Азиз ва муҳтарам толиби илмлар!

Category: Мақолалар

Азиз ва муҳтарам толиби илмлар!

Аллоҳга бениҳоя ҳамду санолар бўлсинки, islom.uz портали қошида янги очилган madrasa.uz сайтимиз иш бошлади. Ушбу виртуал мадраса холис ниятлар, эзгу орзулар ва улуғ мақсадларни кўзлаб ташкил қилинди.

Мақсадларимиз:
•    миллий қадриятларимиз, бой маънавий меросимизни, Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, имом Мотурудий, Баҳоуддин Нақшбандий ва Маҳмуд Замахшарий сингари юртимиздан етишиб чиққан минглаб буюк алломаларнинг Қуръон, ҳадис, ақоид, фиқҳ, тасаввуф ва бошқа илмларга оид улкан меросини чуқур ўрганиш;
•     юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш, диний ходимларнинг малакасини, билим ва тажрибасини ошириш бўйича ўқув-услубий ишларни амалга ошириш;
•    ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, юртимиз тарихи зарварақларига олтин ҳарфлар билан муҳрланган нодир қўлёзмаларни ўрганиш ва уларни келгуси авлодларга етказиш;
•    аждодларимизнинг ҳаёти, ахлоқи ва юксак маънавиятини ифодаловчи илмий ёдгорликларни таржима қилиб, ёшлар қалбида улар қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини шакллантириш;
•    қадим Мовароуннаҳр юртининг бутун Ислом оламига донғи кетган, бутун инсониятга илм-маърифат улашган Шош, Бухоро, Самарқанд, Марв, Урганч, Ахсикент, Хива, Марғинон ва бошқа шаҳарларидаги маърифат масканлари бўлмиш мадрасаларда етишиб чиққан алломалар ҳақида, улар таҳсил олган мадрасалар ва ҳозирда Ўзбекистонда ишлаб турган мадрасалар ҳақида талабаларга маълумот бериб бориш.

Аллоҳ таоло ушбу камтарона ҳаракатимизни Ўзининг розилиги учун қилинган холис амаллар қаторида бардавом ва манфаатли қилсин!
Ҳурмат ила Анвар Аҳмад.