойлашган мадрасани олимлар ҳозирги кунларимизгача Абдуллахон (1855 йил 6 ой хонлик қилган) номини абадийлаштириш учун онаси томонидан қурилган деб ўз рисолаларида ёзишади . Бу Сайид Шоликарбой масжидига қўш қилиб қурилган мадраса Шўролар даврида йиқилиб кетган. Раҳимқулихоннинг Исо тўра исмли ўғли бўлган, у маълум муддат Тошҳовуз шаҳрида ҳоким бўлган ва ўз номига Паҳлавон Маҳмуд мақбараси яқинида «Мозори Шариф» номли кичик бир мадраса қурдирган. Бу тўғрида эл ўртасида шундай бир ривоят юради. Эмишки, Исо тўра ҳаж кажавага ўтқазиб ҳажга обориб келишади, юртига келиб бўлиб ўтган воқеаларни хонга айтади. Муҳаммад Раҳимхон соний Исо тўрага ҳажга риёзат чекиб боришади дейди. Бир оз вақт ўтиб Исо тўра яхши тайёргарлик кўриб, яна ҳаж сафарига отланади. Ҳаждан қайтишда Исо тўра Мозори Шариф шаҳрида касалланиб қолади, касалдан турган шаҳзода Хивага келиб ушбу шаҳар шарафига ўз авлоди учун кичик бир мадраса қурдирган.  

II боб бўйича хулоса
 1. Хива мадрасалари таълим-тарбия маскани бўлибгина қолмасдан, ўша пайтда хонликнинг нуфузли илмий-маърифий маркази ҳам бўлган.
2. XIX аср охири ва  XX аср бошларида Хива хонлигининг маданий ҳаётида алоҳида давр бўлди. Бу давр хонликда илм-фан, тарихнавислик, таржимонлик, адабиёт, шеърият, мусиқа ва бастакорлик, меъморчилик ва бошқа соҳаларда улкан ютуқларга эришилганлиги билан ажралиб туради.
3. Хивадаги Араб Муҳаммадхон, Шерғозихон, Оллоқулихон, Муҳаммад Раҳимхон соний мадрасалари мадрасайи олия мақомига эга бўлган мадрасалардандир. Уларнинг довруғи Бухоро, Самарқанд, Қўқон ва Шарқнинг бошқа вилоятларида маълум ва машҳур эди.
4. Хива мадрасаларида ўз даврининг етук алломалари Махтумқули, Ажиниёз, Бердақ, Равнақ, Мунис, Огаҳий, Комил Хоразмий, Баёний, Табибий каби шоир ва тарихчилар етишиб чиққан.
5. Хива мадрасаларида билим беришда асосан суҳбат ва мунозара методига амал қилинган, талабаларнинг мустақил фикрлашига алоҳида эътибор қилинган.
6. Мадраса хизматчилари, мударрислари ва талабаларга бериладиган йиллик маош миқдори нақд пул ва овқатлик учун дон ҳисобидан ажратилган.


III БОБ. ХИВА МАДРАСАЛАРИДА КУТУБХОНАЧИЛИК ИШЛАРИ ВА МУДАРРИСЛАР ФАОЛИЯТИ
1. Кутубхоначилик ишлари
Китоб ва уни жамиятда тарқатиш йўлларидан бири бўлмиш кутубхона ва кутубхоначилик иши инсоният маданиятининг ажралмас бўлагидир. Кутубхоналарнинг ташкил топиши ва тараққиёти тарихини ўрганмай, ана шу илму маърифат масканларининг мамлакат маданий ҳаётида тутган ўрнига жамиятнинг муносабатини идрок этмай туриб, маданият ҳамда кутубхоначилик иши соҳасида инсоният тўплаган билимларини танқидий ўзлаштирмай ва улардан фойдаланмай туриб,  тўлақонли мутахаcсис бўлиш мумкин эмас .
Илм ва маданият маркази ҳисобланган қадимий Хоразм воҳасида китобат санъати ва кутубхоначилик иши бир-бири билан узвий боғлиқ бўлиб, узоқ асрлик тарихга эга. Хонликда маданият намунаси бўлган кутубхоналар катталиги ва нодир қўлёзма асарларга бойлиги билан маълум ва машҳур бўлган. Ўз даврининг буюк кишилари ушбу кутубхоналар хазинасидаги бебаҳо китоблардан мутолаа қилиб, асрларга татигулик асарлар ёзиб, жаҳон илм фанига катта ҳисса қўшганлар ва ўзларидан бебаҳо ёзма мерос қолдирганлар.
Кутубхоналар ёзма ёдгорликлар сақланадиган жой ҳисобланиб, Ўрта Осиёда ҳам кутубхоналар қадим замонлардан бошлаб мавжуд бўлган .  Яъни Ўрта Осиёда эрамиздан аввалги I минг йилликнинг сўнгги асрларидаёқ китоб хазиналари ва китоб мажмуалари вужудга келган . Тарихий манбаларда Ўрта Осиёнинг кўп давлатларида, хусусан, Сўғдиёна ва Хоразмда II аср охирларида кутубхоналар ташкил этилиб, III аср бошларига келиб бой кутубхоналарга айланганлиги тўғрисида маьлумотлар ҳам мавжуд.
Хива мадрасаларидаги кутубхоналар масаласини ўрганар эканмиз,  кутубхоналар учун алоҳида катта махсус иморатлар қурилмай турли хил шаклдаги хона ёки бўлинмаларда китоблар махсус соҳаларга ва йўналишларга ажратилиб сақланганига гувоҳ бўлдик.
Тарихий китобларда кутубхоналарнинг тузилиши, уларнинг интерьери тўғрисида деярли маълумот берилмаган. Кутубхонада махсус китобхонлар учун қироатхоналар бўлганлиги тўғрисида шу давр кутубхоналари тўғрисида ёзилган китобларда баъзи бир маълумотлар учрайди, холос. Кутубхоналар биносини ўрганган Л. Ю. Маньковская ўз тадқиқотида кутубхона учун меъморий жиҳатдан махсус иморат қурилмаганлигини, турли тузилишдаги ихтисослашмаган хона ёки алоҳида иморат ажратилганлигини таъкидлайди.  Ўрта аср кутубхоналаридаги умумийликни Хива кутубхоналарида ҳам кўриш мумкин. Кутубхоналар катта, томи гумбаз шаклида ёпилган кўп хонали иморат бўлиб, бу хоналарнинг айримлари китоб мутолаасига ажратилган. Хона деворларининг қаватма-қават токчаларида турли ҳажмдаги китобларнинг бир тизимда тахлашга мўлжалланиши, китобхоннинг ўтириб китоб мутолаа қилишига хона ҳажми ва ёруғлик жиҳатидан талабга жавоб беришининг ўзиёқ кутубхона учун махсус хоналар қилинганлигидан далолат беради.
Хивадаги мадрасалари кутубхоналаридаги китоблар талабаларга ўқув хоналари ва ўз ҳужраларига мутолаа қилиш учун ҳам маълум муддатга берилган. Китоблар баланд-баланд жавонларда ҳамда ҳар бир соҳа учун ажратилган токча ёки қутиларда сақланган. Бу даврда ҳам кутубхонада сақланаётган китоблар рўйхати, яъни каталоги тузилиб, китобхонлар ундан бохабар бўлишган.
Мадрасаларда кутубхона учун ажратилган махсус хона кўпроқ ўқув масканининг иккинчи қаватидан ўрин олган. Уларда китоб сақлаш учун махсус токчалар мавжуд бўлган. Баланд токчалардаги китобларни олиш учун махсус кўтарилиб тушириладиган эшик ҳажмидаги равон хона деворига ўрнатилиб, шу орқали кўтарилиб мутолаа учун китоблар баланд токчалардан олинган. Ушбу махсус қурилма ўрта аср Ўрта Осиё кутубхоналарида ҳам мавжуд бўлган.
Хонлар ўз саройларида кутубхоналар ташкил қилишлари билан бирга ўзлари қурдирган мадарасалар қошида ҳам кутубхоналар барпо этиб, китоблар билан бойитишга аҳамият берганлар. Уларнинг мадрасаларга қилган вақф китобларини қўлёзма китоблардаги муҳрлар орқали аниқлаб олиш мумкин. Оллоқулихон (1825-1842 йй.) ана шундай китобхон ва китобсевар хонлардан бўлган. Унинг кутубхонасига тегишли бўлган ўндан ортиқ қўлёзмалар Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институти фондида сақланади. Муҳаммадамин иноқ (1845-1855 йй.) ҳамда Қутлуғ Мурод иноқ (1855-1856 йй.) ҳам ўзлари қурдирган мадрасага китоблар вақф қилиб турганлар. Саййид Муҳаммадхон (1856-1864 йй.) вақф қилган Ўз ФАШИ №7552 тартиб рақами билан сақланаётган китобнинг хон томонидан вақф қилинганлиги қозикалон муҳри билан тасдиқланган.
Хиванинг Шерғозихон, Муҳаммад Аминхон, Муҳаммад Раҳимхон II мадрасалари кутубхоналарида тез-тез баҳс мунозаралар ва мушоиралар ўтказиб турилган.
Хива Ичан қальасида жойлашган Араб Муҳаммадхон, Муҳаммад Аминхон, Оллоқулихон, Муҳаммад Раҳимхон – Феруз мадрасалари кўздан кечирилганда мадрасага киргач мадрасанинг чап томонида кутубхона, ўнг томонида масжид жойлашганига гувоҳ бўлдик. Мадраса кутубхонаси аталмиш ушбу жойда китоб жавонлари – токчалар жойлашган. Кутубхона бўлинмалари учун баланд ва чуқур токча қилиниб, китоб қўйишга мўлжалланган майда токчаларга бўлинган. Токчалар чиройли рангли нақшлар билан безатилган. Нақшлар, асосан, оқ ва кўк рангда берилган. Хива мадрасаларида кутубхоналар токчалари ниҳоятда баланд ва кўркам қилиб ишланган, девор юқорисида жойлашган кичкина токчаларда майда китоблар, каттароқ токчаларда ўртача ҳажмдаги китоблар сақланган .
Хива хонлигида мадрасалар биринчи галда ўз даврининг олий илм даргоҳлари саналган. Мадрасаларда таҳсил олувчи толиби илмлар йиллар мобайнида мадрасаларда ўқиб шу ерда яшаганлар. Улар учун мадраса ичида дарсхона, қироатхона, кутубхоналар билан бирга яшаш ҳужралари ҳам бўлган. Хонликнинг йирик мадрасалари Араб Муҳаммадхон, Муҳаммад Аминхон, Оллоқулихон, Муҳаммад Раҳимхон II – Феруз мадрасалари катта нуфузга эга олий илм даргоҳи саналиб, ҳатто қўнғиротлар сулоласининг йирик вакиллари, хонлар бу мадрасаларда таҳсил олганлар. Мадрасалар учун ажратилган вақф ерларидан тушадиган даромадлар мадраса ходимларига маош сифатида, мадрасанинг бошқа ҳаражатларига шунингдек, мадраса қошидаги кутубхона учун китоблар сотиб олишга сарфланган. Тадқиқот жараёнида қайси мадрасанинг вақф даромади, яъни маблағи кўп бўлса, бу мадраса кутубхонаси шунча бой бўлганлиги маълум бўлди. Масалан, Оллоқулихон мадрасасининг вақф мулки мадраса мутаваллисидан тортиб, фаррошигача ойлик маоши сифатида тақсимланган. Шу ўринда яна Шерғозихон мадрасаси пештоқидаги лавҳани келтириш ўринли:  
     Унда ким кутубхоначи бўлса,
     Унинг ҳаққи бир ҳужрадир.
     Фаррошига 150 ботмон (ғалла),
    Хизматини яхшилаб бажариши учун .
                                                           (К. Худайберганов таржимаси)
Хива мадрасаларининг ҳар бирида кутубхоналар бўлиб, барча мадрасалар баланд пештоқининг орқа томонида, иккинчи қаватнинг тепа қисмидаги ҳужраларда мадрасалар учун аҳамиятли бўлган китоблар сақланадиган хона ва унга ёнбош қилиб китобдор ҳужраси жойлашганлигини кўздан кечирдик ва шунга амин бўлдикки, мадраса кутубхоналаридаги китоблар икки қисмга ажратилган ҳолда сақланган. Мадрасага кираверишдаги чап томондаги кутубхонада барча йўналишга доир ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган китоблар сақланиб, китоб токчаларга катта – кичиклигига қараб жойлаштирилган. Мадраса пештоқининг орқа томонидаги иккинчи қаватдаги кутубхонада эса мадраса учун ниҳоятда қадрли бўлган, беназир китоблар сақланиб, уларга китобдор маъсул бўлган. Кутубхоналарда китобдорлик мансаби билан баъзи кутубхоналарда китоб кўчирувчи (котиб) лавозими ҳам кўзда тутиларди. Китобдор одатда китоб олди-бердисидан ташқари китобларнинг тартибли сақланиши, кутубхонада жорий тасниф асосида жойлаштириш масалалари бўйича жавобгар бўлган. Муқовалаш, таъмирлаш, китобларни тиклаш, улардан нусхалар кўчириш каби ишлари ҳам китобдорлар зиммасига юклатилган.  Китобдорлар фаолияти ўрганилганда,  китоб берувчи ёки китоб олувчи ўртасидаги муносабат тўғрисида,  яъни китобни йўқотганлик, уни йиртганлик ёки ўғирлаганлик борасида қўлланган жазо ҳақида маълумотлар келтирилмаган. Аммо китоб ҳар доим ҳам эъзозланган.   Буни биз Хивадаги мадрасаларга қараганда кичикроқ бўлган ва кам ўрганилган, ҳозирда таъмир талаб бўлиб турган Хўжам Марам мадрасаси орқали кўрсатиб ўтмоқчимиз. Мазкур мадрасага асосий эшикдан кирилгач шарқий томондаги бурчакдаги эшик орқали иккинчи қаватга чиқилади. Мадраса пештоқининг орқа томонида иккита хона бўлиб, бу хоналарнинг биринчиси китобдорнинг хонаси, иккинчиси эса кутубхона бўлган. Китобдор хонаси орқали кутубхонага кирилган. Бу кутубхона ҳажми 3х3 метр бўлиб, баландлиги 3,5 метр, томи балхий типдаги гумбаз билан ёпилган. Ҳужранинг жанубий, ғарбий томонида 20 та китоб токчалари бор, бу токчаларнинг сирти ислимий нақшлар билан безатилган. Хонада ҳаво алмашиши учун шимол томонидан иккита ойнабанд панжара, жануб томонида эса сал кичикроқ битта ойнабанд панжара қўйилган. Ушбу кутубхонага кираверишда юқорида айтиб ўтилганидек, китобдорнинг яшаш хонаси бўлиб, хона ҳажми 2,5х3 метр, баландлиги эса 3 метрни ташкил этади. Шимолий қисмида иккита ойнабанд панжара қўйилган. Китобдор бу хонада яшаб, китобларни тартибга солиш ишлари билан мунтазам шуғулланган, яъни бу ҳужра китобдорнинг иш жойи ҳам саналган.  
Шунингдек, бундай мадрасалар қаторида Муҳаммад Раҳимхон II Феруз мадрасасини ҳам кўрсатиш мумкин. Бу мадрасанинг ҳам Хўжам Марам мадрасасидек пештоқининг орқа қисмидаги иккинчи қаватда бир нечта хоналар мавжуд бўлиб, биринчи қаватдаги кутубхонадан ташқари, иккинчи қаватда ҳам махсус китоблар учун хона ҳамда китобдор устахонаси ёнма-ён жойлашганлигини кўриш мумкин. Бундан хулоса шуки, хонликдаги барча мадрасаларда кутубхоналар мавжуд бўлиб, мадраса пештоқининг орқа томонидаги иккинчи қаватда нодир китоблар сақланадиган алоҳида хона, яьни кутубхона ва китобдорнинг яшаш ва ишлаш жойи бўлган. Китобдор эса кутубхона китобларига масъул киши саналган. Хон Муҳаммад Раҳимхон II Феруз давлатнинг сиёсий ишларидан ортиб, мадрасалар қошидаги кутубхоналар таркибини ва унга маъсул кишиларнинг иш фаолиятини мунтазам кузатиб назорат қилган. Хон асосий эътиборини кутубхона таркибини бебаҳо қўлёзма асарлар билан бойитишга қаратиб, кутубхонага илмли кишиларни жалб қилган.  


2. Мударрислар фаолияти

Мударрис (араб-дарс берувчи) – мадраса ўқитувчиси. Мадрасалар ўқитиладиган муайян фандан дарс берган. Ҳозир хорижий Шарқ мамлакатлари, шунингдек, Ўзбекистондаги мадраса ва диний университетларда фақат диний илмлардан эмас, дунёвий фанлардан дарс берувчилар ҳам мударрис деб аталади.
Урганч ва Хива мадрасаларида исломий ва дунёвий илмлар соҳасида Хоразмлик алломалардан ташқари Шарқнинг турли мамлакатларидан келган машҳур уламолар ҳам мударрислик қилган.
Урганч ва Хива мадрасаларида таълим олган хоразмлик алломалардан Муҳаммад ибн Иброҳим Абу Абдуллоҳ ас-Синоий, Муҳаммад ал-Гурганжий, Муҳаммад ибн Арслон Заҳриддин ал-Хоразмий, Абу Муайяд ал-Хоразмий, Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Хоразмий ва бошқалар кейинчалик Бағдод, Дамашқ, Сурия, Ироқ, Ҳижоз, Бухоро ва Самарқанд мадрасаларида машҳур олимлардан таҳсил олиб ўз билимларини оширганлар, уларнинг кўплари шу ўлкаларда салоҳиятли мадрасаларда мударрислик қилиб, шогирдлар етиштиришган.
Хива мадрасаларида ўз даврининг машҳур алломаларидан Муҳаммад Юсуф охун, Салим охун, Худойберган охун, Муҳаммад Шариф охун, Сиддиқ охун, Муҳаммад Ёқубхўжа охун, Муҳаммад Ризо охун, Отаниёз охун ва бошқа элларда машҳур бўлган олимлар мударрислик қилишган.
Жавоҳарлаъл Нерунинг бобоси ҳам Хива мадрасаларида таълим олган. Махтумқулининг отаси Давлатмамад Озодий (1700-1760) Хива мадрасаларидан бирида дарс берган.
Маърифатчиликда Хивадаги Арабмуҳаммадхон мадрасаси мударриси Муҳаммад Юсуф ҳожи Доий алоҳида ажралиб туради. У Хивада, Ичанқалъа маҳалласида 1824 йилда туғилган. Аввал Хивадаги эски мактабда, сўнг Бухорода Мир Араб мадрасасида таълим олди. Ўзининг билимини мукаммаллаштириш ҳамда дунё кўриш учун ҳаж баҳонаси билан Макка, Мадина, Жидда, Шом, умуман олганда, Арабистон мамлакатлари бўйлаб саёҳатга чиқади. У араб халқлари турмуши, урф-одатлари, ислом ақидаларини ўрганиб, она юртига қайтиб келгач, Хиванинг катта 100 муллавачча таълим оладиган Араб Муҳаммадхон мадрасасига мударрис этиб тайинланади.
Доий ўзининг кескир, тўғрисўзлиги, ҳақиқатпарварлиги билан ажралиб турарди. У ҳатто Ферузнинг хон бўлишига қарамасдан, унинг баъзи ғазалларидаги нуқсонни ҳеч тап тортмай танқид қилар, шеърият қонун-қоидалари бўйича унга таълим берарди.
Доийнинг феълини яхши билган Феруз ўзлари орасидаги мансаб тафовутларига эътибор бермасликка интилар ва уни устоди сифатида ҳурмат қилар эди. Доий Хивадаги Жоме масжидига воиз қилиб тайинланади. У бу ерга йиғилган мусулмонларга замона, одамийлик, тўғрилик, инсоф, адолат, қарз ва фарз тўғрисидаги Қуръони шарифдаги оятлардан, ҳадислардан таълим беради.
Шоир Табибий Доий тўғрисида шундай ёзади:
      Эрур Доий ул воизи хушкалом
      Ки, ҳақ сўзни элга етургай мудом.
      Бу ашъор келмиш анинг фикрати
      Ки кўпдур назар айласанг ҳикмати.
Табибий берган маълумотларга кўра, у замонасининг ҳассос шоири, ўткир сўз устаси ва етук хаттоти бўлган:
      Эрур Доий Охунди неку хасол
      Ки, ваъз ила доим дегуси мақол…
      Гаҳиким қилур эрди фикри ғазал,
      Бу абъёт ила кўргузубдур масал.
Доий Охунд сифатида Болта девон – Нодим, Муҳаммад Юсуф девон –Чокар, Бобожон тарроҳ – Ходимларни ўз тарбиясига олиб, уларга форс-тожик тилидан, хат илмидан таълим беради. У шоир сифатида «Девони Доий»ни тузди. Бундан ташқари, шоир шеърлари бошқа қўлёзма девон ва баёзларга киритилди.
XIX аср охири XX аср бошидаги Хоразм адабий ҳаракатчилигининг йирик вакили Муҳаммад Юсуф Хожи – Доий 1909 йилда Хивада 85 ёшида вафот этди.
Худойберган охунд – Ожиз 1837 йилда туғилган бўлиб, Низомиддин Хотибнинг ўғлидир. У ёшлигида Урганч, кейинчалик Хиванинг Сайид Шоликарбой мадрасасида таълим олгач, ана шу мадрасада имом ва мударрислик вазифасида ишда қолдирилди. Орадан бир оз вақт ўтгач, Муҳаммад Аминхон мадрасасига мударрис бўлади ва Ожиз тахаллуси билан Ферузга пайров шеърлар яратади.
Ожиз – Худойберган Хивақий «Мишкот ул-масобиҳ» асарининг III-IV жилдларини, «Канз ул-Ибод фи шарҳ ил-аврод» («Аврод тунги ибодат шарҳи тўғрисида») деган китобларни ўзбек тилига таржима этган.
Ожиз хушовоз хонанда ва мусиқашунос бўлиб, олти ярим Хоразм мақомини тўлалигича билган ва маҳорат билан ижро этган. Ожиз Феруз вафотидан кейин Хиванинг қозикалони вазифасида ишлаб, адолат билан иш юритди. У 1919 йилда 82 ёшида Хивада вафот этган.
Муҳаммад Шариф охунд – Ҳақирий қози Муҳаммад Каримнинг ўғли бўлиб, Оллоқулихон мадрасасида охунлик қилган. У эски мактаб, сўнгра мадраса таълимини олиб, ўта илмли киши бўлиб етишади. Тўрткўлда 10 йил қозилик вазифасида ишлади. Кейинчалик ғазал, мухаммас, рубоийлар ёзиб, Феруз саройидаги мушоираларда фаол иштирок этган. У Урганчда вафот этган.
Юсуфий 1860 йилда Хиванинг Ичон қалъасида Муҳаммадризо қушбеги маҳалласида Муҳаммад Амин Халифа оиласида дунёга келган. У мадрасани тугаллагандан сўнг, Феруз томонидан имтиҳон қилингач, ундаги билим ва оқилона фикр-мулоҳазалар туфайли Кўҳна Урганчга қози вазифасига ишга юборилди. Тўққиз ойдан сўнг Юсуфий Хивадаги Тўрамурод тўра мадрасасига мударрислик вазифасига ишга таклиф этилади. Ана шундан бошлаб, у шеърият билан шуғулланиб, ғазал, рубоий, мухаммаслар ёзиб, саройдаги шеърий мубоҳасаларда актив иштирок этади. У «Девони Юсуфий» номли бир китоб тартиб беради. 1918 йилда 58 ёшида вафот этади.
Ибодулла Хокий Охунд Иброҳим охун ўғли Дишон қалъада руҳоний оиласида 1842 йилда дунёга келади. Отасининг таъсирида мударрис бўлиб етишади. «Ибодулла охун ўзи паст бўйли, кўсанамо соқолли, хуш қилиқли одам эди. Ўзи билан сўзлашган вақтда, яна сўзлашсам деб орзу қилар эдингиз, ўзи илмли одам эди», деб ёзади Ходим ўзининг «Хоразм навозандалари» номли асарида. У Хокий ва Фоний тахаллуслари билан шеърлар ёзади. Феруз фармойишига мувофиқ, арабий, форсий китобларни туркийга таржима қилади. Айниқса, «Тарихи Комил»нинг еттинчи жилдини маҳорат билан таржима этган. У 1914 йилда, 72 ёшида Хивада вафот этади.
Муҳаммад Ёқубхўжа, тахаллуси – Холис, асли, ҳозирги Янгиариқ ноҳиясига қарашли Бешариқ қишлоғида туғилди. Маълумотни аввал ўз қишлоғидаги эски мактабда, сўнгра Арабмуҳаммадхон мадрасасида шоир ва олим Доийдан олди. У Хивада араб, форс-тожик тилларини яхши билган, кучли таржимон бўлиб етишади. Холис жуда хуштабиат, хушмуомалали, халққа меҳр-шафқатли, агар бир парча нон топса, етим-есирларга бериб, уларнинг холидан хабардор бўлиб турадиган сахий инсон бўлган. Феруз таклифига биноан саройга чақиртирилиб, алломаи замон Баёний ва Мирзолар қаторида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлиб, Лаффасий таъбири билан айтганда, «Бу киши Хива хонлигининг хизматларида китобхонлиғ вазифасида ишлаб, турли арабий ва форсий тарих китобларини таржима қилиб, форсий ва арабий лисонидан чиқаруб, туркий лисони бирла жома кийгузиб, зийнатлик таҳрирлар қилур эрди». У хаттотлик ва таржимонликдан ташқари, шеърият билан шуғулланди. У Навоий, Фузулий, Огаҳий, Мунис, Баёний, Мирзо, Феруз ғазалларига тахмислар битиб, бадиий етук шеърлар ёзди. Мазкур шеърларда замонадан нолиш, турмушдаги иллатлар, дунёвий севги, инсонга яхшилик қилиш каби муҳим фазилатлар тараннум этилади.
Муҳаммад Ёқубхўжа 1907 йилда «Тарихи фаришта» асарининг бир қисмини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилади. Бунгача у 1903 йилда замонасининг етук таржимонлари Муҳаммад Шариф Маҳдум ва Рафеъ Охундлар билан ҳамкорликда Ал Маъсудийнинг «Мураввижуззихоб ва маодинул-жавоҳир» (Олтин ва жавоҳирлар кони) асарини араб тилидан ўзбек тилига ўгириб, катта тажриба орттирган эди. Муҳаммад Ёқубхўжа Хоразмий Муҳаммад Тоҳир Эшоннинг «Тазкираи ул-авлиё» асарини 1912 йилда таржима қилиб, бу асарда ўз унвонини «домулла Муҳаммад Ёқуб бешариқлик» деб кўрсатган эди.
Муҳаммад Ёқубхўжа 1916 йилда Абдураҳмонхоннинг тарихга оид машҳур асари «Таржимони тарихи Абдураҳмонхон» асарини хушхатлик билан кўчирди.
У хоразмлик машҳур олим Тоҳир Муҳаммад ибн Муҳаммад Тойиби Хоразмийнинг «Силсилайи хўжагони нақшбандия» («Нақшбандия хўжаларининг силсиласи») номли асарини 1909 йилда ўзбек тилига таржима этди. Бу асарда нақшбандия тариқатидаги 32 та шайх тўғрисида маълумот берилган эди. Холис кўчирган «Шоҳнома» Шарқшунослик илмгоҳида сақланмоқда.
Шундай қилиб, Муҳаммад Ёқуб охунд XIX аср охири XX аср бошларида Хоразмда етишиб чиққан моҳир хаттот, етук таржимон ва нозиктаъб шоир сифатида қадрланишга лойиқдир. У Хивада вафот этди.
Отаниёз Хўжаниёз ўғли Ниёзий 1844 йилда Хоразм вилоятининг ҳозирги Шовот туманидаги Бўйрачи қишлоғида туғилган. Унинг отаси Хўжаниёз Бобониёз ўғли ўз даврининг теран фикр, илмга эътиқодли, адабиёт ва санъатга ихлосманд кишиси бўлган. Шунинг учун ҳам у ўғлининг илм олиши, яхши тарбия кўриб вояга етиши учун жиддий уринган. Отаниёз ҳам отасининг умид ва ишончларини тўла оқлайдиган даражада лаёқат соҳиби бўлган. Бошланғич таълимни ўз қишлоғида олгач, у Хивага келиб, Арабхон мадрасасида таҳсил кўради, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаб, маърифат аҳли орасида эътибор топади. Отаниёз Хивада 18 йил яшаб, бадиий ижод ва илм билан шуғулланади, охунлик мақомига эришади, сўнгра Бухорога келиб, етук уламолар, фиқҳ илми билимдонларидан таълим олади. Унинг бу хусусдаги нуфуз ва обрўси эл орасида кенг тарқалган бўлиб, шулардан бири кексалар тилидан ёзиб олинган: «Бухорои шарифда таҳсил кўриб қайтган Отаниёз охун илмда беназирлиги билан ном чиқаради. Хоразмлик бойлардан бири ўғлини Бухорода ўқитиш ниятида Отаниёз охун таҳсил кўрган мударрис ҳузурига олиб боради ва мақсадини изҳор қилади. Шунда мударрис: «Илм излаб узоқ йўл босиб, ўғлингизни Бухорога келтирибсиз. Биздаги илмнинг барчасини Отаниёз қора деган йигит (охуннинг лақаби) Хоразмга олиб кетди. Дарё Хоразмга қараб оқди. Фарзандингиз ундан баҳраёб бўлсин», деган экан. Шунингдек, Отаниёз охун араб ва форс тилларини ўрганиб, риёзиёт, нужум, санъат ва бошқа фанлардан ҳам яхши хабардор бўлган. Бобожон Тарроҳ ҳам бу фикрни таъкидлаб ёзишича, «У эски мактабни тўлиқ битказиб, мадраса таълимини ҳам тўлиқ олғон. Соз илмига қизиқиб, Полвон Мирзабошининг олти мақомига ярим мақом қўшишда Мирзога ёрдамлашғон» .
Хивада мадрасада таҳсил олиш йиллари Отаниёз учун чинакамига ўқиб-ўрганиш, илм ва бир неча шарқ тилларини қунт билан эгаллаш даври бўлган. Лаффасий «Тазкираи шуаро» сида бу хусусда мулоҳаза юритиб дейди: «Отаниёз отасининг ризолиги бирлан Хивага келиб, илм таҳсили учун мадрасада истиқоматлар қилиб, ончалиғ риёзатлар кўриб, ўзининг қобилиятлилиги орқасида бир неча муддатлар меҳнатлар кўриб, хатми китоб қиладур. Аммо Ниёзийким Отаниёз қора мулаққаблиғ бўлуб, ондағ хушхат, хушхон бўладурки, замон Арасту Афлотунлари Ниёзийнинг қалам рахшин чобукворлиқ билан, варақлар саҳифаи саҳросида хушрафторлик билан суришига мусаллам қилиб, ангуштларин ҳайрат дандонлари билан тишлаб, алҳазар қилур эдилар» .
Дарҳақиқат, Ниёзий фақат илми билан эмас, хушхатлиги билан ҳам тез довруғ таратади. Бундан хабар топган Муҳаммад Раҳимхон уни ўз саройига чорлайди ва унга ўз девонхонасининг биринчи котиблиги вазифасини топширади. Шу билан баробар Ниёзийни Абдуллахон мадрасасига мударрис этиб ҳам тайинлайди. У мансабдор ва мударрис бўлишига қарамасдан, ўзининг оддийлиги, камтарлиги, айниқса, халқ билан, муомала-муносабатидаги табиийликни сира бой бермаган эди. Бобожон Тарроҳ айтмоқчи, «Ўрта бўйли, соқоли мошгуруч, хушбичим, доно» бу одамнинг «халқ билан армойиши» ва илм аҳли билан алоқаси ҳамиша яхши бўлган .   
Хуллас, Хивадаги Арабмуҳаммадхон, Муҳаммад Аминхон, Шерғозихон ва бошқа мадрасаларда замонасининг етук охундлари Оллақули охунд, Муҳаммад Ёқуб охунд, Муҳаммад Шариф охунд, Муҳаммад Юсуф охунд, Муҳаммад Ризо охун каби замонасининг етук олимлари ёшларга таълим-тарбия бериб, маориф ва маданият равнақига самарали ҳисса қўшдилар.

III боб бўйича хулоса

1. Илм ва маданият маркази ҳисобланган қадимий Хоразм воҳасида кутубхоначилик иши узоқ асрлик тарихга эга. Мўғуллар истилоси арафасида Марвда 10 та йирик кутубхона бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор.
2. Мадрасаларнинг ўз кутубхоналари бўлиб, улар кўпроқ ўқув масканининг иккинчи қаватидан ўрин олган. Кутубхонада диний ва дунёвий фанларга бағишланган адабиётлар, турли даврларда ёзилган девонлар, баёзу мухаммаслар, тарих, адабиёт ва тиббиётга оид қўлёзма асарлар бўлган.
3. Хива мадрасалари кутубхоналаридаги китоблар талабаларга ўқув хоналари ва ўз ҳужраларига мутолаа қилиш учун ҳам маълум муддатга берилган.
4. Урганч ва Хива мадрасаларида исломий ва дунёвий илмлар соҳасида Хоразмлик алломалардан ташқари Шарқнинг турли мамлакатларидан келган машҳур олиму уламолар ҳам мударрислик қилган.
5. Хива мадрасаларида ўз даврининг машҳур алломаларидан Муҳаммад Юсуф охун, Салим охун, Худойберган охун, Муҳаммад Шариф охун, Сиддиқ охун, Муҳаммад Ёқубхўжа охун, Муҳаммад Ризо охун, Отаниёз охун ва бошқа элларда машҳур бўлган олимлар мударрислик қилишган.


ХУЛОСА

Хива мадрасаларида таълим тизими ва ўқитиш услублари мавзуси юзасидан олиб борган кузатишларимиз асосида қуйидагича илмий-назарий хулосаларга келдик:
1. Араблар фатҳидан кейин VIII-IX асрлардан бошлаб халифаликка қарашли ҳудудларда ислом динининг кенг тарқалиши билан уни ўрганиш ва тарғиб қилишга ҳамда бошқарув ишига лаёқатли бўлган кадрлар тайёрлашга эҳтиёж туғилди. Шу муносабат билан халифаликка қарашли Дамашқ, Бағдод, Басра, Марв, Бухоро, Самарқанд, Кат, Гурганж ва Хивадан тортиб то Андалусиягача бўлган шаҳарларда мадрасалар пайдо бўлди.
2. IX-XII асрларда ислом динига эътиқод қилинадиган мамлакатларда, жумладан, Ўрта Осиёда мадрасалар қурилишига алоҳида эътибор берилди. Наршахийнинг ёзишича, 937 йилги ёнғинда зарар кўрган «Фaржак» мадрасаси Ўрта Осиёдаги дастлабки мадрасалардандир.
3. Хоразмда ёшларга таълим-тарбия бериш, уларга фойдали касб-кор ўргатиш ва уларни ватаннинг маънавияти юксак фарзандлари қилиб тарбиялаш тадбирлари узоқ замонга бориб тақалади.
4. Хоразмда дастлабки мадрасалар Кат ва Гурганжда IX аср охири ва X аср бошларида вужудга келган.
5. Ануштагин хоразмшоҳлар даврида жами 4440 та, фақат Гурганжнинг ўзида 700 та мадраса бўлган.
6. Ўрта Осиёнинг Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Қўқон, Хива шаҳарларидаги мадрасаларда таълим тизими турлича бўлиши билан ажралиб туради.
7. Мадрасаларнинг ўқув дастурлари X-XII асрларда ишлаб чиқилган ва кейинчалик такомиллашиб борган. Машғулотлар, одатда, сентябр ойида бошланиб, март ойигача давом этган. Мадрасаларда таълим уч босқичда: бошланғич (адно), ўрта (авсат) ва юқори (аъло) гуруҳларда олиб борилган.
8. Мадраса дастуридаги дарслик икки гуруҳга: яъни исломий илмлар (улуми нақлия) ва дунёвий илмлар (улуми ақлия)га ажратилган.
9. Хива мадрасаларида билим беришда, асосан, суҳбат ва мунозара методига амал қилинган, талабаларнинг мустақил фикрлашига алоҳида эътибор қилинган.
10. Хива мадрасаларига қабул қилишда толиби илмларнинг миллати эътиборга олинмаган: Шерғозихон мадрасасида машҳур туркман шоири Махтумқули ва қорақалпоқ шоири Ажиниёзлар таҳсил кўрган. Қабул қилинаётганда улардан шахси тўғрисида ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмаган.
11. Хива мадрасаларида ҳафтанинг душанба, сешанба, шанба ва якшанба кунлари машғулотлар олиб борилган, чоршанба, пайшанба ва жума кунлари дам олиш кунлари ҳисобланган.
12. Мадраса хизматчилари, мударрислари ва талабаларга бериладиган йиллик маош миқдори нақд пул ва овқатлик учун дон ҳисобидан ажратилган.
13. Хива мадрасалари таълим-тарбия маскани бўлибгина қолмасдан, ўша пайтда хонликнинг нуфузли илмий-маърифий маркази ҳам бўлган.
14. XIX аср охири ва XX аср бошларида Хива хонлигининг маданий ҳаётида алоҳида давр бўлди. Бу давр хонликда илм-фан, тарихнавислик, таржимонлик, адабиёт, шеърият, мусиқа ва бастакорлик, меъморчилик ва бошқа соҳаларда улкан ютуқларга эришилганлиги билан ажралиб туради.
15. Хивадаги Араб Муҳаммадхон, Шерғозихон, Оллоқулихон, Муҳаммад Раҳимхон соний мадрасалари мадрасаи олия мақомига эга бўлган мадрасалардандир. Уларнинг довруғи Бухоро, Самарқанд, Қўқон ва Шарқнинг бошқа вилоятларида маълум ва машҳур эди.
16. Хива мадрасаларида Махтумқули, Ажиниёз, Бердақ, Равнақ, Мунис, Огаҳий, Комил Хоразмий, Баёний, Табибий ва бошқа (уларнинг сони кўп) шоир ва тарихчилар таҳсил олган бўлиб, кейинчалик улар ўз даврининг етук алломалари етишиб чиққанлар.
17. Илм ва маданият маркази ҳисобланган қадимий Хоразм воҳасида кутубхоначилик иши узоқ асрлик тарихга эга. Мўғуллар истилоси арафасида Марвда 10 та йирик кутубхона бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор.
18. Мадрасаларнинг ўз кутубхоналари бўлиб, улар кўпроқ ўқув масканининг иккинчи қаватидан ўрин олган. Кутубхонада диний ва дунёвий фанларга бағишланган адабиётлар, турли даврларда ёзилган девонлар, баёзу мухаммаслар, тарих, адабиёт ва тиббиётга оид қўлёзма асарлар бўлган.
19. Хива мадрасалари кутубхоналаридаги китоблар талабаларга ўқув хоналари ва ўз ҳужраларига мутолаа қилиш учун ҳам маълум муддатга берилган.
20. Урганч ва Хива мадрасаларида исломий ва дунёвий илмлар соҳасида Хоразмлик алломалардан ташқари Шарқнинг турли мамлакатларидан келган машҳур олиму уламолар ҳам мударрислик қилган.
21. Хива мадрасаларида ўз даврининг машҳур алломаларидан Муҳаммад Юсуф охун, Салим охун, Худойберган охун, Муҳаммад Шариф охун, Сиддиқ охун, Муҳаммад Ёқубхўжа охун, Муҳаммад Ризо охун, Отаниёз охун ва бошқа элларда машҳур бўлган олимлар мударрислик қилишган.



Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Аминов Ҳ. Қўнғирот сулоласи даврида кутубхоналар // Академик У. Каримов номидаги ёш шарқшунослар илмий конференцияси тезислари. – Тошкент, 2007, 102–104-б.  
2. Нозилов Д. Марказий Осиё кутубхоналарининг интерьери // – Мозийдан садо. – Тошкент, 2007. – № 2. – Б. 37-40.  
3. Нуржонов К. Маданиятимиз дурдоналарини излаб // Хоразм ҳақиқати, 1990 йил 18 январ, 4 б.
4. Сангирова Д. Х. Семёнов А. А. − манбашунос олим // Тарихий манбашунослик муаммолари. Республика илмий-амалий анжумани материаллари. – Тошкент, 2008.
5.  http:. // www. dgu. ru// islam.
6. Абдурасулов А. Хива (Тарихий-этнографик очерклар). – Тошкент: Ўзбекистон, 1997.
7. Аҳмедов М. Қ. Ўрта Осиё меъморчилиги тарихи. – Тошкент: Ўзбекистон, 1995.
8. Булатова В. А., Ноткин И. И. Хива обидалари. – Тошкент: Ўзбекистон, 1972.
9. Булатова В. А. Хиванинг архитектура ёдгорликлари. – Тошкент: Ўздавнашр, 1963.
10.  Буниёдов З. Ануштагин Хоразмшоҳлар давлати (1097-1231), – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1998.
11. Бобожонов Д, Абдурасулов М. Фирдавсмонанд шаҳар. –Хива, Хоразм Маъмун академияси нашриёти, 2008.
 12. Валихўжаев Б. Самарқандда олий таълим мадрасаи олия – университет тарихидан лавҳалар. – Самарқанд, 2001.
13. Давлатёр Р, Матрасул Ш. Феруз шоҳ ва шоир қисмати. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1991.
14. Йўлдошев М. Й. Хива хонлигида феодал ер эгалиги ва давлат тузилиши. – Тошкент: Ўздавнашр, 1959.
15. Маньковская Л. Ю. Булатова В. А. Памятники зодчества Хорезма. – Тошкент: 1978.
16. Маньковская Л. Хива. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1982.
        17. Матякубова М. ХIХ асрнинг иккинчи ярми – XX асрнинг бошларида Хива хонлигида китобат ва кутубхона тарихи: Тарих фанлари номз... дисс. – Тошкент: 2008, –183 б.
18. Охунжонов Э. Ватан кутубхоначилиги тарихи (1-қисм). – Тошкент,  . 2004.
19. Охунжонов Э. Ватан кутубхоначилиги тарихи (2-қисм). – Тошкент,  2008.
20. Пугаченкова Г. А., Ремпель Л. И. Выдающиеся памятники Архитектуры Узбекистана. – Тошкент, 1958.
21. Садуллаев А., Сотлиқов А. Хоразм Маъмун академиясининг тарихий илдизлари. – Нукус-Урганч: Қорақалпоғистон, 2003.
22. Худойберганов К. Хива хонлари шажараси. – Хива: Хоразм, 1996.
23. Хива минг гумбаз шаҳри. – Тошкент: Шарқ, 1997.
24. Хоразм тарихи. I жилд. (М. Матниёзов таҳрири остида) – Урганч, 1996.
25. Худойберганов К. Ёзувларга яширинган тарих. – Хива: Хоразм, 1996.
26. Шамсутдинов Р., Расулов Б. Туркистон мактаб ва мадрасалар тарихи (XIX аср охири ва ХХ аср бошлари). – Андижон, 1995.
27. ЎзМЭ. 5 жилд. – Тошкент, 2002.
28. Қосимова О. Ўзбекистонда кутубхоначилик тарихи. – Тошкент, 1989.
29. Абдуллаев К. Нақшларга битилган умр. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1995.
30. Абу Тоҳирхожа. Самария. – Тошкент: Камалак, 1991.
31. Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. I жилд. – Тошкент: Маънавият, 2000.
32. Ал-Хоразмий номли Урганч Давлат университети (муаллифлар жамоаси). – Урганч, 2005.
33. Ахунджанов Е. А. Очерки по истории книги и книжного дела в Средней Азии. Древность. Средние века. – Тошкент, 1993.
34. Ахунджанов Е. А. Историко-типологическое исследование истории книги и книжного дела в Туркестане: Древность. Средние века. Дисс... докт. ист. наук. – Тошкент, 1998.
35. Бобожон Тарроҳ Азизов – Ходим. Хоразм навозандалари. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1994.
36. Бекчанов Ш., Искандаров Р., Матрасулов Л. Қадимий Хивага саёҳат. – Хива, 2000.
37. Бухоро Шарқ дурдонаси. – Тошкент: Шарқ, 1997.
38. Беруний Абу Райҳон. Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар (Танланган асарлар, I жилд). – Тошкент: Фан, 1968.
39. Гулямов Я. Памятники города Хивы. – Тошкент: Фан, 1941.
40. Зоҳидов П. Ш, Аванесов Р. Х. Хива. – Тошкент: Ўзбекистон, 1994.
41. Зиёев Х. Туркистонда Россия тажовузи ва хукмронлигига қарши кураш. – Тошкент: Шарқ, 1998.
42. История ХНСР. Сборник документов. – Тошкент: Фан, 1976.
43. Кормилицын А.И. Рукописные коллекции и библиотеки на территории Узбекистана эпохи средневековья. – Тошкент: 1993.
44. Лаффасий. Тазкираи шуаро. – Урганч.: Хоразм, 1992.
45. Муҳаммад Юсуф Баёний. Шажараи Хоразмшоҳий. – Тошкент: Мерос, 1992.
46. Муҳаммад Ризо Огаҳий. Ой кетди, офтоб келди (шеърлар). Форс тилидан Матназар Абдулҳаким таржимаси. – Урганч, Хоразм Маъмун академияси нашриёти, 2002.
48. Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий. Шоҳиду - л - иқбол (Иқбол шаҳодати). Нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Нафас Шодмонов. – Тошкент: Муҳаррир, 2009.
49. Матниёзов М., Сотлиқов А. Жаҳон тарихи ва маданиятида Хоразм. –Урганч: Хоразм, 1999.
50. Маньковская Л. Ю. Типологические основи зодчества Средней Азии (IX начало ХХ вв.) – Тошкент, 1980.
51. Маньковская Л. Ю. Очиқ осмон остидаги музей. Ўзбекистон наққошлик хазинаси. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1981.
52. Муниров Қ. Мунис, Огаҳий ва Баёнийларнинг тарихий. – Тошкент: ЎзФАН, 1961.
53. Муниров Қ. Хоразмда тарихнавислик. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 2002.
54. Нуржонов К. Хоразм тарихидан лавҳалар. – Урганч: Мураббий, 1992.
55. Наршахий. Бухоро тарихи. – Тошкент: Камалак, 1991.
56. Полвонниёз ҳожи Юсупов. Ёш хиваликлар тарихи. – Урганч: Хоразм, 1999.
57. Расулова Ф, Дўстжонов Т, Ҳасанов С. Хоразм Маъмун академиясининг олис-яқин юлдузлари. – Тошкент: Иқтисод-молия, 2005.
58.  Садуллаев А, Сотлиқов А, Абдуллаев О. Сайид Исломхўжа. – Тошкент, 2005.
59. Ўзбекистоннинг янги тарихи. Т.1. – Тошкент: Шарқ, 2000.
60. Қобулов Н. Хоразм адабий муҳити. – Урганч: Хоразм, 1992.
61. Ғайипов Д. Отаниёз Ниёзий. – Тошкент, 2010.
62. Ҳасанхожа Нисорий. Музаккири аҳбоб. – Тошкент: Халқ мероси, 1993.
63. Ҳомидов Ҳ. – Тошкент: Халқ мероси, 2001.
64. Ҳасанов С. Хоразм маънавияти даҳолари. – Тошкент: Адолат, 2001.
65. Erkinov A.Vahidov Sh. Une sourсe méconnue pour l’étude de la production de livres à la cour de Muhammad Rahim Khan II (Khiva, fin.XIXes.). // Cahiers d’Asie Centrale, 1999.

 

 

  Каримов И. А. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. – Тошкент: Ўзбекистон, 1998, 14 - 27-б.
  Каримов И. А. Хива шахрининг 2500 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқи. Т. 6. –Тошкент: Ўзбекистон, 1998, 14-б.
  Садуллаев А., Сотлиқов А. Хоразм Маъмун академиясининг тарихий илдизлари. – Нукус-Урганч:
Қорақалпоғистон, 2003.
  Валихўжаев Б. Самарқандда Олий таълим-мадрасайи олия-университет тарихидан. Лавҳалар. – Самарқанд: 2001.
  Абдурасулов А. Хива (Тарихий-этнографик очерклар). – Тошкент: Ўзбекистон, 1997.
  Худойберганов К. Хива хонлари шажараси. –Урганч: Хоразм, 1996.
  Буниёдов З. Ануштагин Хоразмшоҳлар давлати (1097-1231). – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1998.
  Булатова В. А., Ноткин И. И. Хива обидалари. – Тошкент: Ўзбекистон, 1972.
  Зоҳидов П. Ш., Аванесов Р. Х. Хива. – Тошкент: «Ўзбекистон», 1994.
  Муҳаммад Юсуф Баёний. Шажараи Хоразмшоҳий. – Тошкент: «Мерос», 1992.
  Раҳим Д., Матрасул Ш. Феруз шоҳ ва шоир қисмати. – Тошкент: «Адабиёт ва санъат», 1991.
  Абдуллаев К. Нақшларга битилган умр. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1995.
  Нуржонов К. Хоразм тарихидан лавҳалар. –Урганч: Мураббий, 1992.
  Матниёзов М., Сотлиқов А. Жаҳон тарихи ва маданиятида Хоразм. –Урганч: Хоразм, 1999.
  Пугаченкова Г. А., Ремпель Л. И. Выдающиеся памятники Архитектуры Узбекистана. – Тошкент: 1958.
  Маньковская Л. Ю. Хива. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1982.
  Маньковская Л. Ю., Булатова В. А. Памятнике зодчества Хорезма. – Тошкент: 1978.
  Наршахий. Бухоро тарихи. – Тошкент: Камалак, 1991, 161-б.
  ЎзМЭ. 5 жилд. – Тошкент: 2002, 377-б.
  Абу Тоҳирхожа. Самария. – Тошкент: Камалак, 1991, 25-б.
  Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. I жилд. –Тошкент: Маънавият, 2000, 56-б.
  Ўша манба, 141-б.
  Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. I жилд. –Тошкент: Маънавият, 2000, 113-б.
  Ҳасанхожа Нисорий. Музаккири аҳбоб. – Тошкент: Халқ мероси, 1993, 74-б.
  Пугаченкова Г. А., Ремпель Л. И. Выдающиеся памятники Архитектуры Узбекистана. – Тошкент: 1958, с 149.
  Садуллаев А., Сотлиқов А. Хоразм Маъмун Академиясининг тарихий илдизлари. –Нукус-Урганч: Қорақалпоғистон, 2003, 243-б.
  Ал-Хоразмий номли Урганч Давлат Университети (муаллифлар жамоаси). –Урганч: 2005, 4-б.
  Каримов И. А. Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллигига бағишланган «Илму маърифат зиёси ҳеч қачон сўнмайди» мавзусидаги 2006 йил 3 ноябрдаги нутқи. // Хоразм ҳақиқати, 2006 йил 4 ноябр, 88-сон, 2-б.
  Буниёдов З. Ануштагин Хоразмшоҳлар давлати (1097-1231). – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1998, 157-б.
  Садуллаев А., Сотлиқов А. Хоразм Маъмун Академиясининг тарихий илдизлари. – Нукус-Урганч: Қорақалпоғистон, 2003, 247-б.
  Ҳасанов С. Хоразм маънавияти даҳолари. – Тошкент: Адолат, 2001, 52-б.
  Хоразм тарихи. I жилд. (М. Матниёзов таҳрири остида) –Урганч: 1996, 26-б.
  История Хорезма. – Тошкент: Фан, 1976. 88-89-б.
  Гулямов Я. Памятники города Хивы.– Тошкент: Фан, 1941. – С. 40-41
  Раҳим Д., Матрасул Ш. Феруз шоҳ ва шоир қисмати. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1991, 100-б.  
  Муҳаммад Юсуф Баёний. Шажараи Хоразмшоҳий. – Тошкент: Мерос, 1992, 100-б.
  Худойберганов К. Хива хонлари шажараси. –Хива: Хоразм, 1996, 76-б.
  Муҳаммад Юсуф Баёний. Шажараи Хоразмшоҳий. – Тошкент: Мерос, 1992, 252-б.

  Аҳмедов М. Қ. Ўрта Осиё меъморчилиги тарихи. – Тошкент: Ўзбекистон, 1995, 76-б.
  ЎзМЭ. 5 жилд. – Тошкент: 2002, 377-б.
  Маньковская Л. Ю., Булатова В. А. Памятнике зодчества Хорезма. – Тошкент: 1978, с. 64-65
  Садуллаев А., Сотлиқов А. Хоразм Маъмун Академиясининг тарихий илдизлари. – Нукус-Урганч: Қорақалпоғистон, 2003, 253-б.

  Худойберганов К. Хива хонлари шажараси. –Хива: Хоразм, 1996, 36-б.
  Абдурасулов А. Хива (Тарихий-этнографик очерклар). – Тошкент: Ўзбекистон, 1997, 103-б.
  Бобожонов Д., Абдурасулов М. Фирдавсмонанд шаҳар. –Хива: Хоразм Маъмун Академияси нашриёти. 2008, 43-б.
  Ўша манба, 59-б.

  Булатова В. А., Ноткин И. И. Хива обидалари. – Тошкент: Ўзбекистон, 1972, 37- б.
  Абдурасулов А. Хива (Тарихий-этнографик очерклар). – Тошкент: Ўзбекистон, 1997, 45-б.
  Муниров Қ. Хоразмда тарихнавислик: ( XVII–XIX ва XX аср бошлари). – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 2002, 162-б.
  http.: // www. dgu. ru / islam.
  Муниров Қ. Хоразмда тарихнавислик: ( XVII–XIX ва XX аср бошлари). – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 2002, 165-б.
  Бобожонов Д., Абдурасулов М. Фирдавсмонанд шаҳар. –Хива: Хоразм Маъмун Академияси нашриёти, 2008, 18-б.
  Муҳаммад Ризо Огаҳий. Ой кетди, Офтоб келди (шеърлар). Форс тилидан Матназар Абдулҳаким таржимаси. –Урганч: Хоразм Маъмун Академияси нашриёти, 2002, 44-б.
  Ўша манба, 44-б.
  Ўша манба, 44-б.

  Муниров Қ. Хоразмда тарихнавислик: ( XVII–XIX ва XX аср бошлари). – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 2002, 165-б.
  Зоҳидов П. Ш., Аванесов Р. Х. Хива. – Тошкент: Ўзбекистон, 1994, 64-б.
  Муҳаммад Ризо Огаҳий. Ой кетди, Офтоб келди (шеърлар). Форс тилидан Матназар Абдулҳаким таржимаси. –Урганч: Хоразм Маъмун Академияси нашриёти, 2002, 53-б.
 
  Муҳаммад Ризо Огаҳий. Ой кетди, Офтоб келди (шеърлар). Форс тилидан Матназар Абдулҳаким таржимаси. –Урганч: Хоразм Маъмун Академияси нашриёти, 2002, 54-б.

  Муҳаммад Ризо Огаҳий. Ой кетди, Офтоб келди (шеърлар). Форс тилидан Матназар Абдулҳаким таржимаси. –Урганч: Хоразм Маъмун Академияси нашриёти, 2002, 55-б.

  Бобожонов Д., Абдурасулов М. Фирдавсмонанд шаҳар. –Хива: Хоразм Маъмун Академияси нашриёти. 2008, 23-б.

  Муҳаммад Ризо Огаҳий. Ой кетди, Офтоб келди (шеърлар). Форс тилидан Матназар Абдулҳаким таржимаси. –Урганч: Хоразм Маъмун Академияси нашриёти, 2002, 57-б.
  Ўша манба, 58-б.
  Бобожонов Д., Абдурасулов М. Фирдавсмонанд шаҳар. –Хива: Хоразм Маъмун Академияси нашриёти. 2008, 51-б.

  Бобожонов Д., Абдурасулов М. Фирдавсмонанд шаҳар. –Хива: Хоразм Маъмун Академияси нашриёти. 2008, 51-б.
 
  Бобожонов Д., Абдурасулов М. Фирдавсмонанд шаҳар. – Хива: Хоразм Маъмун академияси нашриёти. 2008, 81-б.
  Ўша манба,  81-б.

  Охунжонов Э. Ватан кутубхоначилиги тарихи. – Тошкент: 2004, 6-б.
  Қосимова О. Ўзбекистонда кутубхоначилик тарихи. – Тошкент: 1989; Ахунджанов Е.А. Очерки по истории книги и книжного дела в Средней Азии. Древность. Средние века. – Тошкент: 1993; Шу муаллиф, Историко-типологическое исследование истории книги и книжного дела в Туркестане: Древность. Средние века. Дисс... докт. ист. наук. – Тошкент: 1998; Кормилицын А.И. Рукописные коллекции и библиотеки на территории Узбекистана эпохи средневековья. – Тошкент: 1993.
  Охунжонов Э. Ватан кутубхоначилиги тарихи. – Тошкент: 2004,  6-б
  Маньковская Л.Ю. Типологические основы зодчества Средней Азии (XIX– XX ). – Тошкент: Фан, 1980. – С. 78.
  Худойберганов К. Хива хонлари шажараси. –Хива: Хоразм, 1996, 36-б.

  Охунжонов Э. Ватан кутубхоначилиги тарихи. – Тошкент: 2004, 84-б.
  Раҳим Д., Матрасул Ш. Феруз шоҳ ва шоир қисмати. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1991, 91-б.
  Бобожон Тарроҳ Азизов-Ходим. Хоразм навозандалари. –Т: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1994, 65-б.
  Лаффасий. Тазкираи шуаро. –Урганч: Хоразм, 1992, 103-104-бетлар.
  Бобожон Тарроҳ Азизов-Ходим. Хоразм навозандалари. –Т: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1994, 65-б.

Рейтинг@Mail.ru

 

МАҚСАДИМИЗ

Миллий қадриятларимиз, маънавий бой меросимизни тиклаш ва уларни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз ўртасида тарғиб этиш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандий ва Маҳмуд Замахшарий сингари юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис, фақиҳ, тасаввуф ва муфассир алломалар меросини ҳар томонлама теран ўрганиш, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш, диний ходимларнинг малакасини, билим ва тажрибасини ошириш бўйича ўқув-услубий ишларни амалга ошириш, ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш, юртимиз тарихи зарварақларига олтин ҳарфлар билан муҳрланган нодир қўлёзмаларни келгуси авлодларга етказиш, аждодларимиз ҳаёти, ахлоқи ва юксак маънавиятини ифодаловчи матнларни таржима қилиб, ёшлар қалбида улар қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини шакллантириш, юртимиз Мовароуннаҳрнинг Бухоро, Самарқанд, Марв, Урганч, Ахсикет, Хива, Шош, Марғинон ва бошқа шаҳарларидаги маърифат масканлари бўлмиш мадрасаларда етишиб чиққан алломалар ҳақида, улар таҳсил олган мадрасалар ва ҳозирда юртимиз Ўзбекистонда ишлаб турган мадрасалар ҳақида талабаларга маълумот бериб бориш.
БИЗ БИЛАН БОҒЛАНИШ:  madrasa@islom.uz

GRAND TA'LIM нодавлат таълим муассасаси катта устози Анвар Аҳмад таълим даргоҳига асос солинган илк кунлардан бери фаолият юритади. Араб тили грамматикасида оид кўплаб дарслик ва адабиётлар тўпловчиси ва муаллифларидан.

arabic.uz сайтининг муҳаррири, "Риёзус солиҳийн", "Ал-Азкор", "Саодатга етакловчи ҳикматлар" ва бошқа кўплаб асарлар таржимони ва нашрга тайёрловчиси.

Анвар Аҳмад 1977 йилда таваллуд топган, оилали 4 нафар фарзанди бор. Миср Араб Республикасининг Азҳари Шариф, ал Азҳар институтлар бўлими, эъдодий ўрта-махсус билим юртини тамомлаган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг шогирди. "Саҳиҳи Бухорий"дан шайх хазратларидан ижоза олган. “Олтин силсила” таржимонлар гуруҳининг аъзоси.

Аввал Миср Араб республикаси элчихонаси қошидаги фан ва таълим марказида араб тили ўқитувчиси, 2008 йилдан эса GRAND TA’LIM етакчи ўқитувчиларидан.